loader

043. Зухруф сураси

Зуҳруф олтин ва мужавҳарот (қимматли тошлар) маъносида келади. Сурада бу ҳақда сўз юритилганлиги ва Аллоҳнинг инсонларга улар эгалик қилган олтин ва кумушларига кўра эмас, балки эътиқод ва  амалларига кўра қиймат бериши ҳақида сўз кетганлиги учун бу номни олган. Маккада нозил бўлиб, 89 оятдан иборат.

Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман. У Зот
шу дунёда ва ҳам охиратда бандаларига меҳрибондир.

1-8. Хо, мим. Аҳкомларни баён қилувчи китобга қасамки, у китобни биз фаҳмлашларинг учун араб тилига айлантирдик. Албатта бу Қуръон Лавҳул Маҳфузда ёзилган. Бизнинг наздимизда улуғ ва ҳикматлидир. Эй кофирлар, агар сизлар ҳаддиларингдан ошиб Қуръонга инкор қилсаларинг, Қуръонни нозил қилишликни, сизлардан тўхтатиб қўямизми? Агар сизлар амал қилмасаларинг амал қилувчилар пайдо бўлади. Биз илгари ўтган умматларга, агарчи иймон келтирмасаларда кўп пайғамбарлар юборганмиз. Бу қавмга ҳар бир пайғамбар келса, унга иймон келтирмасдан масхара қилганлари сабабидан улуғларини, бошқаларини ва қудратлиларини ҳалок қилдик. Қуръонда аввалгиларнинг қиссалари ва ҳалокатларини зикри ўтди.

9-11. Эй Муҳаммад, агар сен кофирлардан ер ва осмонни ким халқ қилган деб сўрасанг, албатта, уларни доно ва ғолиб Парвардигор халқ қилган дейди. Аллоҳ таоло шундай зотки сизлар ором олишларингиз учун ерни бисот қилди ва сафар қилиб мақсадларинга етишларинг учун ерда йўллар пайдо қилди. осмондан фойдали ёмғирлар ёғдирди. У ёмғирлар билан қуриб қолган ерларга ҳаёт бердик. Гиёҳлар, дарахтлар кўкарди. Шунга ўхшаш, Қиёмат куни сизларга ҳам ҳаёт бериб, шундай чиқариласизлар.

12-14. Парвардигор ҳайвонлардан ҳар қисмларини халқ қилди. сизлар миниш учун кемалар ва тўрт оёқли жонворлар яратди. Токи сизлар уларнинг устларига минасизлар ва тепасида ўтирасизлар. Сўнгра Парвардигорнинг неъматини ёд қилинг! Қачонки, устида ўтирганларингдан кейин, айтинглар: «Аллоҳ таоло тамом нуқсонлардан покдир. Бизга бу ҳайвонларни мусаххар қилди. биз бунга қодир эмас эдик. Биз Парвардигор тарафига ружуъ қилувчимиз».

15-19. Кофирлар Худои таолога ўзининг яратганларидан фарзанд муқаррар қиладилар. Албатта инсон очиқ ношукр бандадир. Нима, Парвардигор ўзи халқ қилган махлуқни қиз қилиб олганми? Сизларга ўғилларни ихтиёр қилиб, фазилат берганми? Қачонки, бу кофирлардан бирига Худога монанд қилиб муқаррар қилган қизни туғилганидан башорат берса, интиҳо даражада аччиқланиб, юзи қораяди ва ғазабга тўлади. Ажабки ўзи ёмон кўрадиган қизни Худога нисбат беради. Оё зеварларнинг ичида тарбия топган ва ўз сўзини ҳужжат ва фасоҳат билан баён қилолмайдиган қизни Худонинг ҳиссасига муқаррар қиладиларми? Худонинг яхши бандалари малоикаларни хотинлар деб эътиқод қиладилар. Бу кофир биз малоикаларни халқ қилган вақтимизда ҳозир эканларми? Агар андоғ бўлса, номаи аъмолларига шаҳодатлари ёзилади ва ундан савол қилинадилар.

20-25. Кофирлар айтадиларки: «Агар Худо хоҳламаса, биз фаришталарга ибодат қилмаган бўлар эдик. Буни Худонинг ўзи хоҳлаган». Лекин бу тўғрида буларнинг ҳеч қандай илмлари йўқ. Бу нарса ёлғондан бошқа нарса эмас. Қуръондан илгари биз бу кофирларга бирор китоб юборган эдикми, токи булар ҳужжат қилсалар? Балки ҳужжат учун айтадиларки: «Ота-бобомизни бир динда топдик. Биз шуларнинг орқасидан эргашамиз». Ушбу кофирларга ўхшаш сендан илгари ҳар бир пайғамбар юборган бўлсак, у қавмнинг бошлиқлари пайғамбарларга айтган эдиларки: «Биз ота-боболаримизни бир динда топганмизки, биз шуларнинг орқаларидан эргашиб, шуларга тобеъ бўламиз». Пайғамбари унга жавоб бериб айтадики: «Агар мен даъват қилган дин сизларни тўғри йўлга ҳидоят қилса ва фойдали бўлса, у ҳолда ҳам сизлар оталарингни динига тобеъ бўласизларми?» Кофирлар жавоб бериб айтадиларки: «Биз сизларга эргашмаймиз, сизлар олиб келган динга иқрор қилмаймиз». Бу кофирларнинг инкорларидан кейин булардан ўч олиб, ҳалок қилдик. Бас, қилки, такзиб қилгувчиларнингоқибатлари қандай бўлди.

26-30. Иброҳим (а.с.) оталарига ва қавмлариги «Мен сизлар ибодат қилган бутларингиздан безордирман ва унга ибодат қилмайман. Магар шундай зотга ибодат қиламанки, у мени халқ қилгандир. У зот мени ҳамиша тўғри йўлда барқарор қилади». Иброҳим тавҳид калимасини ўзидан кейин келадиган зурриётларга боқий қолдирди. Токи зурриётлари шунга ружуъ қилиб, куфрдан қайтсинлар. Биз Қурайшнинг куфрига қарамай, ўзларини ва ота-боболарини дунё ҳаётидан фойдалантирдик, давлат бердик. Токи буларга ҳақ дин ва очиқ мўъжизалар билан Муҳаммад келди. Вақтики буларга Қуръон келгандан сўнг айтадиларки: «Бу Қуръон сеҳрдир, биз бунга мункирмиз».

31-32. Қурайш кофирлари айтадиларки: «Бу Қуръон икки шаҳарнинг, яъни Макка билан тоифнинг улуғ одамига нози қилинмасдан Муҳаммадга нозил қилинди?» Оё булар Худонинг раҳматини тақсим қиладиларми? Ваҳоланки биз бу дунёда ризқ-рўзиларини ўрталарида тақсим қиламиз. Биз кимни хоҳласак пайғамбарликни шунга ато қиламиз. Биз баъзиларнинг мартабаларини баъзиларидан юқори қилдик. Яъни инсонларни тафовут билан халқ қилдик. Баъзилари баъзиларига тобеъ бўлиб ишлайдилар. Оламнинг интизоми барқарор туради. Парвардигоринг раҳмати аҳли давлатларнинг жам қилган молларидан афзалдир.

33-35. Агар ҳамма инсон бир бўлиб дунёнин ҳирсига мубтало бўлиб, охиратнинг бадалига дунёга муҳаббат қилиш эҳтимоли бўлмаганда эди бизлар Аллоҳга кофир бўлганлар уйларини тиллодан, томларини ва томларига чиқадиган зиналарини ҳамда дарвозалар, суянадиган сўриларини кумушдан қилиб берган бўлар эдик. Чунки бизнинг наздимизда дунёнинг ҳеч эътибори йўқ. Лекин шундай қилмадик. Чунки ҳамма инсон дунёнинг муҳаббатига мубтало бўлиб, Худо ҳеч ким танимас эди. Бу дунёнинг асбоблари дунё ҳаётида озгина фойдаланадиган нарсалардир, бақоси йўқ. Охиратнинг маъишати Парвардигорнинг наздида муттақийларгадир.

36-39. Ҳар ким Худонинг ёдидан ғофил бўлса, унга шайтонни мусаллат қиламиз. Бас, шайтон у одам билан ҳамиша ҳамроҳ бўлади. Бу кофирлар: «Бизлар ҳидоятдамиз» – деб хаёл қиладилар. Қачонки, бу ғофил банда бизнинг ҳузуримизга келганда, афсус билан айтадики: «Эй шайтон кошки сен билан менинг ўртамда Мағриб билан Машриқ сингари узоқлик бўлганда эди... Сен менга ёмон ҳамроҳ бўлдинг». Малоикалар тарафидан айтиладики: «Энди сизларга бугун афсусларингиз фойда бермайди. Чунки ўз нафс ларингга зулм қилдиларинг. Энди бу азобда шайтонлар билан шерик бўласизлар».

40-45. Эй Муҳаммад, ҳақни эшитмайдиган карларга эшиттириш сени қўлингдан келадими? Ёки ҳақни кўрмайдиган кўрларни ҳидоят қилиш қўлингдан келадими? Асло, қўлингдан келмайди. Сендан насиҳат қилиш холос, ҳидоят қилиш Худонинг ишидир. Агар кофирларни азоб қилмасдан илгари сени дунёдан олиб кетсак, сендан кейин албатта кофирлардан ўч оламиз. Ёки сенга ҳаётни берсак, қилган ваъдаларимизни сенга кўрсатсак, албатта бизнинг буларга қудратимиз етади. Эй Муҳаммад, биз сенга нимани буйруқ қилсак, уни маҳкам ушла! Чунки сен тўғри йўлдасан. Албатт Қуръон сенинг ва қавмингнинг обрўи ва иззатидир. Худонинг берган иззат марҳаматидир.албатта Қиётада бу неъматлардан савол қилинасизлар. Эй Муҳаммад, сендан илгари ўтган пайғамбарларнинг ҳолларини сўраб, маълум қил! Уларга ягона Худодан бошқа ибодат қилинадиган Худо муқаррар қилганмизми? Ҳаргиз шундоғ эмасдир! Ҳаммалари бир Аллоҳга ибодат қилиб келганлар.

46-50. Биз Мусони мўжизалар билан Фиръавнга ва қавмига юбордик. Мусо (а.с.) айтдиларки: «Мен Парвардигори оламни пайғамбариман. Қачонки, Мусо (а.с.) бу мўъжизалар билан буларга келиб пайғамбарликларини изҳор қилдилар. Ҳар бир мўжизани кўрсатганимиздан кейин бу кофирлар масхара қилиб кулар эдилар. Иккинчиси аввалгисидан улуғроқ эди. Буларни шоядки ботил диндан қайтарлар деб ҳар хил азобларга мубтало қилдик. Худо тарафидан ҳар бало келса, кофирлар айтар эдиларки: «Эй жодугар, биз учун Парвардигорингдан тила, Сенинг дуонгни қабул қилишга аҳд қилган бўлса. Худо буларни даф қилса, биз иймон келтирамиз». Қачонки, бизлар Мусони дуоси билан улардан азобни кўтардик. Ногоҳ улар қилган аҳдларидан қайтиб иймон келтирмадилар.

51-56. Фиръавн ўз жамоасида ўтириб, хитоб қилдики: «Эй қавм, Мисрнинг мулки меники эмасми? Бу менинг қасримнинг тагидан ўтадиган анҳорлар меники эмасми? Менинг улуғлигимни ва давлатимнинг дабдабасини кўрмайсизларми? Мен Мусодан улуғ эмасманми? У хор ва беқадр ва ўз гапини равшан айтишга қодир эмасдир. Агар бу улуғ бўлса, нима учун қўлларига тилло ҳалқа солинмади, ёки малоикалар ҳамроҳ бўлиб келмади?!» Бас, Фиръавн ўз қавмини аҳмоқ қилди. қавми Фиръавннинг гапига ишониб итоат қилдилар. Чунки бу қавм динсиз қавм эдилар. Қачонки, бу қавм бизнинг ғазабимизни келтирди. Булардан ўч олиб ҳаммасини дарёга ғарқ қилдик. Кейинги ҳалок бўладиган кофирларнинг бошлиғи қилдик ва зарбулмасал қилдик.

57-59. Қачонки, Ҳазрат Ийсо (а.с.)нинг қиссалари баён қилинди. Бу оят кофирларнинг ибодат қиладиган бутлари Жаҳаннамнинг ўтини деган оят нозил бўлгандан сўнг нозил бўлди. Сўнгра Қурайш кофирлари хурсандлик изҳор қилиб айтдиларки, «Ийсо ҳам жаҳаннамнинг ўтини экан, чунки насоролар Ийсога ибодат қилганлар. Бизнинг бутларимиз жаҳаннамда бўлса, Ийсо ҳам бўлади. Ийсо яхшими ёки бизнинг бутимиз яхшими? Балки ҳеч қандай фарқи йўқ». Кофирлар бу сўзни сенга хусумат қилиб айтдилар. Булар хусумат қилувчи қавмдир. Ийсо бизнинг бандаларимиздан бири бўлиб, биз унга пайғамбарликни инъом қилдик. У Ийсо бани Исроил учун Худонинг қудратларидан бир нишона эди.

60-62. Эй кофирлар, агар Биз хоҳласак, сизларни ҳалок қилган, ўринларингга малоикаларни ер юзига олиб келиб халифа қилган бўлар эдик. Бунга қудратимиз етар эди. Лекин Аллоҳ таоло ўз ҳикматига мувофиқ инсонни ер юзига халифа қилди. Албатта Ийсо Қиёматнинг яқин келишига далилдир. Чунки охирда осмондан тушади. Қиёматнинг бўлишига шак қилманглар. Айт, эй Муҳаммад, «Менга тобеъ бўлинглар. Бу тўғри йўлдир. Сизларнинг динга тобеъ бўлишларингга шайтон монеъ бўлмасин. Чунки шайтон сизларга очиқ душмандир».

63-67. Қачонки Ийсо (а.с.) пайғамбар бўлиб, мўъжизалар келтирдилар ва бани Исроилга айтдиларки: «Мен сизларга Худо тарафидан шариат олиб келдим. Ва сизларнинг динда ихтилоф қилган масалаларингизни баён қилиб бераман. Аллоҳдан қўрқингалар ва менинг сўзимга итоат қилинглар. Албатта менинг Парвардигорим ва сизларнинг Парвардигорингиз ягона Аллоҳнинг ўзидир. Шу Аллоҳга ибодат қилингалар. Шу тўғри йўлдир». Бани Исроил гуруҳ-гуруҳ бўлиб ихтилоф қилдилар. Бас, ўз нафсларига зулм қилиб, қаттиқ азобга мубтало бўлгувчиларнинг ҳолига вой! Кофирлар Қиёмат кунининг келишига интизор бўлдилар. Қиёмат бирдан келади. Булар ғофил бўлиб қоладилар. Қиёмат куни дўстлар баъзилари баъзиларига душман бўладилар. Магар муттақийлар душман бўлмасдан бир-бирларини шафоат қиладилар.

68-73. Парвардигор тарафидан нидо қилинадики: «Эй муттақий бандаларим! Бу куни сизларга азобдан ҳеч қўрқинчлик йўқдир. Сизлар ғамгин ҳам бўлмайсизлар». У муттақийлар шундай гуруҳдирларки, бизнинг оятларимизга иймон келтирганлар. Ва бизнинг ҳикматларимизга бўйин эккандирлар. Энди биз уларга айтамизки: «Аёлларингиз ва тобеъларингиз билан хурсанд бўлиб жаннатга киринглар. Аҳли жаннат жаннатга кирганларидан сўнг уларнинг атрофларини ҳурлар айланиб қўлларида тилла шароб билан хизмат қиладилар. Жаннатда нафсларнинг хоҳлаган нарсалари муҳайё. Кўзларга яхши кўринган нарсалар тайёрлаб қўйилган. Эй аҳли жаннат, энди сизлар бу Жаннатда ҳамиша турасизлар. Бу Жаннат сизларнинг яхши амалларингизнинг мукофотига берилган. Сизлар учун бу жаннатда ҳар хил мевалар тайёрдир. У мевалардан хоҳлаганларингча ейсизлар.

74-80. Албатта кофирлар жаҳаннам азобида ҳамиша бўладилар. Улардан азобни енгил қилинмайди. Ва азобнинг енгил бўлишидан уларнинг умидлари узилади. Биз кофирларга зулм қилганимиз йўқдир. Ва лекин ўзлари ўзларига зулм қилдилар. Аҳли дўзахлар, дўзахнинг муаккалига нидо қилиб айтадиларки: «Парвардигорга бизнинг тарафимиздан арз қил. Бизга ўлим берсин». У муаккал айтадики: «Сизлар буни умид қилманг. Энди сизлар бу азобда абадий бўласизлар. Парвардигор айтдики: «Биз сизларга ҳақ динни келтирган эдик. Лекин сизларнинг кўпларингиз Ҳақни ёмон кўрдиларингиз ва пайғамбарлар сўзларини эшитмадиларинг. Балки кофирлар ўз ботил динларида мустаҳкам бўлдилар. Агар шундай бўлса, биз ҳам уларга жазо беришга мустаҳкам бўлдик. Ёки гумон қиладиларки, биз дилларидаги яширган сирларини ва махфий сўзларини эшитмаймиз? Бу гумонлари хатодир. Оре ҳар бир яширганларини биламиз. Вамалоикаларимиз улар билан бирга қилган амалларини ёзиб турадилар.

81-85. Эй Муҳаммад, кофирларга айт: «Агар Парвардигорнинг боласи бўлса, мен ҳурмат қилувчиларнинг биринчиси бўлар эдим. Лекин Аллоҳ таоло кофирлар сифатлаган сифатдан покдир. У осмон ва ернинг Парвардигори ва Аршни халқ қилган Парвардигордир. Эй Муҳаммад, қўй бу кофирлар ботил ишларини давом эттириб дунёда токи Аллоҳ таоло тарафидан ваъда қилинган кунга етгунларича қувнаб кулсинлар. Аллоҳ таоло шундай зотки, осмон ва ернинг Парвардигоридир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир. Ва ҳам у зоти Парвардигорнинг ҳар тадбири ҳикматли ва улуғдир. Осмоннинг ва ернинг подшоҳлиги ва ундаги ашёларнинг тасарруфи Парвардигорнинг ихтиёрида. Қиёматнинг қачон бўлишининг илми Парвардигорга хосдир. Охир ҳаммангиз Парвардигор тарафига ружуъ қиласизлар.

86-89. Парвардигордан бошқа кофирларнинг ибодат қилган Худолари Қиёмат куни шафотга молик бўлмайдилар. Магар у зотки тил билан «Ла илаҳа Иллаллоҳ» – деб гувоҳлик бериб бўлса ва диллари билан тасдиқ қилган бўлсалар, у зотлар мўъминларни шафоат қилишга молик бўладилар. Бу зотлар ким шафоатга лойиқлигини биладилар. Агарчи кофирлар уларга ибодат қилсаларда, яъни малоикалар ва Ҳазрат Ийсо ва Ҳазрат Узайр булар шафоатга ??? . Эй Муҳаммад, агар кофирлардан у маъбудларини ким яратганини савол қилсанг. Албатта айтадиларки: «Аллоҳ халқ қилган». Бас, гшундай экан, Аллоҳнинг ибодатидан қайси тарафга юзлари ўгирилади. Муҳаммаднинг: «Эй Парвардигоро бу қавм ҳаргиз иймон келтирмайди» – деган сўзи бизга маълумдир. Эй Муҳаммад, сен бу кофирлардан юз ўгир ва айтки: «Мен таслим қилиб сизлар билан видоъ қиламан». Яқинда булар қилган амалларининг жазосини биладилар.

Орқага Олдинга