loader

097. Қадр сураси

Бу сура ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, беш оятдан иборатдир.
Унда сўз инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир Кеча ҳақида — инсонларга бу ҳаёти дунёдан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берадиган сўнгги муктаммал Илоҳий дастурул-амал бўлмиш Қуръони Карим нозил бўла бошлаган ниҳоят қадрли бир Кеча ва унинг фазилатлари ҳақида боради.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик.
2. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Кадр кечаси нима эканлигини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?!
3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.
Изоҳ: Демак, у кечада қилинган тоат ибодат ҳам минг ойлик ибодатдан яхшироқ бўлади. Бу кечанинг баракоти ҳақида «Духон» сурасининг 2-5-оятлари изоҳида айтиб ўтилган. Кўпчилик уламоларнинг айтишларича, Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир.
4. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар.
5. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир.

Орқага Олдинга