loader

Қуръон ўқувчининг ўзига хитоби

 

 

 

Қуръон ўқиётганда бутун диққат-эътибор оятлар мазмунига қаратилади. Киши: “Бу сурани қачон ўқиб бўларкинман?” деб шошилмасин. Балки, қачон тақводорлар сафига қўшиламан? Яхши инсон бўлишга қачон ҳаракат қиламан? Аллоҳга ҳақиқий таваккул қила оляпманми? Ибодатларни хушуъ билан бажаряпманми? Қачон сабр қилишни ўрганаман? Ортиқча зеб-зийнатлардан қачон тийиламан? Қачон гуноҳлардан тўхтаб, Аллоҳга тавба қиламан? Қачон охиратга рағбат қиламан? Аллоҳ берган неъматларга шукр қиляпманми? Нега Қуръонни тушуниб ўқимаяпман? Қачон тилимни фойдасиз сўзлардан тияман? Қачон нигоҳимни ҳаромдан сақлайман? Қачон Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қиламан? Қачон хато-камчиликларимни кўраман? Қачон ўзимни ислоҳ қиламан? Нафсимни ҳисоб-китоб қилишга қачон ҳаракат қиламан? Охиратим ободлиги йўлида қандай хайрли ишлар қиляпман? Қачон Аллоҳни доим зикр қиладиган мўминлардан бўламан? Амалларимни холис Аллоҳ учун қиляпманми, уларга риё аралашмаяптими? Орзу-ҳавасларимни қачон қисқартираман? Қиёмат куни ҳақида фикр юритяпманми? У кунда Аллоҳга қандай қилиб ҳисоб беришимни ўйлаяпманми? Ёлғиз қолганда хато-камчиликларимни эслаб, Аллоҳга холис дуо қила олдимми? Парвардигорим огоҳлантирган нарсалардан қайта оляпманми? деб ўзига қайта-қайта хитоб қилади, нафсини тергайди.
Қуръони карим мўмин банда учун ойнадир. Инсон Қуръон ўқиганида гўё ойнада аксини кўргандек нуқсон-камчиликларини тузатиб олади. Шу билан бирга, Қуръонда буюрилган амалларни сидқидилдан бажаради. Кимда шундай сифатлар топилса, демак ана ўша одам чиндан ҳам Қуръон ўқиётган экан. Қуръон мана шундай бандага шафоатчи бўлади, уни ёмон йўллардан сақлайди. Ким ўзини ўткинчи дунёда ҳисоб-китоб қилса, нафсини иллатлардан покласа, дунёда ҳам, охиратда ҳам муваффақият қозонади.

 

 

 

Орқага Олдинга