Сурада қалам ва ёзув қуролларининг шаъни улуғланади ва улар билан қасамёд этиб, Аллоҳ ўз пайғамбарининг ҳақ экани, мушрикларнинг инкори ва бўҳтонлари ботил эканини исботлайди. Сурада бахиллик қораланади ва унинг ёмон оқибатлари ифода этилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Нун. Қалам ва (у билан) ёзадиган нарсалар (битиклар)* билан қасамёд этаманки,
* “Битадиганлар” фаришталар ёки инсонлар бўлиши мумкин. Ҳар икки тафсир ҳам ўринлидир.
2. (эй, Муҳаммад!) Сиз Раббингизнинг неъмати боис мажнун эмасдирсиз!
3. Албатта, Сизга (сабр қилганингиз учун) туганмас мукофот бордир.
4. Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!*
* “Буюк хулқ”нинг маънолари ҳақида турли тафсирлар бор. Аввало хулқ бу ерда ўзининг асл маъносида ишлатилгани маъқул. Ҳадисда Расул (а.с.)нинг ўзлари: “Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман”, – деганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад (а.с.) биринчи даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ.
Бошқача тафсир қилувчилар бу оятдаги “буюк хулқ”дан мурод – Қуръон ёки улуғ дин, яъни ислом дини деб изоҳлашга ҳаракат қилганлар.
5. Ҳали яқинда кўражаксиз ва улар ҳам кўражаклар
6. қайси бирингиз (Сизми ёки уларми) мафтун (мажнун) эканингизни.
7. Албатта, Раббингизнинг ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни яхши билувчидир ва У ҳидоят топувчиларни ҳам яхши билувчидир.
8. Бас, (эй, Муҳаммад!) (Ислом динини) инкор этувчиларга (мушрикларга) итоат этманг!
9. Улар (билан) муросасоз бўлишингизни, шунда улар ҳам (Сиз билан) муросасоз бўлишни истарлар.
10. (Эй, Муҳаммад!) Ҳар қандай тубан қасамхўрга (Валид ибн Муғирага) итоат этманг!
11. (У) ғийбатчи, гап ташувчи,
12. яхшиликни ман этувчи (бахил), тажовузкор, гуноҳкор,
13. қўпол ва булардан ташқари бенасаб (ҳароми)дир.
14. (У) мол-мулк ва ўғилларга эга бўлгани учун (шундай қилади).
15. Қачонки, унга оятларимиз тиловат қилинса: «Булар аввалгиларнинг афсоналари-ку!» – дейди.
16. Яқинда унинг тумшуғига «тамға» босиб қўяжакмиз*.
* Бу оятлардаги салбий сифатлар машҳур кофир Валид ибн Муғирага мансубдир. Дарҳақиқат, у Бадр жангида "тумшуғидан тамғаланади", яъни бурнидан қилич еб, сўнгра шу чандиғи билан одамлар орасида мазах бўлиб юради.
Кейинги оятларда Яман диёрида бир сахий боғбон бўлиб, у ҳар йили кузда меваларни териш учун камбағал-мискинларни таклиф этиб, дарахтдан тергани боғбонга, ерга тушгани терувчиларга деб уларни сийлар экан. У оламдан ўтгач, фарзандлари бахиллик қилишгани, сўнгра қилмишларидан пушаймон бўлишгани ибрат учун зикр этилган.
17.Дарҳақиқат, Биз уларни (Макка аҳлини) боғ эгаларини синаганимиздек имтиҳон қилдик. Ўшанда улар, албатта, уни (боғ ҳосилини) эрта тонгда узиб оламиз деб қасам ичган эдилар.
18. Лекин истисно қилмаган эдилар (Худо хоҳласа, демаган эдилар).
19.Бас, (тунда) улар уйқуда бўлган чоғларида, у (боғ) узра Парвардигорингиз томонидан бўлмиш айланувчи (офат – олов) айланди.
20. Бас, (ҳосил) йиғилгандек бўлиб қолди (боғ куйиб кул бўлди).
21. Эрта тонгда туришиб, бир-бирини чақиришди:
22. «Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангиз, зироатгоҳингизга бора қолингиз!» – (деб).
23. Сўнгра шивирлашиб жўнадилар.
24. «Бугун (боғда ҳосил тераётган вақтда) устиларингизга бирор мискин кириб қолмасин-да», – дер эдилар.
25. Улар (ўзларича мазкур) ғаразга қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар.
26. Бас, қачонки, уни (кулга айланган боғни) кўришгач, (аввал): «Шубҳасиз, бизлар (йўлдан) адашиб қолдик (яъни бошқа боққа келиб қолдик)», – дедилар.
27.(Сўнгра:) «Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз» (дедилар).
28.(Шунда) уларнинг ўртаҳолроғи: «Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтмайсизми (ҳосил шукронасига камбағаллар улушини бермайсизми) демаганмидим?», – деди.
29. Улар (кеч бўлса-да): «Раббимизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик», – дедилар.
30. Сўнгра улар бир-бирларига қараб, маломат қила бошладилар.
31. (Улар) дедилар: «Ҳолимизга вой! Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошувчи эканмиз.
32. Шоядки, Раббимиз бизларга у (боғ)дан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар, албатта, Раббимиз сари интилувчидирмиз».
33. Азоб – мана шундай! Агар билсалар, албатта, охират азоби янада каттароқдир.
34. Албатта, тақводорлар учун Парвардигорлари ҳузурида неъмат боғлари бордир.
35. Ахир, Биз мусулмонларни жиноятчиларга (кофирларга) баробар қилармидик?!
36. (Эй, мушриклар!) Сизларга не бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасиз?!
37. Ёки сизларда (осмондан туширилган) бирор китоб бўлиб, ундан ўрганаяпсизми?!
38. Унда сизлар учун ўзларингиз хоҳлаган нарса борми?!
39. Ёки сизлар учун Бизнинг зиммамизда: «Ўзларингиз ҳукм қилган нарса сизларники бўлур», – деган то қиёмат кунигача етувчи қасамлар (аҳд-паймонлар) борми?!
40. (Эй, Муҳаммад!) Улардан сўранг-чи, қайсилари бунга (даъволарининг ҳақ эканига) кафил бўла олар экан?!
41. Ёки уларнинг шериклари борми?! У ҳолда ростгўй бўлсалар, ўша шерикларини келтирсинлар!
42. «Болдирлар очиладиган» (ишлар мушкуллашадиган) ва сажда қилишга чорланишганда, (саждага) кучлари етмай қоладиган кунни (қиёматни эсланг)!
43. (Ўшанда) кўзлари қуйида (ерга қараган) ва уларни хорлик эгаллаган ҳолда бўлурлар. Улар соғлом бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо ундан бош тортгандилар).
44. Бас, (эй, Муҳаммад!) Ушбу Сўзни (Қуръонни) ёлғонга чиқарадиган кимсаларни Менга қўйиб беринг! Яқинда Биз уларни ўзлари билмайдиган (сезмайдиган) томондан даражама-даража тутгаймиз (ҳалокатга дучор қилажакмиз)!
45. Мен уларга муҳлат бериб тураман. Зеро, Менинг «макрим» жуда қаттиқдир.
46. Ёки Сиз (эй, Муҳаммад! Даъватингиз учун) улардан ҳақ сўраяпсиз-у, улар қарздан оғирсинаяптиларми?!
47. Ёки уларни ҳузурида ғайб (Лавҳул-маҳфуз) бор-у, улар (айтаётган сўзларини ўшандан) ёзиб оляптиларми?!
48. Бас, (эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг ва наҳанг (балиқ) соҳиби (Юнус пайғамбар) каби (бетоқат) бўлманг! Қайсики, у (балиқ қорнида туриб) ғамга тўлган ҳолда (Парвардигорга) нидо қилган эди.
49. Агар унга Парвардигори (томони)дан неъмат етмаганида, албатта, қораланган ҳолида қуруқликка улоқтирилган бўлур эди.
50. Бас, Парвардигори уни (қайтадан пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди.
51. Албатта, кофир бўлган кимсалар Зикрни (Қуръонни) эшитган вақтларида, Сизни кўзлари билан (тикилиб) йиқитаёзурлар ва «албатта, у мажнун», – дерлар.
52. Ҳолбуки, у (Қуръон барча) оламлар учун эслатмадир.