loader

099. Залзала сураси

“Залзала” – зилзила, ер қимирлаши.
Бу сурада қиёматнинг қойим бўлишида Ернинг жунбушга келиб қимирлаши ва тилга кириб гапириши, номаи аъмол битиклари тасвирланган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганида,
2. Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида
3. ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): «Унга не бўлди экан?» – деб қолганида
4.– ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар*.
* “Ернинг хабарлари” унинг устида юрган бандаларнинг қилмишларидир. Улар ҳақида Ернинг Аллоҳ олдида гувоҳлик бериши ўта даҳшатли ҳодисадир.
Суранинг давомида ҳар бир банда дунёда қилиб ўтган яхши-ёмон ишлари битилган номаи аъмоли қўлига берилгач, уни ўқиб кўриши таъкидланади. Бу оятлардаги илоҳий ҳикматларни тафаккур билан поёнига етиш жуда қийин. Баъзи улуғ олимларнинг ёзишига қараганда, ҳар бир инсон охиратда ўз номасини ўқиб кўради. Лекин бошқа одам буни ўқимайди, билмайди ҳам. Акс ҳолда баъзи ишларидан хижолат бўлишга тўғри келади. Аллоҳ таоло ўша жойда ҳам бандаларининг ношойиста қилмишларини ҳамманинг олдида фош қилмай, ўзининг раҳмат ва мағфиратини намоён қилиши ҳақида бу ерда башорат берилмоқда (“Анисул-жалис” китобидан).
5. (Сўзлашга) Раббингиз ваҳий (билан рухсат) қилганини айтур.
6. Ўша куни (яъни қиёмат қойим бўлгач) одамлар, уларга (номаи) аъмолларини кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар.
7. Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар.
8. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар.

Орқага Олдинга