Бу сура ҳам Макка сураларидан бўлиб, бир юз ўн оятдан иборатдир. Сурада Аллоҳ таъолога бўлган иймон эътиқодни янада мустаҳкамлаш учун энг гўзал ибратли қиссалардан учтаси сўзлаб берилади.
Улардан биринчиси «Асҳобул Каҳф» қиссаси бўлиб, унда золим ҳоким истибдодидан дину иймонларини сақлаб қолиш учун ўз жонларини фидо қилган йигитларнинг бир каҳфга - ғорга паноҳ тортиб киришиб, у жойда уч юз йил қолиб кетишгани ҳақида ҳикоя қилинади. Суранинг «Кафҳ - Ғор» деб номланишига ҳам сабаб шудир.
Иккинчи қисса Мусо ва Хизир пайғамбарлар қиссаларидирки, унда Мусо алайҳиссаломнинг илм йўлидаги ҳокисорликлари, Хизир алайҳиссаломнинг бошқа пайғамбарларга берилмаган неъмат - ғойибдан огоҳлик неъматига муяссар бўлганликлари тўғрисидаги лавҳалар илоҳий қалам билан баён этилади.
Учинчи қиссада Аллоҳ таъоло марҳамати билан бутун дунёни ўз ҳукмида тутиш шарафига ноил бўлган адолат ва тақвода беназир буюк шоҳ Зулқарнайн, у кишининг фатҳ юришлари хусусида сўз юритилади.
Яна бу сурадан молу-давлат ғурурланишга арзимайдиган нарсалар экан, умуман, бу ҳаёти дунё ўткинчи - бебақолиги ҳақида айтилган бир қанча ибратли мисоллар ҳам жой олгандир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1-2. (Барча) ҳамду-сано Аллоҳ учундир. У Зот ўз бандаси (ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом)га китобни (Қуръонни) нозил қилди ва уни брон эгриликсиз - расо (китоб) қилди. Токи (кофирларни) ўз ҳузуридан келадиган қаттиқ азобдан қўрқитиш ва яхши амаллар қиладиган мўъминларга гўзал мукофот - жаннат хушхабарини бериш учун (у зот Қуръонни нозил қилди).
3. (Мўъминлар ўзлари учун мукофот бўлмиш жаннатда) мангу қолгувчидирлар.
4-5. Шунингдек, у зот ўзларининг ҳам, ота-боболарининг ҳам бирон билим-маърифати бўлмагани ҳолда, «Аллоҳнинг боласи бор» деган кимсаларни (қаттиқ азобдан) огоҳлантириш учун (ушбу китобни) нозил қилгандир. Уларнинг оғизларидан чиққан сўз - оғир сўздир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар.
6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар улар ушбу сўзга - Қуръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қиларсиз (бундоқ қилмоқ сизга нораводир).
7. Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун ер устидаги бор нарсани унга зийнат-безак қилиб қўйдик (яъни, ўша безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишиларгина бизнинг синовимиздан ўтурлар).
8. Ҳеч шак-шубҳасиз, унинг (ернинг) устидаги (безаклар)ни сип-силлиқ, қуп-қуруқ қилиб (йўқ қилиб) қўйгувчи ҳам биздирмиз.
9. Балки сиз каҳф (ғор) ва битик (уларнинг қиссалари битилган тош) эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг (охират-қиёмат ҳаққирост эканлиги тўғрисидаги) оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз.
Изоҳ: Муфассирлар ёзишларича «Асҳобул каҳф - ғор эгалари»нинг қиссаси бундоқ бўлган экан: Ийсо алайҳиссалом замонларидан кейин Рум давлатларидан бирида Дақёнус номли золим шоҳ чиқиб, одамларни бутларга ибодат қилишга мажбур қилар, амрига бўйсунмаган кишиларни эса ўлдирар экан. Кунлардан бирида унга фуқароларидан бир неча йигит унинг фармонидан бош тортишиб, бутларга сиғинмаётганини етказибдилар. Подшоҳ уларни ўз саройига чақириб, бу хабарнинг рост-ёлғонлигини сўраганида, улар: «Бизлар ёлғиз Аллоҳдан ўзга бирон кимса ёки нарсага сиғинмаймиз», деб жавоб қиладилар. Шунда шоҳ уларга: «Сенлар ёш, чиройли, бақувват йигитлар экансанлар, ўз жонларингга жабр қилманглар. Мен сенларни ўлдириб юборишга кўзим қиймаяпти. Яхшиси эрталабгача ўйлаб кўриб, эртага менга жавобини айтинглар», деб уларга рухсат беради. Йигитлар ўзаро маслаҳатлашиб, «Аллоҳдан ўзгага бўйсунгандан кўра шу бадбахт диёрни тарк қилганимиз афзал» дейишиб, тун қоронғусида шаҳари тарк қилишади. Йўлда яйловдан ўтиб бораётганиларида, уларга ўша ерлик бир чўпоннинг ити ҳам эргашади. Тонга яқин бир тоққа етиб боришиб, катта ғорга кириб яширинадилар. Эрталаб бу воқеадан хабардор бўлган шоҳ ўз аскарлари билан уларнинг ортидан тушиб, ўша ғор оғзига яқинлашгач, аскарлар унга киргани қўрқадилар. Шунда Дақёнус уларга ғордаги йигитлар очлик ва ташналикдан қирилиб кетишлари учун ғор оғзини беркитиб ташлашни буюради. Лекин Аллоҳ таъоло ўзининг садоқатли баналарини ҳалок бўлишдан сақлайди - уларни узоқ уйқуга чўмдиради. Уйғонганларида орадан ... уч юз йил ўтган эди. Бундан бехабар йигитлар бир ё ярим кун ухладик деб ўйлайдилар ва ораларидан битталарини яширинча шаҳарга егулик ҳарид қилиб келиш учун жўнатадилар. У йигит бозорга келиб, таом сотиб олиб, ёнидаги тангани узатганида, сотувчи хайрон бўлиб: «Бу Дақёнусдан қолган танга-ку. Бирон ердан Хазина топиб олдингми?» деб сўрайди. Йигит ҳам хайрон бўлиб: «Ҳеч қандай Хазина топиб олганим йўқ. Бу менинг қавмим ишлатадиган оддий танга», деб жавоб қилиб, Дақёнусга нима бўлганини сўрайди. Бу орада тўпланиб кетган одамлар унинг аллақачон ўлиб кетганини айтишиб, йигитни подшоҳ олдига олиб борадилар. Бу шоҳ мўъмин-солиҳ киши эди. Йигитдан ўзи ва ўртоқларининг бошидан кечган воқеаларни эшитгач, аскарлари ва шаҳар аҳли билан ўша ғор оғзига борадилар. Ичкаридаги йигитлар Дақёнус олиб кетгани келди, деб ўйлашиб, ўлим олдидан сўнгги бор ибодат қилиб олишга тутинадилар. Подшоҳ ва унинг одамлари ғорга киришиб, уларни ибодат устида кўрадилар ва намозларини тугатганларидан сўнг, подшоҳ йигитларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб кўришиб, уларнинг бошларидан кечган саргузашт Аллоҳ таъоло бандаларини қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиш учун қайта тирилтириши ҳақ эканига бир оят-аломат эканлигини айтади. Юқорида мазкур бўлган ва қуйида келадиган оятларда мана шу «Асҳобул-каҳф» ҳусусида сўз кетади.
10. Эсланг, ўшанда у (мўъмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: «Парвардигоро, бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат-марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни ўзинг ўнглагин», дедилар.
11. Бас, биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (яъни, уларни ухлатиб) қўйдик.
12. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик.
13. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), биз сизга уларнинг ҳол-хабарларини рўйи-рост сўйламоқдамиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва биз иймонларини зиёда қилган йигитлардир.
14. Биз уларнинг дилларини (иймон билан) қувватлантирдик. Ўшанда улар (золим шоҳ қаршисида) туриб дедилар: «Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва еринг Парвардигоридир. Бизлар ундан ўзга бирон «илоҳ»га ҳаргиз дуо-илтижо (яъни, ибодат) қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ (сўзни) айтган бўлурмиз.
15. Ана у қавмимиз эса ундан ўзга «илоҳларни» (Худо) қилиб олдилар. Улар ўзлари учун (ўша бутларнинг илоҳ экани ҳақида) аниқ бир ҳужжат келтирсалар эди (ҳеч қачон келтира олмайдилар). Бас, (ҳеч қандай ҳужжатсиз «шериги бор», деб) Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!
16. (Йигитлар!) Модомики сизлар улардан (мушриклардан) ва Аллоҳдан ўзга - улар сиғинаётган нарсалардан четланган-юз ўгирган экансизлар, энди (ёлғиз Парвардигорингиз - Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиш учун) ғорга паноҳ топиб борингиз. Парвардигорингиз сизларга ўз раҳмат-марҳаматини кенг-сероб қилур ва сизларнинг ишларингизни ўншлар».
17. Қуёш - чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботишда эса улардан сўл томонга йироқлашиб кетганини (чиқишда ҳам, ботишда ҳам уларни қиздириб, уйқу-оромларини бузмаганини), улар эса (ғор)нинг тўрида эканликларини кўрурсан. Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан (биридир). Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топгувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон тўғри йўлга йўллагувчи дўст топа олмассан.
18. Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ деб ўйларсан. Биз уларни (баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонга ёзиб ётур. Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг (ва кўзлари очиқ ҳолда, у ён, бу ёнга ағдарилиб ётганларини кўрсанг), уларнинг (аҳволидан) даҳшатга тушиб, юз ўгириб қочган бўлур эдинг.
19. Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун биз уларни (йигитларни кандай ухлатиб қўйган бўлсак), ана шундай уйғотдик. Улардан бири деди: «Қанча (муддат ухлаган ҳолда) турдинглар?» Улар(нинг айримлари): «Бир кун ё ярим кун турдик», дедилар. (Қолганлари эса): «Қанча (ухлаб) турганларингизни ёлғиз Парвардигорингиз билур. Энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар. У энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ-насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва сизларни биронтага сездириб қўймасин.
20. Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қилурлар, ёки яна ўзларининг динларига қайтарурлар ва у ҳолда ҳеч қачон қутила олмассизлар», дейишди.
21. Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва (қиёмат) соатининг (келиши) шак-шубҳасиз эканини билишлари учун (одамларни ғордаги йигитларнинг аҳволидан) огоҳ қилдик. Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқуларидан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот қилишгач), ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар. Бас, айрим кишилар: «Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигорлари уларнинг (қайси жойда, қандай ҳолда ётганларини) жуда яхши билгувчидир», дедилар. Уларнинг устига ҳукмрон бўлган (подшоҳ ва Сарой аъёнлари эса): «Албатта, биз улар (яъни асҳобул каҳф қабрининг) устида бир масжид қуриб олурмиз», дейишди.
22. Ҳали улар (яъни, пайғамбар алайҳиссаломга замондош бўлган яҳудий ва насронийларнинг айримлари ўша асҳобу каҳфни): «Учтадир, тўртинчилари итларидир», десалар, айримлари: «Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир» деб ғайбга тош отурлар (аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотурлар). Яна: «Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир», ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сиз «Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур» денг! Бас, улар (яъни, замондош аҳли китоблар билан асҳобул қаҳф) хусусда фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала-мунозара қилинг ва (асҳобул-каҳф) ҳақида уларнинг биронтасида фатво-савол сўраманг!
23-24. Ва бирон нарса ҳақида: «Мен албатта бу ишни эртага қилгувчиман», дея кўрманг, магар «Иншооллоҳ - Аллоҳ хоҳласа», (денг! Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни, «иншооллоҳ», денг) ва: «Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, Асҳобул-Каҳф воқеаси ҳақида хабар беришда ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ пайғамбар эканлигимга яхшироқ далолат қиладиган) Тўғри Йўлга ҳидоят қилса», денг!
Изоҳ: Мусаввирлар ривоят қилишларича, бу икки оят нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлгандир: яҳудийлар қурайшлик арабларга: «Бориб Муҳаммаддан сўранглар-чи, агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса, сизларга руҳ - жон ҳақида, Асҳобул-Каҳф ва Зул-қарнайн тўғрисида хабар берсин», деган эканлар. Улар келиб Пайғамбар алайҳиссаломдан шу ҳақда сўраганларида, у зот: «Эртага келинглар, албатта сизларга жавоб қилурман», дебдилар-у, «Иншооллоҳ» сўзини қўшмабдилар. Шунда бир қанча вақт ваҳий келиши тўхтаб, сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломга бир танбеҳ бўлиб юқоридаги оятлар нозил бўлгандир.
25. Улар каҳф - ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда қилдилар.
Изоҳ: Ушбу оят Асҳобул-Каҳфни ўз ғорларида шамсий ҳисоб билан уч юз йил турганлари ҳақида хабар бермоқда. Кейинги тўққиз йил қўшилиши эса қамарий ҳисобдан келиб чиққан. Шамсий ҳисобдаги юз йил қамарий ҳисобда бир юз уч йилга тўғри келади.
26. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ яхшироқ Билгувчироқдир. Осмонлар ва Ернинг сирлари Ёлғиз уникидир. У Зот нақадар Кўргувчи, Эшитгувчидир! (Одамлар) учун Ундан ўзга бирон дўст-мададкор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас».
27. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби - Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) Сўзларини ўзгартиргувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассиз.
Изоҳ: Бу оят қурайш кофирлари Пайғамбар алайҳиссаломга: «Бундан бошқа Қуръон келтирсанг ёки унинг оятларини ўзгартирсанг, бизлар ҳам сенга иймон келтирар эдик», деганларида нозил бўлгандир.
28. Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини - розилигини истаб, У Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё лаззатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши инсофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!
Изоҳ: Макка зодагонлари Пайғамбар алайҳиссаломга: «Ёнингдан Билол, Суҳайб, Аммор, Салмон каби қулларни қувсанг, бизлар ҳам сенга эргашар эдик», деганларида, у кофир кимсаларга итоат қилмасликни буюриб, Аллоҳ таъоло Ўз Пайғамбарига юқоридаги оятни туширди.
29. Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим - кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандаирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, уларга эшитилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!
30. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз, Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз.
31. Улар учун остиларидан дарёлар оқиб турадиган абадий жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар яхши жой у!
32. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, кофирларга) икки киши (ҳақидаги) масалани келтиринг! Улардан бири учун Биз икки узумзор боғ қилиб, иккисини ҳам хурмозор билан ўраган ва ўрталарини экинзор қилган эдик.
33. Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор ҳам ўтказган эдик.
34. Яна унинг (ўша кишининг) мол-давлати ҳам бор эди. Бас, у биродарига мақтаниб: «Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ«, деди.
35. Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ - менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди, деб ўйлайман.
36. Ва (ҳеч қачон) Қиёмат қойим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам ҳам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам ҳам) албатта бундан-да яхшириоқ оқибат - бахтни топурман».
37. Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан, сўнг нутфа - бир томчи сувдан яратиб, сўнгра (уни) инсон қилиб ростлаган Зот - Аллоҳга кофир бўлдингми?!
38. Мен эса: «У - Оллаҳ Парвардигоримдир», (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман.
39. Сен боғинга кирган пайтигда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг;
40. Шоядки, Парвардигорим манга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар, (сенинг боғинга эса) осмондан чақмоқлар юборур, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолур.
41. Ёки унинг суви (ер остига) сингиб кетиб, сен уни истаб ҳам топа олмай қолурсан».
42. (Дарҳақиқат), унинг мева-боғи ҳалок қилинди. Ўзи эса ҳувиллаб қолга ишкомларини (кўриб) ва уларга сарфланган нарсаларни (ўйлаб), чапак чалганича (афсус-надомат чекканича): «Қани эди, ман ҳам Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!», деб қолаверди.
43. Шунингдек, унинг учун Аллоҳдан ўзга на бир ёрдам берадиган жамоат бўлди ва на унинг ўзи (ўзига) ёрдам бера олгувчи бўлди.
44. У жойда (Қиёмат кунида ҳам) салтанат Ҳақ Аллоҳникидир. У энг яхши савоб - мукофот ато этгувчи ва энг хайрли оқибатни Бергувчи Зотдир.
45. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг! (У) худди бир сув кабидирки, биз осмондан ёғдиргач, (аввал - киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин ибототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт Кузи келгач), шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодир бўлган Зотдир.
46. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир).
47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз! У кунда) Биз улардан бирортасини қўймай йиғдик.
48. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни Қиёматни қойим) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!»
49. (Сўнг ҳар бир кишининг) китоби - номаи аъмоли (ўртага) қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандақ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир бўлган ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас.
50. Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), фаришталарга: «Одамга таъзим қилинг», дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорнинг амрига бўйсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларни дўст тутурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнинг ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал - ўринбосардир».
51. Мен уларни (иблис ва унинг зурриётини) на осмонлар ва Ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилган эмасман (яъни, улар Еру осмонлар қандай яратилганини ҳам, ўзлари қандай яралганликларини ҳам мутлоқо билмайдилар, буларнинг барчасини ёлғиз ўзим яратганман), шунингдек, Мен бу йўлдан оздиргувчиларни (ўзимга) ёрдамчи ҳам қилиб олганим йўқ (бас, сизлар нечун уларга ибодат қилурсизлар)?!
52. У кунда (Қиёмат қойим бўлганида, Аллоҳ): «Сизлар менинг шерикларим деб ўйлаган (бутларингизни) чақирингиз», дер. Бас, (мушриклар) уларни чорлаганларида, (улар) жавоб қила олмайдилар. (Чунки) Биз уларнинг ўрталарида ҳалокат чоҳини (Дўзахни) пайдо қилиб қўйгандирмиз.
53. Гуноҳкор кимсалар дўзахни кўриб, ўзларининг унга тушувчи эканликларини ўйладилар, аммо ундан қочарга жой топмадилар.
54. Биз бу Қуръонда одамларга (панд-насиҳат олишлари учун) турли масалалар баён қилидк. Дарҳақиқат, инсон жуда кўп жанжал-баҳс қилгувчидир.
55. Одамларга Ҳидоят келган пайтида, улар иймон келтиришларидан ав Парвардигорларидан мағфират сўрашларидан фақат уларга ўтганларнинг суннати - ҳалокатлари келиши ёки очиқ азоб келишини ( кутишларигина) тўсди (яъни, улар аввалги кофир кимсаларга тушган ҳалокатга ё азобга лойиқ эканликларигина уларни мўмин бўлишдан манъ қилди).
56. Биз пайғамбарларни фақат (мўъминга жаннат) хушхабарини элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолларидагина юборурмиз. Кофир бўлган кимсалар эса ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида ҳақни енгмоқчи бўлурлар ҳамда Менинг оятларимни ва ўзлари огоҳлантирилган нарсани (яъни, охират азобини) масхара қилиб кулурлар.
57. Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган, ўзи қилиб ўтган гуноҳларниунутиб қўйган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?! Дарҳақиқат, Биз (Қуръонни) англамасликлари учун уларнинг дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик. Демак, агар сиз уларни ҳидоят - ҳақ йўлга чақирсангиз ҳам ҳаргиз ҳидоят топмаслар.
58. Парвардигорингиз мағфиратли, меҳр-шафқат соҳибидир. Агар у зот уларни (кофирларни) қилгун гуноҳлари билан ушлаганида, уларга азобни нақд қилган бўлур эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган бир вақт (қиёмат) борки, (у вақтда Аллоҳдан) ўзга бирон пуштипаноҳ топа олмаслар.
59. Ана у шаҳарларни (уларнинг аҳолисини), улар зулм қилишгач, ҳалокат вақтларини аниқ белгилаб (яъни, пайғамбарларингизга итоат қилмасангизлар, ҳалок бўлурсизлар, деб огоҳлантирганимиздан кейингина) ҳалок қилдик.
60. Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунича ёки узоқ замонлар кезмагунича юришдан тўхтамайман»,- деган пайтини эслангиз.
Изоҳ: Мана шу оят билан Мусо ва Хизир пайғамбарлар ҳақидаги қисса бошланади. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таъолога мурожаат қилиб: «Бандаларинг орасида мендан илми зиёдароқ бўлган киши борми?»,- деб сўраганида, Аллоҳ таъоло: «Ҳа, Хизир сендан олимроқ«,- деб жавоб қилган экан. Шунда Мусо: «У зотни қандоқ излаб топурман?»- деганида, «Денгиз соҳилидаги қоя олдидан топурсан», деган жавоб бўлибди. «У ерга қандай борилур?» деб сўраганида, Аллоҳ таъоло айтган экан: «Бир балиқни саватга солиб, йўлга чиқарсан. Қаерда уни йўқотиб қўйсанг, Хизирни ўша ердан топурсан!» Шундан кейин Мусо хизматкор йигитга балиқ солинган саватни бериб: «Бу балиқни йўқотган жойингда менга айтарсан»,- деб тайинлаб йўлга тушибдилар.
61. Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган ерга етишгач, балиқларни унутдилар. Бас, у (балиққа жон кириб), денгизга қараб йўл олди.
62. Бас, қачонки (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: «Нонуштамизни (яъни, саватдаги балиқни) келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик», деган эди;
63. У (хизматкор): «Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни (унга жон кириб саватдан тушиб кетганини) унутибман. (Бу воқеани сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқариб, у (балиқ) денгизга (сездирмаган йўсинда) йўл олибди-я, ажабо»,- деди.
64. (Мусо) деди: «Мана шу биз истаган нарсадир». Сўнг уни (Хизирни) излаб ортларига қайтдилар.
65. Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, биз унга ўз даргоҳимиздан раҳмат (яъни, пайғамбарлик) ато этган ва ўз ҳузуримиздан илм берган эдик.
66. Мусо унга: «Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?»- деди.
67. У (Хизир) айтди: «Аниқки, сен мен билан бирга (илм машаққатларига) сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас.
68. (Зотан), ўзинг эгаллаб олмаган - хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!
69. (Мусо) деди: «Иншооллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканимни кўрурсан. Мен бирон ишда сенга осийлик-итоатсизлик қилмасман».
70. У (Хизир) айтди: «Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрамагин!»
71. Бас, икков йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан (Хизир кемани) тешиб қўйди. (Мусо) айтди: «Уни (бизга кемаларидан жой берган) одамларни ғарқ қилиш учун тешдингми? Жуда даҳшатли иш қилдинг-ку?!»
72. У (Хизир) деди: «Сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!»
73. (Мусо) айтди: «Унутганим сабабли мени айбламагин ва бу Ишим учун мени машаққатга дусор қилмагин».
74. Сўнг яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида, (Хизир) уни ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: «Бировни (ўлдирмаган) бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдирдинг-а?! дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қилдинг!»
Ўн олтинчи жузъ
75. У (Хизир) деди: «Мен сенга, сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!»
76. (Мусо) деди: «Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. Чунки (у ҳолда) мен томонимдан узрга етган бўлурсан (яъни, у ҳолда мени ташлаб кетганинг учун сени айблай олмасман)».
77. Сўнг (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб унинг аҳлидан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Сўнг ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизир) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: «Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди».
78. У (Хизир) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман.
79. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-тарож қилиб, тортиб олувчи бир подшоҳ бор эди.
80. Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўъмин кишилар эдилар. Бас, Биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан (яъни, уларнинг ўз болаларини яхши кўрганлари сабабли диндан чиқиб кетишларидан) қўрқдик.
81. Шу сабабдан, улар Парвардигорлари (бу бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик.
82. Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигорнинг улар вояга етиб, Парвардигорнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларнинг бирортасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир».
Изоҳ: Мазкур Илоҳий қиссадан олинадиган ибрат Оллаҳ таоло томонидан бандаларга берилган илимнинг нақадар чекланган эканлигина билишдир. Пайғамбарлар тарихидан маълумки, Мусо алайҳиссалом «Каломуллоҳ - Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашгувчи» деган номга сазовор бўлган зотдирлар. Демак, у киши, Яратган билан савол-жавоб қилганларида, ўртада хатто фаришта ҳам воситачилик қилмаган - бор ҳақиқатни Ҳақ таолонинг Ўзидан олганлар. Бинобарин, ўзларича дунёда мендан ҳам илимлироқ, одам бормикан, деган фикр кўнгилларидан кечган бўлса керакки, юқоридаги оятларда зикр қилинган қиссада Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини огоҳлантириб, гўё шундай дейди: «Агар сенга бўулиб ўтган барча нарсалар тўғрисида билим берган бўлсам, бандаларим орасида шундай бир киши ҳам мавжудки, унга энди бўладиган нарсаларнингбилимини ҳам ато этгандирман - яъни, сен ўз илм-маърифатинг билан бутун дунёга устоз бўлишинг мумкин, аммо у бандамга шогирд бўлишга ҳам ожизлик қилурсан». Бу ҳикоя билан Аллоҳ Ўзининг: «Ҳар бир билим соҳиби устида ундан-да билимлироқ биров бордир», деган ояти каримасининг ҳақ эканини яна бир карра исбот этади.
Энди қуйидаги оятларда Зул-қарнайн ҳақида ҳикоя қилинади. Қадимда яшаб ўтган бу буюк шоҳнинг нима сабабдан Зул-қарнайн - икки шоҳ эгаси деб аталиши хусусида хилма-хил ривоятлар бордир. Баъзилар унинг бошида иккита шохи бўлган, десалар, бошқа ривоятларда у икки кокилли эди, дейилади. Яна бир муътабар манбаъда эса ернинг шарқу ғарбига ҳукмронлик қилгани учун ҳам икки шоҳ эгаси деган ном олган, дейилади. Қуйида Аллоҳ таолонинг ана ўша иймон ва тақво эгаси бўлагн бандасининг ер юзида ҳақни қарор топтириш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўйланади.
83. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), яна Сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қилурман».
84. Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-Қарнайнга) бу Ерда салтанат - ҳукумронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига йўл-имконият ато этдик.
85. Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди.
86. То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, у (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: «Эй Зул-қарнайн, сен ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомилада бўлурсан», дедик.
87. У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар.
88. Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, униг учун гўзал оқибат - жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз».
89. Сўнгра у (Шарққа қараб) йўл олди.
90. То (кетаётиб) кун чиқишига етиб боргач, унинг (қуёш) бир қавм устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдик, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй, либос каби) бирон парда қилмаган эдик.
91. Худди илгаригидек бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботишидаги қавмга қилган муомилани қилди). Аниқки, Биз унинг барча ишларидан Хабардормиз - (уни) Иҳота қилиб олгандирмиз.
92. Сўнгра у яна йўл олди.
93. То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди.
94. Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) ҳаражат - тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб
(бир тўғон қуриб) берурмисан?», дедилар.
95. У (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай.
96. Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар. То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «Босқонлар билан) дам уринглар», деди: «Менга эритилган мисс (ҳам) келтиринглар, у (темир парчаларнинг) устидан қуюрман.
97. Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар.
98. Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у.
99. У Кунда (Қиёматда, одамларни) бир-бирларига аралаш-қуралаш қилиб ташладик. Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик.
100. У кунда жаҳаннамни кофирларга кўндаланг қилиб қўйдик.
101. Уларнинг кўзлари (дунёда) Менинг эслатмаларимдан тўсилган эди. Улар (Менинг панд-насиҳатларимни) эшитишга ҳам қодир эмас эдилар.
102. Ёки кофир бўлган кимсалар, Мени қўйиб, бандаларимни дўст тутишни (ўзим яратган фаришталар ёки Ийсо каби пайғамбарни илоҳ деб сиғинишни) ўйладиларми?! Шак-шубҳасиз, Биз жаҳаннамни кофирлар тушадиган жой қилиб тайёрлаб қўйгандирмиз.
103. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?!
104. Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетгану, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли - яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»
105. Улар Парвардигорларининг оятларини ва (Қиёмат Кунида) У Зотга рўбарў бўлишни инкор қилишиб, бутун иш-амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат Кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермасмиз!
106. Кофир бўлганлари ҳамда Менинг оятларимни ва пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли, уларнинг жазолари ўша жаҳаннамдир!
107. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур.
108. Улар, у жойларда мангу қолур эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар.
109. Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг Сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!»
110. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини Ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)».