Маккада нозил бўлиб, 45 оятдир.Қоф ҳарфи билан бошланганлиги учун бу номни олган.
Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-8. Улуғ Қуръонга қасамки, сен Худонинг пайғамбаридирсан. Кофирлар мункир бўлдилар. Муҳаммад пайғамбар бўлиб келганига ажабланиб айтадиларки: «Биз турганда Муҳаммаднинг пайғамбар бўлгани ажабланарли ишдир.» Яна таажжуб билан айтадиларки: «Вақтики биз ўлиб кетсак ва тупроқ бўлиб кетсак, яна ҳаётга қайтамизми? Бу қайтиш ниҳоятда ақлдан узоқ, мумкин бўлмаган ишдир.» Албатта Биз ер буларнинг жасадларида қанча миқдорда кам қилганини биламиз. Бизнинг наздимизда буларнинг ёзилган китоби бор. Лекин булар ҳақ динни инкор қиладилар ва Қуръон келганда такзиб (ёлғончи) қиладилар. Булар бу дин тўғрисида изтиробга тушиб қолганлар. Теппаларидаги осмонга назар қилсалар бўлмайдими? Биз уни қандай бино қилганмиз ва қандай зийнат берганмиз? Бу оснонда ҳеч қандай тешиклар ва ёрилган жойлар йўқдир. Ерга назар қилсалар бўлмайдими? Биз ерни оёқларнинг остига ёзиб қўйганмиз ва унинг устида оғир тоғлар яратганмиз ва ҳам ерда ҳар хил хурсанд қиладиган гиёҳлар яратганмиз, токи ҳар бир Худога ружуъ қилган бандага насиҳат бўлсин. Ва Аллоҳнинг маърифатига далил бўлсин.
9-11. Биз осмондан баракотли ёмғирлар нозил қилдик ва унинг сабаби билан боғу бўстонлар яратдик. Ва ўриб олинадиган донлар, баланд қоматли хурмолар.ғ кўкартирдик. Унинг мевалари кўплигидан осилиб, бир-бирига суяниб қолгандир. Булар ҳаммаси бандаларга ризқ учундир. Бу ёмғирлар билан қуриб қолганшаҳарларни обод қилдик. Ва ерларга ҳаёт бағишладик. Сизларнинг қабрдан тирилиб чиқишларингиз ҳам шунга ўхшайди.
12-14. қурайш қавмидан илгари Нуҳ қавми, Росс (қудуқ) аҳли (Шуайб (а.с)га мункир бўлгани учун қудуққа тушиб кетган қавм), Самуд қавми, Од қавми, Фиравн қавми, Лутнинг биродарлари, Айка аҳли ва Туббаъ қавми ҳам ҳаммаси ўз пайғамбарларини такзиб (ёлғончи) қилиб, иймон еклтиришдан бош тортган эдилар. Буларга Бизнинг тарафимиздан азоб ваъдаси собит бўлди.
15-18. Биз инсонни олдин яратганимизда ожиз бўлиб чачаган эдикми, энди бу кофирлар Бизнинг янгидан яратишимизга шубҳа қиладилар? Биз инсонни яратганмиз. Нафси хотирага нима келтирса, биламиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз. Эй Муҳаммад, банданинг ўнг тарафида ва чап тарафида ҳозир бўлган ёд олувчи икки фариштани фикр қилгин. Ҳар бир сўзни оғзига олса ёки бирон бир иш қилса, бў фаришталар у банданинг ёнида ҳозирдирлар ва Номаи аъмолига ёзадилар.
19-22. Вақтикиўлимнинг беҳушлиги бандага келса, малоикалар айтадиларки: «Сен ўлимдан қочар эдинг, энди сенга келди.» сўнгра Ҳазрат Исрофил тарафидан ўликларни қабрдан чиқариш учун сур чалинади. Малоикалар айтадиларки: «сизларни у дунёда бу куннинг келишидан қўрқитилар эди. Мана энди ҳар бир нафс учун келди. У билан бирга машҳаргоҳга ҳайдаб борувчи ва гувоҳлик берувчи (фаришта) маҳшаргоҳга ҳозир бўлади. Эй инсон, сен дунёда бу кунни кўрмаган ва ғафлатда эдинг. Энди сенинг кўзингдан пардани кўтардик. Энди сенинг кўзларинг ўткирдир, бу унни кўриб турибди.
23-30. Ҳар бир кофирга ҳамоҳ бўлиб юрган муаккал фаришта айтадики: «Мана бунинг Номаи аъмоли менинг наздимда ҳозирдир.» кейин буларни Жаҳаннамга ҳукм қилинади. Худо тарафидан дўзахга элтувчи икки фариштага амр бўладики: «Бу Худонинг ваҳдониятига шак қилган, ҳаддидан ошган, яхшиликни ман қилувчи саркаш кофирларни жаҳаннамга ташланглар. Булар Худога шерик иснод қилганлар. Буларни азобнинг қаттиқ жойига ташланглар.» Кейин гумроҳ банданинг ҳамроҳи бўлган шайтон айтадики: «Худоё, мен буни гумроҳ қилганим йўқ, балки ўзи узундан-узоқ гумроҳликка мубтало эди.» Худо айтадики: «Менинг олдимда жанжал қилманглар. Мен илгари сизларга огоҳлантирувчилар юборган эдим. Сизлар мункир бўлгансизлар. Энди Менинг хузуримда ваъдаларги хилоф қилинмайди ва сўзлар ўзгармайди.» Биз ҳеч ьир ьандага зулм қилгувчи эмасмиз, балки ўзлари амалларининг жазосини тортадилар. Қиёмат куни Жаҳаннамга: «Сен тўлдингми?»- деб аётамиз. Жаҳаннам жавоб берадики: «Менга яна зиёда керак.» Сўнгра Парвардигор дўзахни шайтонлар билан тўлдиради.
31-35. Қиёмат куни Жаннат мутаққийларга (тақводор мўъминларга) яқин келтирилиб, рўбарўларида ҳозир қилинади. Худо тарафидан айтиладики: «Мана шу сизларга ваъда қилинган жаннатдир. Ҳар бир банда гуноҳлардан қайтиб, Худонинг ҳукмига риоя қилган бўлса, шу зотларга мана шу Жаннат ваъда қилинган эди. Ҳар кимки Парвордигорни кўрмасдан туриб қўрқса, Худога матаважжиҳ бўлган дил билан бу жойга келса, Парвардигор тарафидан айтиладики: «Саломатлик билан бу Жаннатга киринглар.» Ва мана бу сизларга абадий роҳат бўладиган кундир балар Жаннатда нимани хоҳласалар, муҳаёдир. Лекин бизлар зиёда қилиб берамиз.
36-38. Қурайшдан кўп замонлар илгари ўтган қавмларни қалок қалганмиз. Улар булардан қувватлтроқ эдилар. Ва қар шаҳарларда юриб тижорат қилар эдилар. Булар ўлимдан қочиб қутула олдиларми? Албатта бу воқеаларда ақлли одамлар учун ибрат-насиҳатлар бордир. Ёки ҳузури қалб билан қулоқ солувчиларга ибратлар бор. Биз осмонни ва ерни ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда халқ қилдик. Ваҳоланки Бизга ҳеч қандай қийинчилик ёки чарчоқ етгани йўқ.
39-45. Эй Муҳаммад, яҳудийларнинг айтган сўзларига сабр қил ва Парвардигорингга ҳамд билан тасбеҳ айт. Қуёш чиқмасдан илгари ва ботмасдан илгари намоз ўқигин, яъни Бомдод намози, Пешин намози, Аср намозини ўқигин. Кеч бошлангандан кейин ҳам Парвардигорга тасбеҳ айтгин (Шом ва Ҳуфтонни ўқигин). Саждаларнинг орқасидан ҳам тасбеҳ айтинг(намозларнинг орқасидан ҳам витр наози ёки нафл намози ўқигин). Эй Муҳаммад, Исрофил яқин жойда туриб сур чаладиган кунда, (сурнинг овозини) эшитгин. Ўша кун ҳамма ҳалқ қабрдан чиқадиган вақтларда қаттиқ овоз эшитадилар. Биз бандаларга дунёда ҳаёт берамиз. Сўнгра ўлдирамиз. Ҳамма бизнинг ҳузуримизга қайтади. Ерлар ёрилиб ўликлардан парда кўтариладиган ва ўликлартезлик билан қабрдан чиқиб, нидо қилувчи тарафига югирадиган ўша кунни ёд қилгин. Буларни тўплаш Бизга осондир. Биз бандаларнинг айтган сўзларига донодирмиз. Сен буларнинг амалларига мусаллат (жавобгар) эмассан. Сен буларга Қуръон билан насиҳат қилгин. Менинг азобимдан қўрқувчиларга насиҳат қилгин.