loader

Анъом сураси фазилати

 

 

 

Анъом – чорва моллари. Улар ҳақида бир неча оятлар бўлгани учун сура шундай номланган.
Анъом сурасида Ислом ақидаси, шариат аҳкомлари, оилавий масалалар, ғайридинларга доир кўрсатмалар, охират, пайғамбарлар, дунё ҳаёти моҳияти билан боғлиқ масалалар баён этилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан марфу тарзда ривоят қилинади: “Бир нидо қилувчи: “Эй, Анъом сурасини ўқувчи! Бу сурани ўқишни яхши кўрганинг учун жаннатга киравер!” деб нидо қилади ”.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Анъом Қуръондаги фазилатли суралардандир ”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Анъом сураси Маккада тўлалигача нозил қилинган. Унинг атрофида 70.000 фаришта тасбеҳ айтиб турган”, деган .
Бошқа ривоятда айтилишича, Анъом сураси нозил қилинаётганда фаришталар ер билан осмон орасини тўсиб қўйган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фаришталар баланд овозда тасбеҳ айтаётганини эшитиб, саждага бош эгганлар .
Расулуллоҳ алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Ким бомдод намозини жамоат билан ўқигандан кейин жойнамоз устида ўтириб Анъом сурасининг аввалги уч оятини қироат қилса, Аллоҳ Ўзига тасбеҳ айтувчи 70 та фариштани унга вакил қилади. Фаришталар (ўша банда) ҳақига қиёмат кунигача истиғфор айтадилар ”.
Ҳабиб Абу Муҳаммаддан ривоят қилинади: “Ким Анъом сурасининг бошидан уч оят ўқиса, Аллоҳ унга 70.000 минг фариштани юборади. Улар (банда) ҳақига қиёмат кунигача дуо қилиб турадилар. Агар қиёмат қоим бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади, Салсабилдан ичиради, Кавсар суви билан чўмилтиради, “Мен ҳақиқатан Парвардигорингман. Сен чиндан ҳам бандамсан”, деб айтади”.

 

 

 

Орқага Олдинга