loader

Оли Имрон сураси фазилати

Имрон – Марямнинг отаси (Исо алайҳиссаломнинг бобоси). Оли Имрон Имроннинг оиласи дегани. Бу сурада Имрон, унинг оиласи ҳақидаги қисса зикр этилган. Шунинг учун сура “Оли Имрон” деб номланган.
Мазкур сурада Бадр, Уҳуд жанглари, Исо алайҳиссалом қиссаси, Аллоҳга ширк келтиришнинг энг катта гуноҳлиги, шариат аҳкомлари баён қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қуръон ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳлига шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара билан Оли Имрон сурасини ўқинглар. Иккиси қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб соҳиблари ҳожатини чиқаради. Бақара сурасини ўқинглар. Уни олиш (ўқиш, ёд олиш, амал қилиш) барака, тарк этиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар  қодир бўла олмайди ”.
Бақара ҳамда Оли Имрон сураси нима сабабдан “икки нур” дейилади? Чунки иккиси бандани ҳидоятга бошлайди, нур бағишлайди, бу икки сурани ўқиганлар тоғдек улкан савобларга эришадилар.
Уламолар айтишича, мана шу икки сурадан ҳосил бўлган ажр-савоб қиёмат куни булут шаклида келиб бандага соябон бўлади .
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтиргандим. У зот: “Бақара ва Оли Имрон сураларини ўрганинглар. Чунки иккиси ёритувчи нурдир. Улар қиёмат куни сояли булут ёки саф-саф қуш бўлиб келиб эгаларини соясига олади”, дедилар ”.
Язид ибн Асвад шундай деган: “Ким кундузи Бақара ва Оли Имрон сурасини ўқиса, кеч киргунча нифоқдан саломат бўлади. Ким уларни кечаси ўқиса, тонг отгунча нифоқдан сақланади ”.
Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: “Ким Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиса, иккиси қиёмат куни келиб: “Парвардигоро, бу (банда) учун (азоб-уқубатга) йўл йўқ!” дейди .
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Оли Имрон сурасини ўқиган одам бойдир. Нисо зийнатловчидир ”.
Мусулмон одам бойлик деганда, фақат чангал-чангал пулни ёки зеб-зийнатни тушунмайди. Бойлик кенг маънода қўлланади. Жумладан, “бойлик” сўзининг “қаноат” маъноси ҳам бор.
Ривоят мазмунига кўра, кимда-ким Оли Имрон сурасини ўқиса, илм-маърифат билан бойийди. Аллоҳ хоҳласа, унга фаровон ҳаёт ато этади, касб-корига барака беради, қалбини қаноатга тўлдиради.
Нисо сурасида аёллар билан боғлиқ муҳим масалалар баён этилган. Бу сурани ўрганган банда илм билан, гўзал хулқ-одоблар билан зийнатланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Ким жума куни Оли Имрон сурасини ўқиса, Аллоҳ ва фаришталари кун ботгунича унга салавот  айтадилар ”.
Оли Имрон сурасини жума куни ўқиган одамнинг гуноҳини Аллоҳ кечиради, қилган амалларига қийрот-қийрот ажрлар беради. Фаришталар эса унинг ҳақига истиғфор айтади, хайр-барака сўраб дуо қилади.

Орқага Олдинга