loader

101. Қориъа сураси

Маккада нозил қилинган бу сура ҳам ўн бир оятдан ташкил топгандир.
Бу сурада ҳам Қиёмат даҳшатлари тасвирланиб, у Кунда ҳар бир инсон ўз қилмишига қараб мукофот ёки жазога мустаҳиқ бўлиши ҳақида хабар берилади.
Суранинг номи бўлмиш "Ал-қориа" калимаси "Қалбларни қаттиқ қоқувчи (Қиёмат)" деган маънони англатади.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. (Ўз даҳшатлари билан кишилар қалбини) қаттиқ қоқувчи (Қиёмат)!
2. У қаттиқ қоқувчи недур?!
3. (Эй инсон), қаттиқ қоқувчи (Қиёмат) нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?!
4. У Кунда одамлар тўзғитиб юборилган парвоналар каби бўлиб қолурлар! (Яъни, қабрларидан чиқишиб, Қиёмат даҳшатидан ўзларини ҳар ёнга уриб-тўзиб кетадилар).
5. Тоғлар эса титилган жун каби (осмонда учиб юрадиган) бўлиб қолур!
6-7. Бас, энди (у Кунда) кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўша (киши ҳар бир инсон) рози бўладиган-орзу қиладиган ҳаётда бўлур.
8-9. Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил келса, унинг жойи «жарлик»дир!
10. Унинг нима эканини қаердан ҳам билар эдинг?!
11. (У) қизиган дўзахдир!

Орқага Олдинга