“Такосур” – бирор нарсани тўплаб, кўпайтириш иштиёқида бўлиш.
Сурада мол-дунё тўплаш ҳаракати билан овора бўлиб, Аллоҳни ёд этиш ва Унинг буйруқларини бажаришга вақт тополмай қолган дунёпараст кишилар қораланади. Лекин улар ҳақиқатни билиб, чуқур идрок этганларида бундай қилмасликлари, дунёпарастлик оқибатини эса яқинда, яъни ҳаётдан кўз юмгач ҳамда охиратдаги жазони муқаррар эканини кўриб билганларидан кейингина англашлари, шунингдек, ўша куни дунёда ато этилган неъматлардан ҳисобот олиниши тўғрисида огоҳлантирилади.
Ҳадисда: “Қиёматда банданинг авратини беркитгудек кийими, қувватини сақлагудек таоми ва иссиқ-совуқдан асрагудек бошпанасидан ташқари барча нарсаларидан сўралур” (Лс.).
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. (Эй, инсонлар!) Сизларни (мол-дунё) кўпайтириш (Аллоҳга ибодат қилишдан) машғул қилди.
2. Ҳатто, мақбараларингиз (кўплиги билан фахрланиш)гача бордингиз.
3. Йўқ! Яқинда (бунинг оқибатини) билурсиз.
4. Яна бир бор йўқ! Яқинда билурсиз!
5. Йўқ! Агар (дунёпарастлик оқибатини) аниқ илм билан билганингизда эди (уни дўст тутмас эдингиз).
6. Қасамки, албатта, сизлар дўзахни кўрасиз!
7. Яна бир бор қасамки, сизлар уни айни ишонч билан кўрасиз!
8. Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!