Каҳф “ғор” маъносини билдиради. Бу сурада бошқа қиссалар билан бир қаторда ажойиб тарихий воқеа – Асҳоби каҳф қиссаси баён этилган. Унда имонини сақлаш учун ғорга яширинган йигитлар тўғрисида гап кетади. Мусо алайҳиссалом билан Хизр ҳамда Зулқарнайн қиссаси ҳам сурадан ўрин олган. Каҳф сурасида мол-мулк мақтанишга арзигулик нарса эмаслиги, бу дунё ҳаёти ўткинчилиги баён этилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Каҳф сураси бошидан ўн оят ёдласа, дажжол (фитнаси)дан сақланади ”.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Каҳф сураси охирги ўн оятини ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади”, дейилган .
Дажжол қиёматга яқин чиқиб, илоҳликни даъво қилади, одамларни йўлдан уради, уларга осмондаги ойни ваъда қилади, қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдиради. Каҳф сурасини ўқиб юрган одам дажжол фитнасидан йироқ бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Каҳф сурасининг аввалини, охирини ўқиса, оёғидан бошигача нур порлайди. Ким (сурани) тўлиқ ўқиса, унинг учун осмон билан ер ўртаси(ни тўлдирадиган) нур порлайди ”.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким Каҳф сурасини нозил қилинганидек ўқиса, унга қиёмат куни турган жойидан Маккагача (бўлган масофада) нур порлайди. Ким бу сура охиридан ўн оят ўқиса, дажжол чиққанда унга ҳукмини ўтказолмайди”, деганлар .
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким уйқуга кетишдан олдин Каҳф сурасидан ўн оят ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади. Ким уйғонганида Каҳфнинг охирини ўқиса, қиёмат куни бошидан оёғигача нурга тўлади”, дейилган .
Каҳф сурасини исталган вақтда ўқиса бўлади. Лекин муборак жума кунида ўқилса, нур устига нур бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, унинг учун ўзи билан икки жума ўртасини ёритувчи нур порлайди ”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Шундай сура бор, унинг улуғлиги ер билан осмон орасини тўлдиради. Уни ёзувчига шунча савоб берилади. Ким уни жума куни ўқиса, икки жума орасидаги, яна уч кунлик гуноҳлари кечирилади. Ётишдан олдин охиридан беш оят ўқиган одамни Аллоҳ тунда – ўзи истаган вақтда – уйғотади. Бу қайси сура эканини айтайми? – дедилар.
– Ҳа, ё Расулуллоҳ! – дейишди саҳобалар.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:
– У Каҳф сурасидир, – деб марҳамат қилдилар .
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Ким жума куни Каҳф сурасини (охиригача) ўқиса, оёқлари остидан осмонгача (бўлган масофада) нур порлайди. Ўша нур қиёмат куни йўлини ёритади, икки жума ўртасида қилган гуноҳлари кечирилади”, дейилган .
Орқага Олдинга