loader

078. Набаъ сураси

“Набаъ” – хабардир. Сурада улуғ хабар, яъни қиёмат тўғрисида баҳслашган Макка мушрикларига аниқ жавоблар берилади. Яна унда Аллоҳ ўз қудрати билан яратган борлиқ, коинот ва мавжудотлар, қиёмат кунининг шиддати, жаннатдаги роҳат-фароғат, имонсиз ўтганларнинг қиёмат куни пушаймон бўлиб ҳатто, тупроқ бўлиб кетишни орзу қилишлари каби маълумотлар баён этилган.

Ўттизинчи пора

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. (Мушриклар) бир-бирлари билан нима ҳақида савол-жавоб қилмоқдалар?!
2. Улуғ хабар (қиёмат) ҳақида.
3. Қайсики, у ҳақда улар (доимий равишда) тортишувчидирлар.
4. Йўқ! (Уларнинг гумонлари беҳудадир). Улар яқинда (бу хабарнинг ҳақ эканини қабрда) билиб олажаклар.
5. Сўнгра, яна йўқ! (Охиратда) билиб олажаклар!
6. Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?!
7. Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!
8. Биз сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик.
9. Уйқуларингизни (бадан ва асабларингиз учун) ором қилдик.
10. Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик.
11. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик.
12. Тепангизда етти (қават) мустаҳкам (осмонни) бино қилдик.
13. Яна чарақлаб турувчи чироқни (қуёшни пайдо) қилдик.
14. Яна Биз сиқиб чиқарувчи (булут)лардан дув-дув сув (ёмғир) ёғдирдик.
15. Токи, у сабабли дон ва наботот (ундириб) чиқарурмиз.
16. Шунингдек, қалин (сердарахт) боғларни ҳам.
17. Албатта, Ажрим куни (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақтдир.
18. У кунда Сур чалинур, бас, сизлар тўп-тўп бўлиб (маҳшаргоҳга) келурсиз.
19. Осмон ҳам очилиб, (фаришталар учун) дарвозаларга айланиб қолур.
20. Тоғлар ҳам (жойларидан) тўзитиб юборилур. Бас, у саробга айланиб қолур.
21. Албатта, жаҳаннам (тушувчиларни) кутувчи,
22. ҳаддан ошганларнинг борадиган жойидир.
23. (Улар) у жойда узоқ замонлар (абадул-абад) қолувчидирлар.
24. У жойда совуқлик ва ичимликни тотмаслар.
25. Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар).
26. (Мана шу қилмишларига) лойиқ жазодир.
27.Чунки улар (қиёматдаги) ҳисоб-китобдан умид қилмас (қўрқмас) эдилар.
28. Оятларимизни (илоҳий ваҳий деб билиш ўрнига) бутунлай инкор этар эдилар.
29. Ҳолбуки, Биз барча нарсани ҳисоб-китоб қилиб, (ёзиб) қўйгандирмиз.
30. Бас, (эй, жаҳаннам аҳли! Азобимизни) тотиб кўрингиз! Энди сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз.
31. Албатта, тақводорлар учун (жаннатда катта) нажот (ва неъматлар) бордир.
32. Яъни боғлар ва узумлар,
33. (ёш ва ҳуснда) тенгқур, бўлиқ сийнали (ҳур қиз)лар
34. ва (шароб) тўла қадаҳлар бордир.
35. Улар у жойда бирор беҳуда ва ёлғон сўз эшитмаслар.
36. (Бу) Раббингиз (томони)дан бўлмиш мукофот ва ҳисоб(-китоб)дир.
37.(У) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги (бор) нарсанинг Парвардигори Раҳмон (меҳрибон зот)дир. Ундан (изн бўлмагунча қиёмат куни) сўзлаш имкониятига эга бўлмаслар.
38. Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда (одамлар) гапирмаслар, фақат Раҳмон (меҳрибон зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар.
39. Бу ҳақ (ва рост) кундир. Бас, ким хоҳласа, Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутар.
40. (Эй, Макка кофирлари!) Дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқе бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) кўрар ва кофир кимса: «Эҳ, кошки, тупроқ бўлсам!» – дер*.
* Пушаймон бўлган кофирнинг бу сўзидан икки хил маъно олиш мумкин. Биринчиси – кошки тупроқ бўлсам, яъни дунёда илк бор яратилганимда инсон эмас, балки тупроқ қилиб яратилганимда, шу кунларга қолмас эдим, демоқчи. Иккинчиси – кошки дўзахга маҳкум бўлишимдан илгари тупроққа айланиб кетсам-у, азобдан қутулсам, демоқчи.

Орқага Олдинга