loader

026. Шуаро сураси

Маккада нозил бўлган. 227 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи унинг охирида келган шуаро (шоирлар) ҳақидаги оятдан олинган.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. То. Син. Мим.
2. Булар очиқ китобнинг оятларидир.
3. Эҳтимол, (улар) мўмин бўлмаганлари учун сен ўзингни ҳалок қилмоқчидирсан?!
4. Агар хоҳласак, уларга осмондан оят-мўъжиза нозил қилурмиз. Бас, уларнинг бўйинлари унга эгилиб қоладир.
5. Уларга Роҳмандан янги эслатма келибдики, албатта, ундан юз ўгиргувчи бўлганлар.
6. Бас, батаҳқиқ, ёлғонга чиқардилар. Яқинда уларга ўзлари истеҳзо қилган нарсанинг хабари келажакдир.
7. Улар ерга қарамайдиларми?! Биз унда гўзал навлардан қанчаларини ундириб қўйибмиз.
8. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар.
9. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
10. Роббинг Мусога: «У золим қавмга боргин.
11. Фиръавн қавмига. (Биздан) қўрқмайдиларми?!« деб нидо қилганини эсла.
12. У: «Эй Роббим, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқаман.
13. Ва дилим сиқилишидан ҳамда тилим бурро бўлмай қолишидан. Бас, Ҳорунни элчи қил.
14. Менинг зиммамда улар наздида гуноҳ бор. Бас, мени ўлдиришларидан хавфдаман», деди.
15. У зот:«Йўқ! Бас, иккингиз Бизнинг оят-мўъжизаларимиз ила боринглар. Албатта, Биз иккингиз билан эшитгувчилармиз.
16. Бас, Фиръавнга боринглар ва унга: «Биз Роббул Оламийннинг Пайғамбарларимиз.
17. Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор», деб айтинглар, деди.
18. У (Фиръавн): «Биз сени гўдаклигингдан ўз ичимизда тарбия қилмадикми?! Умрингнинг бир неча йилини бизнинг ичимизда ўтказмадингми?!
19. Ва нонкўрлардан бўлиб, қиладиган ишингни қилиб қўймадингми?!» деди.
(Фиръавннинг миннатларидан асосий мақсади–Мусо алайҳиссалом олиб келган динни инкор қилиш эди.
Қўлимизда катта бўла туриб, энди, бизга, динимизга ва мулкимизга қарши чиқасанми? Янги дин келтирдим, деб даъво қиласанми?
Бизнинг қавмимиздан бир кишини ўлдириб қўймадингми?!)
20. У (Мусо): «Ўша ишни қилган бўлсам, билмасдан қилганман.
21. Бас, сизлардан хавфсираб қочиб кетдим. Кейин Аллоҳ менга ҳикмат берди ва мени Пайғамбарлардан қилди.
(Ўша қитбтий менинг бир Бани Исроиллик қабиладошим билан уришаётган экан. Қабиладошим мендан ёрдам сўради, мен уега ёрдам бераман деб қибтийни бир урсам ўлиб қолди.  Сўнгра хатони тушундим.)
22. Ўша менга қилаётган миннатинг Бани Исроилни қул қилиб олганингдандир», деди.
23. Фиръавн: «Роббул Оламийн нима?» деди.
24. У (Мусо): «Агар англамоқчи бўлсангиз, У осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Роббидир», деди.
25.  У атрофидаги кишиларга: «Эшитмаяпсизларми?!» деди.
26. У(Мусо) : « У зот сизнинг Роббингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг Роббидир», деди.
27. У : «Албатта, сизга юборилган Пайғамбарингиз жиннидир», деди.
28. У(Мусо) : «У, агар ақл юритсангиз, машриқу мағрибнинг ва улар ўртасидаги нарсаларнинг Роббидир», деди.
29. У : «Агар мендан бошқани илоҳ қилиб олсанг, албатта, мен сени зиндонбандлардан қилурман», деди.
30. У(Мусо) : «Агар мен сенга очиқ-ойдин нарса келтирсам ҳам-а?!» деди.
31. У :«Агар ростгўйлардан бўлсанг, келтир уни!» деди.
32. Бас, у (Мусо) асосини ташлади. Баногоҳ у аниқ аждарга айланди.
33. Ва қўлини чиқарди. Банагоҳ у назар қилгувчиларга оппоқ кўринди.
34.  У(Фиръавн) атрофидаги аъёнларига:
  «Албатта, бу ўта билимдон сеҳргардир.
35. У ўз сеҳри билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?», деди.
(Худонинг динига қарши чиққан, Аллоҳнинг йўлидаги даъватчиларни ўзига душман билган туғёнкорларнинг доимий гапларидан бири. Атрофидаги гумашталарига ва содда халққа даъватчини хавфли қилиб кўрсатади ва уларни қўрқитади.)
36. Улар: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга тўпловчиларни юбор.
37. Сенга барча ўта билимдон сеҳргарларни олиб келсинлар», дедилар.
(Бу таклиф Фиръавнга маъқул тушди. Зотан, у атрофидагилардан айнан шу жавобни кутган эди. Бошқа сура ва оятлардан биламизки, Мусо алайҳиссалом билан сеҳргарларнинг мусобақалашадиган жойи, вақти ва бошқа шартлари келишиб олинади. Фиъравн шаҳарларга одамларини юбориб, сеҳргарларни тўплатиб келади.)
38. Бас, сеҳргарлар маълум куни келишилган вақтда жамландилар.
39. Ва одамларга: «Сизлар тўпланиб бўлдингизми?
40. Ажаб эрмас, устин келсалар, сеҳргарларга эргашсак», дейилди.
(Турли муносабатлар ила одамларни тўплаш, билан уларни чалғитиш ва ўзига маҳлиё этиш ҳам туғёнкор ҳокимларнинг одати. Сеҳргарлар билан Мусо алайҳиссалом тортишувини ғанимат билиб роса одам йиғдилар.)
41. Сеҳргарлар келган чоғларида Фиръавнга: «Агар биз ғолиб келгувчи бўлсак, бизга, албатта, ҳақ бериладими?» дедилар.
42. У : «Ҳа! У ҳолда сиз, албатта, энг яқинларимдан бўласиз», деди.
43. Мусо уларга: «Сиз ташлайдиган нарсангизни ташланг», деди.
44. Бас, улар арқонлари ва асоларини ташладилар ва «Фиръавннинг иззати билан қасамки, албатта, биз ғолиблармиз», дедилар.
45. Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у уларнинг уйдирмаларини юта бошлади.
(Сеҳргарлар арқонларини ташлаганида,  илонга айланмаган, уларнинг найранги туфайлигина кишилар кўзига шундай кўринган эди, холос. Кейин Мусо алайҳиссалом асоларини ташладилар ва у аждарга айланиб, Фиръавн сеҳргарларининг асо ва арқонларини юта бошлади.)
46. Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида йиқилдилар.
47.    Улар: «Роббул Оламийнга иймон келтирдик.
48.    Мусо ва Ҳоруннинг Роббига», дедилар.
49. У : «Мен сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингиз! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Энди тезда биласиз, мен, албатта, қўл-оёғингизни қарама-қарши томонидан кесажакман ва барчангизни осажакман», деди.
50. Улар: «Зарари йўқ. Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.
51. Мўминларнинг аввалгиси бўлганимиз учун Роббимиз хатоларимизни кечиришидан умид қиламиз», дедилар.
52. Ва Мусога: «Бандаларим билан кечаси йўлга чиқ. Албатта, таъқиб этилурсиз», деб ваҳий юбордик.
53. Бас, Фиръавн шаҳарларга тўпловчилар юборди:
54. «Шубҳасиз, анавилар озгина тоифадирлар.
55. Албатта, улар бизни ғазаблантиргувчилардир.
56. Албатта, биз ҳаммамиз ҳушёрмиз», деб.
57. Бас, Биз уларни боғ-роғлар ва булоқлардан.
58. Хазиналар ва муҳтарам маскандан чиқардик.
(Яъни, Фиръавн ва унинг қавмини боғ-роғларидан ва булоқларидан, хазиналаридан ва ҳашаматли масканларидан чиқардик.
59. Ана шундай. Ўша(нарса)ларни Бани Исроилга мерос қилиб бердик.
60. Бас, уларни қуёш чиқиш пайтида қувиб етдилар.
61. Икки жамоат бир-бирларини кўрган чоғида, Мусонинг одамлари: «Энди қўлга тушдик», дедилар.
62. У (Мусо): »Йўқ! Албатта, Роббим мен билан, У менга тўғри йўлни кўрсатур«, деди.
63. Бас, Биз Мусога: «Асонг билан денгизни ур», деб ваҳий қилдик. Бас, у (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғдек бўлди.
64. Ва кейин бошқаларни ҳам яқинлаштирдик.
(Яъни, Фиръавн ва унинг аскарларини ҳам денгизга яқинлаштирдик.)
65. Мусо ва унга эргашганларга, ҳаммаларига нажот бердик.
66. Сўнгра бошқаларни ғарқ қилдик.
(Фиръавн ва унинг аскарлари денгиз бағрига тўлиқ тушиб бўлганларидан кейин, улкан тоғдек ҳайбат-ла тўхтаб турган денгиз яна ҳаракатга келиб, ҳаммаларини ҳалок қилди.)
67. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
68. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
69. Ва уларга Иброҳимнинг хабарини тиловат қилиб бер.
70. Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган эди.
71. Улар: «Санамларга ибодат қилмоқдамиз. Ва уларга ихлос ила ибодат қилишда бардавом бўлурмиз», дедилар.
(Тош ёки бошқа нарсадан юзи инсон юзига ўхшатиб ишланган бутга «санам» дейилади.)
72. У : «Илтижо қилганингизда улар сизни эшитадиларми?
73. Ёхуд наф ёки зарар етказа оладиларми?» деди.
74. Улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрдик», дедилар.
75. У : «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?!
76. Сиз ва қадимги оталарингиз?!
77. Албатта, Роббул Оламийндан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди.
78. У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қилади ҳам  Унинг Ўзи.
79. Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи.
80. Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи.
81. Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи.
82. Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам Унинг Ўзи.
83. Эй Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин.
84. Ва менга кейин келгувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин.
(Яъни, ўтиб кетганимдан кейин ҳам одамлар мени қиёматгача яхшилик билан эслаб юрадиган қилгин.)
85. Ва мени наъийм жаннати ворисларидан қилгин.
86. Ва отамни мағфират қил. Албатта, у адашганлардан бўлди.
87. Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин.
88. У кунда на мол манфаат берар ва на болалар.
89. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар).
90. Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди.
91. Жаҳийм иғвога учганларга зоҳир қилинди.
92. Ва уларга: »Аллоҳдан ўзга ибодат қилиб юрган нарсаларингиз қани?!
93.  Улар сизга ёрдам бера олурларми ёки ўзларини қутқара олурларми?!« дейилди.
94. Бас, унга улар, иғвога учганлар.
95. Ва Иблиснинг аскарлари биргаликда юзтубан тахлаб ташландилар.
96. Улар унинг ичида бир-бирлари ила хусумат қилар эканлар, дедилар:
97. «Аллоҳга қасамки, албатта, биз очиқ-ойдин адашувда эканмиз.
98. Чунки сизларни Роббул Оламийнга тенглаштирардик.
99. Бизни фақат жиноятчилар йўлдан оздирдилар.
100. Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ.
101. Бирон қадрдон дўст ҳам йўқ.
102. Қани энди ортга қайтсагу мўминлардан бўлсак».
103. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
104. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
105. Нуҳ қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.
106.Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ деди:«У зотдан қўрқмайсизми?!
107. Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
108. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
109. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийннинг зиммасидадир.
110. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар».
111. Улар: «Сенга пасткашлар эргашиб турган ҳолда, биз сенга иймон келтирармидик?!» дедилар.
112. У деди: «Менинг улар нима қилаётганлари ҳақида илмим йўқ.
113.  Агар сезсангиз, уларнинг ҳисоби фақат Аллоҳнинг зиммасидадир.
114. Ва мен мўминларни ҳайдаб юборгувчи эмасман.
115. Мен фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос».
116. Улар: «Эй Нуҳ, агар тўхтамасанг, албатта, тошбўрон қилинганлардан бўлурсан», дедилар.
117. У : «Эй Роббим, шубҳасиз, қавмим мени ёлғончи қилдилар.
118. Бас, Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин», деди.
119. Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлганларга тўлган кемада нажот бердик.
120. Сўнгра қолганларни ғарқ қилдик.
121. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
122. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
123. Од қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.
124. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд деди: «Қўрқмайсизларми?!
125. Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
126. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
127. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир.
128. Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми?
129. Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутаверасизми?.
(Оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда.  Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди, «масонеълар»дан мурод ўшалар,  оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор.)
130. Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутдингиз.
131. Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат қилинг.
132. Сизга ўзингиз билган нарса ила мадад берган зотдан қўрқинг.
133. У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди.
134. Боғ-роғлар ва булоқлар ила.
135. Мен, албатта, сизга улуғ куннинг азоби келишидан қўрураман».
136. Улар: «Биз учун ваъз қилсанг ҳам ёки ваъз қилгувчилардан бўлмасанг ҳам, барибир.
137. Бу эскиларнинг одати, холос.
138. Биз азоблангувчи эмасмиз», дедилар.
(Яъни, бизга қанча гапирсанг ҳам, барибир сен айтган йўлдан юрмаймиз. Бу қилмишимиз учун, сен айтаётганингдек, азобланмаймиз ҳам, дедилар.)
139. Улар у(Ҳуд)ни ёлғончи қилдилар. Бас, Биз уларни ҳалок қилдик. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
140. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
141. Самуд қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.
142. Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ деди: «Қўрқмайсизларми?!
143. Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
144. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
145. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул оламийн зиммасидадир.
146. Сиз бу жойдаги нарсаларда омон ҳолда тарк қилинасизми?!
147. Боғ-роғларда, булоқларда?!
148. Экинзорлару майин хурмозор ичларида-я?!
149. Ва тоғлардан манманлик-ла уйлар йўнаверасизми?!
150. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
151. Ва ер юзида исрофчилик қиладиганларнинг ишига итоат қилманглар.
152. Бузғунчилик қиладиган, ислоҳчилик этмайдиганларнинг».
153. Улар: «Сен, албатта, сеҳрланганлардандирсан.
154. Сен бизга ўхшаган башардан бошқа ҳеч нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, оят-мўъжиза келтир», дедилар.
(Самуд қавми уларга Аллоҳнинг гапини етказган Пайғамбарлари Солиҳга алайҳиссалом, алғов-далғов гапирмоқдасан, аниқ сеҳрлангансан, деб туҳмат қилдилар. Кофирлар наздида, Аллоҳнинг йўлига чақирувчилар доимо мажнун ёки сеҳрланган бўлиб кўринади.)
155. У : «Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш.
156. Ва унга ёмонлик етказманглар, унда сизни улуғ куннинг азоби тутадир», деди.
(Бошқа оятларда баён этилганидек, туянинг тошдан чиқарилишининг ўзи мўъжиза бўлган эди. Энди ўша мўъжиза туянинг Самуд қавми ичида туриш шарти қўйилди.  
157. Бас, у(туя)ни сўйдилару надомат чекувчига айландилар.
158. Бас, уларни азоб тутди. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
159. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
160. Лут қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.
161. Ўшанда уларга биродарлари Лут деди: «Қўрқмайсизларми?!
162. Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
163. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
164. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир.
165. Оламлар ичидан эркакларга борасизми?!
166. Ва Роббингиз сиз учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қиласизми?! Йўқ!!! Сиз ҳаддан ошган қавмсиз».
167. Улар: «Эй Лут, агар тўхтамасанг, албатта, ҳайдаб чиқарилганлардан бўлурсан!» дедилар.
168. У : «Албатта, мен бу ишингизни ўта ёмон кўргувчиларданман.
169. Эй Роббим, менга ва аҳлимга қилаётган нарсаларидан нажот бергин!» деди.
170. Бас, унга ва аҳлига, ҳаммаларига нажот бердик.
171. Магар (азобда) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (бермадик).
172. Сўнгра қолганларини ер билан яксон қилдик.
173. Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг ёмғири қандоқ ҳам ёмон бўлди.
(Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабидаги баъзи фақиҳлар, Лут алайҳиссалом қавми кирдикорини қилган баччавозларни, тошбўрон қилиб ўлдириш керак, дейдилар.)
174. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
175. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
176. Қалин дарахтзор эгалари Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар.
(Бу оятда зикри келаётган «қалин дарахтзор» Мадян ўлкасидир. Аллоҳ таоло Шуайбни алайҳиссалом шу ерга Пайғамбар этиб юборди. Шуайб алайҳиссалом қиссасини, Ҳижр сурасида  ўрганганмиз.)
177. Ўшанда уларга биродарлари Шуайб деди: «Қўрқмайсизларми?!
178. Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
179. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
180. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир.
181. Бас, ўлчовни тўлиқ ўлчанглар ва камайтиргувчилардан бўлманглар.
182. Ва тўғри тарози ила тортинглар.
183. Одамларнинг нарсаларини камайтириб берманг. Ер юзида турли бузғунчиликлар қилманглар.
184. Сизни ва аввалги наслларни яратган зотдан қўрқинг».
185. Улар: «Албатта, сен сеҳрланганлардансан.
186. Ва сен бизга ўхшаган башардан бошқа нарса эмассан. Биз сени, албатта, ёлғончилардан, деб биурамиз.
187. Агар ростгўйлардан бўлсанг устимиздан осмоннинг бир бўлагини ташлавор», дедилар.
188. У : «Роббим қилаётган ишингизни ўта яхши билгувчидир», деди.
189. Бас, улар у(Шуайб)ни ёлғончи қилдилар. Бас, уларни «соябон» куни азоби тутди. Албатта, у улуғ куннинг азоби эди.
( Аллоҳ таоло Айка халқини азобга дучор этишни ирода қилганида ҳавони ўта иситиб юборди.  Шунда пастлаб келаётган булут пайдо бўлди. Булут уларга соябон бўлиб кўринди. Ҳаммалари ўзларини булут соясига урдилар. Жиноятчи қавмнинг ҳаммаси булут соясига кириб бўлгандан сўнг, бирдан чақмоқ чақиб, булутдан ўт-олов чиқиб уларни ҳалок этди.)
190. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
191. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
192. Албатта, у (Қуръон) Роббул Оламийннинг туширганидир.
193. Уни Руҳул амийн олиб тушди.
194. Сенинг қалбингга, огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун.
195. Очиқ-ойдин араб тилида.
(«Руҳул Амийн»дан мурод Жаброил фаришта алайҳиссалом; «огоҳлантиргувчилардан» дегани Пайғамбарлардан деган маънони билдиради. Яъни, Қуръонни Жаброил сенинг қалбингда Пайғамбарлардан бўлишинг учун равшан араб тилида олиб тушди.)
196. Албатта, у (Қуръон) аввалгиларининг китобларида ҳам бордир.
( Қуръоннинг зикри, аввалги умматларнинг илоҳий китобларида ҳам бордир.)
197. Уни Бани Исроил уламоларининг билишлари, улар учун оят-далил эмасми?!
198. Агар Биз уни баъзи ажамийларга нозил қилсак.
199. Бас, у уларга уни ўқиб берса ҳам, мўмин бўлмас эдилар.
200. Биз у(Қуръон)ни жиноятчилар қалбларига ана шундай йўлладик.
(Улар уни эшитадилар, маъноларини тушунадилар, аммо иймон келтирмайдилар.)
201. Улар унга то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмаслар.
202. Бас, уларга у(азоб) тўсатдан келур. Улар сезмай қолурлар.
203. Шунда улар: «Бизга муҳлат берилармикан?!» дерлар.
204. Бизнинг азобимизнинг тезроқ келишини истайдиларми-я?!
205. Айтгин-чи, агар Биз уларни йилларча ҳузурлантирсак-да.
206. сўнгра уларга ваъда қилинган нарса келса.
207. Ўша ҳузурланиб юрган нарсалари нимага асқотур?!
208. Биз бирон шаҳар-қишлоқни ҳалок қилган бўлсак, албатта, унинг огоҳлантиргувчилари бўлган.
209. Эслатма бўлиши учундир. Биз зулм қилгувчи бўлмасдик.
210. У(Қуръон)ни шайтонлар олиб тушганлари йўқ.
(Мушриклар даъво қилаётганларидек, Қуръонни шайтонлар олиб тушганлари йўқ. Уларнинг бу гаплари бўҳтондан иборат.)
211. Бунга уларнинг имконлари йўқ ва унга қодир ҳам эмаслар.
212. Албатта, улар эшитишдан четлатилгандирлар.
213. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилма. Йўқса, азобланганлардан бўлурсан.
(Пайғамбарнинг (с.а.в.) Аллоҳга ширк келтиришлари мутлақо мумкин эмас. Аммо бу оятда ширкнинг нақадар улкан гуноҳ эканлигини англатиш учун фаразан шу маъно келтирилган. Пайғамбардек (с.а.в.) зот ширк келтириб, азобдан қутула билмаса, бошқаларнинг ҳоли нима бўлишини билиб олиш қийин эмас.)
214. Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир.
215. Ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат.
216. Бас, агар улар сенга исён қилсалар: «Мен сиз қилаётган амаллардан безорман», дегин.
217. Ва азиз ва меҳрибон зотга таваккал қил;
218. Сени қоим бўлганингда кўрадиган.
219. Ва сажда қилгувчилар ичида ҳаракатланишингни (кўрадиган) зотга.
(Яъни, ёлғизлигингни ҳам, намозда қоим бўлганингни, шунингдек, мўминлар ичида турли ишларга бош бўлиб юрганингни ҳам кўриб турадиган зотга–Аллоҳга таваккал қил.)
220. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир.
221. Сизларга шайтонлар кимга тушишини айтиб берайми?
222. Улар ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорларга тушурлар.
223. Улар (шайтонларга) қулоқ осарлар. Ва уларнинг кўплари ёлғончилардир.
224. Ва шоирларга гумроҳлар эргашур.
225.Уларнинг ҳар водийда дайдишини.
226. Ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми?
227. Магар иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар (ундай эмаслар). Зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар.
(Ҳамма шоир ҳам ҳар водийда дайдийдиган, беамал гапирадиган бўлавермас экан. Агар шоир иймонли, яхши амалли, Аллоҳни кўп эсга оладиган, ўзини хор қилмай, ҳаққини таниган, золимлар устидан ғолиб келадиган бўлса,  Аллоҳнинг розилигини топган шоир бўлиши мумкин.)

Орқага Олдинга