loader

Диёнатан ва қазоандан мурод

Талоқ масалаларида кўп ўринда “диёнатан” ва “қазоан” лафзлари истеъмол қилинади. Баъзи масалаларда “диёнатан” талоқ воқеъ бўлади дейилса, баъзи масалаларда “қазоан” ва баъзиларида иккаласига биноан талоқ воқеъ бўлади дейилади. Шунинг учун улардан кўзланган мақсадни ва улар орасидаги фарқни билиб олиш лозим. Диёнатандан мурод талоқни тушиш ёки тушмаслиги, хато ёки тўғри бўлиши талоқ қўювчининг ниятига боғлиқ бўлиб, у ниятни шахсни ўзи ва Аллоҳ таоло билади ва бунга банда билан Аллоҳ таоло ўртасидаги нарса деб таъбир берилади. Қазоанда ниятга қаралмайди балки, қарина ва ҳолатларни зоҳирига қараб ҳукм чиқарилади. Қози ҳар бир шахснинг зоҳирий ҳолатига жавобгар бўлади ва шунга биноан ҳукм чиқаради. Унга хилофан муфтий эса, сўровчининг саволига биноан жавоб беради. Агар сўровчи киноя лафзларни айтиб, улардан талоқни ният қилмаганини муфтийга билдирса, муфтий талоқ воқеъ бўлмайди деб, жавоб беради. Масалан, бир киши қаттиқ жаҳли чиққанда бутунлай беҳуш бўлишини даъво қилаяпти, диёнатан бундай суратда талоқ тушмайди деб ҳукм қилинади. Шунингдек, бир киши уч марта талоқ лафзини айтиб, ниятида уч талоқ эмас балки биринчи лафзни таъкидлаш бўлганлигини даъво қилмоқда, муфтий ниятига эътиборан бир ражъий талоқ тушади деб ҳукм қилади. Қози эса, уч талоқ тушади деб ҳукм чиқаради. Аллома Шомий ҳам бу ҳақда шундай деган:

"تَصِحُّ نِيَّتُهُ فِيمَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ رَبِّهِ تَعَالَى لِأَنَّهُ نَوَى مَا يَحْتَمِلُهُ لَفْظُهُ فَيُفْتِيهِ الْمُفْتِي بِعَدَمِ الْوُقُوعِ. أَمَّا الْقَاضِي فَلَا يُصَدِّقُهُ وَيَقْضِي عَلَيْهِ بِالْوُقُوعِ لِأَنَّهُ خِلَافُ الظَّاهِرِ بِلَا قَرِينَة."

“(Эр аёлига талоқсан, талоқсан, талоқсан деса ҳамда мен бу билан учтани эмас, балки биринчиси билан талоқғи, иккинчиси ва учинчиси билан эса, биринчини таъкидлашни ният қилганман деса) Унинг нияти ўзи билан Роббиси ўртасида дуруст бўлади. Чунки, у лафз эҳтимол қиладиган нарсани ният қилди. Шунга биноан муфтий талоқ тушмайди деб, фатво беради. Қози эса, уни тасдиқ қилмай талоқ тушади деб ҳукм чиқаради. Чунки, унинг нияти ҳолатнинг зоҳирига хилофдир”[Шомий. Ж. IV. Б. 453.].

Фойда: Ҳозирги бепарволик даврида муфтий ҳам юқорида айтилаган уч талоқ лафзи таъкид деб эътиборга олмай, уч талоққа фатво бериши лозим.

Орқага Олдинга