loader
Алиф Лом Мим. (Ҳижо ҳарфлари ҳақида Бақара сурасида батафсил тўхтаб ўтилган.)
Аллоҳ–Ундан ўзга ибодатга лойиқ илоҳ йўқ, тирик ва қаййум зотдир. (Ушбу ояти карима тавҳидни, Аллоҳнинг ягоналигини холис баён қилади. Аллоҳ доим тирикдир, ўлмайди. У қаййум–бандалари ишларининг тадбирида доимо қоим турувчидир.)
У сенга китобни ҳақ ила ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи қилиб туширди ҳамда Таврот ва Инжилни туширди.
Ундан олдин одамларга ҳидоят қилиб. Ва Фурқонни ҳам туширди. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга шиддатли азоб бор. Аллоҳ азиз ва интиқом олувчи зотдир. (Демак, Муҳаммад алайҳиссаломга тушган китобни ҳам Аллоҳнинг Ўзи туширган, китобларнинг тушиши башарият учун янгилик эмас, Қуръон ҳам аввалги тушган илоҳий китобларнинг давоми. )
Албатта, Аллоҳ Унга ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса махфий қолмайдиган зотдир.
У сизларни бачадонларда хоҳлаган сувратга соладиган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир.
У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар. («Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. «Муштабоҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.)
Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан.
Эй Роббимиз, албатта, сен одамларни келишига шубҳа йўқ кунда йиғувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас.
Албатта, куфр келтирганларнинг моллари ҳам, болалари ҳам улардан Аллоҳ(азоби)дан бирор нарса қайтара олмас. Ана ўшалар, ўзлари дўзахнинг ёқилғисидирлар.
Фиръавн аҳлининг ва улардан олдингиларнинг ҳолига ўхшаб оятларимизни ёлғонга чиқардилар. Бас, гуноҳлари туфайли Аллоҳ уларни тутди. Ва Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир.
Куфр келтирганларга: «Тезда мағлуб бўлурсизлар ва жаҳаннамга йиғилурсизлар, у қандоқ ҳам ёмон жой», деб айт. (Куфрнинг оқибати икки дунёнинг мағлубиятидир. Ушбу оятда Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда тезда мағлуб бўлишларининг, охиратда ҳам жаҳаннамга тўпланишларининг хабарини бермоқда.)
«Сизга тўқнашган икки фирқада ибрат бор эди. Бир фирқа Аллоҳнинг йўлида уришади. Бошқаси кофирдир. Улар ўз кўзлари билан (душман) ўзларига икки баробарлигини кўриб турардилар. Ва Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани Ўз нусрати ила қўллар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибрат бордир», деб айт. (Маълумки, Бадр урушида мушрикларнинг сони мусулмонларнинг ададидан уч баробар кўп эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таолонинг нусрати билан мусулмонлар ғолиб келдилар.)
Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор. («Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса, шаҳват «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.)
«Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! –деб айт. Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир». (Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, диндан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунча уринишга арзимайдиган нарсалардир. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! деб айт», деб буюрмоқда. Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун эканлиги шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хослигидир, бошқаларга насиб қилмайди.)
Улар: «Роббимиз, албатта, биз иймон келтирдик, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин ва дўзах азобидан сақлагин», дейдиганлардир.
Сабр қилувчилар, содиқлар, доимий тоат қилувчилар, нафақа қилувчилар ва саҳарда истиғфор айтувчилардир.
Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир.
Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир. Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, бас, албатта, Аллоҳ ҳисобни тезда қилувчидир. (Аллоҳнинг ҳузурида Исломдан бошқа дин йўқ. Яҳудий, насроний, буддий ёки яна бошқа ҳар хил динлар Аллоҳнинг ҳузурида эътиборини йўқотган динлардир. Уларга эътиқод ва амал қилганлар бехуда юрибдилар ҳисоб. Дунёда Аллоҳ ягона бўлганидан кейин, ақида ҳам ягона бўлиши керак. У Ислом ақидасидир. Аҳли китобнинг келишмовчилиги илмсизликдан, жоҳилликдан эмас. Уларга Аллоҳ томонидан илм келган эди. Улар Аллоҳнинг ягоналигини, ибодатга сазоворликда ҳам ягоналигини, бандаларнинг вазифаси нимадан иборат эканлигини яхши билар эдилар. Билиб туриб, ихтилоф қилдилар.)
Агар сен билан тортишсалар, сен: «Мен юзимни Аллоҳга таслим этдим ва менга эргашганлар ҳам!» деб айт. Ва китоб берилганларга ва саводсизларга: «Исломга кирдингизми?» деб айт. Агар Исломга кирсалар, бас, батаҳқиқ, ҳидоят топдилар. Агар юз ўгирсалар, сенинг зиммангда етказиш, холос. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир. (Юз инсоннинг энг олий аъзоси ҳисобланади. Юзни Аллоҳга таслим қилиш эса, ўша юзнинг эгаси бутун вужудини Аллоҳга топширганини билдиради. Пайғамбар алайҳиссаломки ўзларига ушбу йўлни танлабдилар, у кишига эргашган умматлари ҳам албатта шу йўлни танлайдилар. Бундан бошқа гап бўлиши мумкин эмас.)
Албатта, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирадиганлар, Пайғамбарларни ноҳақдан ўлдирадиганлар ва одамлардан адолатга буюрадиганларни ўлдирадиганларга аламли азобнинг башоратини бер.
Ана ўшалар амаллари бу дунёю охиратда ҳабата бўлганлардир ва уларга ёрдам берувчилар йўқдир. (Иймонлари йўқлиги, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари туфайли баъзи қилган яхши ишлари ҳам бекор кетади. Уларга савоб ва нажот келтирмайди. Ҳамда бошларига мушкул тушган пайтда ёрдамчилар йўқдир.)
Китобдан насиба берилганларга қарамайсанми?! Ораларида ҳукм юритиш учун Аллоҳнинг китобига чақирилганларида улардан бир гуруҳлари юз ўгириб ортга қайтадилар. (Ибн Исҳоқ ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Байтулмидросда бир гуруҳ яҳудийларни Аллоҳнинг динига чақирганларида, улардан Нуъмон ибн Амр ва Ҳарс ибн Зайд деганлари: «Эй Муҳаммад, сен қайси диндасан?» дедилар. У зот алайҳиссалом: «Иброҳим миллати ва динидаман», дедилар. Улар: «Иброҳим яҳудий бўлган, дейишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ундоқ бўлса, келинглар, шу масалани Тавротдан кўрайлик», деганларида, улар бош тортдилар.)
Бунинг сабаби–уларнинг: «Бизга саноқли кунлардан бошқа ҳеч ўт тегмайди», деганларидадир. Тўқиган нарсалари уларни динларида адаштирди.
Унда, бўлишида шубҳа йўқ кунда уларни жамлаганимизда ва ҳар бир жон зулм қилинмасдан, қилганига яраша жазосини олганда, ҳоллари қандай бўлади?
Сен: «Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан.
Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан», деб айт. (Кўриниб турибдики, бу икки оятда жуда ҳам улкан маънолар ўз аксини топган. Ягона Аллоҳнинг фақат Ўзига хос камолот сифатлари жамланган. Шунинг учун ҳам ушбу икки оятни кундалик вирд-вазифа сифатида ўқиб юриш тавсия қилинади.)
Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ. Магар улардан сақлансангиз, Аллоҳ сизларни ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир. (Исломда бошқа диндагилар билан яхши алоқада бўлишга рухсат бор. Лекин дўст тутиш, ҳамма нарсани кофирга ишониб топшириб қўйиш мумкин эмас. Фақат бир ҳолатдагина, истисно тариқасида, юзаки равишда ўзини кофирга дўст қилиб кўрсатиши мумкин: «Магар улардан сақлансангиз». Бундай тасарруфни «тақиййа» деб аталади. Тақиййа билан жонни, молни ва номусни душманлардан сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.)
Сен: «Агар қалбингиздаги нарсани махфий тутсангиз ҳам, ошкор қилсангиз ҳам, Аллоҳ биладир. Ва осмонлардагию ердаги нарсаларни ҳам биладир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деб айт. (Ояти карима Аллоҳ таоло бандаларининг барча ишларидан очиқ-ойдин хабардор эканлигини шубҳага ҳеч ўрин қўймайдиган даражада баён қилмоқда. Ким махфий равишда кофирларни дўст тутса ҳам, билади. Билганидан сўнг, албатта, унинг жазосини беради.)
Ҳар бир жон қилган яхши амалини ҳозир топадиган ва ёмон амалини эса, у билан ўзи орасида узоқ масофа бўлишини истайдиган кунда. Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон зотдир. (У кунда ҳар бир жоннинг яхшилигию ёмонлиги охиригача сарҳисоб қилинади. Агар банданинг бу дунёдаги амаллари яхши бўлса, хурсандчиликка, бахтга, саодатга эришади. Ёмон бўлса, қани энди ушбу ёмон амаллар олис-олисларда бўлса эди, менга яқин бўлмаса эди, деб орзу қилади.)
Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт.
Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас.
Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди.
Баъзилари баъзиларига зурриётдир. Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир. (Ушбу 33-оятда Аллоҳ таоло Одамни ва Нуҳ алайҳиссаломларнинг ёлғиз ўзларини Иброҳим ва Имрон алайҳиссаломларни эса, сулолаларини ҳам қўшиб зикр қилди. Нега? Чунки Одам ва Нуҳ алайҳиссаломлар ёлғиз ўзлари Пайғамбар бўлганлар. Иброҳим ва Имрон алайҳиссаломлар зурриётларидан бевосита Пайғамбарлар сулоласи тарқалган. Бу насаб ёки қариндошлик асосидаги Пайғамбарлик сулоласи эмас, балки ақида асосидаги сулоладир. Бу ҳақиқат Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб, зурриётларидан ҳам Пайғамбар чиқаришини сўраганларида баён қилинган.)
Имроннинг хотини: «Эй Роббим! Албатта, мен қорнимдагини холис Ўзингга назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деганини эсла!
Уни (Марямни) туққан чоқда: «Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!!» деди. Ҳолбуки, Аллоҳ нима туққанини яхши билади. «Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга «Марям» деб ном қўйдим ва, албатта, мен сСндан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тилайман».
Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. У: «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. Ул: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради», деди. (Шундай қилиб, Марям алоҳида эътибор остида муборак бўлиб ўса борди. Аллоҳ унга Ўзи иноят кўрсатиб турди. Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида, табиийки, унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туриши лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди.)
Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: «Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан», деди.
Меҳробда намоз ўқиб турганида, фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқловчи, бошлиқ, шаҳвати тийилган, солиҳлардан бўлган Набий, Яҳъёнинг башоратини бермоқда», дедилар. (Закариё алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуолари қабул бўлди. Аллоҳнинг фаришталари келиб у кишига суюнчилик хабарини етказдилар. Аллоҳ Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди. )
У: «Эй Роббим, менга қандоқ ўғил бўлсин?! Ўзим улуғ ёшга кирган бўлсам, хотиним туғмас бўлса?!» деди. У зот: «Шундоқ, Аллоҳ хоҳлаганини қилади», деди.
У: «Эй Роббим, менга бир белги тайинла», деди. У зот: «Сенинг белгинг, уч кун одамларга фақат ишора билан гапиришингдир. Роббингни кўп эсла ва эртаю кеч тасбиҳ айт!» деди.
Фаришталарнинг: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва оламдаги аёллардан устунлигингни ихтиёр қилди.
Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсла. (Бу ерда, Марямни Аллоҳ танлаб олганини, бошқалар каби оддий эмасликларини баён этилмоқда. Шу билан бирга, у кишининг, насоролар даъво қилаётганидек, «она худо» ёки «худонинг хотини» ҳам эмасликларини билвосита таъкидламоқда.)
Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида, олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг. (Биби Марямнинг оналарининг исми Ҳинна эди. У киши Марямни туққанларидан кейин, ваъдасига вафо айлаб, янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг «Ҳайкал» ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги диний ходимларнинг олдига қўйибди ва: «Бу назр қилинган қизни олинглар», дебди. Шунда улар, мен оламан-мен оламан, деб талашиб кетибдилар. Чунки қизча бошлиқлари ҳазрати Имроннинг қизи эди-да. Улар қаламларини қуръа сифатида дарёга ташлаб, кафилни аниқлашибди. Албатта бу ишлар Муҳаммад алайҳиссаломга қоронғи, ғайб ишлар эди. Бу маълумотни фақат Қуръон келтирган хабардан билмоқдалар.)
Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Ийсо ибн Марям бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир. (Оятда келган «сўз»дан мурод Ийсо алайҳиссаломдир.»Сўз» арабчада калима дейилади. Ийсо алайҳиссаломнинг бир номлари «Калиматуллоҳ»дир. Чунки у кишининг дунёга келишиги Аллоҳнинг «Бўл» деган сўзи, калимаси сабаб бўлган.)
У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла. (Одатда қиз бола ўзидан ўзи ҳомиладор бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга унинг ҳомиладор бўлиб, Аллоҳнинг калимаси туфайли Масиҳ Ийсо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирмоқда. Шу билан бирга, унинг бошқа сифатларини ҳам санаб ўтмоқда.)
У: «Эй Роббим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» деди. У зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қиладир. Бир ишни ирода қилса, «Бўл!» дейиши кифоя, бўлаверадир», деди.
Ва унга китобни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатадир. (Аллоҳ Марямнинг бўлажак Масиҳ Ийсо ибн Марям деб номланган ўғлига ҳикмат, Таврот ва инжилни ҳам ўргатиши хабар қилинмоқда.)
Бани Исроилга Пайғамбар қиладир. У: «Албатта, мен сизга Роббингиздан оят-мўжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз–хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сизга оят-белги бордир.
Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб, сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим. Сизга Роббингиздан оят-мўъжиза билан келдим. Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг.