loader

091. Шамс сураси

“Шамс” – Қуёш. Сурада Аллоҳ таоло қасамёд билан нафсини поклаган кишининг нажот топиши, гуноҳга ботганларнинг ноумидликда қолиши каби танбеҳлар билан бирга Солиҳ (а.с.) қавми Самуд қабиласининг қилмишлари учун берилган жазо ҳақида хабар беради.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Қасамёд этаман Қуёш ва унинг зиёси билан,
2. унинг (Қуёшнинг) ортидан келган Ой билан,
3. уни (Ерни Қуёш) ёритган пайтидаги кундузи билан,
4. уни (Қуёшни) қоплаган тун билан,
5. осмонлар ва (Аллоҳ) бино қилган (бошқа) нарсалар билан,
6. Ер ва (У) ёйиб қўйган (бошқа) нарсалар билан,
7. нафс ва (У яратиб) тиклаган зотлар (инсонлар) билан*.
* Сура оятларидаги тушум ва қаратқич келишикларига далолат қилувчи “ҳо” замир (олмош)ларнинг тааллуқ топадиган жойлари хусусида машҳур муфассирлардан Мужоҳид, Қатода, Табарий, Ибн Касир ва бошқалар ҳам ихтилоф қилганлар. Бинобарин, уларнинг тафсирларидан истифода этган ҳолда таржима ва тафсир қилишга ҳаракат қилинди. Улар ичида Аллоҳнинг ўз зоти билан қасамёд этиши, деб қилинган тафсирлар ўрнига бошқа хилдаги тафсирларни қўйишни афзал деб топдик.
8. Дарвоқе, унга (нафсга) фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган.
9. (Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур
10. ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!
11. Самуд (қабиласи) ҳаддан ошгани сабабли (ўзларининг пайғамбарини) ёлғончига чиқардилар.
12. Қайсики, уларнинг энг бадбахти (туяни сўйиш учун) қўзғалди.
13. (Шунда) Аллоҳнинг пайғамбари (Солиҳ) уларга: «Аллоҳнинг туясидан (уни сўйишдан) ва уни сув ичишидан (унга тўсқинлик қилишдан) сақланингиз!» – деди.
14. Бас, улар (пайғамбарни) ёлғончи қилишиб, у (туя)ни сўйиб юбордилар. Бас, Парвардигорлари уларнинг гуноҳлари сабабли устиларига қирғин юбориб, уни (барчага) баробар қилди.
15. (Зотан, Аллоҳ ўз ишининг) оқибатидан қўрқмагай.

Орқага Олдинга