Бедарак бўлмаган ғоибдаги кишининг аёлига қози талоқ деб ҳукм чиқаргандан кейин эр қайтиб келса, уни икки сурати бор:
1. Эр аёлнинг иддаси ичида келиб, аёлнинг барча сарф-харажатларини зиммасига олса, ражъат қилишга ҳаққи бўлади. Агар эр ражъат қилса, аёл эрга қайтади. Агар идда чиққунча ражъат қилмаса, иддадан кейин аёлга боин талоқ воқе бўлади ва эр-хотин ўртасидаги никоҳ риштаси буткул узулади;
2. Эр аёлни иддаси тугагандан кейин қайтиб келиб, аёлнинг даъвосига қарши бирор гапни исбот қилса, масалан, эр қозига: “Аёлимнинг сарф-харажатига олдиндан пул бериб қўйганман” ёки “У ердан пул жўнатиб турганман” ёки “Аёлим нафақасини кечган” деса, аёл бу ҳолатларнинг барчасида эрнинг никоҳида қолади. Гарчи, аёл иддадан кейин бошқа эрга турмушга чиққан бўлса ҳам ёки иккинчи эрдан бола кўрган бўлса ҳам. Аввалги эрнинг никоҳида қолган деб ҳукм қилиниб, иккинчи эрнинг никоҳи ботил деб қарор берилади. Агар эр аёлнинг: “Нафақамни бермаган” деган даъвосига қарши бирор далилни исбот қила олмаса, аёл аввалги эрига қайтмайди. Чунки, идда тугагандан кейин ражъат ҳаққи боқий қолмайди.
Танбиҳ: Иккинчи суратнинг аввалги қисмида аввалги эр аёлни никоҳ ва маҳрсиз қайтариб олади. Ҳа, агар иккинчи эр билан хилвати саҳиҳа бўлган бўлса, идда вожиб бўлади. Иддадан олдин аввалги эр на аёлига яқинлик қила олади ва на яқинлик қилишдан олдинги ишларни амалга ошира олади. Иккинчи эрнинг зиммасига маҳр вожиб бўлиши ҳақида юқорида батафсил сўз юритдик, яъни аёл иккинчи эрга турмушга чиққандан кейин у билан хилвати саҳиҳа қилган бўлса, маҳр вожиб бўлади. Агар хилвати саҳиҳа бўлмаган бўлса, маҳр вожиб бўлмайди. Бедарак кетган кишининг ҳукмида баён қилингани каби аёл иддани аввалги эрининг уйида ўтказади.