loader

Қайси суралар билан дам солинади?

 

 

 

Динимизда – маълум шартларга кўра – дам солишга рухсат этилган. Бу борада етарлича кўрсатмалар берилган. Жумладан, ҳадиси шарифларда шаръий дам солишда қайси суралар ўқилиши айтилган.
Хорижа ибн Солтдан ривоят қилинишича, унинг амакиси (Алоқа ибн Суҳор) бир қавм олдига борганида, улар:
– Сен бу киши (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузуридан яхшилик олиб келгансан. Манави одамга дам солиб қўй! – деб илтимос қилишди.
Шу пайт кишанланган мажнун одамни олиб келишди. (Хорижанинг амакиси) уч кун эртаю кеч Фотиҳа сурасини ўқиб дам солди. Ҳар сафар сурани ўқиб тугатгач, пуфлаб дам урди. (Натижада мажнун киши) дарддан фориғ бўлди. Қавм аъзолари дам солувчига 100 та қўй  беришди. Шунда Ибн Суҳор Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб, бўлган воқеани айтиб берди. У зот:
– Олавер. Ҳаётимга қасамки, ботил (яъни, шариатга хилоф тарзда) дам солиб (ҳақ) оладиганлар ҳам бор. Аммо сен Аллоҳнинг Каломи билан дам солиб (ҳақ) олдинг, – дедилар .
Ривоят қилинишича, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг идишида хурмо бор эди. Ора-чора келиб ундан хабар олиб турарди. Бир сафар хурмо камайиб қолаётганини сезиб, унга кўз-қулоқ бўлиб турди. Кечаси балоғатга етган болага ўхшаш кимса юриб келаётганини кўрди. Убай унга салом берди. У алик олди. Убай сўради:
– Сен кимсан: одаммисан, жинмисан?
– Жинман.
– Қўлингни кўрсат.
Жин қўлини кўрсатди. Қараса, қўли итнинг қўлига, туки ҳам итникига ўхшар экан.
– Жинлар шундай яратилганми? – сўради Убай.
– Жинлар мендан ашаддийроғи йўқлигини яхши билишади.
– Нима сабаб бундай қилдинг?
– Сен садақани яхши кўришингни биламиз. Таомингдан озроқ олмоқчи эдик.
– Сизлардан бизни нима сақлайди.
– Бақара сурасидаги Оятул курсийни ўқийсанми?
– Ҳа.
– Ким ўша оятни кеч кирганда ўқиса, тонг отгунча биздан ҳимояланади. Ким уни тонг отганда ўқиса, кеч киргунча биздан сақланади.
Убай ибн Каъб тонг отганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, бўлган воқеани сўзлаб берди.
– Рост айтибди нопок, – дедилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом .
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлсалар, муаввизотни ўқиб ўзларига дам солардилар. Агар дардлари оғирлашса, мен (Қуръон) ўқиб, қўллари баракасидан умид қилган ҳолда уни (баданларига) суртардим ”.
Демак, Фотиҳа, Оятул курсий, Кофирун, Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб дам солинади.

 

 

 

Орқага Олдинга