Тўққиз оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил бўлгандир.
Унда тўплаган мол-дунёлари билан қувонишиб, ўша моллари ўзларини ҳар қандай бало-офатдан сақлайди, деб ўйлайдиган ва ҳадларидан ошиб бировларнинг обрўларини тўкиб юрадиган ғийбатчи-бўҳтончи кимсалар албатта дўзах азобига дучор қилинишлари ҳақида сўз юритилади.
Суранинг номи бўлмиш "Ҳумаза" сўзи "Бўҳтончи" деган маънони англатади.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай.
2-3. Ки, у (топган) мол-дунёси ўзини мангу (ўлмайдиган) қилиб қўйган, деб ўйлаган холида (фақат) мол тўплаган ва ўша (мол-дунё)ни ҳисоб-китоб қилиб (бирон савобли ишга сарфламасдан) юрган кимсадир.
4. Йўқ, (унинг бу ҳисоб-китоби бекордир)! Қасамки, албатта у чил-парчин қилгувчи (дўзах)га ташланур!
5. (Эй инсон), чил-парчин қилгувчи нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?!
6-7. (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур!
8-9. Албатта (у кофирлар) узундан-узун устунларга (занжирлар билан боғлаб кўйилган ҳолларида олов) уларнинг устида қопланиб қолгувчидир (яъни, кишанбанд бўлганлари сабабли на улар жаҳаннам қаъридан кутулиб чиқа олурлар ва на улар нафас олишлари учун бир ютум тоза ҳаво кирур)!