loader

Ар-Раҳмон сураси фазилати

 

 

 

Ар-Раҳмон – Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири. Сурада Аллоҳ таоло инсонларга, жинларга берган беҳисоб неъматлари эслатилган, ўттиз бир марта: “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини инкор этасизлар?!” – деб хитоб қилинган.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромлар олдига чиқиб, Ар-Раҳмон сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. Саҳобалар қироатга қулоқ солиб жим ўтираверишди. Бу ҳолни кўрган Расули акрам жинлар қандай жавоб қайтарганини айтдилар: жинлар билан учрашилган тунда у зот Ар-Раҳмон сурасини ўқиб берганлар. Ҳар сафар “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини ёлғонга чиқарасизлар?!” оятидан ўтилганда, жинлар: “Парвардигоро, Сенинг биронта ҳам неъматингни инкор қилмайсиз. Барча мақтовлар Сенгагина хос!” деб жавоб қайтаришган .
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг келини бор. Қуръоннинг келини Ар-Раҳмон сурасидир ”.
Ҳар нарсанинг зийнати бўлади. Қуръоннинг зийнати – Ар-Раҳмон сураси. Бу сурада дунё ва охират неъматлари, жаннат аҳлининг келинлари бўлмиш ҳурлар васф этилган, уларнинг зеб-зийнатлари ҳақида маълумот берилган .
Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳадид, Воқеа, Ар-Раҳмон сураларини ўқийдиган қори осмонлару ер малакутида  “Фирдавсда яшовчи” деб чақирилади”, дейилган.

 

 

 

Орқага Олдинга