Мадинада нозил бўлган бу сура 200 оятдан иборат бўлиб. Қуръондаги узун суралардандир. Унда Мадина шаҳридаги мусулмон жамоатнинг ҳижратнинг иккинчи йилида бўлиб ўтган Бадр жанги билан учинчи йилдаги Уҳуд жанги мобайнидаги ва ундан кейинги даврдаги ҳаётидан жонли лавҳалар тасвирланади ҳамда бу воқеаларга муносабат билдириб ҳукмлар баён қилинади.
«Ол-и-Имрон»да диннинг асосларидан бўлган икки нарса батафсил ёритилади:
Биринчиси - ақида ва Аллоҳнинг бирлигига алоқадор далилу ҳужжатлар;
Иккинчиси - шариат қонунлари ва хусусан Аллоҳ йўлидаги кураш - жиҳодга тааллуқли амру фармонлар.
Агар «Бақара» сурасида аҳли китобларнинг яҳудий қавми ва уларнинг кирдикорлари ҳақида сўз кетган бўлса, «Ол-и-Имрон»да аҳли китоблардан бўлган насронийлар тўғрисида сўз боради ва уларнинг Ийсо алайҳиссаломни худо деб эътиқод қилишлари хато эканлиги очиқ равшан далиллар орқали батафсил ёритилади. Шунингдек, уларнинг ичида Қуръонни ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини инкор қилувчилар ҳам борлиги айтилиб, бундай мункирларга аниқ ҳужжатлар билан жавоб қилинади. Булардан ташқари ушбу сурада шариатнинг яна бошқа кўпдан-кўп аҳкомларига асос бўлган оятлар ҳам бор. Бу сурада Марямнинг отаси бўлмиш Имрон ва унинг аҳли оиласи ҳақидаги қисса зикр қилингани учун, «Ол-и-Имрон - Имроннинг хонадони» деб номланган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1. Алиф, лом, мим.
2. Аллоҳ - ҳеч қандай тангри йўқ, фақат унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир.
3-4. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), у зот сизга ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Илгари инсонларни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни тушурган эди. Энди эса ҳақ билан ноҳақни ажратгувчини - (Қуръонни) нозил қилди. Аллоҳнинг оятларига кофир бўлган кимсалар учун шубҳасиз қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ қудратли, интиқом соҳибидир.
5. Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир.
6. У шундай зотки, сизларга (оналарингизнинг) бачадонларида бўлган пайтингизда ўзи хоҳлаган суратни берур. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат унинг ўзи бордир. У Қудратли ва Ҳикматлидир.
7. У сизга китоб нозил қилган зотдирки, у (китобдан) шу китобнинг асли-моҳияти бўлган муҳкам - аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа муташобеҳ - тушиниш қийин бўлган, фақат муҳкам - равшан оятлар ёрдамидагина ҳақиқий маъносини биладиган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Бас, дилларда (ҳақ йўлдан) оғиш бўлган кимсалар (одамларни) алдаб, фитнага солиш ва (ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ) таъвил-тафсир қилиш учун унинг муташобеҳ оятларига эргашишадилар. Ҳолбуки - бундай оятларнинг таъвилини (ҳақиқий маъносини) ёлғиз Аллоҳгина билур - илмда собитқадам бўлган кишилар эса «У китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,- дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар.
8. (Улар айтурлар:) «Парвардигоро, ўзинг бизни ҳидоят қилганингдан кейин - энди далилларимизни ҳақ йўлдан оғдирмагин ва бизга ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин! Албатта сенгина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан!»
9. «Парвардигоро, албатта сен одамларни ҳеч шак-шубҳасиз, (келадиган) бир кунга тўплагувчисан. Албатта Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмагай!»
10. Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳ Аллоҳ (азоби)дан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир.
11. (Уларнинг ҳоли) худди Фиръавн одамларининг ва улардан аввал ўтган (кофирлар)нинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гуноҳларини (куфрлари) билан ушлаб азоблаган. Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир.
12. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), куфр йўлини тутган кимсаларга айтинг: «Шак-шубҳасиз, (бу дунёда) мағлуб бўласизлар ва (охиратда) жаҳаннамда тўпланажаксиз. Нақадар ёмон жой у!»
13. (Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир.
Изоҳ: Мусулмонлар Бадр жангида ўзларидан бир неча баравар кўп бўлган Қурайш кофирларининг устидан ғалаба қозонишган. Мадинага қайтганларидан кейин пайғамбар алайҳиссалом яҳудийларни тўплаб: «Эй яҳудийлар, сизлар менинг ҳақ пайғамбар эканимни Тавротдан уқиб билгансизлар. Бас, шундай бўлгач, бошингизга қурайшликларнинг куни ташмасдан аввал менга қарши туришни бас қилинглар!», дедилар. Шунда улар: «Сен уруш илмидан бехабар бўлган бир гуруҳ жоҳил қурайшликни енгганинг билан ғурурланма! Бизнинг зўрлигимизни биз билан урушганда биласан», деб жавоб қилишганда, юқоридаги оятлар нозил бўлди.
14. Одамларга аёллар, болалар, туганманс олтин кумуш бойилклар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. (Ҳолбуки), бу нарсалар хаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой - жаннат бордир. (Яъни, ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ, унга интилмоқ лозим).
15. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Сизларга булардан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарё оқиб турувчи жаннатлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг ризолиги бор. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.
16. Улар: «Парвардигоро, бизлар сенга иймон келтирганмиз, энди ўзинг гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни дўзах азобидан асра», дейдилар.
17. Улар сабр-қаноатли, иймонларида содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилаган кишилардир.
18. Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари - ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи - ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир.
19. Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (Ислом ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) аниқ билим-ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига кофир бўлса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир.
20. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: «Мен ва менга тобе бўлган кишилар ўзимизни Аллоҳга топширдик - унга бўйсундик», деб айтинг! Сўнг аҳли китобларв а (китоб берилмаган) омий - бутпарастлардан: «Исломга кирдингизми?» деб сўранг. Агар исломга кирсалар, муҳаққақ ҳақ йўлни топибдилар. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда сизнинг зиммангиздаги нарса фақат етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.
21. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирадиган, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирадиган ва одамлар орасидаги адолатга буюрадиган зотларни ўлдирадиган кимсаларга албатта аламли азоб «хушхабарини» етказинг!
22. Улурнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетмиш ва улар учун бирон ёрдамчи йўқдир.
23. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), китобдан (Тавротдан) насибадор бўлган кимсалар ораларида ҳакамлик қилсин учун Аллоҳнинг китобига чақирилаётганини, сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгирган ҳолларида бурилиб кетаёганларини кўрмадингизми?
Изоҳ: Ривоят қилишларича, яҳудий ўзларидан бўлган икки зинокорни пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келтириб, ҳукм қилишларини сўрашганида, у зот тошбўрон қилишга буюрганлар. Улар эса «бизнинг динимизда зинокорнинг юзига қора чаплаб кўча айлантирилади», деб туриб оладилар. Шунда Таврот китобини келтириб кўришса, унда ҳам тошбўрон қилиш буюрилган бўлиб чиқади ва жиноятчилар қилмишига яраша жазо оладилар. Бу ҳукмдан норози бўлган яҳудийлар юз ўгириб чиқиб кетганларида, юқоридаги оят нозил бўлди.
24. Бунга (яъни адолатли ҳукмдан юз ўгиришларига) сабаб уларнинг: «Бизга фақат саноқли кунлардагина дўзах ўти тегади» деганларидир. Ўзлари тўқиган бу ёлғонлари уларни динларидан адаштириб қўйди.
Изоҳ: Яҳудийлар: «Биз фақат аждодларимиз бузоққа сиғинган 40 кун муддатдагина дўзахда бўламиз. Кейин эса албатта жаннатга кирамиз», деб даъво қиладилар.
25. Энди уларни ҳеч шак-шубҳасиз келадиган кунга тўплаганимизда ва ҳар бир жонга мазлум бўлмаган ҳолда қилган амаллари учун тўла жазо - мукофот берилганда қандай бўларкин?
26. Айтинг: «Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен ўзинг истаган кишингга мулк ато қилурсан. Ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишини хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз сенинг қўлингдадир. Албатта сен барча нарсага қодирсан.
27. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан. Ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан.
Изоҳ: Бу оятда кеча-кундузнинг узайиб-қисқариб туриши ва ўлик данак тухум, нутфа (маний - шаҳват суви) каби нарсалардан дарахт, парранда, инсон каби жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки аксинча, тирик жонзотдан тухум, нутфа каби жонсиз нарсалар чиқиши - буларнинг барчаси ёлғиз Аллоҳнинг амри билан бўлиши ифодаланган.
28. (Модомики барча иш - бутун мулк ёлғиз Аллоҳнинг қулида экан, демак), мўминлар мўъминларни қўйиб кофирларни дўст тутмасинлар. Ким шандай қилса, бас Аллоҳ томонидан ҳеч нарсада эмас (яъни Аллоҳга бегонадиар). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз, (юзаки муомила қилсангиз) жоиздир. Аллоҳ сизларни ўзининг азобидан огоҳ қилур. Ва фақат Аллоҳга қайтажаксиз.
29. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Дилларингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ инкор қилинг, Аллоҳ уни билур ва (шунингдек) У зот осмонлар ва ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир».
30. Ҳар бир жон ўзи қилган амалларни ҳозириу нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган Кунни (эсланглар)! Аллоҳ сизларнинг ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига ғамхўр-меҳрибондир!
31. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Агар сизлар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) Мағфират қилгувчи, меҳрибондир".
32. Айтинг: "Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат қилингиз!" Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ кофирларни севмас.
33. Албатта Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим хонадонини ва Имрон хонадонини бутун оламлар устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди.
34. Уларнинг бировлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ эҳитгувчи, билгувчидир.
35. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Имроннинг хотини: "Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас (бу назримни ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта сен эшитгувчи, билгувчисан",- деганини эсланг!
36. Кўзи ёригач эса бундай деди: "Парвардигор, мен қиз туғдим", - Ҳолбуки, Аллоҳ унинг туққанини билгувчироқдир ва (ҳар қандай) ўғил бу қиз каби (яъни бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир. - "Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан".
37. Бас, парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига - ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: "Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?" деб сўраганида, (Марям) жавоб қилди: "Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур".
Изоҳ: Марямнинг онаси ибодатхонага олиб бориб бергач, уни тарбиялаш ўша ибодатхона роҳибларидан бири бўлган Закариё пайғамбарнинг чекига тушди. У қачон Марямнинг хонасига кирса, у ерда қишда ёз мева-чевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўради. Шунда уларнинг ўртасида юқоридаги оятда зикр қилинган савол-жавоблар бўлиб ўтади.
38. Ўшанда Закариё парвардигорига дуо қилиб деди: "Парвардигорим, менга ҳам ўз ҳузурингдан аокиза зурриёт - фарзанд ҳадя этгин! Албатта сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан".
39. Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: "(Эй Закариё), Аллоҳ сенга сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли пайғамбар хушхабарини берур".
40. "Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?",- деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: "Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур".
41. Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг",- деди у. (Аллоҳ) айтди: "Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб (ибодат қил)!"
Изоҳ: Дарҳақиқат, уч кунгача Закариёнинг тили Аллоҳнинг зикридан ўзга сўзга айланмай қолди. Одамларга эса фақат имо-ишора билан муомала қилди. Мазкур оятларда кексайиб, фарзанд кўришдан умиди узилган кишиларга Аллоҳ таоло Ўз изни-иродаси билан фарзанд ато этгани баён қилинган бўлса, қуйидаги оятларда янада ажиброқ қисса - Ийсонинг отасиз дунёга келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қиссалардан ҳисса шуки, Ийсо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг амри билан биби Марямдан туғилган одам фарзандидир.
42-43. Фаришталар Марямга: "Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Ё Марям, парвардигорингга итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни ибодат қил!"), деганларини эсланг!
44. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бу ғайб хабарлариданки, бу хабарни сизга биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки сиз улардан қайсиларини Марямга кафил бўлиши(ни билишлик) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз.
45. Эсланг (эй Муҳаммад алайҳиссалом), фаришталар дедилар: "Ё Марям, албатта Аллоҳ сенга ўз томонидан бир сўз ҳақида хушхабар берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям бўлиб, у дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидандир.
46. У одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапирур (У) солиҳ (банда)лардандир".
47. Марям: "Парвардигорим, менга одамзот тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?" деди. Аллоҳ айтди: "Шундай, Аллоҳ ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: "Бўл!" дейди. Бас, у иш бўлади".
Изоҳ: Аллоҳнинг сўзи - Ийсо бинни Марямдир. Чунки у зот Қуръоннинг хабарига кўра Аллоҳ таолонинг "Бўл!" деган сўзи - фармони билан Марямдан отасиз таваллуд топганлар.
48. Ва унга (Ийсога) ёзиш ва ҳикмат - илмни, Таврот ва Инжилни таълим беради.
49. (Уни) бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Ийсо бани Исроилга дейди:) "Мен сизларга парвардигорингиздан (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканимни тасдиқловчи) оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясайман, сўнг унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларни тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб бера оламан. Агар мўъмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир".
Изоҳ: Пайғамбарлар тарихидан шу нарса маълум бўладики, ҳар бир пайғамбар ўзининг замонида ривожланиб, тараққий қилган соҳада замондошларидан устун ва пешқадам бўлади. Масалн, Муҳаммад алайҳиссалом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига осиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳобалардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган "Кавсар" сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди. Шунда бу сурани ўқиган ва ундаги Илоҳий балоғат, фасоҳатдан лол қолган шоирлар бир овоздан: "Бу башарнинг сўзи эмас!" деб гувоҳлик берадилар.
Ийсо алайҳиссаломнинг даврида эса табобат илми шундай тараққий қилган эдики, дунёда биронта давосиз дард йўқ, деб ҳисобланар эди. Шунда Ийсо алайҳиссалом келдилар-у, ҳеч бир табибнинг қулидан келмайдиган ишни қилдилар - ўликни тирилтирдилар! Шунинг учун ҳам Қуръонда у зотнинг номларига ал-Масиҳ - силовчи лақаби қўшилди. Яъни у кишининг қўллари теккан - силаган ўликка жон кирар эди. Бундай мўъжизалар, табиийки, одамлар ўз пайғамбарларига иймон келтиришларига сабаб бўлар эди.
50. "(Мен сизларга) ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда ва сизлар учун ҳаром қилинган (ёғ, туя гўшти, балиқ каби) айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!
51. Албатта Аллоҳ парвардигорим ва парвардигорингиздир. Бас, унга бандалик қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир!"
52. Энди қачонки Ийсо улар (яҳудийлар) томонидан куфрни кўргач: "Аллоҳнинг (динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлур?", деди. Ҳаворийлар айтдилар: "Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунгувчиларданмиз.
53. Парвардигоро, нозил қилинган нарсангга ишондик, пайғамбарингга эргашдикю Бас, бизни (Ўзингнинг Бирлигингга, пайғамбаринг ҳақлигига) гувоҳлик берувчилар қаторига ёзниг!"
54. (Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам "макр" қилди. Аллоҳ "Маккорроқдир".
Изоҳ: Улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ эса унга бирон зарар етказмай Ўз ҳузурига - самога кўтарди. Аллоҳнинг "макри" -- тадбири устунроқ бўлиб чиқди.
55. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: "Ё Ийсо, албатта Мен сени ердан бус-бутун (яъни, ҳеч қандай зарар етказмасдан) олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтаргувчиман ҳамда то Қиёмат Кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўйгувчиман. Сўнга менга қайтажаксиз. Бас, Ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қилурман.
56. Бас, кофир бўлган кимсаларга дунё ва охиратда қаттиқ азоб-ла азоб берурман. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас.
57. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса (Аллоҳ) ажрларни комил суратда берур. Аллоҳ зулм қилгувчиларни севмайди. (Бинобарин, ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмай, ҳар кимга қилган ишига лойиқ жазо беради)".
58. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга тиловат қилаётганимиз бу (қисса Аллоҳнинг) оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир.
59. Албатта, Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнга "Бўл!" деди, Бас, у (жонли одам) бўлди.
Изоҳ: Ривоят қилинадики, бир гуруҳ насронийлар пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, "Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Ийсони "У ҳам бир инсон, Аллоҳнинг бандаси" деб ҳақорат қиласан! Агар у Худо бўлмаганида отасиз туғулармиди?" дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлолмайди, деган мазмундаги юқоридаги оят нозил бўлди.
60. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган Ҳақ (сўздир). Бас, шубҳа қилгувчилардан бўлманг!
61. Энди сизга келган (мана шу ҳақ) маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: "Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ ланъат қилишини сўрайлик".
Изоҳ: Мазкур оятда Муҳаммад пайғамбарга Ийсони худо деб билувчи кимсалар агар Қуръон оятларига ишонмасалар, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўраб, қасам ичишликка таклиф қилинди. Ровийларнинг айтишича, биронта насроний келиб, қасам ичишга журъат этмаган экан.
62. Албатта бу ҳақ-рост қиссадир. (Яъни Ийсо ҳеч қандай Худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа ҳамма пайғамбарлари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир.
63. Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни Билгувчидир.
64. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Эй аҳли Китоб, (яъни яҳудий ва насронийлар) бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз - ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-бировларимизни Худо қилиб олмайлик".
Агар улар (яъни аҳли китоблар ушба даъватларидан) юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): "Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар - Ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз",- деб айтингиз.
Изоҳ: Бутун оламни яратган Аллоҳ таоло барча инсонлар бахтли яшасинлар деб Ўз томонидан ҳаёт учун дастурул-амал бўлган қонун-қоидалар, яъни динни юборган. Кимда-ким бу қонун-қоидаларни тан олмасдан, ўз-ўзича янги қонун чиқармоқчи бўлса, яъни Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол деса, у Худоликни даъво қилган ҳисобланади ва унинг сўзини тасдиқлаб изидан эргашганлар эса уни худо деб билган бўладилар. Ҳазрати Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам насронийлар ҳақида нозил бўлган "Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг олимларини, роҳибларини худо қилиб олдилар", деган мазмундаги оятни ўқиганларида, буни эшитган адий ибн Ҳотим номли аввал насроний бўлган бир саҳоба: "Биз уларга ибодат қилмас эдик, ё Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам", деди. Шунда пайғамбар алайҳиссалом: "Улар ўзларича сизларга айрим нарсаларни ҳалол, айрим нарсаларни ҳаром деб фатво берар эдилар, сизлар эса уларнинг сўзларига эргашар эдинглар, мана шу сизлар уларни Худо қилиб олганларингиздир",- дедилар.
Одамлар Ёлғиз Аллоҳ таолони қўйиб, бир-бирларини худо қилиб олишлари бизнинг замонимизда, хусусан мусулмонлар орасида хам минг афсуски, учраб туради. Кейинги даврларда динимиз душманлари тарафидан Қуръон ва Ҳадис маъноларидан бехабар, нодон мусулмонларни йўлдан оздириш учун Ислом ниқоби остида иш юритадиган турли ҳизблар ташкил қилинди. Уларнинг мақсадлари эндигина Аллоҳнинг марҳамати билан диний таълимот олиш имкониятига эга бўлган мусулмонларни ҳақиқий Исломий тарбиядан чалғитиш, мусулмонлар бирлигини бўлиб-ёриш, ўша ҳизбларнинг тузоқларига тушиб қолган нодон ёшларни ҳукумат қўли билан қамоқхоналарга тиқиб йўқотиш, жаҳон афкори оммаси наздида муқаддас ислом динига нисбатан нафрат уйғотиш ва энг даҳшатлиси, одамларни ёлғиз Аллоҳга ибодат-қуллик қилишдан буриб, ўша ҳизб ва унинг раҳбарларига сиғинишга мажбурлашдан иборатдир. Масалан, яқинда ўша ҳизблардан бири: "Мусулмонлар учун уч кундан ортиқ халифасиз яшаш ҳаром",- деган даъво билан чиқди. Маълумки, бирон нарса ёки ишни ҳаром деб ҳукм чиқариш Ёлғиз Аллоҳ ва У Зотнинг Пайғамбарининг ҳаққидир. На Қуръони Каримда ва на ҳадиси шарифда уч куннинг ичида халифалик қуриш фарзлиги, акс ҳолда ҳаром ишга йўл қўйилган бўлиши хусусида бирон сўз йўқ эканлиги ҳам аён бир ҳақиқатдир. Демак, юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифнинг далолати бўйича, ўша адашган ҳизбнинг йўлбошчилари Аллоҳ таоло ҳаром қилмаган бир ишни ҳаром деб ҳукм чиқаришлари билан ўзларини Аллоҳга шерик деб даъво қилаётганлари маълум бўлганидек, қасамёд қилиш билан ўша ҳизбга кириб, унинг ботил кўрсатмалари билан мусулмонларни заҳарлаб юрган ҳизбчилар ўзларининг йўлбошчиларини худо қилиб олганлари ҳам маълум бўлади. Аллоҳ таоло ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом умматларини мана бундай йўлдан озишдан Ўз паноҳида асрасин.
65. Эй аҳли китоб, нима учун Иброҳим хусусида (у бизнинг динимизда бўлган деб) талашасизлар! Ахир Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин нозил бўлгани аниқ-ку?! Ақл юргизмайсизларми?!
66. Ҳой (яҳудий ва насронийлар) сизлар биладиган нарсаларингиз (Мусо ва Ийсо пайғамбарлар) ҳақида-уку талашдингиз. Энди нима учун билмайдиган нарсангиз (Иброҳимнинг қайси динда бўлганлиги) хусусида талашмоқдасиз? Аллоҳ билур, сизлар билмассиз!
67. Иброҳим яҳудий ҳам эмас, насроний ҳам эмас, балки Ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳум бўлмаган.
68. Одамларнинг Иброҳимга яқинроғи у(нинг йўли)га эргашган зотлар, мана бу пайғамбар (Муҳаммад алайҳиссалом) ва иймон келтирган кишилардир. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир.
69. Аҳли китобдан бир тоифаси сизларни (Ҳақ динингиздан) адаштирмоқни хоҳлади. Лекин улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларинигина адаштирадилар, холос.
70. Эй аҳли китоб, нима учун ўзларингиз гувоҳ бўлиб туриб, Аллоҳнинг (Тавротдаги Муҳаммад аслнинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) оятларини инкор қиласиз?!
71. Эй аҳли китоб, нима учун ўзингиз билган ҳолингизда Ҳқни ботилга аралаштирасиз ва Ҳақни беркитасиз?!
72. Аҳли Китобдан бир тоифаси (бир-бирларига шундай) дейишди: "Мўминларга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) куннинг бошида иймон келтириб, куннинг охирида уни инкор қилинглар. Шояд улар ҳам (иймонларидан) қайтсалар.
73-74. Токи биронта одам сизларга берилган билим берилмаслиги ёки парвардигорингиз ҳузурида сизлар билан ҳужжатлашмаслиги учун фақат ўз динингизга бўйсунган кишиларнинг (гапларинигина тасдиқ этиб) ишонинглар!" (Эй Муҳаммад асл), айтинг: "Албатта Ҳақ Йўл Аллоҳнинг йўлидир". Айтинг: "Албатта фазлу карам Аллоҳнинг қулида, уни Ўзи истаган кишиларга берур. Аллоҳ (фазли) Кенг, билгувчи зотдирки, Ўз раҳматини (яъни пайғамбарликни) Ўзи истаган кишига хос қилиб беради. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир".
75. Аҳли китоб орасида шунда кишилар борки, унга беҳисоб молни омонат қўйсангиз, (хиёнат қилмай) сизга қайтаради. Уларнинг орасида яна шундайлари борки, унга бир динорни ишониб берсангиз, то устида туриб олмагунингизча, сизга қайтариб бермайди. Бунинг боиси - уларнинг "Омий-китобсиз кимсалар учун бизнинг устимида ҳеч қандай йўл йўқ", дейишларидир. (Яъни айрим яҳудийлар ўзларидан бошқаларни паст табақа ҳисоблаб: "Биз Аллоҳнинг суйган бандаларимиз, демак бошқа миллатларнинг моллари биз учун ҳалол", дер эдилар). Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайдилар.
76. Йўқ! (Уларнинг даъволари ботилдир). Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса (ана ўша киши, Аллоҳнинг суйган бандасидир). Зеро, Аллоҳ тақво қилгувчи кишиларни севади.
77. Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларни озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат кунида Аллоҳ уларга сўз қотмайди, уларга (раҳмат назари билан) боқмайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.
78. Улардан (яҳудийлардан) яна бир гуруҳи борки, сизлар китобдан (Тавротдан) бўлмаган нарсани Китобдан деб ўйлашингиз учун (Таврот) Китобини тилларини бураб (бузиб-ўзгартириб) ўқидилар ва Аллоҳнинг ҳузуридан келмаган (ўзларининг сўзларини) "Аллоҳнинг ҳузуридан келган", дейдилар. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар.
79. Бирон одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: "Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар",- дейиши жоиз эмас, балки уларга: "(Аллоҳнинг) Китобини (одамларга) таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, Ёлғиз парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар" (демоғи лозимдир).
Изоҳ: Бу оят баъзи бир насронийларнинг "Ийсо алайҳиссалом бизни ўзига сажда қилишга буюрган", деган ботил даъволарига раддия тарзида нозил бўлган.
80. У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва (бошқа) пайғамбарларни худо қилиб олшингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон - Аллоҳга бўйсунгувчи бўлганингидан кейин куфр-динсизликка қайтишга буюрадими?!
81. Эсланг, (эй аҳли Китоб), Аллоҳ барчса пайғамбарлардан: "Мен сизларга қандай китоб ва ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз",- деб аҳд-паймон олгач, уларга: "Мана шу аҳд-паймонимни иқрорр бўлиб қабул қилдингизларми?" деди. У (пайғамбарлар): "Иқрормиз" деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: "Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман".
82. Бас, ким шундан кейин ҳам (аҳд-паймондан) юз ўгирса, ана ўшйндай кимсалар фосиқ-бузуқилардир.
83. Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир омонлару ердаги барча жонзот истаса истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат унинг Ўзига қайтадилар-ку!
84. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) "Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга ва Мусо, Ийсо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигори томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. У пайғамбарлардан биронасини ажратиб қўймаймиз. Ва биз унинг ўзигагина бўйсунгувчилармиз", деб айтинг.
85. Кимда-ким исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг "дини" Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир.
86. Иймон келтириб, (пайғамбарнинг) ҳақ пайғамбар эканлигига гувоҳ бўлишганидан кейин ва ўзларига (Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ пайғамбар эканликлари хусусида) далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган қавмни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди.
87-88. Уларнинг жазоси - устларига тушажак Аллоҳнинг, фаришталарининг ва барча одамларнинг лаънатидир. Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчилардир ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди.
89. Магар шундай (яъни куфрларидан) кейин тавба қилиб, ўзларини ўнглаган зотларни (Аллоҳ гуноҳларини мағфират қилур). Чунки Аллоҳ мағфират қилгувчи, меҳрибондир.
90. Албатта иймон келтирганларидан кейин кофир бўлган, сўнгра куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларнинг қилган тавбалари ҳаргиз қабул қилинмайди. Ана ўшалар адашганлардир.
91. Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолларида ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси Ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас.
92. (Эй мўъминлар), то сизлар суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур.
93. Таврот туширилидан илгари Исроил (Яъқуб) ўзига ҳаром қилган нарса (туянинг гўшти билан сути)дан бошқа барча таомлар бани Исроил қавмига ҳалол эди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), «агар ростгўй бўлсангизлар, Тавротни келтириб ўқиб кўринглар» деб айтинг.
Изоҳ: Маълумки, яҳудийлар зулм ва тажовузкорлик йўлини тутганларидан кейин Аллоҳ таъоло уларга бир неча хил ноз-неъматларни ҳаром қилди. лекин улар буни тан олмай, «Мазкур нарсалар асли Иброҳим замонида ҳам ҳаром эди» дер эдилар. Шунинг учун мусулмонларга: «Ўзинглар Иброҳимнинг диниданман дейсизу, у ҳаром қилган туя гўштини истеъмол қиласизлар» деб таъна қилишганида, юқоридаги оят нозил бўлди. Шундан кейин биронта яҳудий Тавротни олиб келиб, ундан Иброҳим пайғамбарга туя гўшти ҳаром қилингани ҳақидаги оятни топиб бера олмаган.
94. Бас, ким мна шундан кейин ҳам Аллоҳга бўҳтон қилса, ана ўшалар зулм қилгувчилардир.
95. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), «Аллоҳнинг сўзи ростдир. Бас, ҳақ йўлдан тоймаган ва мушриклардан бўлмаган Иброҳимнинг динига эргашинглар!»- деб айтинг!
96. Албатта одамлар (ёлғиз Аллоҳ таъолога ибодат қилишлари) учун қурилган биринчи Уй Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадир.
97. Унда мақоми Иброҳим (яъни, Каъбани қуришда Иброҳим алайҳиссалом оёқлари остида бўлган харсанг тош, у тошдан ҳанузгача Иброҳим пайғамбарнинг оёқ излари кетмаган. Бу уйни Иброҳим алайҳиссалом қурганига) очиқ оят-аломатлар бордир. Шунингдек, унга кирган одам (ҳар қандай ҳавф-хатардан) омон бўлур ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу Уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса, (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса) бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир.
98. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй аҳли китоб, нима учун сизлар Аллоҳнинг оятларига куфр келтирмоқдасиз?! Ахир Аллоҳ қилаётган амалларингига гувоҳ-ку!»
99. Айтинг: «Эй аҳли Китоб, нима учун сизлар иймон келтирган (ислом динига кирмоқчи бўлган) кишиларни Аллоҳнинг йўлидан тўсасизлар ва ўзингиз (ислом ҳақ дин эканлигига) гувоҳ бўлган ҳолингизда ундан (яъни Аллоҳнинг йўлидан) қийиқ ахтарасизлар? Ахир Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас-ку!»
100. Эй мўъминлар, агар сизлар Китоб берилган кимсалардан бирон бир гуруҳига бўйсунсангиз, улар сизларни мўъмин бўлганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар.
101. Сизларга Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинаётган, Унинг Пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда қандай қилиб диндан қайтасизлар?! Ким Аллоҳга боғланса, (яъни унинг динини махкам ушласа), бас, муҳаққақки, Тўғри Йўлга ҳидоят қилинибди.
102. Эй мўъминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда (ҳаёт кечириб мусулмон ҳолларингизда) дунёдан ўтинглар!
103. Ва барчаларингиз Аллоҳнинг Арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эслангиз: сизлар (бир-бирингизга) душман бўлган пайтларингизда У Зот дилларингизни ошни қилиб қўйди-ку. Сизлар унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган (пайт)ларингизда, У Зот сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай баён қилади.
Изоҳ: Мана шу ояти каримада Яратган Эгамиз динимиздаги кўпчилигимиз эшитган бўлсак ҳам, бепарво бўлиб юрган бир зарур ишни - иттифоқ бўлишни таъкидлайди, яъни «Аллоҳ таъолонинг арқонига барчангиз боғланингиз, бўлинмангиз», деб буюради. У қандай арқон, деб берилган саволга пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидаги ҳадиси муборакларида шундай жавоб берганлар: «Мен сизларга Аллоҳнинг китобини - Қуръонни қўйиб кетаяпман. Бу Қуръон Аллоҳнинг арқонидир. Кимда-ким ўша арқонни ушласа, тўғри йўлда бўлади, кимда-ким у арқонни - Қуръонни тарк қилар экан, у одам албатта адашади», дедилар. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам яна бошқа бир ҳадисда: «Бу арқоннинг бир учи Аллоҳнинг Қўлида турибди. Бир учини эса инсониятга туширди. Адашмайман, дўзах чоҳига қуламайман деган ниятда ўша арқонни маҳкам тутган инсонларни Аллоҳ таъоло Ўзи бу данё ҳалокатларидан асраб, Охират диёрида Ўзининг ҳузурига - жаннатга муваффақ қилади», деб марҳамат қилдилар.
104. Сизлардан Яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга (Аллоҳва пайғамбари буюрган яхши амалларга) буюрадиган ва мункардан (исён-гуноҳдан) қайтарадиган бир уммат (барпо) бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.
105. Сизлар яна аниқ ҳужжатлар келтирилгандан кейин фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир.
Изоҳ: Ушбу оятларда Аллоҳ таъоло бизларга: «Сизлардан бир уммат бўлсин» деб буюрди. Уммат дегани шундай бир жамоатки, у жамоатнинг бир раҳбари бўлади. Ана шу бошлиғига итоат қиладиган жамоатни уммат дейилади. Имом деган сўз айни ўша уммат сўзидан келиб чиққандир. Имомга намозда иқтидо қилиб эргашадиган кишилар жамоат бўладилар. Агар бутун ҳаётимиз бўйи бировга эргашсак, биз ўша одамга уммат бўламиз. Биз мусулмонлар ибодатимизда ҳам, ҳаётимизда ҳам, бутун муомиламизда ҳам жаноб Муҳаммад саллолоҳу алаҳи ва салламга эргашганимиз учун бизни Муҳаммаднинг умматлари дейилади. Демак, уммат Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламнинг жамоатларидир.
106. (Қиёмат) кунида (мўъминларнинг) юзлари оқ бўлур, (кофирларнинг) юзлари қора бўлур. Сўнг юзлари қора бўлган кимсаларга (айтилур): «Иймон келтиргандан кейин яна кофир бўлдингларми?! Бас, кофир бўлганингиз касофатига мана бу азобни тортиб кўрингиз!»
107. Юзлари оқ бўлган зотлар эса Аллоҳнинг раҳмати (жаннати) да бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар.
108. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) булар Аллоҳнинг оятларидир. Сизга уларни ҳақ-рост тиловат қилмоқдамиз. Аллоҳ барча одамларга (яъни ҳеч кимга) бирон зулм қилишни истамас.
109. Осмондаги бор нарсалар ва ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир ва (барча) ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак.
110. (Эй уммати Муҳаммад) сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалга буюрасиз. Исён - гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан (Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканлигига иймон келтирган) мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир.
111. Улар сизларга озор беришдан бошқа ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан урушсалар, кетларига қараб қочадилар. Сўнгра уларга (ҳеч ким томонидан) ёрдам берилмайди.
112. Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг (яъни мусулмонларнинг) аҳди-паноҳида бўлмасалар, албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилди. (Яъни яҳудийлар доимо аҳли иймонлардан қўрқиб, хатто ўз сояларидан чўчиб кун кечирадилар). Улар Аллоҳнинг ғазаби билан кетдилар ва уларга бечораҳоллик ёзиб қўйилди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларига кофир бўлганликлари ва пайғамбарни ноҳақ ўлдирганликларидир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир.
113. (Аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам) баробар эмас. Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган Тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор.
114. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар. Яхши амалга буюриб, исён - гуноҳдан қайтарадилар ва яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандир.
115. Улар қилган бирон яхшилик беркитилмайди (яъни зое бўлмайди). Аллоҳ тақводорларни билгувчидир.
116. Куфр йўлини тутган кимсаларни на моллари ва на болалари Аллоҳ томонидан бўладиган (азобдан) қутқара олмайдилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар.
117. Улар бу ҳаёти дунёда (хўжакўрсинга) қилган инфоқ-эҳсонларининг мисоли худди (динсизлик билан) ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Уларга Аллоҳ зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қилдилар.
Изоҳ: Яъни худди эгалари кофир бўлганлари касофати билан турли бало-офатларга гирифтор бўлиб, хатто экинларни совуқ уриб кетганидек, риёкорлик билан хўжакўрсинга қилинган яхшиликдан ҳам ҳеч қандай фойда йўқдир. Ҳар қандай яхшилик Аллоҳ йўлида холис ният билан қилинсагина ундан ажр-савоб кутиш мумкин.
118. Эй мўъминлар, ўзларингдан бошқаларни (яъни ғайридинларни) сирдош - дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва сизларни қийинчилик машаққатларга дуч келишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари ўз оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги (адоватлари) эса янада каттароқдир. Агар ақл юритсангизлар, сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик.
119. Хой (мўъминлар), сизлар уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни суймайдилар. Сизлар (ҳам) китобга иймон келтирасизлар-у, (улар сизларнинг китобингизга иймон келтирмайдилар). Сизларга йўлиққанларида: «Иймон келтирдик», дейишади. Ўзлари холи қолишганда эса сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли, бармоқларини тишлайдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга): «Шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар», деб айтинг! Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир.
120. Агар сизларга бирон яхшилик тегса, бу уларни хафа қилади. Агар сизларга бирон ёмонлик етса, улар бундан хурсанд бўладилар. Агар сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчидир.
121. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аҳли оилангиз ҳузуридан чиқиб, мўъминларни уришадиган жойларига тахт қилиб қўйган пайтингизни эсланг. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
Изоҳ: Мана шу оятдан бошлаб, ғазотлар ҳақида сўз кетади. Юқоридаги оятларда кофир-мунофиқлар билан сўз майдонида жангу жадал борган бўлса, энди бу жангу жадал жанг майдонига кўчади. Бу оятларда Уҳуд уруши ҳақида батафсил сўз юритилиб, баъзи ўринларда Аллоҳнинг мўъминларга қилган марҳаматини ёдга солиш учун Бадр жанги ҳам эслаб ўтилади. Юқоридаги оят Уҳуд уруши ҳақидаги қиссанинг бошланишидир.
122. Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди. Бас, мўъминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!
Изоҳ: Пайғамбар алайҳиссалом Уҳуд жангига минг кишилик лашкар билан чиқдилар. Душман қароргоҳига яқинлашганларида (уларнинг саноғи уч мингта эди) мусулмонлар орасига кириб олган Абдуллоҳ ибн Убай отли мунофиқ уч юз нафар аскар билан жанг майдонидан қочиб кета бошлади. Буни кўрган бану Салама ва бану Ҳориса қабиласидан бўлган мусулмонлар ҳам қайтмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳнинг инояти билан бу қасдларидан воз кечдилар.
123. Ахир Аллоҳ Бадр (жанги)да кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқингиз. Шунда шояд (унинг неъматларига) шукр қилгайсиз.
124. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Бадрда) мўъминларга айтгандингиз: «Парвардигорингиз (бу жанггоҳда) сизларга уч минг кўкдан туширилган фаришта билан мадад бериши кифоя қилмайдими?»
125. Йўқ, (кифоя қилур). Агар сабр қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар ва улар (кофирлар) шу онда сизларга ҳужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур.
126. Бу (мададни) Аллоҳ фақат сизларга хушхабар бўлсин деб ва дилларингиз таскин топишлиги учун қилди. Аслида ғалаба фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридан келур.
127. Кофирларнинг бир қисмини ҳалок қилиш ёки мағлуб қилиб, ноумид ҳолда қайтариш учун (Аллоҳ сизларни ғолиб қилди).
Изоҳ: Бадр жангида номдор паҳлавонлардан етмиш киши ўлдирилиб, етмиштаси асир олинди ва мусулмонлар ғалаба билан қайтдилар.
128. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) сиз учун бу ишда (яъни баналарга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар, ёки золимликлари сабабли азоблар.
Изоҳ: Бу оят Уҳуд жангида пайғамбар алайҳиссаломнинг тишлари синиб, юзлари ёрилганида, у зот: «ўз пайғамбарларининг юзини қонга бўяган қавм қандай нажот топсин» дея умидсизликка тушганларида нозил бўлган.
129. Осмонлардаги бор нарса ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. У зот ўзи истаган кишининг гуноҳларини мағфират қилур ва ўзи истаган кимсани азоблар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
130. Эй мўъминлар (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб (олиш билан) судхўрлик қилмангиз. Аллоҳдан қўрқмангиз. (Шунда) шояд нажот топгайсиз.
131. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз.
132. Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлгайсиз.
133. Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. У (жаннат) тақфодор зотлар учун тайёрлаб қўйилгандир.
134. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади.
135. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир фаҳш-гуноҳ килиб қўйсалар, ёки (қандайдир нолойиқ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳлари учун мағфират-кечирим сўрайдиган - ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур - билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир.
136. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр!
137. (Эй мўъминлар), сизлардан илгари ҳам кўп суннатлар - ибратлар ўтгандир. (Яъни сизлар Уҳуд жангида мағлуб бўлган бўлсангиз, илгари ҳам бундай воқеалар - Аллоҳга иймон келтирган қавмларнинг кофирлар томонидан вақтинча мағлуб бўлган ҳолатлари ўтган. Лекин охир-оқибатда ўша кофирлар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб - йўқ бўлиб кетганлар). Бас ерда айланиб юриб, Аллоҳнинг динини ёлғон деганларнинг оқибатлари қандай бўлганини бир кўринглар.
138. Бу (Қуръон) одамлар учун (тўғри йўлни) баён қилгувчи ва тақво эгалари учун ҳидоят ва панд-насиҳатдир.
139. (Эй мўъминлар), куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва (Уҳуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз. Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар.
140. Агар (бугун - Уҳудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиш учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсалани севмайди.
141. Ва токи Аллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок қилиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради).
142. (Эй мўъминлар) ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким (ҳақ йўлда) курашгани-у, ким сабр-токат қилганини мутлақо билмай туриб, жаннатга кирамиз деб ўйладингизми?!
143. Ўлимга рўбарў бўлишингиздан илгари уни орзу қилар эдингизлар. Мана энди (яъни Уҳудда) уни кўзингиз билан кўриб турибсиз.
144. Муҳаммад фақат бир пайғамбардир, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас агар у (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) вафот қилса, ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизларми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди.
145. Ҳар бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан аниқ белгилар-ёзиб қўйилган муддатда ўлади. Ким дунё савобини истаса, (яъни фақат ўлжа истаб жангга кирса) унга ўша истаган нарсасини берурмиз. Ким охират савобини истаса, унга-да истаган нарсасини берурмиз. Ва шукр қилгувчиларни муносиб мукофотлаймиз.
Изоҳ: Ушбу сўзни шундай тушунмоқ лозим: қўрқоқлик умрни узайтирмайди. Шижоат эса уни қисқартирмайди. Ҳар қандай тадбир - эҳтиёткорлик Аллоҳнинг қозо ва қадарини ўзгартирмайди. Бас, нима сабабдан ҳақ йўлидаги курашдан қочмоқчи бўласиз?!
146. Қанчадан-қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда кўпдан-кўп художўйлар (кофирларга қарши) жанг қилганларю ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткаҳлик - заифлик қилмаганлар ва (кофирларга) бўйин эгмаганлар. Аллоҳ мана шундай сабр қилгувчиларни севади.
147. Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: «Парвардигоро, Ўзинг бизнинг гуноҳлармизни ва ишлармизда ҳаддан ошиб қилган хатоларимизни мағфират айла, (жанг майдонида) қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига ўзинг бизни ғолиб қил!»
148. Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол давлатни) ва ҳам охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади.
149. Эй мўъминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, улар сизларни кетингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар!
150. Йўқ, (улар сизларнинг дўстингиз эмас, балки ёлғиз) Аллоҳ хожангиздир. Ва У Зот энг яхши ёрдамчидир.
151. (Тангри эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат-далил келмаган нарсани (яъни жонсиз бутларни) Аллоҳга шерик қилганлари сабабли кофирларнинг дилларига қўрқув солажакмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир, зулм қилгувчиларнинг жойлари нақадар ёмон жой!
152. Аллоҳ сизларга берган ваъдасининг устидан чиқди - сизлар унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (пайғамбар алайҳиссаломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган пайтингизгача ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин, пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг устидан (ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонга) буриб юборди. Энди гуноҳларингизна афв қилди. Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган зотдир.
Изоҳ: Уҳуд жанги бошланишидан олдин пайғамбар алайҳиссалом элликта мерганни тоғ устига қўйиб, уларга ўринлариан жилмай мусулмонларни мудофаа қилиб туришни тайинладилар. Уруш бошланиши биланоқ мусулмонларнинг қўли баланд кела бошлаб, ғалаба кўзларига кўриниб қолди. Шунда у мерганлардан айримлари ўлжасиз қолиб кетмаслик учун, айримлари ғолиб бўлдик, деб ўйлаб пайғамбар буюрган ўринларидан - тоғдан пастга утшиб кетишлари билан шу тоғнинг орқасидаги пистирмада турган душман аскарлари орқа тарафдан тўсатдан ҳужум қилдилар. Ва кутилмаган ҳужумдан таҳликага тушиб қолган мусулмонлар устидан ғалаба қилдилар. Мусулмонларнинг пайғамбар фармонларини бажармаганлари уларни аниқ бўлиб қолган ғалабадан маҳрум қилди. Оятнинг сўнгида Аллоҳ уларнинг бу гуноҳини афв этганини баён қилди ва уларни ҳақ таъолонинг фазлу марҳаматидан ноумид бўлмасликка буюрди.
153. (Эй мўъминлар), ҳеч кимга боқмай (жанг майдонидан) чиқиб кетган пайтингизни эсланг. Ҳолбуки, пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди. Бас, (ғалаба, ўлжалар янглиғ) сизлардан кетган нарсаларга ва (мағлубият, қурбонлар каби) сизларга етган нарсаларга хафа - ғамгин бўлмасликларинингиз учун Аллоҳ сизларга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
154. Сўнгра бу ғамнинг кетидан сизларга бир ором уйқусини туширдики, у сизлардан бўлган бир тоифа кишиларни (яъни ҳақиқий мўъминларни) қамраб олди. Бошқа бир тоифа (яъни мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар. Улар: «Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди», дейишади. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!» Улар сизга ошкор қилмайдиган нарсани (мунофиқликларини) яширадилар. Айтадиларки: «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганда эди, бу ерларда ўлиб - қирилиб кетмаган бўлар эдик». (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам, ўлдирилиш ёзиб қўйилган - (Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган) кишилар шубҳасиз ўз ҳалокат жойларига келган бўлар эдилар». (Аллоҳ бу мағлубиятни) кўнгилларингиздаги нарсани (иймон ёки нифоқни) имтиҳон қилиш ва дилларингиздаги нарса (иймон)ни поклаш учун қилди. Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир.
155. Икки жамоат тўқнашган куни сизларнинг ораларингиздаги (уруш майдонидан) қочган кишиларни фақат шайтоннинг ўзи улар қилган айрим гуноҳлари сабабли йўлдан оздирди. Энди Аллоҳ уларнинг гуноҳларини афв этди. Албатта Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир.
156. Эй мўъминлар, куфр йўлини тутган ва (бошқа) ерларга сафар қилиб, ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида «Агар биз билан қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар» дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларни) Аллоҳ уларни дилларидаги ҳасад қилиб қўяди. Ахир тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир.
157. Қасамки, агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсангизлар, ёки ўлсангизлар албатта Аллоҳ томонидан бўлғуси мағфират ва раҳмат улар (яъни, мунофиқ, кофирлар) тўплайдиган дунёдан яхшироқдир.
158. Қасамки, агар ўлсангизлар ҳам, ўлдирсангизлар ҳам, албатта Аллоҳ ҳузурига тўпланажаксиз.
159. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингида эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг. Улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди, (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга таваккал қилинг - суянинг! Албатта ўзига таваккал қилгувчиларни севади.
160. (Эй мўъминлар), агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар у зот сизларни ёрдамсиз кўйса, ундан сўнг ҳеч бир зот сизларга ёрдамчи бўлмас. Мўъминлар ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина таваккал қилсинлар - суянсинлар!
161. Бирон пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, қиёмат кунида (Аллоҳнинг ҳузурида) қилган хиёнати билан бирга келур. Сўнгра ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолди қилган амалларига комил жазо олғай.
162. Аллоҳнинг ризолигини истаган киши Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган, борар жойи жаҳаннам бўлган кимса каби бўладими?! Нақадар ёмон оқибат бу!
163. Улар Аллоҳнинг ҳузурида ҳар хил даража-манзилатлардан бўлурлар. Аллоҳ улар қилаётган амалларни кўргувчидир.
164. Албатта Аллоҳ мўъминларга буюк инъом қилди - уларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юборди. Зеро, улар (Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик келишидан) илгари очиқ хато - залолатда эдилар.
165. (Эй мўъминлар), агар сизларга (Уҳудда душман томонидан) бир мусибат етса, - ҳолбуки, сизлар (Кофирларга Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз - «Бу бало қайдан келди?» дейсизларми?! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларга: «Бу (мусибат - мағлубият) ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!
166-167. Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва ҳақиқий мўъминларни билиш учун ҳамда мунофиқлик қилган кимсаларни аниқлаш учун бўлди. Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар»,- дейилса, улар: «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку, сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизларида кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билгувчидир.
168. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), ўша ўзлари (жангдан қочиб) ўтириб олиб, (жангда шаҳид бўлган) дўстлари ҳақида: «Агар бизнинг гапимизга кириб, (жанг қилишдан бош тортганларида), ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга: «Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи!»- деб айтинг!
169-170. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг. Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ ўз фазлу карами билан уларга берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай ҳавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар.
171-172. Улар Аллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат-мусибат етканидан кейин ҳам Аллоҳ ва пайғамбарга бўйсунган мўъминларнинг ажри-мукофотини Аллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар. Улар орасидаги чиройли итоат қилган ва Аллоҳдан қўрққан зотлар учун улуғ ажр-мукофот бордир.
173. Ундай зотларга айрим кимсалар: «(Қурайш) одамлари сизларга карши (саноқсиз) лашкар тўплаган. Бас, улардан қўрқингиз!»- деганларида, (бу гап) уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир!»- дедилар.
174. Бас, (у юришдан) бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг розилигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир.
Изоҳ: Юқоридаги оятларда мусулмонларнинг Уҳуд жангидан кейинги аҳволи баён қилинди. Мушриклар Уҳудда мусулмонлар устидан ғалаба қилиб, уйларига қайтгач, йўлда: «Нега уларни бутунлай қириб ташламадик?» деб надомат қилдилар. Бу гап Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламга етиб келганида, у зот мушрикларнинг дилига қўрқув солиш ва уларга ўзларининг ҳали куч-қувватга эга эканликларини кўрсатиб қўйиш учун мусулмонларни уларнинг ортидан юришга чақирдилар. Мусулмонлар Уҳуд жангида кўп талафот ва жароҳатлар олганларига қарамай, пайғамбарнинг даъватларига «лаббай!», деб жавоб бердилар ва баъзи бир «шайтон»ларнинг «Қурайшлик мушрикларнинг сон-саноқсиз лашкари бор», деган васвасалари ҳам уларни қўрқита олмади, балки иймонларини зиёда қилди, холос. Улар пайғамбар алайҳиссалом билан бирга мушрикларнинг ортидан бориб, Хамро-ал-Асад деган жойда уларга етиб олдилар. Шунда Аллоҳ таъоло мушрикларнинг дилларига бир қўрқув солди. Ва улар мусулмонларга қарши жанг қилишга журъат қила олмадилар ва мусулмонлар эсон-омон Мадинага қайтиб келдилар.
175. Албатта, ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўъмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!
176. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), куфр - динсизликка шошаётган кимсалар сизни ғамгин қилмасин. Албатта улар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. (Фақат) Аллоҳ улар учун охиратда бирон насиба бўлмаслигини истайди. Улар учун улуғ азоб бор (холос).
177. Албатта, куфрни иймонга алмаштириб олган кимсалар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Улар учун аламли азоб бордир.
178. Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган муҳлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки, биз уларга фақат гуноҳларини зиёда қилишлари учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир.
179. Аллоҳ мўъминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўъмину, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўйгувчи эмас. Хали у (Уҳудда мунофиқларни мўъминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабрдор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғайбдан хабардор, огоҳ қилур). Бас, Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр - мукофот бордир.
180. Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлари ер мерос бўлиб Аллоҳнинг ўзига қолур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
181. Албатта Аллоҳ «Аллоҳ камбағал, бизлар боймиз» деган (яҳудий) кимсаларнинг сўзини эшитди. Уларниг айтган гапларини ва пайғамбарларини ноҳақ ўлдирганларини ёзиб қўюрмиз ва (қиёмат куни) уларга: «Куйдиргувчи - дўзахнинг азобини татиб кўрингиз» деб айтурмиз.
182. Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Албатта Аллоҳ (ўз) қулларига зулм қилгувчи эмасдир.
183. У кимсалар: «Албатта Аллоҳ бизларга бирон пайғамбар то бир қурбонлик атаб, уни (осмондан тушган) олов еб (яъни ёндириб) кетмагунча унга иймон келтирмаслигимизни буюрган» дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Муҳаққақки, мендан илгари сизларга кўп пайғамбарлар очиқ ҳужжатларни ва сизлар айтган нарсани (яъни қурбонликларни) келтирганлар. Энди агар шу айтган гапларингиз рост бўлса, нима учун уларни ўлдирган эдингизлар?!»
184. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар сизни ёлғончи қилишган бўлса, (асло ғамгин бўлманг, чунки) сиздан илгари ҳам очиқ ҳужжатларни, битиклар ва нурли китоб келтирган кўп пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар.
185. Қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз, ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир.
186. (Эй мўъминлар), албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни Аллоҳ таъоло мол ва жонларингизга хилма хил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар) ва албатта сизлардан илгари китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни сабр-тоқатли бўлиб Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир.
187. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ китоб берилган кимсалардан «Албатта у (китобни) одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар» деб аҳд-паймон олган эди. Сўнг улар бу аҳд-паймонни ортларига ташладилар ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди!
188. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз ҳаргиз қилган ишларни (яъни одамларни ҳақ йўлдан адаштиришлари) билан хурсанд бўладиган ва қилмаган ишлари билан мақтов эшитишни яхши кўрадиган кимсалар азобдан йироқ макондалар деб ўйламанг. Улар учун аламли азоб бордир.
189. Осмонлар ва ердаги бор мулк Аллоҳникидир ва Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
190. Албатта осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратгувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир.
191. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам, Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб, (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ. Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан. Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил.
192. Парвардигоро, албатта сен кимни жаҳаннамга киритсанг, муҳаққақ уни расво қилибсан ва бундай золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир.
193. Парвардигоро, албатта биз: «Парвардигорингизга иймон келтирингиз!» деб иймонга чорлаётган жангчи (Муҳаммад алайҳиссаломнинг нидоларини) эшитдиг-у, иймон келтирдик. Парвардигоро, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин. Қилган ёмонликларимизни (саҳифайи аъмолимиздан) ўчиргил ва бизларни яхшилар билан бирга ўлдир!
194. Парвардигоро, бизларга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни (жаннат, мағфират, висолингдан баҳраманд этиш каби неъматларингни) ато қил ва бизларни қиёмат кунида расво қилмагил. Албатта сен ваъдангга хилоф қилмагайсан.
195. Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро бировингиз бировингиздандирсиз. (Яъни эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган). Бас, (ватанларидан) ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, менинг йўлимда азиятлар чеккан ва (менинг йўлимда) жанг қилиб қатл этилган зотларнинг қилган гуноҳларини ўчиргайман ва уларни тагларидан дарёлар оқиб турадиган боғларга киритгайман. Бу Аллоҳ ҳузуридан бўлган савоб - мукофот бўлади. зеро энг гўзал савоб - мукофот Аллоҳнинг ҳузуридадир.
196. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари (яъни уларнинг ҳар жойда керилиб юришлари) алдаб қўймасин!
197. (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай. Нақадар ёмон жой у!
198. Аммо Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун Аллоҳ ҳузуридан зиёфат бўлмиш - тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар бордики, улар бу боғларда абадий қолажаклар. Яхшилар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарса (яъни савоб-ажр кофирларнинг муваққат кайф-сафоларидан) авзалроқдир.
199. албатта аҳли китоб ичида Аллоҳга ҳамда сизларга нозил қилинган нарсага - (Қуръонга) ҳам ўзларига нозил қилинган нарсага (Тавротга, Инжилга) ҳам иймон келтирадиган, Аллоҳга итоат қилиб бош эгувчи, Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга сотиб юборадиган зотлар ҳам бор эканлиги аниқ-равшандир. Ана ўшалар учун Парвардигорлари ҳузурида ажру савоб бордир. Албатта Аллоҳ тезда ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир.
200. Эй мўъминлар сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доим (кураш-жиҳод учун) белингиз боғлиқ (ҳолда ҳозир) бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!