loader

Яқинлик қилинган ва яқинлик қилинмаган аёлларнинг талоқ қилинишларишдаги фарқ

Қиз балоғатга етмаган бўлса ёки балоғатга етган бўла туриб, эри билан хилватда қолган ва жимо қилган бўлмаса, шариатда бундай аёлни ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган аёл) дейилади. Аёл балоғатга етган ва эр у билан ҳеч қандай монеъликларсиз хилватда қолган ёки жимо қилган бўлса бундай аёлни мадхула (яқинлик қилинган аёл) дейилади. Икки аёл ўртасида шаръий аҳкомларда бироз фарқ мавжуддир.

Биринчи фарқ: Яқинлик қилинган аёлга сариҳ лафзлар билан талоқ қўйилса, икки талоқгача ражъий талоқ бўлади. Агар киноя лафзлар билан талоқ қўйилса, боин талоқ воқе бўлади. Ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган) аёлга ҳар икки суратда ҳам боин талоқ тушади;

Иккинчи фарқ шуки, мадхула (яқинлик қилинган) аёл талоқ иддасида уч ҳайз ёки уч ой ёки ҳомиласини қўйгунича ўтиради. Ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган) аёл талоқ қўйилганидан кейин идда ўтирайди, яъни талоқ қўйилгандан кейиноқ идда ўтирмасдан бошқа эрга тегиб кетиш мумкин. Бунга Қуръони каримнинг қуйидаги оятида ишора бор:

ثُمَّ طَلَّقْتُمُوهُنَّ مِنْ قَبْلِ أَنْ تَمَسُّوهُنَّ فَمَا لَكُمْ عَلَيْهِنَّ مِنْ عِدَّةٍ تَعْتَدُّونَهَا

“Сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас” (Аҳзоб 49-оят).

Танбеҳ: Эри вафот этган аёлнинг иддаси мадхула (яқинлик қилинган) аёлга ҳам, ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган) аёлга ҳам бирдай вожибдир.

وَ الْعِدَّةُ لِلْمَوْتِ أَرْبَعَةُ أَشْهُرٍ وَعَشْرٌ مُطْلَقًا وُطِئَتْ أَوْ لَا وَلَوْ صَغِيرَةً


“Вафот иддасида ўтирган аёлнинг иддаси тўрт ойю ўн кундир. Бунда аёл яқинлик қилинган ёки қилинмаганлиги ёки балоғатга ёки етмаганлигининг фарқиси йўқдир”Дуррул мухтор. Ж. V. Б. 188.

Учинчи фарқ шуки, мадхула (яқинлик қилинган) аёлга бир талоқ қўйилгандан кейин иддаси чиқиб кетишидан илгари унинг эри иккинчи, учинчи талоқларни қўйса тушади. Унга хилоф ўлароқ ғайри мадхула (яқинлик қилинмаган) айлга бир талоқ қўйгандан кейин эрда иккинчи, учинчи талоқларни қўйиш ҳаққи тугайди. Чунки ғойри мадхула аёл бир талоқдан кейиноқ никоҳдан чиқиб кетгани учун талоқнинг маҳалли қолмайди;

Тўртинчи фарқ шуки, мадхула (яқинлик қилинган) аёлга бирин кетин бир, икки, уч талоқсан дейилса, уч талоқ воқе бўлади. Лекин, ғойри мадхула (яқинлик қилинмаган) аёлга бирин кетин бир, икки, уч талоқсан дейилса, биринчи қўйилган талоқ билан бир талоқ, иккинчи, учинчи талоқлар эса, бекор бўлади. Ҳа, агар бирданига ғойри мадхула аёлга уч талоқ қўйилса, уч талоқ тушади.

Орқага Олдинга