Аҳсан талоқ - ҳайздан пок бўлгандан кейин, аёлига яқинлик қилмай бир ражъий талоқ қўйишдир. Ундан кейин ўзаро келишиб олсалар, эр аёлига қайтади. Келишиб олмасалар, уч ҳайз ёки ҳомилани қўйгунча идда ўтиради. Ҳеч қандай сабабсиз никоҳига қайтариб олмайди ва иккинчи бор талоқ ҳам қилмайди. Аёл бир талоқ билан иддани тугатади ва боин бўлади. Талоқнинг бу қисмига “Аҳсан талоқ (Энг чиройли талоқ)” дейилади.
عَنْ إبْرَاهِيمَ قَالَ : كَانُوا يَسْتَحِبُّونَ أَنْ يُطَلِّقَهَا وَاحِدَةً، ثُمَّ يَتْرُكَهَا حَتَّى تَحِيضَ ثَلاَثَ حِيَضٍ.
Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
“Ун(аёл)га бир талоқ қўйиб, уч ҳайз кўргунча тарк қилиб қўйишни (Саҳобаи киром розияллоҳу анҳулар) яхши кўрар эдилар”.
Фойда: Бу тартибда қўйилган талоқ энг чиройли талоқ дейилади. Чунки, талоқ қўйгандан кейин уч ҳайз, яъни икки-уч ойдан кам бўлмаган муддат бўлиб, бу вақт мабойнида аёл ўзининг феъл-атворига иккинчи бор назар солади. Агар иккалалари орасида илиқлик пайдо бўлса, ҳеч қандай пушоймонсиз ражъат қилиб, аввалги ҳолатда, яъни эр-хотин бўлиб яшайверадилар. Идда тугаган тақдирда ҳам яна у иккалалари бу турдаги чиройли талоқдан кейин ҳалоласиз, янги никоҳ билан эр-хотинликни боғлай оладилар. Бу ҳақда “Ҳидоя”нинг соҳиби Бурҳониддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
وَلِأَنَّهُ أَبْعَدُ مِنْ النَّدَامَةِ وَأَقَلُّ ضَرَرًا بِالْمَرْأَةِ
“(Бир талоқ қўйиш эр учун) надомат ва пушаймондан йироқ (бўлса), аёлга зарари озроқдир” .