Мунофиқ – тилида имон келтириб, дилида куфрни яширган кишидир. Сурада мунофиқларнинг қилмишлари, охират ҳақида эслатма ва ўгитлар мавжуд.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. (Эй, Муҳаммад!) Мунофиқлар ҳузурингизга келиб: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», – дерлар. Сиз Унинг пайғамбари эканингизни Аллоҳ албатта билур ва Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканига ҳам гувоҳлик берур.
2. Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсдилар. Уларнинг қилиб юрган амаллари нақадар ёмондир!
3. Бунга сабаб уларнинг (тилларида) имон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (ҳақиқатни) англай олмаслар.
4. Уларга қарасангиз, уларнинг гавдалари Сизни ажаблантирур, сўзлаганларида сўзларига беихтиёр қулоқ солурсиз. Улар гўё (деворга) суяб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар ҳар бир қичқириқ (овоз)ни устиларига (тушаётган бало ва офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг! Уларни Аллоҳ урсин! (Ҳақиқат турганда улар) қаёққа оғиб кетмоқдалар?!
5. Қачонки, уларга: «Келингиз, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрасин!» – дейилса, албатта, улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибрланган ҳолларида юз ўгиришларини кўрасиз*.
5-оят. Бу оятлар машҳур мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳақида нозил қилинган. У муҳожирларни ҳақорат қилиб, сўнгра қасам ичиб қилмишидан тонган ва Расул (а.с.) ҳузурига бориб узр сўрашдан бош тортган. Кибру ҳавоси бунга йўл қўймаган. Оят билан унинг ёлғон гапи фош бўлгач, уни Умар (рз.) қатл қилмоқчи бўлганида Расул (а.с.) рухсат бермаганлар (Мд.).
6.(Эй,Муҳаммад!) Сиз улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми – уларга баробардир – Аллоҳ уларни сира мағфират қилмас. Албатта, Аллоҳ фосиқлар қавмини ҳидоят сари йўлламас*.
6-оят. Аллоҳ таоло мунофиқларга ўлимдан ҳам қаттиқ хабарни билдирди. У ҳам бўлса улар номидан Пайғамбар истиғфор айтса ҳам, кечирмаслиги ва уларни ҳидоят сари йўлламаслигидир. Зеро, гуноҳкор ва гумроҳ ҳолида охиратга сафар қилишнинг оқибати қандай хатарли экани маълум. Суранинг бошидан 8-оятигача мунофиқлар хусусида зикр этилган.
7. Улар (ўзларининг тобеларига): «Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга эҳсон қилмангиз, токи улар тарқалиб кетсинлар!» – дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки, осмонлар ва Ер хазиналари фақат Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар (буни) англамаслар.
8. Улар: «Қасамки, агар (Бани Мусталиқ жангидан) Мадинага қайтсак, албатта, кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур», – дерлар. Ҳолбуки, куч-қудрат фақат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар.
9.Эй, имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир.
10. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: «Эй, Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!» – деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!
11.Аллоҳ бирор жонни ажали келганида кечга қолдирмас. Аллоҳ қилаётган (барча) амалларингиздан хабардордир.