Дунёда қўлланма китоблар жуда кўп . Ҳар бир конструктор-муҳандис ўзи ишлаб чиқарган дастгоҳни қандай ишлатиш ҳақида кўрсатмалар беради. Шунинг учун ойнаи жаҳон, компьютер, машина, телефон кабилар қўлланма китоблари билан сотилади. Чунки фойдаланиш қоидаларига амал қилинмаса, уларни ишлатиб бўлмайди. Оддий бир мисол: кўрсатмага биноан, машинага ёқилғи қуйилади. Бензин қиммат деб, сув ёки бошқа нарса солинмайди. Мабодо, машинанинг қатъий талабномасига амал қилмасдан, “Ҳа, бўлаверади” дея бензин ўрнига бошқа суюқлик қуйилса, машина жойида тақа-тақ тўхтайди.
Ҳар бир қимматли нарсанинг қўлланмаси бор экан, нега энди инсондек шарафли хилқатнинг дастури бўлмасин?! Албатта, бор! Одамни тупроқдан яратган, унга фарзанд неъматини бериб, зурриётлари билан ер юзини тўлдирган Аллоҳ таоло одамлар учун Дастур ҳам тақдим этган, пайғамбарлар юбориб, Дастурини бизларга англатган.
Илоҳий дастурларнинг энг сўнггиси Қуръони каримдир. Одамзот хилқатига нима фойда, нима зарар экани Қуръонда очиқ-ойдин баён этилган. Айни дастурга амал қилган инсон дунёю охиратда иззат топиши аниқ. Амал қилмаганлар эса машинасига бензин ўрнига сув қуйиб, ярим йўлда қолиб кетган йўловчилар каби ҳақиқий манзил – жаннатга ета олмагайлар.
Орқага Олдинга