loader

057. Ҳадид сураси

Мадинада нозил бўлган.29оятдан иборат.
Бу сураи кариманинг номи «Биз темирни туширдик, унда катта қувват ва одамларга манфаатлар бордир», оятидан олингандир.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтди. Ва У азиз ва ҳакимдир.
2. Осмонлару ернинг мулки Уникидир. У тирилтирур ва ўлдирур ва У ҳар бир нарсага қодирдир.
3. У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир. Ва У ҳар бир нарсани билувчидир.
 («Аввал»-У барча мавжудотлар йўқлигида бор эди.«Охир»-У ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам Ўзи қолади. «Ошкор»-Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир. «Зоҳир»-У ҳамма нарсадан-устундир. «Пинҳон»-У кўзга кўринмайди. Ҳаммадан пинҳон - махфий нарсаларни билиб турувчидир.
4. У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам унга нима чиққанини ҳам биладир. У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
(«Истиво» луғатда кўтарилиш, ўрнашиш ва эгаллаш маъноларини билдиради. Лекин Аллоҳга нисбатан бу маъноларни биз тушунгандай ҳолатда ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун, ҳамма нарсани яратгандан сўнг Аллоҳ уларни Ўзининг тасарруфига олди, деб шарҳланади.)
5. Осмонлару ернинг мулки Уникидир ва барча ишлар Аллоҳнинг Ўзигагина қайтадир.
6. У кечасини кундузга киритадир, кундузни кечасига киритадир ва У кўксингиздаги нарсани ҳам яхши билувчидир.
7. Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир.
8. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга иймон келтирмайсизлар?! Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Роббиингизга иймон келтиришга чақириб турибдир. У сизлардан аҳд олган эди. Агар иймон келтирувчи бўлсаларингиз.
(Яъни, Агар сизлар ўзи бирор нарсага ишонувчи бўлсаларингиз, нима учун Аллоҳга ишонмаяпсизлар. Ҳолбуки, орангизда Пайғамбар юриб, сизни парвардигорингизга иймон келтиришга чақириб турибди.)
9. У зот Ўз бандасига сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун равшан оятларни туширадир. Ва, албатта, Аллоҳ сизларга шафқатли ва раҳмлидир.
10. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида эҳсон қилмайсизлар?! Ҳолбуки, осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмайдир. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир. Аллоҳ барчага яхшиликни ваъда қилгандир. Ва Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир.
(Оятдаги «Фатҳ» сўзи Маккаи мукаррамани Пайғмбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Мадинаи мунавварадан келиб мушриклардан озод қилиш маъносида айтилган.)
11. Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтарадир ва унга карамли ажр бордир.
(Аллоҳ таоло Ўз дини йўлида сарфланадиган молу мулкни унга берилган «яхши қарз»га, яъни, орага судхўрлик ва бошқа ғаразлар қўшилмаган қарзга ўхшатмоқда. Бунда эҳсон, инфоқ қилишга катта тарғиб бордир. Чунки қарзни муҳтожлар олади, Аллоҳ эса ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, балки барчанинг Унга муҳтожлиги бор зотдир. )
12. Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингда, Сизларга бугунги куннинг хушхабари дарахтлари остидан сувлари оқиб турган жаннатлардир. У жойда абадий қолажаксиз. Бу эса, айнан улкан ютуқдир, (дейиладир).
13. Мунофиқ ва мунофиқалар иймонлиларга: «Тўхтаб туринглар, биз ҳам нурингиздан бир оз олайлик», деган ва уларга: «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг», дейилган кунда. Бас, уларнинг орасига эшиги бор қўрғон уриладир. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида - олдида азобдир.
(Қиёмат куни зулмат бўлиб, албатта, бу ўша кунда рўй берадиган ҳодисаларнинг бир босқичи, холос. Ҳеч ким ҳеч нарсани кўрмай қолганда, мўминларга нур ато қилиниб, улар шодон ва шаҳдам юриб боришади. Шунда мунофиқлар: «Бизни ташлаб кетманглар, кутиб туринглар, бизга ҳам нурингиздан озгина беринглар», деб ялинишар экан. Уларга: «Ортингизга қайтиб, ўзингиз нур ахтаринг», дейиларкан. Улар қандай қилиб нур топишарди. Бу дунёда жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқишни хоҳламаган эдилар. Энди охират зулматларида хору зор бўлишлари турган гап.)
14. Уларга (мунофиқлар): «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилурлар. Улар: «Худди шундай. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хом-хаёллар ғурурга кетказди. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди.
15. Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас. Жойларингиз жаҳаннамда, у сизнинг эгангиздир. Қандай ҳам ёмон борар жой!» - дерлар.
(Мунофиқлар: «Ажаб эмас, Ислом мағлубиятга учраб, мусулмонлар енгилса», деган хом хаёлларга берилиб, ғурурга кетадилар. Мунофиқларни шайтон  «Сизлар тўғри иш қиляпсизлар, мабода нотўғри бўлса ҳам, Аллоҳнинг ўзи кечиради», деб уларни алдаб қўяди. Қиёмат кунида уларга ҳеч қандай нажот йўқ.)
16. Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!
(Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган.)
17. Билингларки, албатта Аллоҳ ўлик ерни тирилтирур. Дарҳақиқат, сизларга оятларни баён қилдик, шоядки ақл юритсангизлар.
18. Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор.
19. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар, ана ўшалар, сиддиқлардир. Ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Уларнинг ажрлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар, дўзах эгаларидир.
(Ушбу оятда Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар, сиддиқлар, деб аталмоқда. «Сиддиқ» аслида сўзига, эътиқодига ва амалига содиқ кишиларнинг сифатидир. Улар фазл ва мартабада Пайғамбарлардан кейин турадилар. Уларнин ҳаммаларига улуғ ажр ва қиёмат зулматида йўлларини ёритиб борадиган нур бордир. Кофирларга эса дўзах рўпара қилинади.)
20. Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. Худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийдир ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас.
(Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса бу ҳол ўткинчидир. Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади. Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак. Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор. Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъват, холос.)
21. Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
(Қуръони карим назарида, мусобақа бу дунё ҳаётининг ўткинчи ҳой-ҳавасларига, бойликка, ўйин-кулгуга эмас, балки Аллоҳнинг мағфиратига ва жаннатга элтувчи яхши амалларга қаратилиши керак.)
22. Бирор мусибатни пайдо қилмасамиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир.
23. Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун, Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймайдир.
24. Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрадилар. Ким юз ўгирса, бас, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир.
(Улар бахиллик қилиб, кишиларни ҳам бахилликка буюрсалар-да, Аллоҳга ҳеч зарари йўқ, чунки Аллоҳ беҳожат, бой ва мақталган зотдир.)
25. Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб, ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик - унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир.
(Ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Пайғамбарларига юбордим деяётган равшан, очиқ-ойдин нарсалар - мўъжизалар, шариат аҳкомлари, оятлар бўлиши мумкин.
Ушбу оят тушган вақтидаёқ мусулмонларни темирга эътибор беришга, ундан самарали фойдаланишга даъват қилган эди. Темирнинг одамлар учун манфаатини санаб тугатиб бўлмайди. Оятнинг охиридаги жумлада бир-икки нозик маъно бор. Жумладан, темирдан ясалган асбобларни ишлатиб, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига ёрдам берувчиларни билиши учун, деган ишора. Маълумки, Аллоҳ илмининг чегараси йўқ - ҳамма нарсани рўй беришидан аввал билиб туради. Лекин бу оятдаги «билиши»ни юзага чиқариши, халойиққа билдириши деб тушунмоқ керак. Шунингдек, «ғойибона» сўзи ҳам Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарларини кўрмасдан туриб уларни динига ёрдам беринглар, деб шарҳланади.)
26. Дарҳақиқат, Нуҳ ва Иброҳимни Пайғамбар қилиб юбордик ҳамда Пайғамбарликни ва китобни икковларининг зурриётига хос қилдик. Улар орасида ҳидоят топганлар бор, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир.
27. Сўнгра уларнинг ортидан Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Исйо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир.
(Роҳиблик, таркидунёчиликдан иборат бўлиб, ўрисларда, монахлик, дейилади. Монахликни ихтиёр қилган эркак эркаклар монастирида, аёл эса аёллар монастирида, оила қурмай, дунёни тарк этиб ҳаёт кечирадилар. Қуръони карим бундай роҳибликни Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга эргашувчиларга буюрмаганини, балки улар ўзлари бидъат сифатида кейинчалик ўйлаб топиб одат қилишганини эслатмоқда.)
28. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиринглар. У зот Ўз раҳматидан сизларга икки ҳисса берадир ва сизларнинг юришингизга нур берадир ҳамда сизларни мағфират қиладир. Аллоҳ кечирувчи, раҳмли зотдир. Токи китоб аҳллари Аллоҳнинг фазлидан ҳеч нарсага қодир эмасликларини, фазл Аллоҳнинг қўлида бўлиб, хоҳлаган кишисига беришини билсинлар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
(Яҳудий ва насронийлар ваҳий, Пайғамбарлик ва илоҳий китоблар фақат бизга хос, ўзгаларга берилмайди, деб фахрланишар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу даъволарини рад қилиб, фазл ўзининг қўлида эканини, кимга хоҳласа, шунга раво кўришини, шу жумладан, араблардан бўлган Муҳаммад алайҳиссаломга беришини таъкидламоқда.)

Орқага Олдинга