Суранинг 17-оятидан ташқари барча оятлари Маккада нозил бўлган.60 оятдан иборатдир. Эронликлар билан уруш қилиб енгилган Румликлар (Византияликлар) такрор ғолиб бўлишлари ҳақида айтилгани учун бундай ном олган.
Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-7. Алиф, Лом, Мим. Буларнинг маъносига Аллоҳнинг ўзи донодир. Рум шаҳрининг насоролари яқин жойда Эрон оташпарастлари билан уруш қилиб насоролар мағлуб бўлдилар. Энди Рум насоролари яқин йилларда эронийлар билан жанг қилиб, ғолиб бўладилар. Ҳукм Худонинг ҳукмидир, хоҳ илгари бўлсин, хоҳ кейин. Шу воқеа бўлганида Макка кофирлари хурсанд бўлишган эди ва мусулмонлар ғамгин бўлган эдилар. Яна уруш бўлиб, Худонинг ёрдами билан насоролар ғалаба қилсалар, мўъминлар хурсанд бўлиб, кофирлар ғамгин бўладилар. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига ёрдам беради. Аллоҳ таоло кофирларга ғолиб, мўъминларга меҳрибондир. Бу насороларнинг ғалаба қилмоқликларига Худо ваъда қилган эди. Худо Ўз ваъдасига хилоф иш қилмайди, лекин буни кўп инсонлар билмайдилар. Одамлар дунё ҳаётида зоҳир бўладиган нарсаларни биладилар, лекин булар охиратнинг муомалаларидан ғофилдирлар.
8-9. Оё кофирлар ўз дилларида ўйлаб фикр қилмайдиларми?! Аллоҳ таоло ер ва осмонни, унинг ўртасидаги ашёларни ҳикмат ва тадбир билан халқ қилди. Уларнинг йўқ бўлишига вақтни муайян қилди. Лекин кўп одамлар Қиёмат куни Парвардигорга мулоқий (рўпара) бўлишдан мункирдирлар. Аё бу кофирлар ер юзини сайр қилиб кўрсалар бўлмайдими?! Булардан илгари ўтган одамларни оқибати нима бўлган, билар эдилар. Ваҳоланки, у одамларнинг қувват ва давлатлари булардан зиёда эди. Улар ерларни ковлаб, булардан зиёда иморат қилар эдилар. Шу одамларга Худо тарафидан пайғамбарлар келган ва мўжизалар кўрсатган эди. Лекин бу қавм кофир бўлдилар, инкор қилдилар. Охирида ҳаммалари ҳалок бўлди. Аллоҳ таоло буларга зулм қилгани йўқ, лекин (улар) ўз нафсларига ўзлари зулм қилдилар.
10-13. Динни такзиб қилувчи (ёлғонга чиқарувчи) кофирларнинг оқибати ёмон бўлади. Чунки булар Аллоҳ таолонинг оятларига мункир бўлиб, уни масхара қилар эдилар. Аллоҳ таоло инсонни нутфадан халқ қилди (яратди). Охирида йўқ қилиб, сўнгра яна ҳаёт беради. Сўнгра маҳшаргоҳга ҳозир қилинадилар. Қиёмат куни бўлганда гуноҳкорлар ўз гуноҳларидан хижолат бўлиб, ҳомуш бўладилар. Мушрикларга ибодат қилган бутлари тарафидан ҳеч қандай шафоат бўлмайди. У ҳолда кофирлар ўз бутларидан безор бўладилар.
14-16. Қиёмат қоим бўлганда одамлар гуруҳларга бўлинадилар. Бу дунёда иймон келтирганлар ва яхши амал қилган жамоаларга жаннатдан жой берилиб, нозу неъматлар билан хурсанд қилинадилар. Аммо у жамоаларки, кофир бўлганлар, Бизнинг оятларимизни такзиб қилганлар (ёлғон деганлар), охиратнинг келишига мункир бўлганлар, бас, улар азоби илоҳийга ҳозир қилинадилар.
17-19. Бас, эй мўъминлар, тунда ва тонгда, оқшому пешин пайтларида ҳам, Худони поклик билан ёд қилинглар ва намоз ўқинглар. Осмондаги малоикалар ва ердаги мўъминларнинг ҳамду санолари Худога хосдир. Аллоҳ таоло тирикни ўликдан чиқарадиган ва ҳам ўликни тирикдан чиқарадиган, яъни мўъминни кофирдан яратади, кофирни мўъминдан яратади. Шунга ўхшаш сизлар чиқариласизлар. (18 – оят Ерни тирилтирур – А. Мансурда)
20-27. Парвардигор қудратининг нишоналаридан биттаси шуки, сизларнинг бобонгиз Одам (а.с.)ни тупроқдан халқ қилди. Сўнгра сизларни нутфадан яратди. Энди сизлар инсон бўлиб, ер юзининг ҳар жойида мутафарриқ (ҳар хил турли бўлиб, тарқалиб) яшайсизлар. Яна Парвардигорнинг қудратидан нишона шуки, сизларни ўз жинсларингиздан роҳатланишингиз учун жуфтлар яратди. Сизларнинг ўрталарингизда муҳаббат ва меҳрибонликни пайдо қилди. Парвардигорнинг бу ҳикматларини фикр қилувчи одамлар учун ажойиб ибратлар бор. Парвардигорнинг қудратидан нишона шуки, осмон ва ерни халқ қилди. Сизларнинг тилларингизни ва рангларингизни ҳар хил қилди. Олим ва донолар учун бунда ибрат оладиган ҳикматлар бор. Аллоҳ қудратининг яна бир нишонаси шуки, кечаси ором олиб ухлайсизлар, кундузи Худонинг муқаррар қилган ризқини талаб қиласизлар. Бу сўзларни эшитгувчиларга бунда ажойиб панду насиҳатлар бор. Аллоҳ таолонинг қудратларидан бир нишона шуки, Аллоҳ таоло сизларга булутларда чақмоқни кўрсатади. Буни кўргандан сўнг, ваҳм, қўрқув ва ҳам умидворлик пайдо бўлади, яъни яшиндан қўрқасизлар ва ёмғирдан умидвор бўласизлар. Сўнгра осмондан ёмғир ёғдиради. У ёмғирнинг баракоти билан қуриб қолган ерлар кўкаламзор бўлур. Доно қавмлар учун Парвардигор қудратининг нишоналаридан яна бири шуки, ер билан осмон Худонинг ҳукми билан қоим туради, сўнгра Қиёмат қоим бўлганда Исрофил (а.с.) сури билан сизларни чақирганда, сизлар ногоҳ қабрларингиздан чиқариласизлар. Осмондаги малоикалар ва Ердаги инсонлар - ҳаммалари Худонинг бандалари, ҳаммалари Парвардигорга фармонбардордир. Парвардигор шундай зотки, аввалида ҳайвонларни, яъни жондорларни халқ қилди, кейин ўлдиради, сўнгра тирилтиради. Бу Парвардигорга осон. Ерда ва осмонда Аллоҳ таолонинг шаъни улуғдир. Аллоҳ таоло ҳар нарсага ғолиб, қилган ишлари ҳикматлидир.
28-29. Сизларга Аллоҳ таоло ўз нафсларингиз аҳволидан мисол келтиради. Мисол шундан иборатдирки, оё сизлар ўзингиз учун бир нарсани раво кўрасизларми, бозордан сотиб олган ғуломларингиз мен сизларга берган давлатга шерик бўлишларини, сиз билан ғуломларингиз ҳуқуқлари баробар бўлишини, молларингизни тасарруф қилишларини истайсизларми? Балки буни ҳаргиз истамайсизлар! Нафсларингизга ҳукумрон бўлишларидан қўрққандек, молларингизга ғуломларингизни эга бўлишларидан қўрқасизлар. Шундоқ бўлгач, сизлар ҳам Парвардигорни бандасисизлар. Демакки, Парвардигор ҳам сизларни ўз мулкига шерик қилишни хоҳламайди. Доно ва оқил қавмлар учун оятларимизни шундай баён қиламиз. Балки золимлар хавойи нафсларига ҳеч далилсиз тобе бўладилар. Худо гумроҳ қилганларини ким ҳидоят қила олади?! Қиёмат куни буларга Худонинг азобидан нажот берувчи ҳеч бир ёрдамчи йўқдир.
30-32. Эй Муҳаммад (САВ), ботил динларга мойил бўлмасдан ихлос билан Ислом динига мутаважжиҳ бўл ва ҳам фитрати Исломийяга мойил бўл. Аллоҳ таоло ҳамма халқни Ислом фитрати билан яратди, улардан иқрор (аҳд) олди. Ушбу Худо халқ қилган фитрати Исломийяда ҳеч қандай тағаййур (ўзгариш) ва табдил (алмашиш) бўлмайди. Бу дин Ҳақ ва Тўғридир. Лекин кўп одамлар жоҳилдирлар, билмайдилар. Бу халқлар Худонинг ҳузурига қайтувчидирлар. Парвардигордан қўрқинг, намозни ўз вақтида адо қилинг, намозни инкор қилиб, мушриклардан бўлманг! Ҳар хил ботил динларга эътиқод қилиб фирқа-фирқа бўлган гуруҳлардан бўлманглар. Ҳар бир фирқа ўзларини қилган амаллридан хурсанддирлар.
33-37. Қачонки, инсонларга Худо тарафидан кулфат келса, Худога ружуъ қилиб (юзланиб), тазарруъ билан ёлвориб, Парвардигордан буларни даф қилишини сўрайдилар. Қачонки, биз раҳм қилиб, балони даф қилсак ногоҳ булардан бир тоифаси Парвардигорга шерик муқаррар қиладилар. Бизнинг ато қилган неъматларимиз бадалига ношукурлик қиладилар. Бас, эй кофирлар, дунёдан вақтинча фойдаланиб туринглар. Кейин сизларнинг амалларингизга қандоқ жазо берилишини биласизлар. Бизни тарафимиздан кофирлар ширкларининг ҳақлигини баён қиладиган бирор бир ҳужжат йўқ. Балки ўзларини ёлғондан тўқиб чиқарган динларидир. Агар бизни тарафимиздан бандаларга меҳрибонлик бўлса, осойишта бўлсалар, хурсанд бўладилар. Агар амалларига яраша кулфат етиб қолса, ногоҳ булар Худонинг раҳматидан ноумид бўладилар. Кўрмайдиларки, Аллоҳ таоло хоҳлаган одамга ризқни кенг қилади, яна бошқасига камроқ қилади?! Аллоҳ таолонинг бу муомаласида мўъминлар учун ибратлар бордир.
38-41. Эй Муҳаммад (САВ), ғанимат молидан қариндошларинга, мискинларга бериб ҳақларини адо эт. Бу тариқа эҳсон, Худонинг ризосини талаб қилувчиларга яхшидир. Шу тариқа эҳсон қилувчилар қиёмат куни нажот топадилар. Ҳар нафақа ва ҳар ҳадяни, менга ҳам бир куни эҳсон қилар деган умид билан, бир-бирларинга берасизлар. Бу хилдаги эҳсон Худонинг олдида баракот ҳам пайдо қилмайди, савоби ҳам бўлмайди. Эй мўъминлар, Худонинг ризосини талабида молларингдан закот берасизлар, бас, шу хилдаги закот берувчилар Худони берган баракоти билан ўз молларини зиёда қилувчидирлар. Аллоҳ таоло сизларни халқ қилди (яратди). Сўнгра сизларга ризқ берди. Кейин умрларинг тамом бўлганда ўлдиради. Сўнгра сизларга яна ҳаёт беради. Энди эй мушриклар, айтингларчи, сизларни менга шерик қилган "худолар"инг сизларнинг ҳаққингизда шундай ишларни қилишга қудратлари борми? Аллоҳ таоло мушрикларни қилган шерикларидан пок ва олийдир. Инсонларнинг қилган амалларини шумлигидан қуруқликда ёмғир ёғмасдан, дарёларда тўфонлар туриб кемалар ғарқ бўлиб, фасод пайдо бўлади. Аллоҳ таоло бу одамларни қилган амалларига яраша балоларни юборади. Шоядки булар тавба қилиб Худо тарафига ружуъ қилсалар (қиларлар), деб.
42. Эй Муҳаммад (САВ), мушрикларга айт, сайр қилиб кўринглар сизлардан илгари ўтган қавмларни оқибатлари нима бўлган. Чунки буларнинг кўплари мушрик эдилар.
43-46. Эй Муҳаммад (САВ), тўғри дин тарафга мутаважжиҳ бўл, Қиёмат кун келмасидан илгари умматларингни ҳидоят қил. Бу Кун (Қиёмат) Худо тарафидан келувчидир, ҳаргиз уни қайтариб бўлмайди. У кунда ҳамма бандалар мутафарриқ бўлиб, баъзилари жаннат тарафига кетадилар. Ҳар ким Худога кофир бўлса, куфрининг зарари ўзига. Ҳар кимки, яхши амаллар қилар экан, буларни амаллари ҳам ўз нафсларининг фойдасигадир, бу жамоа яхши амаллар қилиб, жаннатдан ўз жойларини тайёрлайдилар. Ва ҳам Аллоҳ таоло иймон келтирганларга ва яхши амал қилганларга ўз фазлу марҳаматидан яхши савоблар беради. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло кофирларни дўст тутмайди. Аллоҳ таоло қудратининг аломати шуки, бандалар тарафига шамолни юбориб, раҳмат ёмғиридан башорат беради. Ва ҳам раҳматидан сизларга боғларни ва меваларни ризқу рўз қилади. Худонинг амри билан дарёларда сув кўп бўлиб, кемалар ҳаракат қилади. Сизлар Худонинг фазлу марҳамати (сабаби)дан узоқ жойларга сафар қилиб, ризқларингизни ҳосил қиласизлар. Албатта, Худонинг бу неъматлари шукр қилишларингиз учундир.
47-50. Эй Муҳаммад (САВ), сендан илгари ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборган эдик. Бас, бу пайғамбарлар ўз қавмларига пайғамбарликларига равшан далиллар келтирдилар. У қавмларнинг баъзилари иймон келтирган бўлсалар, баъзилари кофир бўлдилар. Бас биз кофир бўлганлардан интиқом (қасос) олдик. Чунки мўъминларга ёрдам бериш бизга лозим эди. Аллоҳ таоло шундай зотки, шамол юбориб, булутларни ҳайдайди. Бас, булутларни осмон саҳнига хоҳлаганидек ёяди. Хоҳласа, булутларни пора-пора қилиб, хоҳлаган ерига юборур. Бас, уларнинг ораларидан қатра-қатра ёмғирлар чиқиб, ерга тушади. Бу ёмғирлар Худо хоҳлаган бандаларнинг ерларига ёғиб, сероб қилади. Бас, бу халқ ниҳоятда хурсанд бўладилар. Чунки, улар ёмғир ёғишидан илгари ноумид эдилар. Эй Муҳаммад, Худонинг нишоналарига назар қил, ерга қуруқликдан сўнг қандай ҳаёт бағишлайди! Албатта ўликларга ҳам шундай ҳаёт ато қилади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир.
51-54. Агар биз қаттиқ шамол юборсак ва экинларини сарғайган, қуриб қолган ҳолда кўрсалар, булар Худонинг бошқа неъматларига ҳам куфрони неъмат қиладилар. Эй Муҳаммад, албатта сен сўзингни ўликларга эшиттиролмайсан ва карларга уқтиролмайсан, агар улар сендан юз ўгирсалар. Эй Муҳаммад сен сўқир қалбларни гумроҳликларидан қайтара олмайсан, уларни ҳидоят қилолмайсан. Сенинг насиҳатларингни фақат мўъминлар эшитиб, қабул қиладилар. Аллоҳ таоло шундай зотки, сизларни нутфадан халқ қилди (яратди). Сўнгра сизларни заифлик ҳолатидан чиқариб қувват берди. Сўнгра сизларни ёшлик қувватидан кейин мўйсафид ва яна заиф қилди. Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини пайдо қилади. У бандаларнинг ҳолатига донодур. Ҳар бир нарсага қуввати етади.
55-56. Қиёмат куни қоим бўлганда кофирлар қасамёд қилиб айтадиларки: «Биз дунёда бир соатдан ортиқ турганимиз йўқ». Бу кофирлар у дунёда ёлғон айтиб, ҳақиқатга мункир бўлардилар. Охиратда ҳам шу тариқа ҳақиқатдан мункир бўладилар. Ҳақиқатан илм ва иймон ато қилинган мўъминлар кофирларга айтадиларки: «Нима учун ёлғон айтасизлар?» Сизларни дунёда қанча яшаганингиздан то қабрдан турганингизгача Лавҳул махфузда ёзилган. Лекин сизлар ўта жоҳилликларинг боис инкор қилиб турибсизлар».
57-60. Бас, Қиёмат куни бўлганда кофирларнинг узрлари қабул қилинмайди ва улардан Худога узр айтиш ҳам талаб қилинмайди. Бизлар бу Қуръонда одамлар учун ҳар тўғрида ибратли мисоллар баён қилдик, токи панд олиб, ҳидоят йўлига кирарлар. Лекин, эй Муҳаммад, бу мункирларга ҳар қандай мўъжиза кўрсатсанг ҳам, улар сизларга: «Ҳаммангиз ботил диндасизлар» деб тураверади. Парвардигор бу нодон сўқир дилларга шуноқ муҳр босган, (улар) Ҳақ йўлни билмайдилар. Эй Муҳаммад, буларнинг озорларига сабр қил! Шубҳасиз, сенга Худонинг ваъда қилган ёрдами ҳақдир. Бу кофирлар сен ваъда қилган азоб тўғрисида шошилмасинлар! Сен сабр қил, азоб муқаррар келади.