Маккада нозил бўлган.75 оятдан иборат.
«Зумар» сўзи «зумра»нинг кўплиги бўлиб, «гуруҳлар» маъносини англатади. Ушбу суранинг охирроғида мўминларни жаннатга, кофирларни дўзахга зумралар ҳолида, яъни, жамоат-жамоат қилиб олиб боришлари тавсифланади. Ўша васифда келган «зумар» сўзи сурага ном бўлиб қолган.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Бу китобнинг нозил қилиниши азизу ҳаким бўлган Аллоҳ томонидандир.
2. Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт.
3. Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир. Ундан ўзга авлиё-дўстлар тутганлар: «Биз уларга фақат бизларни Аллоҳга жуда ҳам яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Албатта, У зот улар орасида ихтилоф этаётган нарсалар бўйича ҳукм қилур. Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас.
(Мушриклар Аллоҳ таолонинг яратувчи зот эканини, осмонлару ерни яратганини тан олар эди. Аммо ўша холиқнинг тавҳидини, якка Ўзигина ибодатга сазовор эканини тан олмасди. Ибодатда унга турли бут ва санамларни шерик қилар эди. Улар ўзларича афсона тўқиб, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, деб сафсата сотишарди. Фаришталарга турли ҳайкаллар ясаб ўшаларга сиғинишарди. Биз малоикаларга ибодат қилиш зарурлигидан эмас, улар бизни шафоат этиб, Аллоҳга жуда ҳам яқинлаштиришлари учун сиғинамиз, дейишарди. Бу ишлари эса, ботил иш эди. Аллоҳнинг тавҳидига хилоф эди. Куфр ва ширк эди.)
4. Агар Аллоҳ бола тутишни истаса, албатта, Ўзи яратган нарсалардан хоҳлаганини танлаб олар эди. У зот покдир. У якка ва ўта қаҳрли Аллоҳдир.
5. У осмонлару ерни ҳақ ила яратган, кечани кундуз устига ўрайдиган, кундузни кеча устига ўрайдиган, қуёш ва ойни бўйсундирадиган зотдир. Ҳар бири белгиланган муддатча юрмоқда. Огоҳ бўлингким, У азизу ўта мағфиратли зотдир.
(Оятда Аллоҳ таолонинг ҳеч бир шерикка, фарзандга мутлақо ҳожати йўқлиги баён қилинмоқда. Аллоҳ таолонинг ваҳдониятининг далиллари эслатилмоқда.)
6. У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди. У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида, бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Барча мулк Уникидир. Ундан ўзга ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён бурилиб кетмоқдасиз?!
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонни она қорнида уч зулмат ичида яратганининг хабарини бермоқда. Уч зулмат нима? Тафсирчи уламоларимиз бу саволга, уч зулматнинг бири ҳомилани ўраб турувчи парда, иккинчиси бачадон, учинчиси қорин, деб жавоб берганлар. Илмий тараққиёт бу жавобни яна ҳам аниқлаштирди. Мутахассис олимлар ўтказган текширишлардан ҳомилани ўраб турувчи парда уч қават экани маълум бўлди. Аллоҳ таолонинг: «оналарингиз қорнида уч зулмат ичида», дегани бежиз эмас экан. Қориннинг ичида уч зулмат, уч қават пардани яратган ким? Нима учун бир эмас, икки эмас ёки тўрт эмас, айнан уч қават? Шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далил эмасми?)
7. Агар куфр келтирсангиз, албатта, Аллоҳ сиздан беҳожатдир. У ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар Унга шукр келтирсангиз, сиздан рози бўлур. Ҳеч бир оғирлик кўтаргувчи жон ўзга жоннинг оғирлигини кўтармас. Сўнгра фақатгина Роббингизга қайтишингиз бор. Бас, У нима амал қилиб юрганингизнинг хабарини берур. Албатта, У диллардаги нарсаларни ҳам ўта билгувчи зотдир.
8. Қачонки инсонни зарар тутса, Роббига тавба қилган ҳолида дуо қиладир. Сўнгра унга Ўз фазлидан неъмат берса, олдин дуо қилиб турган нарсасини унутадир ва Аллоҳга Унинг йўлидан адаштирмоқ учун тенгдошлар қилади. Сен: «Куфринг билан бир оз ҳузурланиб тур. Албатта, сен жаҳаннам эгаларидансан», деб айт.
9. Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Робби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар.
(Аллоҳга куфр келтирган, Унга ибодат қилмаган, Унга бўйин эгмаган, кечалари Унинг розилигини йўлида бедор бўлмаган, охиратдан қўрқмаган, Робби раҳматидан умид этмаган одам, албатта, ушбу кечалари Аллоҳга ибодат қилган, Аллоҳнинг Ўзигагина сиғинган, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бедор бўлган, охиратдан қўрққан ва Робби раҳматидан умидвор кимсага тенг бўла олмайди.)
10. Сен менинг тарафимдан: «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт.
( Иймон Аллоҳга ишониш ва унинг айтганига юришдир. Тақво эса, доимо Аллоҳни ҳис қилиб туриш ва амрларини бажаришдир.)
11. Сен: «Албатта, мен динни Ўзи учун холис қилган ҳолимда Аллоҳга ибодат этишимга буюрилганман.
12. Ва мен мусулмонларнинг аввалгиси бўлишимга амр этилганман», деб айт.
(Аввал айтилганидек, «дин» итоат, ибодат, жазо, мукофот ҳамда шариат маъноларини англатади. Демак, Пайғамбаримиз (с.а.в.) фақат холис Аллоҳгагина итоат қилишга, фақат холис Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилишга буюрилганлар, фақат холис Аллоҳдангина жазо ва мукофот кутишга, фақат Аллоҳнинг шариатига амал этишга буюрилганлар. Мана шу нарса соф тавҳиддир. Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига иқрорликдир.)
13. Сен: «Албатта, мен агар Роббимга исён этсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт.
14. Сен: «Динимни Ўзига холис қилган ҳолимда Аллоҳгагина ибодат қилурман.
15. Бас, сизлар ундан ўзга нимани хоҳласангиз, ўшанга ибодат қилаверинглар» , деб айт. Сен: «Албатта, зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ва аҳлларига зиён қилгувчилардир. Огоҳ бўлингким, ана ўша очиқ-ойдин зиёнкорликдир», деб айт.
16. Улар учун тепаларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор, остларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур: «Эй бандаларим, менга тақво қилинглар!»
(Аллоҳ таоло қиёматнинг азоблари ҳақида олдиндан огоҳлантириб қўяди. Бошларига мусибат тушганда, эй Роббимиз, аввалроқ айтмаган экансан, демасинлар).
17. Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор. Бас, бир бандаларимга хушхабар бер.
18. Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир.
(Ушбу жумладан билинадики, одамлар икки тоифа–Аллоҳга ёки тоғутга ибодат этадиган бўлади. Учинчи хили бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга ибодат қилмаган одам, албатта, тоғутга, яъни, Аллоҳдан ўзгага сиғинган бўлади. Мен динсизман, ҳеч нарсага ибодат қилмайман, деганлар ёлғон гапирадилар. Улар, ҳеч бўлмаса, ҳавои нафсига ёки ўзи аъзо бўлган жамиятнинг урф-одатига бўйсунадилар–ибодат қиладилар.)
19. Ёки ҳақида азоб сўзи ҳақ бўлган кимсани— дўзахдаги кимсани сен қутқара олурмисан?!
20. Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун болохоналар устидан болохоналар бино қилингандир. Остларидан анҳорлар оқиб турур. Аллоҳнинг ваъдаси шу! Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас.
21. Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбаълардан юритиб қўйганини кўрмадингми?! Сўнгра у ила турли рангдаги экинларни чиқарур. Кейин у қурийдир. Бас, уни сарғайган ҳолида кўрарсан. Сўнгра уни қуруқ чўпга айлантирур. Албаттта, бунда ақл эгалари учун эслатма бордир.
22. Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Роббидан бўлган нурда эмасми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар.
23. Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ.
(Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади.
Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.)
24. Ахир қиёмат куни золимларга, касб қилиб юрган нарсангизни тотиб кўринг, дейилганида ёмон азобдан юзи ила сақланадиган одам (мўмин ила тенг бўлармиди)?!
25. Улардан олдингилар ҳам ёлғончи қилганлар, бас, уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келган.
26. Аллоҳ уларга бу дунёда хорликни тотдирди, албатта, охират азоби, агар билсалар, янада улкан бўлур.
27. Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамларга турли мисоллар келтирдик. Шоядки эсласалар.
28. Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (туширдикки), шоядки тақво қилсалар.
29. Аллоҳ бир мисол келтирур. Бир одамга талашувчи шериклар эгадир. Саломат ҳолидаги бошқа бирига бир киши эгадир. Икковларининг мисоли баробарми?! Аллоҳга ҳамд бўлсин. Йўқ, кўплари билмаслар.
30. Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар.
(Аллоҳдан бошқа ҳар бир тирик жон ўлади. Ҳамма ҳам ўлади. Ўлмайдиган ҳеч ким йўқ. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина қолади.)
31. Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни Роббингиз ҳузурида тортишурсизлар.
32. Аллоҳга нисбатан ёлғон гапирган ва ўзига содиқ (сўз) келганида уни ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ кимса борми?! Кофирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!
33. Содиқ (сўз)ни келтирган ва уни тасдиқ қилган эса, ана ўшалар тақводорлардир.
(Яъни, Аллоҳнинг содиқ сўзини бандаларга етказган ва ўша содиқ сўзни тасдиқлаганлар тақводорлардир. Қуръони Каримни келтирган Муҳаммад (с.а.в.) ҳамда бошқа барча Пайғамбарлар алайҳиссалом ва барча мўмин бандалар шу сирага кирадилар. Улар Аллоҳ таолога тақво этган, унинг айтганини қилган, қайтарганидан қайтган бандалардир.)
34. Улар учун Роббилари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Ана ўша гўзал амал қилгувчиларнинг мукофотидир.
35. Зеро, Аллоҳ уларнинг қилган энг ёмон амалини ўчириб, қилиб юрган энг гўзал амаллари ажри ила мукофотлар.
36. Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?! Улар сени ундан бошқалар билан қўрқитадилар. Кимни Аллоҳ залолатга кеткизса, бас, унинг учун ҳеч бир ҳидоят қилгувчи йўқ.
(Пайғамбаримиз (с.а.в.) мушрикларни Аллоҳ таолонинг тавҳидига чақириб, уларнинг турли сохта худоларини айблаганларида, улар: «Муҳаммад худоларимизни сўкишдан тўхтамаса, унга, албатта, ёмонлик етади», деб у зотни (с.а.в.) қўрқитмоқчи бўлганлар. Ушбу оят шу муносабат ила тушган экан. Гарчи хос сабаб билан нозил бўлса ҳам, маъноси умумийдир.)
37. Кимни Аллоҳ ҳидоятга солса, бас, унинг учун ҳеч бир залолатга кетказгувчи йўқ. Аллоҳ азизу интиқом эгаси эмасми?!
38. Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратди?» деб сўрасанг, албатта: «Аллоҳ!» дерлар. Сен: «Менга хабар беринглар-чи! Сиз илтижо қилаётган Аллоҳдан бошқа нарсалар, агар Аллоҳ менга зарарни ирода қилса, ўшалар унинг зарарини аритгувчи бўла олурларми?! Ёки менга марҳаматни ирода қилса, ўшалар Унинг марҳаматини тутиб қолгувчи бўла олурми?!» деб айт. Сен: «Менга Аллоҳ етарли, таваккал қилгувчилар унгагина таваккал қилурлар», деб айт.
39. Сен: «Эй қавмим, ўз ҳолингизча амал қилаверинг. Албатта, мен ҳам амал қилгувчиман. Бас, тезда билурсиз.
40. Кимга уни расво қиладиган азоб келажагини ва кимга давомли азоб тушажагини», деб айт.
(Яъни, эй қавмим, Аллоҳнинг тавҳид йўлига юрмай, Унга ширк келтирадиган бўлсангиз, ўз ихтиёрингиз билан, ўз хоҳишингиз ва йўлингиз билан амал қилаверинг.
Аммо мен Аллоҳнинг айтганига амал қиламан.
Тезда қиёмат қоим бўлажак, ўшанда биласиз.
Кимнинг устидан муқим турадиган азоб тушажагини биласиз. Менингми, сизларнингми?)
41. Албатта, Биз одамлар учун сенга китобни ҳақ ила туширдик. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзига фойда. Ким залолатга кетса, ўзига зарар. Сен уларга вакил-қўриқчи эмассан.
(Ким ақлини ишлатиб, инсоф қилиб ҳидоятга юрса, Аллоҳ туширган Қуръонга амал қилса, ўзига фойда бўлади. Ким шунчалик гап-сўздан кейин ҳам, Аллоҳ унга ақл-ҳуш бериб, Пайғамбар юбориб, китоб тушириб, ҳақ йўлни кўрсатиб қўйганидан кейин ҳам залолат йўлини танласа, ўзига зарар қилади, бошқага эмас.)
42. Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса, уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-ибратлар бордир.
(Ҳар лаҳзада қанчадан қанча одамлар жон берадилар. Уларнинг жонини ким олади? Ҳар бир одам ҳар куни маълум муддат ухлайди, ўшанда у ўликка ўхшаб ётади. Унинг жони нима бўлади? Бу саволларга мазкур жумлада жавоб бор. Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган зот Аллоҳдир. Тандан жон чиқиши катта вафот, ухлаганда тана билан жон орасида алоқанинг кучсизланиши кичик вафот дейилади. Чунки ухлаган одамнинг жонини ҳам Аллоҳ таоло олган бўлади. Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолаверади. Аллоҳ ажали етмаганларнинг жонини қўйиб юборади. Улар белгиланган ажалгача яшаб юрадилар.)
43. Ёки Аллоҳдан ўзга шафоатчилар тутганларми?! Сен: «Ахир улар бирор нарсага эга бўлмасалар ва бирор нарсани англамасалар ҳам-а?!» деб айт.
44. Сен: «Барча шафоат ёлғиз Аллоҳникидир. Осмонлару ернинг мулки-эгалиги ҳам ёлғиз Уникидир. Сўнгра Унгагина қайтарилурсизлар», деб айт.
45. Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари сиқилиб кетар. Қачонки ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб кетарлар.
46. Сен: «Эй Аллоҳим! Осмонлару ерни яратган зот! Ғойиб ва ошкорни билгувчи зот! Сенинг Ўзинг бандаларнинг орасида улар ихтилоф қилиб юрган нарсаларда ҳукм қилурсан», деб айт.
47. Агар зулм этганларга ер юзидаги барча нарса ва у билан яна шу қадар нарса берилса ҳам, қиёмат куни ёмон азобга тўлов қилиб юборишлари аниқ. Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур.
(Кофир ва мушриклар бу дунёда гердайиб, талашиб - тортишганлари билан, қиёмат қоим бўлиб, ўзларига бериладиган азобни тушуниб етганларида, азобдан қутулиши учун бор-йўқ дунёсини беришга тайёр турадилар. Аммо бу тўлов кимга ҳам керак? Қиёмат кунининг қозиси пора ҳам, тўлов ҳам олмайди. У беҳожат зот. Унинг ҳузурида кофир ва мушриклар учун амалларига яраша жазо бор, холос.)
48. Ва уларга ўзлари касб қилган нарсаларнинг ёмонлиги зоҳир бўлур ва уларни ўзлари масхара қилиб юрган нарса ўраб олур.
49. Бас, қачонки инсонни зарар тутса, у бизга дуо қилур. Сўнгра унга Биз ўзимиздан неъмат берсак: «Албатта, бу менга илмим туфайли берилди», дер. Йўқ! У синовдир. Лекин кўплари билмаслар.
(Бошига мусибат тушса, бало-офат келса, ўшандай кимса ҳам сохта худоларига эмас, Аллоҳ таолога ёлборади. Оғир мусибат вақтида манманлик ва такаббурлик ҳам қолмайди, инсоннинг фитрати соф табиати очилади. Инсоннинг фитратида эса, Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини тан олиш хусусияти бор. Шу боис ҳар қандай инсон у қанчалик кофир, қанчалик мушрик бўлмасин, бошига мусибат тушиб, зарарга юз тутса, фақат Аллоҳ таолонинг ўзига ёлборади.
Аллоҳ таоло ундан зарарни олиб, унга яна тинчлик-омонлик ва офиятни берса, у эски ҳолатига қайтади. Аллоҳ берган неъматни, тинчлик-омонлик, офият ва яхшиликларни ўз илмим, хатти-ҳаракатим билан топдим, деб даъво қила бошлайди.)
50. Батаҳқиқ, буни улардан аввалгилар ҳам айтган эдилар. Бас, уларнинг қилган касблари ўзларига асқотмади.
51. Бас, уларга қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлди. Анавилардан зулм қилганларига ҳам тезда қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлур. Улар қочиб қутулгувчи ҳам эмаслар.
52. Улар Аллоҳ хоҳлаган кишисига ризқни кенг ва тор қилишини билмасмидилар?! Албатта, бунда иймон келтиргувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир.
53. Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт.
(Имом «Бухорий Саъд ибн Жубайрдан (р.а.) келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.)
54. Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас.
55. Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Роббингиздан сизга туширилган энг гўзал нарсага эргашинг.
56. Жон: «Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин. Тўғриси, мен масхара қилгувчилардан бўлган эдим», демасидан олдин...
57. Ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта, тақводорлардан бўлар эдим», демасидан олдин...
58. Ёки азобни кўрган чоғида: «Агар менга яна бир марта ортга (дунёга) қайтиш бўлганида, гўзал амал қилгувчилардан бўлар эдим», демасидан олдин...
(Охират азобини, ўлим талвасасини кўргандан кейинги надоматлар фойда бермайди. Ҳақ калом етиши билан дарҳол тавба қилиш, Аллоҳга тўла-тўкис таслим бўлиш ва Қуръонга эргашиш керак.Чунки, охиратда ушбу сўзларга жавобан Аллоҳ:)
59. «Йўқ! Батаҳқиқ, сенга Менинг оятларим келди. Бас, сен уларни ёлғонга чиқардинг, мутакаббирлик қилдинг ва кофирлардан бўлдинг!» дейди.
(Эй кофир! Эй мушрик! Эй осий! Айтаётган гапларинг ҳаммаси ёлғон. Сен азобни кўрганингдан сўнг ноилож қолиб, дўппинг тор келганидан айтмоқдасан бу гапларни. Агар сенинг ниятинг тўғри бўлса, у дунёда яхши ишларни қилишинг мумкин эди. Сенга қулай фурсат берилган эди.)
60. Қиёмат куни Аллоҳга нисбатан ёлғон сўзлаганларни кўрсанг, юзлари қоп-қорадир. Ёки мутакаббирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!
61. Аллоҳ тақво қилганларга ютуқлари туфайли нажот берур. Уларга ёмонлик етмас ва улар хафа ҳам бўлмас.
62. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратгувчисидир. Ва У ҳар бир нарсага вакилдир.
63. Осмонлару ернинг калитлари Унгагина хосдир. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар, ана ўшалар зиёнкорлардир.
64. Сен: «Эй жоҳиллар! Мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишимга буюрурмисиз?!» деб айт.
65. Батаҳқиқ, сенга ва сендан олдин ўтганларга ҳам: «Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан.
66. Йўқ! Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этгувчилардан бўл!» деб ваҳий қилинган.
67. Улар Аллоҳнинг қадрини тўғри тақдирламадилар. Ҳолбуки, ер борлигича Унинг сиқимидадир. Осмонлар эса, Унинг қудрат қўлига йиғилгандир. У зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва юксакдир.
(Бу дунёда Аллоҳга ширк келтирганлар Аллоҳ таолонинг қандай зот эканини тўғри тақдир қилмадилар. Улар Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаётганлари, Унга ширк келтираётганлари шунга далолатдир. Аллоҳнинг ваҳдониятини ҳам, Аллоҳнинг улуғлигини ҳам идрок қилмадилар. Улар Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодирлигини англамадилар. Агар шу маъноларни идрок қилганларида унга ширк келтирмас эдилар.)
68. Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди. Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, тўсатдан улар туриб интизор бўлурлар.
(Демак, сурга биринчи бор пуфланганда осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай бирдан йиқилиб ўладилар. Шунинг учун ҳам бу пуфлаш «саъқ»–«йиқилиб ўлиш» пуфлаши, дейилади. Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма нарсадан устун, шунинг учун у зот хоҳласа, баъзи жонзотлар саъқ–пуфлашидан кейин ҳам тирик қолади.
Исрофил алайҳиссалом томонидан сурга иккинчи бор пуфланди, барча халойиқ тирилиб, ўринларидан туриб, бундан кейин нима бўлишини кутадилар. Шунинг учун ҳам иккинчи пуфлаш «туриш пуфлаши» деб номланади.)
69. Ва ер Робби нури ила ёришди. Китоб қўйилди. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди. Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди. Уларга зулм қилинмади.
(Яъни, маҳшар майдони Аллоҳнинг нури ила ёп-ёруғ бўлди. У кунда фақат Аллоҳнинг нури бўлади. Энди ҳамма нарса ҳисоб-китобга тайёр ҳам бўлди. Бандаларнинг номаи амаллари–бу дунёда қилган амаллари фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоб ўртага қўйилди.)
70. Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир.
71. Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми? Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар.
(«Ҳа», ўзимиздан бўлган Пайғамбарлар бизга келган, улар бизга Роббимизнинг оятларини тиловат қилиб берган ва у куннинг даҳшатидан огоҳлантирган эдилар, демоқчилар. Лекин тўлиқ айта олмайдилар. «Ҳа», деб қўйишга зўрға ярайдилар.)
72. «Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди. Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди.
73. Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар.
74. Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!
75. Ва фаришталарни Аршни ўраб олиб Роббиларига ҳамд ила тасбиҳ айтаётган ҳолда кўрурсан. Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинур ва: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» дейилди.