loader

079. Нозиот сураси

Нозиот – суғурувчилар. Бу ерда танадан жонни суғуриб олувчи фаришталар муроддир. Сурада қиёмат қойим бўлиш жараёни, Мусо (а.с.) билан Фир'авн ўртасида ўтган можаролар, бу дунёнинг фоний экани каби илоҳий ўгитлар билан бирга Пайғамбар (а.с.)нинг дилларига тасалли берилган.   

 Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1   (Кофирларнинг жонларини баданлари) қа'ридан суғуриб оладиган (фаришта)ларга қасам,
2 (мўминларнинг жонларини осонлик билан) чиқариб оладиган (фаришта)ларга қасам,
3 (осмондан) сузиб тушувчи,
4 (ўз вазифаларини адо этишда) ўзиб юрувчи
5 (Аллоҳ буюрган барча) иш тадбирини тузиб турувчи (фаришта)ларга қасамки, (албатта, қайта тирилиб, ҳисобот берурсизлар)!
6 У Кунда ларзага келувчи (сур) ларзага келади.
7 Ортидан эргашувчи (иккинчи бор сур овози) эргашур.
8 У Кунда диллар қўрқувга тушувчидир.
9 Кўзлар эса (даҳшатдан) сўниб қолувчидир.
10 Улар (бу дунёда) дерлар: "Ҳақиқатан ҳам бизлар (ўлгач) аввалги ҳолатимизга қайтарилувчимизми?
11 Чирик суякларга айланиб қолган вақтимизда-я?"
12 Улар (истеҳзо билан): "Ундай бўлса, бу (бизлар учун) роса зиён қилувчи қайтиш-ку!" - дейдилар.
13 Бас, (у қайтиш) фақат биргина қичқириқдир (сурнинг иккинчи марта чалинишидир).
14  Сўнгра улар бирдан (тирилиб) ер устида бўлиб қолурлар.
15  (Эй, Муҳаммад,) Сизга Мусонинг хабари келдими?
16  Қайсики, Парвардигори унга муқаддас Туво водийсида (шундай) нидо қилган эдики:
17 - (Эй, Мусо,) Фир'авннинг олдига боргин, зеро, у ҳаддидан ошди.
18  Бас, (унга) айт: "Сенинг (куфрдан) покланишга хоҳишинг борми?
19  Мен сени Парвардигоринг (йўлига) ҳидоят қилсам, бас, сен (У зотдан) қўрқсанг" .
20  (Сўнг Мусо) унга бир улкан мў'жиза кўрсатди.
21  (Фир'авн) уни ёлғонга чиқарди ва (Аллоҳга) итоатсизлик қилди.
22  Сўнгра шошганича (Мусодан) юз ўгириб кетди.
23  Сўнгра (ўз одамларини) тўплади ва жар солди:
24  "Мен сизларнинг олий Парвардигорингиздирман", - деди.
25  Бас, Аллоҳ уни охир ат ва дунё азоби билан ушлади.   Изоҳ: Дунёдаги азоби унинг денгизга ғарқ қилиниши, охиратдагиси эса дўзах азобидан иборатдир. 
26  Албатта, бу (қисса)да (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун ибрат бордир. 
27   (Эй, мушриклар,) сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?! (Биласизки,) Аллоҳ уни бино қилди, 
28  шифтини баланд қилиб, тиклади.  
29  Яна у (осмон)нинг тунини қоронғу қилиб, (ундан) кундузини чиқарди.
30  Шундан кейин Ерни (туяқуш тухуми шаклида) ёйиб - текис қилди.
31  Ундан сувию, ўтлоқларини чиқарди.
32  Тоғларни эса ўрнаштирди.
33  (Буларнинг барчаси) сизларга ва чорва ҳайвонларингизга манфаат бўлсин деб (қилингандир).
34  Бас, қачон катта бало (Қиёмат) келганида –
35  инсон ўз қилмишини эслаб қоладиган Кунда,
36  кўрадиган (ҳар бир) кишига дўзах намойиш қилинганида,
37  бас, ўшанда кимки (дунёда) туғёнга кетган
38  ва дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўйган бўлса,
39  у ҳолда, фақат жаҳаннамгина (унга) жой бўлур!
40  Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса,
41  бас, фақат жаннатгина (унга) жой бўлур.  
42  (Эй, Муҳаммад, мушриклар) Сиздан Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақида сўрарлар. 
43  Сиз қаёқдасиз-у, уни зикр қилиш (айтиб бериш қаёқда)?! 
44  Унинг интиҳоси фақат Раббингизга (бориб тўхтар). 
45 Сиз фақат ундан қўрқадиган кишиларни огоҳлантирувчисиз. 
46    Улар у (Қиёмат)ни кўрган Кунда (бу дунёда) гўё бир оқшом ёки чошгоҳ пайтича тургандек бўлурлар.

Орқага Олдинга