loader

Залзала сураси фазилати

 

 

 

Залзала сурасида қиёмат куни ер қаттиқ қимирлаши, тилга кириб гапириши, номаи аъмол битиклари ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, банда зиғирча яхшилик учун ҳам мукофот олиши, заррача ёмонлик ҳам жазосиз қолмаслиги таъкидланган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб:
– Ё Расулуллоҳ, менга қироатни ўргатинг! – деб илтимос қилди.
– Алиф лом ро билан бошланувчи суралардан учтасини ўқи! – деб буюрдилар у зот.
– Мен энди қариб қолдим, ёдлашим қийин.
– Ундай бўлса, ҳомим билан бошланувчи суралардан ўқи.
У аввалги сўзини такрорлади. Пайғамбаримиз:
– Ундай бўлса, мусаббиҳотдан учтасини ўқи, – дедилар.
У яна ўша гапни қайтарди. Кейин:
– Ё Расулуллоҳ, менга бир жамловчи сурани ўргатинг! – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Залзала сурасини ўргатдилар. Шунда ҳалиги одам:
– Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, бунга зинҳор қўшимча қилмайман! – деб ортига қайтиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Кетаётган бу киши нажот топди. Кетаётган бу киши нажот топди! – дедилар .
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотдан Қуръон ўргатишларини сўради. Расулуллоҳ унга алиф лом ро билан бошланувчи суралардан учтасини ўргатмоқчи бўлдилар. Ҳалиги одам ёши ўтиб қолгани сабаб узун сураларни ўрганишга қийналишини, хотираси сустлигини айтди. Шунда у зот ҳомим билан бошланувчи сураларни ўргатмоқчи бўлдилар. У киши яна узрини айтди. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга мусаббиҳотни ўргатмоқчи бўлгандилар, ҳалиги одам қисқароқ сураларни ўргатишни сўради. Пайғамбаримиз унинг ҳолатини ҳисобга олиб, Залзала сурасини ўргатдилар. Ўша киши Залзалани Пайғамбаримиздан ўрганиб, етарли илм ҳосил қилгач, қатъият билан: “Аллоҳга қасамки, Сиз менга ўргатган илмга бирон нарсани зиёда қилмайман, уларни албатта амалга ошираман!” деди. Чиқиб кетганидан кейин Набий алайҳиссалом икки марта: “Кетаётган бу одам – агар сўзида турса – шубҳасиз нажот топади”, деб марҳамат қилдилар.
Уламолар бу ердаги такрорни шундай тушунтиришган:
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаш учун такрорлаганлар;
2. Бу унинг дунёю охиратда нажот топишини билдиради;
3. Расулуллоҳ унинг гапидан ажабланиб, сўзларини икки марта қайтарганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кечаси Залзала сурасини қироат қилса, Қуръоннинг ярмини ўқибди”, деганлар .
Ҳасандан ривоят қилинган ҳадисда: “Залзала сураси Қуръоннинг ярмига тенг. Одиёт сураси ҳам Қуръоннинг ярмига тенг”, деб айтилган.

 

 

 

Орқага Олдинга