loader

Бақара сураси фазилати

 

 

 

Бақара “сигир” маъносини билдиради. Қадимда бани исроиллик бир киши ўлдирилганида, унинг қотилини топа олишмайди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Қавмингга айт, сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсинлар”, деб буюради. Аллоҳнинг буйруғи бажарилганидан сўнг ҳалиги ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтиб беради. Сигир билан боғлиқ воқеа келтирилгани учун бу сура Бақара деб номланган.
Бақара сураси Мадинада нозил қилинган, 286 оятдан иборат. Бақара Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Унда эътиқод, ибодат, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда масалалари билан бир қаторда Мусо алайҳиссалом қиссаси, Фиръавн билан Бани Исроил ўртасидаги можаролар баён этилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Менга Таврот ўрнига еттилик, Забур ўрнига юзлик, Инжил ўрнига масоний берилди. Мен Муфассал билан афзал қилиндим ”.
Қуръони карим суралари узун-қисқалигига қараб тўрт турга бўлинади:
1. “Еттилик” (тивол) Қуръони каримдаги Фотиҳа сурасидан кейинги еттита узун сура: 1. Бақара; 2. Оли Имрон; 3. Нисо; 4. Моида; 5. Анъом; 6. Аъроф; 7. Анфол-Тавба.
2. “Юзлик” (миун) ояти юздан ошувчи суралар.
3. “Масоний” юз оятга етмаган ёки юз оятга яқин суралар. Булар намозда такрор-такрор ўқилгани учун ҳам масоний, дейилади.
4. Саҳиҳ қавлга кўра, “Муфассал” Ҳужуротдан Носгача бўлган суралар .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уйларингизни қабристонга айлантириб қўйманглар! Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан шайтон қочади”, деганлар .
Яъни, уйларингизда ибодат қилинг, Аллоҳни ёд этинг, Бақара сурасини ўқинг. Зеро, Аллоҳ зикр қилинадиган жойда шайтон бўлмайди.
Тирик инсонлар яшайдиган жойда намоз ўқилади, Қуръон тиловат қилинади. Йўқса, бундай уй қабристонга айланади. Нега? Чунки Аллоҳ зикридан холи уйни жин, шайтонлар ўзига макон қилиб олади. Қайси хонадонда Бақара сураси ўқилса, у ердан шайтонлар чиқиб кетади, уч кечаю уч кундуз бу хонадонга яқин йўламайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг саноми (энг юқори нуқтаси) бўлади. Қуръоннинг саноми Бақара сурасидир. Ким уни кечаси уйида тиловат қилса, шайтон унинг уйига уч кеча (давомида) кирмайди. Ким уни кундузи тиловат қилса, шайтон у ерга уч кун кирмайди ”.
Бир кун Қуръон ўқилган хонадон уч кунгача жин-шайтонлардан ҳимояланади. Агар ҳар куни Қуръон ўқисак, уйимиз янада мунаввар бўлади, турли шикаст-балолардан сақланади.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Қуръон ўрганинглар! Зеро, (Қуръон) қиёмат куни шафоатчи бўлади. Бақара ҳамда Оли Имронни – икки ёритувчи нурни ўрганинглар! Зотан, иккиси қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки саф тортган бир гуруҳ қушлар шаклида келиб, соҳиблари ҳожатини раво қилади. Сизлар Бақарани ўрганинглар! Чунки уни ўрганиш барака, тарк этиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўлолмайдилар”, дейилган .
Қиёматда одамлар соя-салқин жойни қидириб қолганида Бақара билан Оли Имрон сураси банда бошига соябон бўлади, ҳожатини чиқаради.
Бақара сурасини ўрганиш киши хонадонига барака олиб келади. Бақара сурасини ўрганган одамнинг ишида, турмушида файз-барака бўлади. Бақарани тарк қилиш – ўқимаслик, аҳкомларини ўрганмаслик надоматга сабабдир. Қиёмат куни банда Бақара сурасини ўқиб-ўрганмагани учун афсусланиб қолади. Бундай пушаймонга қолмай деган одам Қуръон ўқисин, ҳукмларини диққат-эътибор билан ўргансин.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бақара Қуръоннинг саномидир, чўққисидир. Унинг ҳар бир ояти билан саксонта фаришта тушган. “Аллоҳу лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қойювм” Арш остидан чиқариб, унга боғланган (ёки Бақара сурасига боғланган). Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Кимда-ким уни Аллоҳ (розилиги)ни, охират кунини истаб қироат қилса, Аллоҳ (унинг гуноҳларини) кечиради. (Ёсин сурасини) ўликларингизга ўқинглар!” деганлар .
Абдураҳмон ибн Асвад айтади: “Ким Бақара сурасини ўқиса, жаннатда бошига тож кийдирилади ”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча одамни (маълум жойга) топшириқ билан юбордилар. Аввал уларга Қуръонни ўқитиб кўрдилар. Уларнинг ҳар бири Қуръондан билганини ўқиди. Саҳобийларнинг ёши энг кичиги олдига келиб:
– Эй фалончи, қайси сураларни биласан? – деб сўрадилар.
– Мен манави-манави сураларни ҳамда Бақара сурасини биламан, – жавоб берди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна сўрадилар:
– Бақара сурасини биласанми?
– Ҳа.
– Бор, сен уларга бошлиқсан.
Шунда ораларидаги ёши каттароқ бир киши:
– Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, қоим қила олмай қолишдан қўрққаним учун Бақарани ўрганмагандим!.. – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Қуръон ўрганинглар, ўқинглар! Зеро, Қуръон ўрганувчи, ўқувчи, унга амал қилувчи гўё мушку анбар солинган халтачага ўхшайди. Унинг ҳиди ҳамма жойга тарқалади. (Қуръон) ўрганиб, сўнг уйқуга кетадиган банда – агар (Қуръон) ичида бўлса – мушк солиб, оғзи боғлаб қўйилган халтачага ўхшайди”, – деб марҳамат қилдилар.

 

 

 

Орқага Олдинга