loader

Мавзуга доир савол-жавоблар

 

 

 

Қуръонни таҳоратсиз ушласа бўладими?

Савол: Қуръони каримни таҳоратсиз ушлаш жоизми?
Жавоб: Ислом шариати Қуръони каримни ниҳоятда ҳурматлашни, ҳатто оятлар ёзилган қоғозларни ҳам ножоиз жойларга ташламасликни буюради. Шунинг учун Қуръони каримни таҳоратсиз кишилар, мусулмон бўлмаганлар, ҳайз ва нифосдаги аёллар ушлашлари мумкин эмас. Лекин Қуръони карим тафсирлари (шарҳи) ҳамда таржималарини таҳоратсиз ушласа бўлади .

Қуръонни таҳоратсиз ўқиса бўладими?

Савол: Қуръонни таҳоратсиз ўқиш мумкинми?
Жавоб: Қуръонни қўлга олиб ўқиш учун таҳорат қилиш керак. Ёддан ўқимоқчи бўлса, таҳорат шарт эмас. Лекин жунуб ҳолда – хоҳ ёддан, хоҳ Қуръонга қараб ўқисин – тиловат қилиш жоиз эмас. Жунуб одам, ҳайз ва нифосдаги аёл ғуслдан кейин пок бўлади. Улар ғусл қилмагунларича Қуръон ўқимай турадилар.

Болалар қуръонни таҳоратсиз ушлашлари жоизми?

Савол: Ёш болалар Қуръонни бетаҳорат ушлашлари мумкинми?
Жавоб: Балоғатга етмаган болалар Қуръонни бетаҳорат ушлашлари мумкин. Агар Қуръонни ушлаш учун таҳорат олиш талаб этилса, ёш авлод вакилларидан қорилар чиқишига тўсқинлик қилинган бўлади. Яна Аллоҳ билувчироқдир!

Қуръони карим устига бирон нарса қўйса бўладими?

Савол: Қуръон карим устига бирон нарса қўйиш мумкинми?
Жавоб: Мусҳаф устига бошқа бир Мусҳафни қўйса бўлади. Аммо Қуръони карим устига ўзга китоблар қўйилмайди. Бизнинг ҳанафий мазҳаби уламолари таъкидлашича, китобларни устма-уст қўйганда, энг юқорида Қуръони карим туриши лозим.

Иш вақтида қуръон эшитса бўладими?

Савол: Иш билан банд одам Қуръон эшитиши мумкинми?
Жавоб: Қуръони карим ўқилганда жим туриб эшитиш керак. Чунки Аллоҳ таоло: “Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ тутинг, жим туринг. Шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангиз”, деган (Аъроф сураси, 204-оят).
Қуръон тинглаган одам оятлар маъносини тушунишга ҳаракат қилади. Маълумки, бирон юмуш билан банд кишининг хаёли ишда бўлади. Шунинг учун ўқилаётган оятларни тушунмайди. Қуръон эшитиш ожиз банда гапини тинглаш эмас. Қуръон эшитиш учун бутун диққат-эътиборни бир ерга жамланади.

Ҳайз пайтида қуръон ўргатиш ҳукми қандай?

Савол: Аёл ҳайзли ҳолатида Қуръон ўргатса бўладими?
Жавоб: Қуръони каримни ўргатувчи аёл ҳайз кўрса, Каломуллоҳни ушламасдан, ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз ўқиб сабоқ бериши мумкин. Бир оятни бошидан охиригача ўқиши ҳаромдир (“Ҳалаби кабир ”).

Ҳайзли аёл қуръон эшитса бўладими?

Савол: Ҳайзли аёл Қуръон тинглайдими?
Жавоб: Ҳайзли ёки лоҳуса аёл Қуръони каримни ушламасдан, ўқилаётган оятларни такрорламасдан тинглаши мумкин. Бу ҳолатда қанча савоб олишини фақат Аллоҳ билади (“Ҳалаби кабир ”).

Лабни қимирлатмасдан қуръон ўқиш мумкинми?

Савол: Қуръони каримни фақат кўз югуртириб ўқиса бўладими?
Жавоб: Тил билан икки лаб қимирламаса, ўқиш ҳисобланмайди. Ибн Ҳожиб “Китобус салот”да: “Тилни ҳаракатлантирмасдан махфий ўқилмайди. Чунки тилини қимирлатмаса, қироат қилмабди, балки тафаккур қилибди”, деган.
Намоз тўғри адо этилиши ёки хатм қилиш учун Қуръонни камида пичирлаб, ўзи эшитадиган даражада ўқиш керак. Бундан ками қироат дейилмайди. Лекин лабни қимирлатмасдан Қуръон оятларини қалбдан ўтказса бўлади. Бу қироат эмас, тадаббур бўлади. Валлоҳу аълам!

Сувга дам солиб ичса бўладими?

Савол: Сувга дам солиб ичиш ҳукми қандай?
Жавоб: Айрим уламолар қоғоз, лавҳ ёки идишга Қуръон оятларини ёзиб, кейин уни сув билан ювиб, касал одамга ичиришга рухсат беришган.
Имом Нававий “Шарҳул муҳаззаб” китобида шундай деган: “Ҳасан Басрий, Мужоҳид, Абу Қилоба ва Авзоийга кўра, Қуръон оятларини идишга ёзиб, сув билан ювиб касалга ичиришнинг ҳечқиси йўқ. Нахаий бу ишни кариҳ кўрган”.
Ибн Қаййим айтади: “Бир гуруҳ салафлар Қуръон оятларини бирон нарсага ёзиб, сув билан ювгандан кейин ичишни жоиз санашган. Мужоҳид: “Қуръон ёзилиб, кейин сувда ювилиб, беморга ичиришнинг ҳечқиси йўқ”, деган. Худди шунга ўхшаш ривоят Абу Қилобадан келтирилган. Ибн Аббосдан зикр қилинишича, кўзи ёриши қийин кечаётган аёлга Қуръоннинг баъзи оятларини ёзиб, кейин сувда ювиб ичиришга буюрган. Айюб: “Мен Абу Қилоба Қуръондан бирон нарсани ёзиб, кейин сув билан ювиб, оғриқ безовта қилаётган кишига ичирганини кўрганман”, деган ”.
Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилинади: “Ким қалбида қаттиқлик (бағритошлик) ҳис этса, Ёсин сурасини заъфарон  билан жомга ёзиб ичсин ”.
Сувга дам солиб ичиш фойдали экани илмий тарафдан ҳам исботланган. Абдудоим Каҳил тавсиясига кўра, идишдаги сувга шаръий дам солинади. Қироат бироз баланд овозда қилингани маъқул. Сувга дам солгандан кейин ичилади ёки касаллик бор жойга суртилади. Чунки дам солинган сув ўзида шифо келтирувчи маълумотларни сақлайди. Сув ичилганда шифобахшлик хусусияти танадаги барча ҳужайраларга етиб бориб, Аллоҳнинг изни билан кишини соғайтиради.

Қуръон оятлари маъносини билмасдан ёдлаш мумкинми?

Савол: Қуръон оятлари маъносини билмасдан ёдласа бўладими?
Жавоб: Бўлади. Зеро, Қуръон кўпинча ёшликда ёдланади. Ёш болаларга оятлар маъносини англатиш мушкул. Бироқ тажвидни ўргатиш лозим. Чунки тажвидсиз Қуръон ўқиш гуноҳ. Бундан ташқари, ёшликда тилни арабча талаффузга яхшилаб ўргатиб олиш керак. Ёш улғайгач, қанча уринса ҳам ҳарфларни махражидан чиқариш қийин бўлади .

Қуръон ёдлаш афзалми ёки маъноларини ўрганиш?

Савол: Баъзилар айтишича, киши намозни мукаммал адо этишга етарли қироатни ўрганиб олгач, Қуръонни тушунишга ёрдам берадиган илмларни ўрганиши яхши экан. Аслида қайси бири афзал: Қуръон маъноларини ўрганиб амал қилишми ёки тушунмаса ҳам оятларни ёдлаш?
Жавоб: Ҳар бир мўмин-мусулмон банда Қуръони каримни ўқиб, маъноларини тадаббур қилиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло бизни шунга буюрган: “Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқаси томонидан (нозил қилинган) бўлганида, унда кўп қарама-қаршиликларни топардилар” (Нисо сураси, 82-оят).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деган: “Илмсиз бажарилган ибодатда, тушунмасдан эгалланган илмда, тадаббурсиз қироатда яхшилик йўқ ”.
Ривоят қилинишича, бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак олдига келиб сўради:
– Эй, Абу Абдураҳмон! Бўш вақтимда Қуръон ўрганайми ёки илм талаб қилайми?
– Намозни тўкис ўқий оладиган даражада Қуръондан бирон сура ёдлаганмисан?
– Ҳа.
– Ундай бўлса, Қуръонни тушунишингга ёрдам берадиган илмларни ўрган .
Уламолар Қуръони карим маъноларини тадаббур қилишни Қуръон ҳақларидан, дейишган. Маълумки, тадаббур оятлар мазмунини идрок этиш билан бўлади. Ўқиганини тушунмаган одам Қуръонни тадаббур қилолмайди. Шунинг учун ҳам Қуръонни тушунишга ҳаракат қилиш, бу йўлда керакли илмларни ўзлаштириш (омма мусулмонлар Қуръон тафсирини ўқишлари) талаб этилади.
Сўзимиз охирида Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз, севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зот оила аъзоларига, саҳобаи киромларига салавот ва саломлар йўллаймиз!

Тошкент, 2004-2016

 

 

 

Орқага Олдинга