loader

053. Нажм сураси

Маккада нозил бўлиб, 62 оятдан иборат. Фақат 32-ояти Мадинада нозил бўлган.

Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

 1-12. Ғуруб бўлган вақтдаги юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибларингиз, яъни Муҳаммад алайҳис салом гумроҳ бўлгани йўқ ва ғалам қилгани ҳам йўқ. Буни У ўз нафсининг хоҳиши билан гапирмайди, балки унинг айтганлари Худо тарафидан юборилган ваҳийдир.
 Муҳаммадга қувватли ва ҳам соҳиби ҳусн Жаброил таълим берган. Бас Жаброил осмоннинг канорасида рост турди, кейин Жаброил Пайғамбарга яқин бўлди. Кейин сўзлаш учун бошини яқин қилди. Бас Муҳаммад (с.а.в) билан Жаброилнинг ўрталаридаги масофа икки камон миқдорича ё ундан ҳам камроқ эди. Кейин Худо буюрган ҳукмни Худонинг бандаси Муҳаммадга ҳабар берди. Пайғамбарнинг кўрган нарсасини дили тасдиқлади. Эй кофирлар, Муҳаммаднинг Меърожда кўрган нарсаларига жанжал қиласизларми?

13-18. Муҳаммад алайҳис салом Жаброилни иккинчи марта асл суратида «Cидратул мунтаҳа» дарахтининг олдида кўрдилар. Сидратул мунтаҳанинг олдида муттақийлар ором оладиган Жаннати бордир. Ўша вақтда сидра дарахтини парда қоплаб олган эди. У вақтда Муҳаммаднинг кўзи хато қилмади ва мақсаддан чалғимади. Парвардигорининг улуғ оятларини кўрди.

19-25. Лот Уззо ва Манотни кўрдиларингми? Буларни ва малоикаларни Худонинг қизлари деб эътиқод қилдиларинг. Оё сизларга ўғил болсин, Худога қизлар бўлсинми? Вақтики шундай тақсим қилар экансизлар, бу қисматларинг ноинсофлик ва адолатсизликдир. Буларнинг номларини ўзларинг ва ота-боболаринг қўйгандир. Аллоҳ тарафидан ҳеч қандай ҳужжат йўқдир. Мушриклар ўз гумонларига ва нафслари истаган нарсага тобеъ бўладиларю. Ваҳоланки буларга Худо тарафидан ҳидоят, яъни китоб ва Расул келган. Шунга тобеъ бўлишлари керакю Оё инсонга яъни кофирларга орзу қилган нарсалари муяссар бўлаверадими? Охират ва дунё ҳаммаси Худонинг мулкидир.

26-30. Осмондаги кўп малоикаларнинг шафоатлари Парвардигорнинг наздида ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Магар Аллоҳ таоло хоҳлаганига рухсат ва розилик берса, у шафоат манфаат қилади. Охиратга иймонлари йўқ кофирлар малоикаларга хотинларнинг номини берадилар. Уларда малоикалар тўғрисида ҳеч қандай илм йўқ. Магар гумонларига тобеъ бўладилар. Гумонлари ҳақиқатни билишда ҳеч қандай ёрдам бермайди. Бизнинг Қуръондан юз огирган ва дунё ҳаётидан бошқа нарсани истамаган кофирлардан сен ҳам юз огиргин. Буларнинг илмларининг етган жойи шудир. Албатта Парвардигоринг йўлдан адашганларга ва ҳидоят топганларга донодир.

31-32. Ердаги ва осмондаги нарсалар Худонинг мулкидир. Оқибат ёмон амал қилувчиларнинг амалларига яраша жазо беради. Ва яхши амал қилувчиларга ажр-мукофот беради. Солиҳ кишиларки, катта гуноҳлардан ва фаҳш ишлардан ҳазар қиладилар. Магар кичик хатолар агар содир бўлса, Худо уни авф этади. Алоҳнинг мағфирати кенгдир. Аллоҳ таоло сизларнинг аҳволларингизга донодир. Чунки сизларнинг боболарингиз-Одамни ердан халқ қилганмиз. Ва сизларни нутфадан яратганмиз. Вақтики сизлар оналарингизнинг қорнида гўдак эдиларинг, у вақт ҳам сизларнинг ҳолларингизга Парвардигор доно эди. Бас, сизлар ҳаром нарсалардан пайдо бўлгансизлар. Энди сизлар ўз нафсларингизни оқламанглар (ғурурга, фахрга берилиб, кеккайиб кетманг). Тақво билан азиз бўласизлар. Аллоҳ таоло тақво қилувчининг ҳолига донодир.

33-42. Оё, эй Муҳаммад, Ҳақдан юз огирган ва молидан(қизғаниб) хасислик қиладиган бахил кофирни кўрдингми? Оё унинг наздида ғайб илми бормики, ўшандан биладими? Оё у кофир Мусонинг саҳифасидаги ва ўз аҳдига вафо қилган Иброҳим саҳифасидаги каломдан огоҳлантирилмаганми? У калом шундан иборатки, «Ҳеч ким Қиёмат куни бошқа одамнинг юкини кўтармайди. Ва инсонга ҳеч фойда етмайди магар ўзининг амалидан бошқа. Унинг амалини текшириб кўрадилар, сўнгра унга тўлиқ ажр ёки жазо берилади. Ҳамманинг қайтадиган жойи Парвардигорнинг ҳузуригадир.»

43-62. Аллоҳ таолонинг ўзи кулдиради ва ўзи йиғлатади. Аллоҳ таоло ўзи ўлдиради ва ўзи тирилтиради. Аллоҳ таоло раҳмга тўкилган манийдан эркак ва хотинни икки қисм қилиб яратди. Яна иккинчи пайдо қилиш ҳам Худонинг қудратидадир. Албатта Аллоҳ таоло ўзи бандаларни бой қилди. Аллоҳ таоло Ўзи Шиъро деган юлдузни халқ қилувчидир. У юлдузга баъзи кофирлар ибодат қилар эдиларю Аллоҳ таолонинг Ўзи аввалги Одни ва кейинги Одни ҳалок қилди. Аллоҳ таолонинг Ўзи Самуд қавмини бирорта қолдирмасдан ҳалок қилди. Од ваСамуддан илгари Нуҳ қавмини ҳам ҳалок қилган эди. Чунки қавми ҳаммадан золимроқ ва ҳаммадан саркашроқ эди. Муътафика қавмини ерга ағдариб ҳалок қилди. Тепасига тош ёғдириб кўмиб ташлади. Бас, эй мухотаб Парвардигорингнинг қайси неъматларига шак қиласан?! Бу Муҳаммад сизларга илгари пайғамбар бўлиб келган пайғамбарлар жинсидандир. Қиёмат яқин келди. У Қиёматни Худодан бошқа зоҳир қилувчи йўқдир. Оё сизлар шу Қуръонга таажжуб қиласизларми? Масхара қилиб куласизлар, йиғламайсизлар. Қуръон ўқилган вақтда ўйин қиласизлар. Бас, сизлар Худога сажда қилинглар, ёлғиз Худонинг ўзига ибодат қилинглар.

Орқага Олдинга