Абаса-юзини буриштирди, хўмрайди деган маъноларни англатади. Сура аввалида Расулуллоҳ ҳузурларига Абдуллоҳ ибн Умми Мактум номли бир кўзи ожиз мусулмон келиб, диний савол сўрамоқчи бўлганларида, уни малол олиб, илтифот қилмай, Макка зодагонларини даъват қилиш билан банд бўлганлари учун Аллоҳдан олган танбеҳлари баён этилган. Сура давомида инсоннинг яратилиши, яшаши ва вафот этиши, у истеъмол қиладиган ноз-неъматлар, Қиёмат кунидаги одамларнинг ғам-ташвишлари, ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолиши, яхшиларнинг юзлари ёруғ, ёмонларнинг юзлари эса шувит бўлиши каби маълумотлар берилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1 (Муҳаммад) юзини буриштирди ва юз ўгирди.
2 Зеро, унинг ҳузурига кўзи ожиз одам келган эди.
Изоҳ: Бу келган одам Абдуллоҳ ибн Умми Мактум исмли кўзи ожиз киши эди. У Расулуллоҳнинг банд эканликларини сезмай ўзининг саволларига жавоб олишга ҳаракат қилади. Ундан малолланган Пайғамбаримиз (а.с.)нинг юзлари буришди ва саволларига жавоб ҳам бермадилар. Бу муомала Ҳақ таолога хуш келмади ва мазкур оятлар билан танбеҳ берди. Танбеҳни ҳам: "Юзингни буриштирдинг" демасдан, "Юзини буриштирди", -деб учинчи шахс сийғасида айтди. Бу эса унча қаттиқ ботмайди. Расулуллоҳнинг ўзлари олий хулқ эгаси бўлатуриб, бир кўзи ожиз одамга шундай хунук муомала қилдиларми, деган савол туғилиши мумкин. Йўқ, асло! Биринчидан, ўзлари Макка зодагонларини ҳидоят сари йўналтираоламанмикан, деб умид билан ҳаракат қилиб турганларида биров келиб ишидан чалғитган ҳолатни тасаввур қилиб кўринг. Бошқа ҳар қандай одам ул зотнинг ўрнида бўлганида ҳам уни жеркиб ташлаган бўлур эди. Лекин Расул (а.с.) юзларини буриштириш билан кифояландилар. Буни у аъмо киши пайқагани ҳам йўқ. Лекин улуғларнинг озгина саҳву хатоси ҳам бошқаларга нисбатан катта ҳисобланади. Бинобарин, Ҳақ Таоло Ўз ҳабибини огоҳлантириб қўйди. Чунончи, тасаввуфда бир ибора бор: "Оддий яхши одамларнинг савобли ишлари Аллоҳга яқин зотларнинг гуноҳлари билан баробардир".
3 (Эй, Муҳаммад,) Сиз қаердан ҳам билурсиз, эҳтимол, у (Сиздан фойдаланиб, ўз гуноҳларидан) покланар
4 ёки эслатма олар-да, сўнг бу эслатма унга фойда берар?!
5 Аммо, бой кимсага эса,
6 бас, Сиз (эътибор бериб) мутасаддилик қилмоқдасиз.
7 Ҳолбуки, унинг (ўз куфридан) покланмаслиги Сизга зарарли эмас эди.
8 Энди, олдингизга югуриб
9 (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида келган киши эса,
10 бас, Сиз ундан чалғимоқдасиз.
11 Йўқ, (бундай қилманг)! Албатта, улар (Қуръон оятлари) айни эслатмадир.
12 Бас, ким хоҳласа, (уни) ёд этар.
13 (У оятлар Аллоҳ наздида) мукаррам саҳифаларда
14 (яъни,) қадри баланд, покиза (саҳифаларда)
15 котиб (фаришта)лар қўлларидадир.
16 (Улар) карамли ва итоатлидирлар.
17 Ҳалок бўлгур инсон бунчалар кофир бўлмаса!
18 (Аллоҳ) уни қайси нарсадан яратди ўзи?!
19 (Бир ҳақир) нутфадан яратиб, сўнг уни (туқилиш вақтини) белгилаб қўйди.
20 Сўнгра унга (туқилишда) йўлни осон қилди.
21 Сўнгра унга ўлим бериб, қабрга киритди.
22 Сўнгра Ўзи хоҳлаганда, уни яна қайта тирилтирур.
23 Йўқ! У буюрган нарсани сира адо этмади.
24 Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин!
25 Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик.
26 Сўнгра ерни (гиёҳлар ундириб) ёрдик.
27 Сўнгра Биз унда донларни ундирдик,
28 узум ва кўкатларни,
29 зайтун ва хурмоларни,
30 қалин дарахтзор боғларни,
31 меваю гиёҳларни ҳам.
32 Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир.
33 Бас, қачонки, (қулоқларни) кар қилувчи (қичқириқ) келганда (сур иккинчи марта чалинганда),
34 ўша Кунда киши ўз биродаридан қочур.
35 Яна онаси ва отасидан ҳам,
36 хотини-ю, ўғилларидан ҳам (қочур).
37 (Чунки) у кунда улардан ҳар бир киши учун ўзига етарли ташвиш бўлур.
38 У Кунда (баъзи) юзлар ёруғ,
39 кулувчи ва хуррам (бўлур).
40 у кунда (бошқа бир) юзлар узра ғубор бўлур.
41 У (юз)ларни қаролик қоплар.
42 Ана ўшалар (фисқу) фужур қилувчи кофирларнинг ўзидирлар.