loader

076. Инсон сураси

Сурада Аллоҳ таоло инсон зотини йўқдан бор қилгани, сўнгра икки қарама-қарши йўналишга равона қилиб қўйгани, куфр ва имон эгаларининг оқибатлари, Пайғамбар (а.с.)га тасалли берувчи ўгитлар ва бошқа илоҳий кўрсатмалар мавжуд.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Аниқки, инсон узра қачондир тилга олгулик нарса бўлмаган вақт (муддат) кечган*.
* Ўша тилга олишга арзимас вақт қайсилиги тўғрисида икки хил тафсир бор. Биринчиси – бу вақт Одам (а.с.) яратилгач, жон киргунча ўтган давр. Иккинчиси – инсоннинг она қорнидаги вақтидан то жон киргунича кечган вақт (Мд.).
2. Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилиб, (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бир нутфадан яратдик. Бас, уни эшитувчи ва кўрувчи қилиб қўйдик.
3. Дарҳақиқат, Биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилувчи (мусулмон) бўлсин ва хоҳ ношукр (кофир) бўлсин, йўлга йўлладик.
4. Албатта, Биз кофирлар учун занжирлар, кишанлар ва аланга (дўзах)ни тайёрлаб қўйганмиз.
5. Албатта, яхши (солиҳ киши)лар (жаннатда) мизожи* кофур (ўсимлигидек хушбўй) бўлмиш қадаҳдан (май) ичурлар.
* Мизожи, яъни табиати, хусусияти, аралаштирилган нарса.
6. Аллоҳнинг бандалари (жаннатда) ичадиган (бу) чашмани (ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб (оқизиб) олурлар.
7. Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар.
8. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар.
9. (Улар айтурлар): «Бизлар сизларни фақат Аллоҳ «юзи» учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз*.
* Аллоҳ таоло жаннат аҳлини тавсиф этганда муҳтожларга холис садақа ва эҳсон қилиб, улардан миннатдорчилик ёки мукофот кутмаганларини ҳам қайд қилиб қўйгани ҳамма учун сабоқ бўлиши керак. Бировга қилган яхшилиги ва моддий ёрдамини миннат қилган киши савобини шамолга совурган бўлади. Аллоҳ амаллар ичида фақат ўзининг ризоси учун холисона қилинган амални қабул қилади.
10. Бизлар Раббимиз (томони)дан бўладиган, (азобдан юзлар) тиришиб, буришиб қолувчи бир кундан (қиёматдан) қўрқармиз».
11. Бас, Аллоҳ уларни ўша куннинг ёмонлигидан сақлар ва улар(нинг юзлари)га тароват, (дилларига) сурур бахш этар.
12. Яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар.
13. Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. У жойда қуёш (ҳарорати)ни ҳам, замҳарир (қиш совуғи)ни ҳам кўрмаслар.
14. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узишга осон бўлиши учун) эгиб қўйилган бўлур.
15. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва (ўзи кумушдан ясалган бўлса-да, шаффофликда) шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур.
16. Шиша бўлганда ҳам кумушдан, (уларни соқийлар) ўлчаб қўйганлар.
17. (Жаннат аҳли) у жойда мизожи занжабил бўлмиш қадаҳларда (май) ичирилур.
18. У ердаги чашманинг номи «Салсабил» деб аталур*.
* “Салсабил” – суви ўтимли, тотимли бўлган чашма.
19. Уларнинг устида мангу ёш ходимлар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрганингизда сочиб юборилган дурлар деб ўйларсиз.
20. У жойга қараганингизда, ноз-неъматларни ва катта подшоҳликни кўрурсиз.
21. Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур.
22. Албатта, бу сизлар учун мукофот ва сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз (Аллоҳ наздида) мақбулдир.
23. (Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Қуръонни бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
24. Бас, Сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг ва улардан (кофирлардан) бирор гуноҳкор ёки ношукурга итоат этманг!
25. Эртаю кеч Раббингиз номини ёд этинг!
26. Яна кечанинг бир қисмида ҳам Унга сажда қилинг ва узун тунда унга тасбеҳ ҳам айтинг!
27. Албатта, ана у (кофир)лар нақд (дунё)ни суюрлар ва ортларидаги оғир кунни (қиёматни) эса (эсдан чиқариб) қўюрлар.
28. Биз уларни яратдик ва (барча) аъзоларини мустаҳкам қилдик ва хоҳлаган вақтимизда (уларни ҳалок қилиб) уларга ўхшаш (бошқа одам)ларга алмаштириб қўюрмиз.
29. Албатта, бу (сура) бир эслатмадир. Бас, ким хоҳласа (уни қабул қилиб), Парвардигори томонга йўл олур.
30. (Эй, инсонлар!) Истакларингиз фақат Аллоҳ хоҳласагина рўёбга чиқур. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир.
31. У хоҳлаган кишиларни Ўз раҳматига (жаннатига) киритур. Золимлар учун эса аламли азобни тайёрлаб қўйгандир.

Орқага Олдинга