loader

085. Буруж сураси

Бу сура Маккада нозил қилинган бўлиб, йигирма икки оятдир.
У бошидан охиригача иймон-эътиқод мавзусини ёритгувчи сура бўлиб, аввал узоқ ўтмишда мўъминларни фақат Аллоҳ таъолога иймон келтирганлари учун азоблаб ўлдирган бир тўда золим кимсалар ҳалокатга дучор қилинганлари ҳақида хабар берилади ва барча замонлардаги аҳли иймонни фитнага солиб, уларга зулм қиладиган кимсалар дўзах азобига гирифтор бўлишлари таъкидланади.
Сўнгра Яратганнинг кудрати нақадар буюк эканлигига далолат қиладиган оятлар зикр қилингач, сура ниҳоясида Қуръони Мажид ҳеч қачон бирон ҳарфи ўзгармайдиган — бузилмайдиган Китоб экани уқдирилади. Бу суранинг номи "Буруж" бўлиб, "(Осмондаги) буржлар" деган маънони англатади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам;
2. Ваъда қилинмиш (Қиёмат) Кунига қасам;
3. (Ўша Кунда) гувоҳ бўлгувчи (барча халойиққа) ва гувоҳ бўлингувчи (барча воқеа-ҳодисалар)га қасамки;
4. Чоҳ эгалари лаънат қилингайлар!
5. (У чоҳ ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин»ли оловдир!
6. Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган —
7. Ва мўъминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар.
Изоҳ: Ушбу оятларда қадимда ўтган бир золим подшоҳ ва унинг малайлари мўъминларни Аллоҳ таъолога бўлган иймон-эътиқодларидан қайтариш учун кўллаган мудҳиш чоралари ва оқибат-натижада ўзлари қазиган чоҳга ўзлари кулаб ҳалок бўлганлари ҳақида хабар берилди. Ўшанда улар мўъминларни ташлаб ёқиб юбориш учун узун ва чуқур чоҳ кавлашиб, ҳар бир мўъминни ўша чоҳ ёқасига келтиришгач, агар иймонидан қайтишмаса, мана шу ловуллаб ёниб турган чуқурга итқитилишини айтишганида, бирон мўъмин иймонсиз яшашни иймон билан шаҳид бўлишдан ортиқ билмаган экан. Лекин улар ўша чуқурга отилган пайтларида ҳали олов баданларига тегмасдан Аллоҳ таъоло уларнинг жонларини Ўз ҳузури олийсига чорлаган, мўъминларнинг жасадларини куйдиришдан ор қилган олов эса юқорига ўрлаб, чоҳ ёқасида томошабин бўлиб ўтирган кофирларни куйдириб ҳалок қилган экан. Бу қиссадан хисса шуки, мангу саодатга элтгувчи иймон Йўли осон йўл эмас, балки барча замонлардаги носоз тузум ва бузуқ жамиятларда аҳли иймон бошига ана шундай оғир синов тушиши мумкин. Ана ўша пайтда иймон имтиҳонидан гарчи шаҳид бўлиш баробарига бўлса-да, ўта олган мўъминлар нажот топган бўлурлар. Уларга зулму ситам кўрсатган мустабид хокимлар эса шак-шубҳасиз, ҳалокатга маҳкумдирлар.
8-9. Улар (мўъминлардан) фақат у (мўъмин)лар қудрат ва мақтов Эгаси бўлган Аллоҳга — осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага Гувоҳдир!
10. Албатта мўъмин ва мўъминаларни фитнага солиб, сўнгра (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир ва улар учун ўт азоби бордир!
11. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу буюк саодатдир.
12. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг (кофирларни азоб билан) ушлаши қаттиқдир.
13. Албатта Унинг Ўзи бошлар (яъни, бошлаб йўқдан бор қилур) ва қайтарур (яъни, халойиқи ўлганларидан кейин қайта тирилтирур).
14. У (мўъминларга) Мағфиратли, Муҳаббатли Зотдир.
15. (У) Арш Соҳиби бўлмиш Буюк Зотдир.
16. (У) истаган нарсасини Амалга оширгувчидир.
17-18. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга қўшинларнинг — Фиръавн (ва унинг одамларининг) ҳамда Самуд қабиласининг) хабари келдими?
Изоҳ: Яъни, улар кофир бўлганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлдилар-ку! Бас, Қуръонга ва Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирмаганлар ҳам худди ўшалар каби ҳалок бўлурлар!
19. Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар!)
20. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан (барча нарсани билиб) Иҳота қилиб тургувчидир.
21-22. Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул-Маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришдан сақланган-ҳимояланган Лавҳдаги) Буюк Қуръондир.

Орқага Олдинга