Шариат насаб ҳақини отага бергандир, яъни ота қандай хонадондан бўлишига қарамай болани насаби унга нисбат берилади. Гарчи онанинг насаби ота насабига хилоф бўлса ҳам. Масалан, ота саййид бўлиб, она саййид бўлмаса, бас бола ота томонга нисбат берилиб, саййид дейилади. Лекин, Фотима розияллоҳу анҳо фарзандлари бундан мустаснодир. Шунинг учун ҳазрати имом Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларнинг насаблари Фотима розияллоҳу анҳо орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилади ва бу фақат Фотима розияллоҳу анҳога тегишлидир. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳаққида сайюдун ниса, набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар ҳаққида эса, жаннат аҳлининг ёш йигитлари деганлар. Шунинг учун Фотима розияллоҳу анҳодан ўзга бирор аёл томонга туққан фарзандларининг нисбатлари берилмайди. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عن فاطمة الكبرى قالت: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: " كُلُّ بَنِي آدَمَ يَنْتَمُونَ إِلَى عَصَبَةٍ إِلا وَلَدَ فَاطِمَةَ فَأَنَا وَلِيُّهُمْ وَأَنَا عَصَبَتُهُمْ."
Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Барча одам болалари асаба (ота) томонга мансуб бўладилар. Лекин, Фотима болалари мен уларни валийсиман ва мен уларни асабасиман” деедилар” (Табароний ривояти).
Ушбу китоб Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан ўз ниҳоясига етди. Энди, барча ишларни енгил қилган Аллоҳ таолодан бу хақирона ишни қабул қилиб, қиёмат кунига захира қилишини сўраб: “Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан” деб дуо қилиб қоламиз. Амийн!