loader

007. Аъроф сураси

Аъроф - жаннат билан дўзахни ажратиб турадиган майдон, арасот. Бу майдонда жаннатга ҳам дўзахга ҳам лойиқ топилмаган кимсалар маълум муддат, яъни, вақти-соати келиб, Аллоҳ таоло уларни жаннатга равона қилишига умид боғлаб турурлар. Сурада Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб ва Мусо пайғамбарларнинг қиссалари, тавҳид, имон-еътиқод, қиёмат, ҳисоб-китоб масалалари ва бошқа муҳим маълумотлар берилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1     Алиф, Лом, Мим, Сод.
2     (Бу Қуръон) Сизга нозил қилинган Китобдир. У билан (умматингизни) огоҳлантиришингизда кўксингизда ундан танглик (шак) бўлмасин. У (Қуръон) мўминлар учун эслатма ҳамдир.
3     Раббингиздан сизларга нозил қилинган нарса (Қуръон таълимоти)га эргашингиз, ундан бошқа "дўстлар"га эргашмангиз! Эслатмадан жуда кам таъсирланмоқдасизлар.
4     Қанчадан-қанча қишлоқ (аҳли)ни ҳалок қилдик - уларга азобимиз тун ёки кун уйқусида эканликларида келди.
5     Уларга азобимиз келганда дуолари: "Биз ўзимиз золим эдик", - дейишдан ўзга бўлмади.
6     Албатта, (пайғамбар) юборилганлар билан ҳам, пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз.
7     Уларга, албатта, (қилмишларини) билган ҳолда сўзлаб берурмиз. Биз ғойиб эмасмиз.
8     Ўша куни вазн (амалларни ўлчаб тортишлик) ҳақиқатдир. Кимнинг мезонлари (амаллари) оғир келса, айнан ўшалар толеи ёр кишилардир.
9     Кимнинг мезонлари (амаллари) енгил келса, ана ўшалар оятларимизга зулм (инкор) қилганлари сабабли, ўзларига зиён қилганлардир.
10     Албатта, сизларни Ерда қарор топтирдик ва унда сизлар учун маиший воситаларни (пайдо) қилдик. (Лекин) жуда оз шукр қилурсизлар.
11     Албатта, (Биз) сизларни (Одам Атони) яратдик, сўнгра сизларга (унга) суврат бердик, сўнгра фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" - дедик. (Улар) сажда қилдилар, илло Иблис сажда қилувчилардан бўлмади.
12     (Аллоҳ) айтди: "Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монеълик қилди?" У деди: "Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг".
13     Айтди: "Ундан (жаннатдан) чиқ! У ер (жаннат)да такаббурлик қилишинг сенга (жоиз) эмас. Бас, чиқ! Албатта, сен ҳақирлардандирсан."
14     (У) деди: "Мени (инсонлар) тирилтириладиган кунгача кечиктир!"
Изоҳ: Яъни то қиёматгача мени жазоламай тур.
15     Айтди: "Албатта, сен кечиктирилганлардансан".
16     У (аламидан) деди: "Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман.
17     Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан".
18     Айтди: "Ундан (жаннатдан) айбланган ва ҳайдалган ҳолингда чиқ! Қасамёд этаманки, кимки сенга эргашса, сизларнинг барчангиз билан жаҳаннамни тўлдиражакман".
19     (Биз дедик): "Эй, Одам! Жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатда турингиз ва хоҳлаган жойингиздан тановул қилинг! Фақат ушбу дарахтга (мевасидан ейиш учун) яқинлашмангиз. Акс ҳолда золимлардан бўлурсиз!"
20     Сўнгра шайтон уларнинг ёпилган авратларини очиб юбориш (шарманда қилиш) учун иккисига васваса қилди* ва айтди: "Раббингиз сизларни фаришталарга айланиб қолмасинлар ёки (жаннатда) мангу қолувчилардан бўлмасинлар дебгина сизларни ушбу дарахтдан ман этди".
Изоҳ: Бу оятдан маълум бўладики, сатри аврат, яъни, авратни очмасдан ёпиб юриш Одам
Атодан бошлаб инсон табиатида мавжуд экан.
21     Яна иккисига қасам билан: "Мен сизларга (холис) насиҳатгўйлардандирман", - деди.
22     Шундай қилиб (шайтон) уларни (ноқулай ҳолатга) туширди. Дарахт (меваси)дан тотиб кўришлари биланоқ, иккисининг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Шунда уларга Парвардигорлари: "Сизларни ўша дарахтдан ман этмаганмидим ва шайтон сизларнинг яққол душманингиз, демаганмидим?!" - деб нидо қилди.
Изоҳ: Яъни тақиқланган мевадан еб қўйганларидан кейин қоринлари оғриб, бўшалиш зарурати туғилди. Бўшалиш асносида эса авратлари очилиб қолди. Сўнгра авратларини анжир ёки банан япроқлари билан ёпишга ўтдилар.
23     Иккиси айтдилар: "Эй, Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз".
24     (Аллоҳ) деди: "Бир-бирингизга нисбатан душман бўлган ҳолингизда (жаннатдан) тушингиз! Сизлар учун (маълум) вақт (ажалингиз етгун)гача Ерда қарор олиш ва фойдаланиш (бордир)".
25     (Яна) деди: "Унда яшайсизлар, унда ўлурсизлар ва ундан (охиратда) чиқарилурсизлар.
Изоҳ: Яъни Ерда яшаб, Ерга кўмилиб, сўнгра қиёматда Ердан тирилтирилган ҳолатда чиқарилурсизлар.
26     Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси бу яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!
Изоҳ: Оятдан маълум бўладики, авратларни ёпадиган кийим асосий кийим, бошқа қўшимча кийим-кечаклар эса зебу зийнат ҳисобланар экан. "Лекин, - дейди Парвардигор, - бу либосларингиз уятдан, иссиқ-совуқдан сақласа, тақво либоси охират азобидан сақлайди." Демак, қимматбаҳо кийимлардан кўра ҳам тақвони либос қилиб кийиб олиш яхшироқ экан.
27     Эй, Одам авлоди! Шайтон ота-оналарингиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини уларга фош қилиш (уялтириш) учун жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Зеро, у ва унинг тўдаси сизлар уларни кўра олмайдиган тарафдан сизларни кўрадилар. Биз шайтонларни имон келтирмайдиганларга дўст қилиб қўйдик".
28     (Мушриклар) бирор фаҳш иш қилсалар: "Ота-боболаримизни шу (одат) узра топганмиз. Уни бизга Аллоҳ (Ўзи) буюрган", - дейдилар*. (Сиз уларга): "Аллоҳ асло фаҳш ишларга буюрмайди. Аллоҳ шаънига ўзларинг билмаган (гап)ларни айтаверасизларми?!" - деб айтинг!
Изоҳ: Мушриклар Аллоҳдан бошқа сохта маъбудаларга сиғинишни ва яланғоч ҳолда Каъбани тавоф қилишни ота-боболаримиздан бизларга қолган мерос деб даъво қилар эдилар.
29     (Яна) айтинг: "Раббим адолатли бўлишга буюрган. Ҳар бир масжид (намоз) олдидан юзларингиз (дилларингиз)ни тўғри қилинг! Унга (Аллоҳга) динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингизлар. Сизларни (аввал бошда ярата) бошлаганидек, (қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар".
30     Бир гуруҳни ҳидоятга йўллади, (бошқа) бир гуруҳга эса залолат (битилгани) ҳақ бўлиб чиқди. Зеро, улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни дўст қилиб олиб, уларни тўғри йўлдагилар деб ўйлайдилар.
31     Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар! Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди.
32     Айтинг: "Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?" Айтинг: "У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса, холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)". Шундай қилиб, оятларни биладиган қавмларга муфассал баён қилурмиз.
33     Айтинг: "Раббим фақат фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ гуноҳ ва тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди".
34     Ҳар бир умматга (жазо учун) муҳлат (белгиланган). Қачонки, уларнинг муҳлати келар экан, (уни) бирор соат кечга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар.
35     Эй, Одам авлоди! Агар сизларга ўз (жинс)ларингиздан бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сизларга ўқиган ҳолда келсалар, (билиб қўйингизки,) кимки тақволи бўлиб, (ўзини) тузатса, у (каби)ларга хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар.
36     Оятларимизни ёлғонга чиқарган ва улардан (ўзларини юқори тутиб) кибр қилганлар - ана ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар у ерда мангу (қолувчи)дирлар.
37     Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган (одам)дан ким ҳам золимроқ экан?! Ана ўшаларга Китобдаги (яшаш) насибалари битгач, вафот эттирувчи фаришталаримиз уларга келганларида: "Аллоҳни қўйиб илтижо қилган нарса (бут)ларинг қани?!" - деганларида, улар: "Биздан йўқолдилар", - дейишади. Ўзларининг зарарларига кофир бўлганлари тўғрисида гувоҳлик берурлар.
38     (Уларга Аллоҳ) айтади: "Сизлардан олдин ўтган жин ва инсдан иборат (кофир) умматлар ичида (сизлар ҳам) дўзахга кирингизлар!" Ҳар бир уммат (дўзахга) кирганда, шеригини лаънатлайди. У ерда бир-бирлари билан жам бўлиб топишишгач, охирги (уммат) ўзидан олдингиси ҳақида: "Эй, Раббимиз! Ана ўшалар бизни адаштирганлар. Уларга дўзах азобини икки баробар (қилиб) бергин!" - дейдилар. (Шунда Аллоҳ): "Ҳар бирларингиз учун икки баробардир, лекин (сизлар бунинг ҳикматини) билмайсизлар", - дегай.
39     Аввалгилари кейингиларига айтадилар: "Сизларнинг бизлардан ортиқлигингиз йўқ. Қилмишларингизга яраша (ушбу) азобни тотаверингизлар!"
40     Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарган ва улардан кибрланиб бош тортганлар учун осмон эшиклари сира очилмагай ва нина кўзидан туя ўтмагунга қадар жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни ана шундай жазолагаймиз.
Изоҳ: Нина тешигидан туя ўтмагунча деб шарт қўйиш ўша ишнинг ҳеч қачон амалга ошмаслигидан далолатдир. Яъни, оятларимизни инкор этувчи мутакаббир кишилар ҳеч қачон жаннатга кирмаслар.
41     Уларга жаҳаннам (ўти)дан (остиларига) гилам ва устиларига ёпинчиқ (бўлур). Золимларни ана шундай жазолагаймиз.
42     Имон келтирган ва солиҳ (савобли) ишларни қилганлар эса - ҳеч бир жонни тоқатидан ортиққа мажбур этмаймиз - айнан ўшалар жаннат аҳлидирлар. Улар у ерда мангу (қолувчи)дирлар.
43     Дилларидаги (ўзаро) адоват (тўйғулари)ни суғуриб ташлаймиз. Остиларидан анҳорлар оқажак. (Шунда) айтурларки: "Ушбу (неъматлар)га бизни бошлаб келган Аллоҳга ҳамд (айтамиз). Агар бизни (Ўзи) бошламаганида, (ўзимизча) йўлни топа олмаган бўлур эдик. Раббимизнинг элчи (пайғамбар)лари ҳақиқатни келтирган эканлар". Уларга нидо қилинурки: "Мана шу - жаннат. Қилган (савобли) амалларингиз сабабли у сизларга мерос қилиб берилди".
44     Жаннат аҳли дўзах аҳлига (қиёмат куни): "Раббимиз бизга ваъда қилган нарса (жаннат)ни биз ҳақ эканини топдик. Сизлар ҳам Раббингиз ваъда қилган (огоҳлантирган дўзах)нинг ҳақ эканини топдингизми?" - деб нидо қилурлар. Улар: "Ҳа", - дейдилар. Сўнгра ўрталаридан бир жарчи (фаришта чиқиб) жар солади: "Золимлар узра Аллоҳнинг лаънати (ёғилсин)!
45     Зеро, улар Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган, уни қинғир қилишни истайдиган, охиратга эса ишонмайдиган эдилар".
46     (Жаннат ва дўзах аҳллари) ўрталарида парда (бордир). Аъроф (арасот) узра (жаннат ва дўзахдагиларнинг) ҳар бирини сиймолари (аломатлари)дан таниб оладиган кишилар (бўлур). Жаннат аҳлига: "Сизларга салом!" - дейдилару (киришдан) тамагир бўлиб, кира олмайдилар.
47     Кўзлари дўзах аҳли тарафига бурилиб қолса, айтадилар: "Эй, Раббимиз! Бизни бу золимлар қавми билан бирга қилиб қўймагин!"
48     Арасот аҳли сиймоларидан таниш кишиларига айтадилар: "Тўплаган (бойлик)ларингиз ва қилган кибрларингиз сизларга (кунингизга) ярамабди-ку!
49     Аллоҳнинг раҳмати етмайди, деб сиз қасам ичиб юрган (фақир мусулмон)лар ана уларми?" (Шундан сўнг Аллоҳ арасот аҳлига дейди): "Жаннатга кирингиз! Сизларга хавф йўқ ва сизлар ташвиш ҳам чекмайсизлар!"
50     Дўзах аҳли жаннат аҳлига: "Бизнинг устимизга сувдан ёки Аллоҳ сизларни ризқлантирган нарсадан тўкингиз", - деб нидо қилурлар. Улар (жавобига): "Аллоҳ (сиз сўраган) ҳар икки (нарса)ни кофирларга –
51     динларини ҳазил ва ўйин қилиб олган ва фоний дунё алдаб қўйганларга ҳаром (ман) этган", - дейдилар. Бугун ушбу Кун мулоқотини унутганлари ва оятларимизни инкор этганлари каби (Биз ҳам) уларни "унутамиз".
52     Улар (Макка аҳли)га ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи) сифатида илм билан Ўзимиз муфассал баён қилган Китоб (Қуръон)ни келтирдик.
53     Улар (эса) унинг (аниқ маънолари қолиб,) таъвили (бошқача мазмун берилиши)ни кутадилар. Таъвили келган куни (қиёмат)да уни (Қуръонни) илгари унутган (менсимаган)лар айтадилар: "Раббимизнинг элчи (пайғамбар)лари ҳақиқатни келтирган эканлар. Бас, қани (енди) оқловчи (бут-санам)лар (бўлсаю,) бизни оқласалар ёки (дунёга яна) қайтарилсаг-у қилган ишларимиздан ўзгача иш қилсак?" (Улар) ўзларига зиён қилдилар ва тўқиб юрган (буҳтон)лари улардан ғойиб бўлди.
54     Дарҳақиқат, Раббингиз осмонлару Ерни олти кунда яратган, сўнгра Арш узра муставий бўлган, кундузга тунни қоплатадиган - уни (яъни, тун кунни) шитоб қувийди - қуёш, ой, юлдузларни Ўз амрига мусаххар (муте) қилиб қўйган Аллоҳдир. Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир. Оламларнинг Рабби - Аллоҳ баракотлидир.
55     Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди.
56     Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангизлар! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингизлар! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир.
57     У ўз раҳматининг даракчиси сифатида шамолларни юборувчи зот бўлиб, (шамоллар) оғир булутларни кўтариб олгач, уни ўлик (чанқоқ) шаҳар (усти)га ҳайдаймиз. Бас, унга сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли меваларнинг ҳар туридан чиқарурмиз. Ўликларни ҳам (қабрларидан) шу тарзда чиқарурмиз, шояд эслатма олсангизлар.
58     Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Раббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат унимсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда тасарруф этурмиз.
Изоҳ: Бу зарбул-масалдан мурод панд-насиҳат яхши одамга, яъни, мўмин кишига таъсир қилади, куфрдаги кимсага эса таъсир қилмайди, деган маънодир.
59     Дарвоқе, Нуҳни ўз қавмига (элчи қилиб) юбордик. Шунда у деди: "Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Мен сизларга буюк Кун (қиёмат) азоби (бўлиши)дан қўрқаман".
60     Қавмининг зодагонлари: "Биз сени очиқ янглиш узра кўрмоқдамиз", - дедилар.
61     (Нуҳ) деди: "Эй, қавмим! Менда янглиш йўқ. Лекин, мен оламлар Рабби (томони)дан элчи (пайғамбар)дурман.
62     Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда Аллоҳдан (келган ваҳий орқали) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман.
63     Сизларни огоҳлантириш, тақволи бўлишингиз ва раҳм қилишингиз учун сизларга Раббингиздан (келмиш) эслатма ўзларингиздан (бўлмиш) бир киши зиммасида келганидан ажабландингизми?!"
64     Шунда уни ёлғончига чиқардилар. Бас, (Биз) уни ва у билан бирга (имон келтирган)ларни кема ичида (сақлаб, тўфондан) қутқардик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларни (сувга) ғарқ қилдик. Улар (қалби) кўр кишилар эди.
65     Од (қавми)га уларнинг биродари Ҳудни (элчи қилиб юбордик). (У) деди: "Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!" 66 Қавмининг кофир бўлган зодагонлари айтдилар: "Биз сени нодонликда (эканингни) кўраяпмиз. Биз сени ёлғончиларданмикан, деб гумон қиляпмиз".
67     (У) айтди: "Эй, қавмим! Менда нодонлик йўқ. Лекин, мен оламлар Раббидан (юборилган) элчидирман.
68     Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказурман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман.
69     Сизларни огоҳлантириш учун ўзларингиздан (бўлмиш) бир киши зиммасида сизларга Раббингиздан эслатма келганидан ажабланяпсизми?! Аллоҳ сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилиб қўйган ва сизларни жисмонан зиёда қилганини эслангиз!* Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, токи сизларга толе ёр бўлсин!"
Изоҳ: Баъзи тафсир китобларида, уларнинг энг паст бўйлиси олтмиш газли бўлган, дейилади.
70     Айтдилар: "Фақат ягона Аллоҳга сиғинишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб келган нарса (бут-санамлар)ни тарк этишимизга (даъват қилиш учун) бизнинг ҳузуримизга келдингми? Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга (ўша) ваъда қилган (ва қўрқитган) нарсангни келтир!"
71     (Ҳуд) айтди: "Сизларнинг устингизга Раббингиз (томони)дан азоб ва ғазаб ёғилиб бўлган. Сизлар ва ота-боболарингиз номларини атаб (сиғиниб) юрган, Аллоҳ уларга бирор ҳужжат (ҳукм) туширмаган (бут-санамлар) тўғрисида мен билан баҳслашмоқчимисизлар?! (Азоб келишини) кутинглар! Мен ҳам сизлар билан бирга кутувчилардандирман".
72     Уни (Ҳудни) ва у билан бирга бўлган (мўмин)ларни Биздан бўлмиш раҳмат билан (азобдан) халос этдик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса қириб ташладик. (Улар) мўмин бўлмадилар.
73     Самуд қавмига биродарлари Солиҳни (пайғамбар этиб юбордик). (У) деди: "Эй, қавмим! Аллоҳга сиғининг! Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Раббингиздан сизларга ҳужжат келди. Ушбу - Аллоҳнинг мўъжиза тарзидаги туяси. Уни (ўз ҳолига) қўйинглар - Аллоҳнинг ерида ўтласин! Унга ёмонлик (нияти) билан тега кўрмангизлар! Акс ҳолда, сизларни аламли азоб тутгай".
Изоҳ: Солиҳ (а.с.) туялари ҳақидаги қисса "Ваш-шамси" сурасида ҳам баён қилинган.
74     Сизларни (Аллоҳ) Од (қавми)дан кейинги халифа (авлод) қилгани ва сизларга ернинг текисликларида қасрлар (қуриб) олишингиз, тоғларидан ўйиб уйлар ясаб олишингиз учун
сизларга Ер (юзи)дан жой берганини эслангизлар! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангизлар ва Ер (юзи)да бузғунчилик қилиб юрмангизлар!
75     Қавмининг мутакаббир зодагонлари уларнинг имон келтирган бечораҳол кишиларига: "Солиҳни Раббидан (юборилган) элчи деб биласизларми?" - дедилар. (Улар) айтдилар: "Биз у орқали юборилган нарса (ваҳий)га ишонувчилармиз".
76     Кибрга берилганлар эса: "Биз сизлар имон келтирган нарса (дин)га куфр келтирамиз", - дедилар.
77     (Шундай деб) туяни сўйиб юбордилар ва Парвардигорларининг амридан бош тортдилар ҳамда айтдилар: "Эй, Солиҳ! Агар юборилган элчилардан бўлсанг, бизга ваъда қилган нарсанг (азоб)ни келтир!"
78     Бас, уларни мудҳиш зилзила тутди ва ўз юртларида (ўтирганларича) гум бўлдилар.
79     (Солиҳ) улардан безиб деди: "Эй, қавмим! Мен сизларга Раббимнинг топшириғини етказдим, сизларга насиҳат қилдим, лекин (сизлар) насиҳатгўйларни ёқтирмайсизлар".
80     Лутни ҳам (элчи қилиб юбордик). Ўз қавмига айтди: "Шундай (ёмон) фаҳш ишни қиласизларми? Сизлардан олдин бутун оламда ҳеч ким уни қилмаган эди.
81     Сизлар хотинлар қолиб, шаҳватни (қондириш учун) эркакларга "келасиз". Ҳа, сизлар исрофгар қавмдирсизлар."
82     Қавмининг жавоби: "Уларни (Лут ва мўминларни) шаҳрингиздан чиқариб юборингизлар, зеро, улар ўта покланувчи одамлардир", - деган сўзлари бўлди, холос!
83     Уни ва хотинидан бошқа аҳли (оиласи)ни қутқариб қолдик. У (нинг хотини азобда) қолувчилардан бўлди.
84 Улар устига (азобни) ёмғирдек ёғдирдик. Бас, жиноятчилар оқибати қандай бўлганига боқинг!
Изоҳ: Яъни юрганлар устига тош ёғдирилди, ўтирганларни эса ер ютди.
85     Мадян (қабиласи)га биродарлари Шуайбни (элчи қилиб юбордик). У айтди: "Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизларга Раббингиздан ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозини тўла-тўкис ўлчангизлар, одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва яроқли қилиб қўйилгандан сўнг Ер (юзи)да бузғунчилик қилмангиз! Агар (чин) мўмин бўлсангиз, ана шу сизлар учун яхшидир.
86     (Одамларни) қўрқитиш, Аллоҳга имон келтирганларни Унинг йўлидан тўсиш ва уни қинғир қилиш мақсадида ҳар кўчада ўтирмангиз! Озчилик эканингизда, (Унинг) кўпайтирганини эслангиз ва бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига (бир) боқингиз!
87     Агар сизлардан бир тоифа менга юборилган нарса (ваҳий)га имон келтириб, бошқа бир тоифа имон келтирмаган бўлса, ўртамизда Аллоҳ ҳукм қилгунга қадар сабр қилингиз! У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир".
88     Унинг (Шуайбнинг) қавмидан кибрга берилган зодагонлари айтишди: "Эй, Шуайб! Қасамки, сени ва сен билан бирга имон келтирганларни шаҳримиздан чиқариб юборамиз ёки динимизга қайтасизлар!" У деди: "Динингизни ёқтирмасак ҳамми?
89     Динингиздан бизни Аллоҳ қутқаргандан кейин яна унга қайтадиган бўлсак, Аллоҳга ёлғон тўқиган бўламиз-ку? Илло, Раббимиз - Аллоҳ хоҳлагани бўлур. Раббимиз ҳар нарсага илми кенгдир. Аллоҳгагина таваккул қилдик. Эй, Раббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳақиқий ажримлик ато эт! Сен ажрим қилувчиларнинг яхшисидирсан".
90     Қавмининг кофир бўлган зодагонлари: "Қасамки, агар Шуайбга эргашсангизлар, демак, сизлар зиён кўрувчи экансизлар"- дедилар.
91     Бас, уларни мудҳиш зилзила тутди. Натижада ўз жойларида ўтирганларича ер билан яксон бўлдилар.
92     Шуайбни ёлғончига чиқарганлар гўё у ерда (олдин) яшамагандек бўлдилар. Шуайбни
ёлғончига чиқарганлар, ана ўшалар зиён кўрувчи бўлдилар.
93     (Шуайб) улардан безди ва деди: "Эй, қавмим! Сизларга (мен) Раббимнинг топшириқларини етказдим ва сизларга насиҳат қилдим. Бас, энди кофирлар қавмига қандай ҳам қилиб ҳамдард бўлайин?!"
94     Бирор юртга пайғамбар юборган бўлсак, албатта, унинг аҳолиси тазарру қилар деб, (уларни) қашшоқлик ва касаллик (каби мусибатлар)га тутганмиз.
95     Сўнгра (мазкур) ёмонлик ўрнига яхшиликни алмаштирган эдик, мўл-кўл бўлиб кетишди ва: "Ота-боболаримизга (ҳам шу каби) қашшоқлик ва касаллик (каби мусибатлар) етишиб турар (ва даф бўлиб кетар) эди", - дедилар. Шундан сўнг бехос уларни ўзлари сезмаган ҳолда (азобга) тутдик.
96     Агарда у юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (ешиклари)ни очиб юборган бўлур эдик. Лекин, (улар пайғамбарларни) ёлғончига чиқардилар. Натижада қилмишлари сабабли уларни (азобга) тутдик.
97     У юртларнинг аҳолиси тунда ухлаётганларида, улар узра азобимиз келиб қолишидан хотиржаммилар?!
98     Ёки у юртларнинг аҳолиси чошгоҳ пайтида ўйнаб турганларида, улар узра азобимиз келиб қолишидан хотиржаммилар?!
99     Аллоҳнинг "макри"дан (ҳам) хотиржаммилар?! Аллоҳнинг "макри" (азоби)дан фақат зиён кўрувчилар қавмигина "хотиржам" бўлурлар.
100     Ерни олдинги аҳолисидан кейин мерос қилиб олувчиларни, хоҳлаcак гуноҳлари сабабли уларга (бало) етказган бўлишимиз тўғри йўлга солмадими?! Уларнинг дилларини муҳрлаб қўямиз. Натижада улар (ҳақ гапни) эшитмайдилар.
101     Ана ўша қишлоқлар. Уларнинг хабарлари қиссасини Сизга айтмоқдамиз. Уларга пайғамбарлари очиқ ҳужжатларни келтирган эдилар. (Лекин) олдиндан уларни ёлғончига чиқарганлари сабабли имон келтирмадилар. Аллоҳ кофирларнинг дилларини ана шундай муҳрлаб қўяди.
102     Уларнинг кўпларида аҳд (вафодорлик)ни топмадик. Кўпларини фосиқ эканликларини топдик (билдик).
103     Сўнгра улардан кейин Мусони мўъжизалар билан Фиръавн ва унинг зодагонларига (элчи қилиб) юбордик. Уларга зулм қилдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!
104    Мусо айтди: "Эй, Фиръавн! Мен оламлар Раббидан (юборилган) элчидирман.
105     Аллоҳ номидан фақатгина ҳақ (гап)ни гапиришга ҳақлидирман. Сизларга Раббингиздан ҳужжат келтирдим. (Эй, Фиръавн!) Исроил авлодини мен билан бирга (муқаддас юртлари - Шомга) жўнатгин!"
106         (Фиръавн): "Агар ростгўйлардан бўлиб мўъжиза келтирган бўлсанг, уни келтир (кўрсат)!" - деди.
107     Бас, (Мусо) асосини ташлаган эди, бехос у аниқ (чин) аждаҳога айланди.
108     Қўлини (қўйнидан) чиқарган эди, бирдан у қараб турганларга оппоқ (нурли) кўринди.
109 Фиръавн қавмининг зодагонлари: "Бу жуда билимдон сеҳргар", - дедилар.
110     (Фиръавн): "Сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи, нима буюрасизлар?" - деди.
111     Айтдилар: "Уни ва акаси (Ҳорун)ни қўятур, Мадоин (шаҳри)га йиғиб келувчиларни юбор!
112 (Улар) сенга барча билимдон сеҳргарларни олиб келсинлар!"
113 Фиръавн ҳузурига сеҳргарлар келиб: "Агар биз ғолиб бўлсак, бизга мукофот борми?" - дедилар.
114     "Албатта! - деди (у): - Сизлар (менга) яқинлардан бўлурсизлар".
115     Айтдилар: "Эй, Мусо! (қўлингдаги асони биринчи сен) ташлайсанми ёки биз (қўлимиздагиларни) ташлагувчи бўлайликми?"
116     (Мусо): "Ташланглар!" - деди. Бас, ташлаган эдилар, одамларнинг кўзларини сеҳрлаб қўйдилар ва уларни чўчитиб юбордилар - улкан сеҳр келтирдилар.
117         Мусога: "Асоингни ташла!" - деб ваҳий қилдик. Бирдан у (аждоҳога айланган асо) уларнинг сохта (илон)ларини комига торта бошлади (ютабошлади).
118     Бас, ҳақиқат воқе бўлди, уларнинг қилган ишлари эса ботил (барбод) бўлди.
119     Шундай қилиб, (сеҳргарлар) енгилдилар ва забун ҳолатда қайтиб кетдилар.
120     Сеҳргарлар сажда қилган ҳолда (ерга) ташландилар.
121     (Сўнг) айтдилар: "(Биз) оламларнинг Раббига,
122     (Яъни) Мусо ва Ҳоруннинг Раббига имон келтирдик".
123     Фиръавн деди: "Мен сизларга рухсат беришимдан олдин имон келтирдингизми?! Албатта, бу (ишингиз) шаҳардан унинг аҳолисини чиқариб юбориш учун қилган макрингиздир. Биласизлар ҳали!
124     Қасамки, (бир) қўлларингиз ва (бир) оёқларингизни тескаричасига кесдириб ташлайман, сўнгра ҳаммаларингизни (дорга) осиб юбораман!"
Изоҳ: Яъни ўнг қўл билан чапоёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ. Шу тарзда кесилганда одам роса тўнтоқ бўлиб қолишини билган.
125     (Улар) дедилар: "Биз (ўлсак), албатта, Раббимиз (ҳузури)га қайтувчимиз.
126     Сен фақатгина Раббимиз оятлари келганда, уларга имон келтирганимиз учунгина биздан ўч олмоқчисан. Эй, Раббимиз! Устимизга сабр (ёмғирини) ёғдир ва бизни мусулмонлик ҳолимизда вафот этдир!"
127     Фиръавн қавмининг зодагонлари айтдилар: "(Эй, Фиръавн), Мусо ва (унинг) қавмини Ер (юзи)да бузғунчилик қилишига ҳамда сени ва илоҳларингни (тан олмай) тарк этишига
қўйиб берасанми?" (Фиръавн) деди: "Уларнинг ўғилларини (қатли ом қилиб) қириб ташлаб, хотинларини тирик қолдирамиз ва биз улар устидан ғолибдирмиз!"
128    Мусо (ўз) қавмига деди: "Аллоҳдан мадад сўрангиз ва сабрли бўлингиз! Ер Аллоҳникидир! Уни (Ўзи) хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат (яхшиликлари) эса тақводорларга (тегишли)дир".
129    (Улар Мусога) дедилар: "(Сен) бизга келмасингдан олдин ҳам, келганингдан кейин ҳам озорландик". (Мусо) деди: "Раббингиз душманингизни ҳалок этиб, сизларни (Мисрдек) ерга ўринбосар қилажак ва қандай иш қилишингизни кўражак".
Изоҳ: Келмасингдан олдин, яъни, туғилмасингдан олдин. Чунки ўша йили туғилган барча ўғил чақалоқлар Фиръавн амри билан қатл этилган эди.
130     Фиръавн қавмини зора эслатма олсалар, деб (қаҳатчилик) йилларига ва меваларнинг тақчиллигига дучор этдик.
131     Бас, уларга яхшилик келганда: "Бу бизга хос", - дейдилар. Агар уларга бирор нохушлик етса, Мусо ва у билан бирга (имон келтирган) кишилардан шумланадилар. Огоҳ бўлингки, уларнинг (яхши-ёмон) амал(лар)и Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин, (буни) аксариятлари билмайдилар.
132         (Улар Мусога) айтдилар: "Бизни сеҳрлаш учун ҳар қандай мўъжиза келтирсанг ҳам, биз сенга имон келтирувчи эмасмиз".
133     Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик. (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар ва (ўзлари олдиндан) жиноятчилар қавми эдилар.
134     Улар устига азоб тушганда дедилар: "Эй, Мусо! Раббинга сендаги берган аҳди (ҳаққи) билан биз учун дуо қил! Қасамки, агар бизлардан (шу) азобни кўтарсанг, албатта, сенга имон келтирамиз ва сен билан бирга Исроил авлодини (ўз юртларига) жўнатамиз!"
135     Улардан ўзлари етиб бораётган (маълум) муддатгача азобни кўтарганимизда эса, ногоҳ улар (яна аҳдни) бузаяптилар.
136     Бас, (Биз) улардан "ўч" олдик - оятларимизни ёлғонга чиқарганлари ва улардан ғафлатда бўлганлари сабабли уларни денгизга ғарқ қилдик.
137     (Биз) баракотли қилиб қўйган Ернинг мағриб ва машриқларига заифлаштирилаётган қавм (Мусо қавми)ни меросхўр қилиб қўйдик. Сабр қилганлари сабабли Исроил авлодига Раббингизнинг чиройли сўзлари (берган ваъдаси) ўз адосини топди. Фиръавн ва (унинг) қавми қурган (бино)лари ҳамда кўтарган (қасру бурж)ларини вайрон қилдик.
Изоҳ: Чиройли сўз ёки берилган ваъда Аъроф сурасининг 129-ояти ёки Нур сурасининг 55-оятида Аллоҳнинг душманни ҳалок этиб уларни ерга ўринбосар қилиш тўғрисида айтган сўзи.
138     Исроил авлодини денгиздан ўтказганимизда, ўз санамларига сиғинаётган бир қавм устидан чиқиб қолдилар-да, айтдилар: "Эй, Мусо! Уларнинг илоҳлари каби бизга ҳам илоҳ ясаб бер!" (Мусо): "Сизлар жоҳил қавм экансизлар.
139     Зеро, уларнинг (сиғиниб) турган нарсалари барбод бўлувчи ва қилаётган ишлари ботил (беҳуда иш)дир".
140     (Мусо яна) деди: "Сизлар учун оламлар узра сизларни афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзга илоҳ қидирайинми?!"
141    Ўғилларингизни ўлдириб, аёлларингизни қолдириш билан сизларни қаттиқ қийноққа солган Фиръавн аҳли (лашкари)дан халос этганимизни эслангиз! Сизларнинг бу (воқеа)ларингизда улкан синов бордир.
142    Мусо билан ўттиз кеча ваъдалашдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан тўлдирдик. Шундай қилиб, Раббининг қирқ кеча дея белгилаган вақти камолига етди. Мусо (кета туриб) ўз биродари Ҳорунга: "Қавмимда (сен қолиб) менинг ўринбосарим бўлгин, (хатоларини) ислоҳ эт ва бузғунчилар йўлига эргашмагин!" - деди.
143    Мусо Биз белгилаган вақтда (Тур тоғига) келгач, у билан Рабби бевосита гаплашди*. Мусо: "Раббим! (Ўзингни) менга кўрсатгин, Сенга бир назар қилай!" - деди. (Аллоҳ): "Мени кўра олмайсан*. Лекин (ана у) тоққа (бир) боқ! Агар Мен унга бир жилва қилганимда (тоқат қилиб) ўз ўрнида тура олса, сен ҳам мени кўрасан", - деди. Рабби тоққа тажаллий (кичик бир кўриниш) қилган эди, уни майдалаб ташлади. Мусо (ҳам таъсирланиб) беҳуш ҳолда йиқилди. Ҳушига келгач, деди: "Сенга тасбеҳ айтурман, Сенга тавба қилдим ва мен мўминларнинг биринчиси (пешвоси)дурман".
Изоҳ: Бу сўзлашув инсонларнинг ўзаро суҳбатларига таққосланмайди, балки Аллоҳнинг зоти ва сифатларига хос равишда гаплашилган. Изоҳ(а): Яъни бу дунёдаги фоний кўзларинг билан Мени кўраолмайсан, балки жаннатда боқий кўзларинг билан кўрурсан.
144 "Эй, Мусо! Мен сени одамлар узра рисолаларим (Таврот битиклари) ва гаплашганим билан мумтоз (танланган, хос) этдим. Бас, сенга берганимни (қабул этиб) ол ва шукр қилувчилардан бўлгин!" - деди (Аллоҳ).
145    Унинг учун лавҳларда (Таврот саҳифаларида) насиҳат ва ҳар нарсанинг тафсилоти сифатида ҳар нарсадан битиб қўйдик. Бас, (Эй, Мусо!) Уларни қувват (жиддийлик) билан олгин ва қавмингга уларнинг яхши (битилган аҳком)ларини тутиш (татбиқ этиш)ларига буюргин! Сизларга фосиқлар диёри (қандай ҳалокатга юз тутгани)ни кўрсатажакман.
146    Ер (юзи)да ноҳақлик билан кибрланиб юрувчилар (онги)ни оятларимиз (идроки)дан четлатиб қўяжакмиз. (Улар) ҳар қандай мўъжизани кўрсалар ҳам унга имон келтирмайдилар. Агар тўғри йўлни кўрсалар, уни (ўзларига) йўл қилиб олмайдилар. Мабодо нотўғри йўлни кўриб қолсалар, уни (ўзларига) йўл қилиб оладилар. Бу(нинг сабаби) оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлганларидир.
147    Оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганларнинг (қилган савобли) амаллари барбод бўлур. Фақат қилмишларига (ярашагина) жазоланурлар.
148    Мусо қавми ундан (Тур тоғига кетгандан) сўнг ўзларининг безакларидан бир маърайдиган бузоқ жасадини (маъбуда қилиб) олдилар. Унинг улар билан гаплашмаслигини, уларни бирор йўлга бошламаслигини кўрмаганмидилар?! Уни (илоҳ сифатида) тутдилар. (Улар олдиндан) золим эдилар.
149    Қўлларидан ("тарвузлари") тушиб (пушаймон бўлиб), ўзларининг адашганликларини кўрганларида, айтдилар: "Қасамки, агар Раббимиз бизга раҳм қилмаса ва (гуноҳимизни) кечирмаса, албатта, зиён кўрувчилардан бўлишимиз аниқдир".
150    Мусо ўз қавми сари (Тур тоғидан) қайтар экан, (қавмининг қилмишларидан) ғазабланган ва таассуфланган ҳолда: "Менга ортимдан қандай ҳам ёмон ўринбосар бўлдингиз-а?! Раббингиз амри (келмай туриб) шошқалоқлик қилдингизми?" - деб (қўлларидаги) лавҳларни ташлаб, акасининг боши (сочи)дан тутиб ўзига тортди. (Акаси Ҳорун) деди: "Эй, онамнинг ўғли! Бу қавм мени заиф билиб, ўлдиришларига сал қолди. Энди, сен (ҳам) мени душманларга кулги қилмагин ва мени золимлар (сафи)га қўшмагин!"
151    (Мусо) деди: "Эй, Раббим! Мени ва биродаримни мағфират қилиб, бизни раҳматингга киритгайсан. Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан!"
152    Албатта, бузоқни илоҳ қилиб олганларга Парвардигорлари (тарафи)дан ғазаб ва дунё ҳаётида хорлик етгусидир. (Ёлғон ва бўҳтон) тўқувчиларни шу тарзда жазолагаймиз.
153    Гуноҳларни қилиб, сўнгра улардан кейин тавба қилган ва имон келтирган кишилар учун, шулардан кейин (ҳам) Раббингиз кечиримли ва раҳмлидир.
154    Мусонинг ғазаби сўнгач, лавҳларни (ердан) олди. Ундаги битикда Парвардигорларидан қўрқадиганлар учун ҳидоят ва раҳмат бор эди.
Изоҳ: Бу оят тафсирида қарама-қарши фикрлар баён этилган. Масалан, бир муфассир Мусо Лавҳларни ташлаб юборганида, улар синиб кетган еди, дэсалар, бошқаси улар синмаган эди, дейдилар. Яна бошқа бир муфассир лавҳлар синган эди, лекин Мусо уларни йиғиб туриб, янги нусха кўчириб олган эдилар, деб таъкидлайдилар.
155    Мусо белгилаган вақтимиз (ва жойимизга келиш) учун қавмидан етмиш кишини танлади. Уларни қаттиқ зилзила тутган пайтда (Мусо) деди: "Эй, Раббим! Хоҳласанг уларни ҳам, мени ҳам олдинроқ ҳалок қилган бўлур эдинг. Ичимиздаги нодонларнинг қилмишлари учун бизларни ҳалок қиласанми?! Бу фақат бир синовингдирки, у орқали хоҳлаган кишингни адаштирасан ва хоҳлаган кишингни ҳидоят қиласан. Ўзинг эгамизсан. Бас, бизларни мағфират эт (кечир) ва бизларга раҳм қил. Сен кечирувчиларнинг (энг) яхшисидирсан.
156    Бизларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзгин. Биз Сенга қайтдик". (Аллоҳ) деди: "Азобимни хоҳлаган кишимга етказурман. (Аммо) раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақвода бўлувчилар, закот берувчилар ва оятларимизга имон келтирувчиларга ёзажакман.
Изоҳ: Яъни бу дунёда бизга тоатибодат қилишни муваффақ айла. Охиратда эса, бизларни жаннатга дохил эт.
157    Улар омий (саводсиз) элчи - исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга ергашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар толеи ёр кишилардир".
158    Айтинг (эй, Муҳаммад!): "Эй, одамлар! Мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг расули (элчиси)дирман. У (Аллоҳ) осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Ўз қўлида бўлган зотдирки, ундан ўзга (ҳеч бир) илоҳ йўқ. (У) тирилтиради ва ўлдиради. Бас, Аллоҳга ва Унинг расули - Аллоҳга ва Унинг калималари (илоҳий китоблари)га ишонадиган уммий пайғамбарга (Муҳаммадга) имон келтирингиз ва унга эргашингиз, токи ҳидоят топгайсизлар!"
159    Мусо қавми ичида шундай уммат (гуруҳ) ҳам борки, (улар одамларни) ҳақ (сўз) билан
ҳидоятга бошлайдилар ва у (ҳақ) билан (ҳукмларда) одиллик қиладилар.
160    Уларни ўн икки уруғ-уммат қилиб бўлиб ташладик* ва Мусодан қавми сув талаб қилганда, унга: "Асойинг билан тошни ургин!" - деб ваҳий қилган эдик, (ургач) ундан (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди. Ҳар бир (уруғга тегишли) одамлар ўз сув ичадиган жойини билиб олдилар. Улар узра булутларни соябон қилдик ва устиларидан ширинлик ва беданалар ёғдириб: "Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларидан енглар" (дедик). Улар (итоатсизликлари билан) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қиладиган бўлдилар.
Изоҳ: Яъни Яъқуб (а.с.) нинг ўн икки ўғлидан ўн икки қабила пайдо бўлган. Оятнинг давоми Бақара сурасида ҳам такрор келган.
161     Уларга: "Шу шаҳар (Байтул-Мақдис)да истиқомат қилингиз ва ундаги хоҳлаган жойингиздан озиқланингиз ҳамда "кечир" деб, сажда қилган ҳолингизда дарвозадан кирингиз, шунда сизларнинг хато (гуноҳ)ларингизни кечирамиз. Эзгу амал қилувчиларга (савобимизни) зиёда қилурмиз", - дейилганини (есланг).
162     Бас, улардан золим бўлганлари уларга айтилган сўзни бошқа сўзга алмаштирдилар. Натижада зулм қилганлари сабабли уларга осмондан азоб юбордик.
163     Улардан денгиз бўйида жойлашган қишлоқ (аҳли) ҳақида сўранг! Қайсики, шанбалик (байрами) қилган (овламаган) кунларида балиқлари улар сари сув бетида оқиб келар, шанбалик қилмаган кунида эса (балиқлари) улар сари келмас эди. Ана шу шанбаликда (улар) ҳаддан ошар эдилар. Шу тарзда уларни бузғунчиликлари билан синаймиз.
Изоҳ: Шанба куни воқеасининг қисқача мазмуни шундан иборатки, Довуд (а.с.) замонларида Айла ёки Мадян шаҳрининг яҳудий халқи учун улуғ саналмиш шанба куни балиқ овлаш Аллоҳ тарафидан синов мақсадида ман этилган эди. Улар қарашса, балиқлар ов қилинадиган қирғоққа шанба куни кўп, бошқа кунлар оз келармиш. Турли ҳийлаларни ўйлаб топишга киришадилар. Шайтон уларга шанба куни овламаслик, лекин бир томондан ҳовуз ковлаб, оқиб келган балиқларга шанба куни қўл текизмай ҳовузга киритиб, якшанба куни йиғиб олишни ўргатади. Натижада улар Аллоҳнинг лаънатига қолиб, маймунга айланиб қоладилар. Ов тақиқлангандан кейин улар уч тоифага бўлиниб олган эдилар. Биринчи тоифа орасидаги мазкур ҳийла билан овни давом эттирувчилар, иккинчиси овдан сақланиб, бошқаларни ҳам ундан қайтарувчилар. Учинчиси ўзлари ҳам овламай, бошқаларни ҳам қайтармайдиганлар. Кейинги оятда иккинчи ва учинчи тоифа ҳақидаги мунозара баён этилган.
164     Улардан бир гуруҳи: "Нима учун Аллоҳ ҳалок этмоқчи бўлган ёки қаттиқ азоб билан қийнамоқчи бўлган қавмга насиҳат қиляпсизлар?" - дейишганда, (насиҳатгўйлар): "Раббингизга ("Айтдик, лекин итоат қилишмади", - деб) узр айтишар ва тақво қилишар деган умидда (насиҳат қилдик)", - дедилар.
165     Уларга эслатилган нарсани унутишгач, ёмонликдан қайтарувчиларга нажот бердик ва зулм қилганларни эса бузғунчиликлари сабабли ёмон азобга тутдик.
166     Уларга ман этилган ишдан (қайтмасдан) ўжарлик қилганларида: "Қадрсиз маймунларга айланингиз!" - деб уларга (қарғиш сўзини) айтдик.
167     Раббингиз улар устига то қиёмат кунигача уларни қаттиқ азоб билан қийнайдиган кишиларни юбориб туражагини эълон қилди. Албатта, Раббингиз жазоси шитоб ва албатта, У кечиримли ва раҳмли (ҳам)дир.
168     Уларни (яҳудийларни) Ер юзи бўйлаб турли халқларга бўлиб ташладик. Улар ичида солиҳ (яхши)лари ҳам, ундан берилари ҳам бор. Уларни зора (тўғри йўлга) қайтсалар, деб яхшилик (неъмат)лар ва ёмонлик (мусибат)лар билан синаб кўрдик.
169     Улар ортидан Китоб (Таврот)га меросхўр бир авлод келиб, бу дунё матоҳини оладиган ва "Биз кечириламиз" дейдиган (бўлдилар). Ваҳоланки, уларга унинг баробарида (яна) матоҳ келиб қолса, олаверадилар. Ахир, улардан Аллоҳ шаънига фақат ҳақ (гаплар)ни айтишлари учун Китоб (Таврот) аҳди олинмаганмиди? Ундаги (оят)ларни ўрганган ҳам эдилар-ку! Охират диёри тақво қилувчилар учун (дунё матоҳидан) яхшидир. Бас, (буни) англамайсизларми?!
170     Китоб (Таврот)ни маҳкам тутиб, намозни мукаммал ўқийдиганлар эса, (билиб қўйсинларки,) Биз ислоҳотчилар (аҳли салоҳлар) мукофотини зое қилмагаймиз.
Изоҳ: Яъни Абдуллоҳ ибн Салом каби Тавротни ҳам ўзгартирмаган ва Қуръони каримга ҳам имон келтирганларга икки баробар ажр ато қилурмиз.
171    Эсланг, (Эй, Муҳаммад,) улар устига тоғни соябон янглиғ суриб келтирдик. Улар уни устиларига тушиб кетади, деб ўйладилар. (Шунда Биз айтдик): "Сизларга келтирган нарсамиз (Таврот)ни маҳкам тутингиз ва тақволи бўлишингиз учун ундаги нарса (оятлар)ни ёд этингиз!".
172    Раббингиз Одам ўғилларининг беллари (пушти камарлари)дан зурриётлари (руҳлари)ни олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: "Мен Раббингиз эмасманми?" (деди). (Улар): "Йўғе! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик", - дедилар. Қиёмат куни: "Биз бундан ғофил (бехабар) эдик"
Изоҳ: Аллоҳнинг руҳлар билан мана шу гаплашувини "Ал-Мийсоқ" дейилади. Мийсоқ-аҳдлашув. Бу аҳдлашувнинг ҳикматларидан бири шуки, қиёмат куни мушриклар: "Биз Аллоҳнинг ягоналигини ва бизнинг ҳам раббимиз эканини билмай, ота-боболаримиз каби мушрик ҳолда ўтибмиз. Уларнинг хатосига бизларни шерик қиласанми?" - дейиши мумкин бўлган даъвосига жавобан Аллоҳ таоло мазкур оят орқали ўша аҳдлашув жараёнини эслатиб қўймоқда.
173     ёки, "Олдиндан ота-боболаримиз мушрик бўлганлар. Биз улардан кейин келган зурриёт эдик. (Ўша) ноҳақ кишиларнинг феъллари сабабли бизни ҳалок қиласанми?" - дейишларини (билганимиз учун шундай қилдик).
174     Шу тарзда оятлар тафсилотини қилурмиз ва шояд (улар ёмон йўлдан) қайтсалар.
175     (Эй, Муҳаммад!) Оятларимизни берганимизда улардан чиқиб кетган (амал қилмаган) одамни шайтон (ўзига) эргаштириб олгани, натижада (у) адашганлардан бўлиб қолгани
(ҳақидаги қисса)ни уларга ўқиб беринг!
176     Агар хоҳлаганимизда, уни улар (оятлар) сабабли (мартабасини) кўтарган бўлур эдик. Лекин, у ерга ҳирс қўйди ва (нафс) ҳавосига эргашди. Унинг мисоли гўё бир итдирки, унга ҳамла қилсанг ҳам (тилини осилтириб) ҳансирайди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам ҳансирайверади. Бу ўша оятларимизни ёлғонга чиқарган қавм кишиларининг мисолидир. Бу қиссаларни (уларга) айтиб беринг, зора тафаккур қилсалар!
177     Оятларимизни ёлғонга чиқарган қавм кишиларининг мисоли қандай ҳам мудҳишдир?! (Улар) ўзларига зулм қилар эдилар.
178     Кимники Аллоҳ ҳидоят қилган бўлса, бас, ўша (одам) тўғри йўл топувчидир. Кимни адаштирган бўлса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчилардир.
179     Жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан "англамайдилар". Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан "кўрмайдилар". Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан "ешитмайдилар". Улар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғофиллардир.
180     Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангизлар! Унинг исмларида ҳақдан оғиб кетувчиларни қўяверингизлар. (Улар) қилмишларига (яраша) жазоланурлар.
181     Яратганларимиз ичида ҳақ (йўл)га ҳидоят қиладиган ва у (ҳақ) билан адолат қиладиган уммат (жамоат) ҳам бордир.
182     Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, (улар) билмайдиган жиҳатдан "даражали" қилиб (ўз ҳолига вақтинча қўйиб бериб) турамиз.
183     Уларга муҳлат бераман. "Макрим" эса қаттиқдир.
184         Тафаккур қилмайдиларми?! Уларнинг соҳиби (Муҳаммад)да ҳеч қандай мажнунлик йўқ. У фақат аниқ огоҳлантирувчидир.
185     Осмонлар ва Ернинг мулку салтанатига, Аллоҳ яратган ҳар (бир) нарса ва ажал (муддат)лари яқинлашиб қолганига (бир) назар ташламадиларми?! Ундан (Қуръон инкоридан) кейин (яна) қайси гапга ишонар ҳам эдилар?!
186 Кимни Аллоҳ адаштирган бўлса, уни тўғри йўлга солиб қўювчи (одам) йўқдир. У (каби)ларни ўз туғёни (ҳаддан ошган ҳоллари)да гангиб юришларига қўйиб беради.
187     Сиздан (эй, Муҳаммад!) қиёмат ҳақида, унинг қачон қоим бўлишини сўрашади. Айтинг: "Унинг илми Раббим ҳузуридадир. Унинг вақти (келгани)да уни Ўзи билдиради. (Қиёмат) осмонлар ва Ерга оғирлик (тушкунлик) қилур. Сизларга (у) тўсатдан келиб қолур". Сиздан гўё у ҳақда вакил (хабардор бўлганингиз)дек сўрашади. Айтинг: "Унинг илми (аниқ маълумоти) Аллоҳ ҳузуридадир. Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар".
188     Айтинг: "Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман".
189     У (Аллоҳ) сизларни бир жондан яратиб, ундан унинг жуфтини унга (уйланиб) таскин топиши учун пайдо қилган зотдир. Унга яқинлик қилгач, у (Ҳавво) енгил ҳомилали бўлди ва у билан (бир муддат) юрди. (Юки) оғирлашганда, ҳар иккиси (Одам ва Ҳавво) Раббилари (бўлмиш) Аллоҳга дуо қилиб: "Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр қилувчилардан бўлажакмиз" (дедилар).
190     Иккисига солиҳ (фарзанд) ато этгач, иккисига берган нарсасида Унга "шерик"ларни (нисбат) бердилар. Аллоҳ (эса) улар келтирган ширкдан олий (пок)дир.
Изоҳ: Ҳавво онамиз фарзанд кўрганларида, Иблис келиб номини "Абдулҳарс", яъни Деҳқончилик қули, деб қўйишга ундайди. Ҳавво худди шундай қиладилар. Бу оятда бу ишни ширк келтириш деб танқид қилинмоқда. Бошқа тафсирларда бу каби ширкий ном қўйиш Одам Атодан то Муҳаммад (а.с.) давриларигача ҳам давом этиб келган. Масалан, Абду Маноф, Абдул-Уззо, Абдуддор ва ҳоказо. Оятда умумий ҳолда барча нотўғри ном қўювчилар танқид этилмоқда, дейилади.
191         Бирор нарсани яратмайдиган, балки ўзлари яратилувчи бўлган нарсани (Аллоҳга) шерик қиладиларми?!
192         Улар учун (бирор) ёрдам кўрсатишга ярамайдилар ва ўзларига ҳам ёрдам қилмайдилар.
193         Агар уларни ҳидоят сари чорласангиз, сизларга эргашмайдилар. Уларни чорлайсизларми ёки сизлар жим турувчимисизлар - сизлар учун баробардир.
Изоҳ: Гап бут-санамлар ҳақида кетмоқда.
194     Аллоҳни қўйиб сиғинаётган (бут)ларингиз ўзларингга ўхшаш бандалардир. Агар ростгўй бўлсангиз, уларга илтижо қилиб кўрингиз - улар сизларга ижобат қилсин!
195     Уларнинг оёқлари бормики, улар билан юрсалар ё қўллари бормики, улар билан куч кўрсатсалар, ёки кўзлари бормики, улар билан кўрсалар, ёхуд қулоқлари бормики, улар билан эшитсалар?! Айтинг: "Ширк (бут ва санам)ларингизни чақирингиз ва менга муҳлат бермасданоқ менга макр қилингиз!
196     Менинг эгам Китоб нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ кишиларни дўст тутар.
197     Уни қўйиб сиғинаётган нарсаларингиз сизларга ҳам ёрдам кўрсатишга ярамайди, ўзларига ҳам ёрдам бермайди".
198         Уларни (санамларни) ҳидоят сари чорласангиз, эшитмайдилар. Сизга қараб турсаларда, лекин кўрмасликларини кузатасиз.
199 Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!
200     Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ тиланг! Албатта, У эшитувчи ва билувчидир.
201     Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар.
202     Уларнинг дўстлари йўлдан уришда уларга ёрдам берадилар. (Бу ишда) сустлик қилмайдилар.
203     Уларга оят келтирмасангиз, "Уни ўзинг танлаб (тўқиб) қўяқолмайсанми?!" - дейишади. Айтинг: "Мен фақат Раббимдан менга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман. Бу (Қуръон) имон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир".
204     Қуръон ўғилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсизлар!
205     Раббингизни ичингизда тазарру ва қўрқинч билан ҳамда гапирганда овозни кўтармасдан эртаю кеч зикр (ёд) этинг! Ғофиллардан бўлманг!
206     Ҳақиқатан, Раббингиз ҳузуридаги (фаришта)лар Унинг ибодатидан кибр (ибо) қилмайдилар. Унга тасбеҳ айтадилар ва Унга сажда қиладилар. (Сажда ояти.)

Орқага Олдинга