Шаръий ҳалоланинг йўли ва жоиз тариқаси шуки, уч талоқ қўйилган аёл (ҳайз кўргувчи бўлса, уч ҳайз, ҳайздан умидини узган аёл, яъни ёши бир жойга етиб, ҳайз кўрмай қолган аёл уч ой, ҳомиладор аёл ҳомиласини қўйгунича) идда ўтириб, ундан кейин ўзининг розилигига биноан бирор кишига никоҳланиб, у билан яқинлик қилиб, бирга яшайдилар. Кейинчалик бирор можаро ёки келишмовчилик сабабли эр-хотин ўртасида жанжал чиқиб, иккинчи эр ҳам аёлга талоқ қўйса ёки иккинчи эр вафот этса, талоқ ёки вафот иддасидан кейин аёл аввалги эрга ҳалол бўлади. Энди иккалалари қайтадан никоҳланишлари мумкин бўлади. Бу борада Аллоҳ таолонинг каломида шундай дейилган:
فَإِنْ طَلَّقَهَا فَلَا تَحِلُّ لَهُ مِنْ بَعْدُ حَتَّى تَنْكِحَ زَوْجًا غَيْرَهُ فَإِنْ طَلَّقَهَا فَلَا جُنَاحَ عَلَيْهِمَا أَنْ يَتَرَاجَعَا إِنْ ظَنَّا أَنْ يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ يُبَيِّنُهَا لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ
“Бас, агар яна талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегиб чиқмагунча унга ҳалол бўлмайди. Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, бир-бирларига қайтсалар, гуноҳ бўлмайди. Ушбулар Аллоҳнинг билган қавмларга баён қилаётган чегараларидир” (Бақара 230).