loader

Биргалашиб қилинган сажда

 

 

 

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба яқинида Нажм сурасини ўқидилар. Қироатлари жуда гўзал эди. Тиловатга соме бўлган айрим мушриклар турган жойларида қотиб қолишди, чурқ этган овоз ҳам чиқармадилар, жим туриб Қуръонни эшитдилар. Илоҳий оятлардан таъсирланиб кетганларидан сура охирида ўзлари билмаган ҳолда саждага бош эгдилар!..
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажм сурасида сажда қилдилар. У зотга қўшилиб мусулмонлар, мушриклар, инс-жинлар ҳам сажда қилди ”.
Табароний ривоят қилишича, бу воқеа Маккада бўлиб ўтган. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яҳудийлар, насронийлар ҳамда мушриклар саждага бош эгишган .
Мушриклар Қуръони каримнинг илоҳий маъноларидан қаттиқ таъсирланганлари учун сажда қилишган . Зеро, Қуръондан таъсирланиб ўзларининг мушрик эканларини ҳам эсдан чиқариб Аллоҳга бўйин эгишган. Кейинчалик ўзлари ҳам ҳайрон бўлишган. Бу машҳур ҳодиса кўпчиликни таажжубга солган .
Аслида мушриклар бир-бирига Қуръон эшитмасликни маслаҳат берарди. Чунки қулоқ солса, таъсирланиб имонга келиб қолиш “хавфи” бор эди. Лекин бу сафар улар Аллоҳнинг Каломини диққат билан тинглашди, илоҳий Каломнинг тил билан таърифлаб бўлмас жозибасига маҳлиё бўлиб қотиб қолишди. Қуръони карим уларнинг қалбларини буткул маҳв этди. Ҳар бири ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. Айниқса, сура охирида, куфру исён билан ўтган қавмлар қандай ҳалокатга дучор бўлгани, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чорловчи оятлар уларни умуман даҳшатга солганди.
Жамоат тарқалганидан кейин мажлисда иштирок этмаган мушриклар мусулмонлар билан бирга сажда қилган шерикларига маломат тошларини ёғдиришди .
Бир оёғи тўрда, иккинчиси гўрда бўлган мутакаббир чол ўша куни қандай “сажда” қилганини мана бу ривоятдан билиб оламиз.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада Нажм сурасини ўқиб, (сажда оятида) сажда қилдилар. У зот атрофидагилар ҳам саждага бош эгди. Фақат биргина чол (қўлидаги) бир сиқим майда тош ёки тупроқни пешонасига текказиб: “Менга шуниси ҳам етади!” деди. Шундан кейин унинг кофир ҳолида ўлдирилганини кўрдим ”.
Имом Бухорий келтирган бошқа ривоятда айтилишича, сажда қилишни ўзига эп кўрмаган бу қария “Умайя ибн Халаф ” исмли мушрик эди . У Бадр жангида хор бўлиб ўлган .
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажм сурасини ўқиётиб сажда оятига келганларида тиловатни эшитаётган барча – мусулмонлар ҳам, мушриклар ҳам, жинлар ҳам сажда қилди. Бу воқеадан кейин Макка аҳли мусулмон бўлибди, деган хабар яшин тезлигида чор атрофга тарқалди.
Баъзи тарих китобларида ёзилганидек, Расулуллоҳнинг мушриклар бутларига мақтов айтганлари мушрикларнинг сажда қилишига сабаб бўлмаган. Бу нақл ҳамда ақл жиҳатидан асоссиз, беҳуда гапдир.

 

 

 

Орқага Олдинга