Эр-хотиннинг муомаласи натижасида вақтинча нопоклик етган одам жунуб, дейилади. Жунуб бўлган одам ғусл қилмагунича намоз ўқиши, Қуръон тиловат қилиши жоиз эмас.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳайз кўраётган аёл ҳам, жунуб ҳам Қуръондан бирон нарса ўқимасин ”.
Дорақутний ривоят қилган ҳадисда, “Ҳайз ва нифосдаги аёллар Қуръондан бирон нарса ўқимасин!” дейилган .
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Агар жунуб ҳолда бўлмасак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга Қуръон ўқитардилар ”.
Бошқа ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон (ўқиш)ларига жунубликдан бошқа ҳеч нарса тўсқинлик қилмасди”, дейилган .
Таҳоратсиз ҳолда Қуръонни оғзаки ўқиш жоиз. Фақат бунда жунуб бўлмаслик керак. Жунуб одам Қуръонни оғзаки тиловат қилиши ҳам мумкин эмас.
Жунуб, ҳайзли аёл Каломуллоҳ ҳарфларини талаффуз қилмасдан, оятларни қалбдан ўтказса бўлади. Шунингдек, бундай ҳолда Мусҳафга назар солиш ҳам жоиз.
Жунуб, ҳайзли аёл тасбеҳ, таҳлил, таҳмид , такбир, истиғфор айтиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот йўллаши мумкин.
Орқага Олдинга