Бир киши ҳайз кўрадиган аёлга ражъий ёки боин талоқ қўйса ёки талоқсиз қози томонидан эр-хотин ўртаси ажрим қилинса ва эр у аёл билан қўшилган бўлса ёки хилвати саҳиҳа қилган бўлса, бас бундай аёл уч ҳайз миқдорича идда ўтиради ва шу билан идда тугайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
وَالْمُطَلَّقَاتُ يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ ثَلَاثَةَ قُرُوءٍ وَلَا يَحِلُّ لَهُنَّ أَنْ يَكْتُمْنَ مَا خَلَقَ اللَّهُ فِي أَرْحَامِهِنَّ إِنْ كُنَّ يُؤْمِنَّ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَبُعُولَتُهُنَّ أَحَقُّ بِرَدِّهِنَّ فِي ذَلِكَ إِنْ أَرَادُوا إِصْلَاحًا وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
“Талоқ қилинган аёллар уч қуръу кутадилар. Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлсалар, Аллоҳ раҳмларида ҳалқ қилинган нарсани беркитишлари ҳалол бўлмайди. Ўшанда эрлари уларни, агар ислоҳни ирода қилсалар, ўзларига қайтариб олишга ҳақлироқдирлар. Ва яхшилик ила уларнинг бурчлари муқобилида ҳақлари ҳам бордир. Ва эркакларга улардан устун даража бордир. Аллоҳ азиз ва ҳакимдир” (Бақара 228 оят).
وَإِذَا طَلَّقَ الرَّجُلُ امْرَأَتَهُ طَلَاقًا بَائِنًا أَوْ رَجْعِيًّا أَوْ وَقَعَتْ الْفُرْقَةُ بَيْنَهُمَا بِغَيْرِ طَلَاقٍ وَهِيَ حُرَّةٌ مِمَّنْ تَحِيضُ فَعِدَّتُهَا ثَلَاثَةُ أَقْرَاءٍ
“Киши ўз аёлини боин ёки ражъий талоқ қўйса ёки ўрталарида талоқсиз ажрим собит бўлса, агар аёл ҳайз кўрувчи бўлса, унинг иддаси уч қуруъдир” (Ҳидоя).