loader

034. Сабаъ сураси

Бу сура эллик тўрт оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилинган.
Сура осмонлар ва ерни яратган, дунё ва Охиратнинг Ёлғиз Подшоҳи бўлган Аллоҳ таъолога ҳамду сано айтиш билан бошланиб, сўнгра У Зотнинг Еру осмондаги барча сирру-асрордан Огоҳ экаши, бинобарин, Қиёмат Кунида бу дунёда қилиб ўтилган ҳар бир зарра яхшилик ва ёмонликнинг мукофот — жазосини бериши ҳақида хабар берилади ва бу дунёда одамларни Ҳақ Йўлидан оздириб ботил йўлларга бошлаган кимсалар у дунёдаги даҳшатли азоб олдида уларга эргашган кишиларнинг гуноҳларини бўйинларига олмасликлари таъкидланади.
Бу сурада Аллоҳ таъоло ато этган неъматларга шукр қилиб, У Зотга сидқидилдан бандалик қилган Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг қиссалари ҳам яна зикр қилинади. Шунингдек, Аллоҳ ато этган ноз-неъматларга ношукурлик қилишлари оқибатида улардан маҳрум бўлган "Сабаъ" қабиласи ҳақида ҳам ҳикоя қилинадики, бу суранинг "Сабаъ" деб аталишининг боиси шудир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. (Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У шундай Зотки, осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Охиратда ҳам ҳамду сано ёлғиз Унинг учундир. У ҳикмат Эгаси ва (барча нарсадан) Хабардордир.

2. У Ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазина-ю дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, барча наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризку рўз, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган (яхши амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. У Меҳрибон ва Мағфиратлидир.

3. Кофир бўлган кимсалар "Бизларга (Қиёмат) Соати келмас", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "Йўқ, Ғайбни Билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз, у (яъни, Қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва ердаги бир зарра мисолчалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан махфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Махфузда у) мавжуд бўлур".

4. Токи (Аллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни мукофотлаши учун (шак-шубҳасиз, Қиёмат Соати келур). Ана ўша зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат) бордир.

5. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрган кимсалар учун эса аламли жазодан иборат азоб бордир.

6. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), илм ато этилган зотлар Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган (Қуръоннинг) Ҳақ (Китоб) эканини ва у Қудратли, ҳамду санонинг Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига ҳидоят қилишини билурлар.

7-8. Кофир бўлган кимсалар эса: "Сизларга (қабрларингизда чириб) титилиб бўлак-бўлак бўлиб кетган вақтингизда шак-шубҳасиз, яна янгитдан яратилурсизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми? У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб олдими ёки жинни бўлиб қолдими?", дедилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳиссалом ёлғон тўқиб олгани ҳам, жинни бўлиб қолгани ҳам йўқ, балки) Охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг ўзлари азобда ва (Ҳақ Йўлдан) йироқ залолатдадирлар.

9. Ахир улар олдиларидаги ва ортларидаги (яъни, чор-атрофларидаги) нарсаларга — осмону заминга боқмайдиларми?! Агар Биз хоҳласак уларни Ерга юттириб юборурмиз ёки осмонни устларига парча-парча қилиб туширурмиз. Албатта бунда ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи банда учун оят-ибрат бордир.
Изоҳ: Яъни, ҳар бир инсоф-диёнатли банда бундан ибрат олиб, еру осмондек буюк мавжудотни яратган ва уларни Ўз қудрати Илоҳийясига бўйсундирган Аллоҳ таъоло албатта қабрлардаги жасадларга хам қайта жон ато этишга Қодир эканини билиб олиши мумкиндир.

10. Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба (пайғабарлик) ато этдик ва дедик: "Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!" Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик.

11. (Ва унга дедик): "Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидирман".

12. Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз.

13. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни — ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. (Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир.

14. Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган ер жонивори (ёғоч кемирувчи бир қуртгина) далолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилгувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлур эдилар.
Изоҳ: Мазкур оятларда ота-ўғил — Довуд ва Сулаймон пайғамбарларга Аллоҳ таъоло ато этган неъматлар санаб ўтилди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло Довуд алайҳиссаломга шундай хуш овоз берган эканки, у киши Забурни тиловат қилганларида осонда учиб кетаётган қушлар тек қотар ва чор атрофдаги тоғу тошлаб билан бирга у зотга жўровоз бўлиб тиловат қилишар экан. Ўша замонда темирчилик ҳунари наҳоят даражада равнақ топган бўлиб, темирчилар ўзларининг асбоб-анжомлари воситасида истаган нарсаларини ясай олар эканлар. Асли касби совутсозлик бўлган Довуд пайғамбар эса шундай фазилатга эга эканларки, қўллари теккан темир хамирдек мулойим бўлиб қолар ва у зот бирон асбоб-анжомсиз уни ўзлари хоҳлаган шаклга киритар эдилар. Бу мўъжизанинг гувоҳи бўлган кишилар Довуднинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтиришар эди.
Энди Сулаймон алайҳиссаломга эса Аллоҳ таъоло инсу жин подшоҳлигини ато этган эди. Учар шамоллар ҳам у зотнинг инон-ихтиёрида бўлиб, истаган жойларига бир зумда элтиб қўяр эди. Сулаймон пайғамбарга берилган мўъжизалардан яна бири мис булоғи бўлиб, ривоят қилинишича, ундан сув ўрнига муздек мисс оқиб ётар, пайғамбар измидаги жинлар эса ўша мисдан у зотнинг хоҳлаган нарсаларини ясаб беришар экан. Ушбу сўнгги оят айрим кишиларнинг жинлар ғайбни - яъни, келажакда рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни биладилар, деган гумонларини рад этади. Чунки улар то ўтирган ҳолларида жон таслим қилган Сулаймон алайҳиссаломнинг суяниб ўтирган асолари бир йил давомида ёғоч қурти еб, ана ўшандагина ерга қулаб тушмагунларича у зотнинг вафот қилганларини билмаганлар ва тиним билмасдан пайғамбар уларга буюрган оғир меҳнатда - баланд қаср бино қилишда давом этганлар. Ушбу оятларда Аллоҳ таъоло ато этган фазлу марҳаматига шукр қилиб ўтган солиҳ пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилинган бўлса, қуйидаги оятларда Яратган берган неъматларга ношукрлик қилганлари оқибатида улардан маҳрум қилиниб, ҳалокатга гирифтор бўлган қавм тўғрисида сўз юритилади.

15. Аниқки, Сабаъ (қабаласи) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлу марҳаматига далолат қиладиан) бир аломат бор эди — ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга): "Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) Мағфират қилгувчи Парвардигордир", (деган эдик).

16. Бас, улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик.

17. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз.

18. Биз улар билан ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган (яъни, бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга): "Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар", (деган эдик).

19. Улар эса (бу неъматларга ношукрлик қилиб): "Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин", дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тирқиратиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир (балоларга) сабр-қаноат қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир.

20. Дарҳақиқат, иблис уларнинг устидаги ("Мен уларни йўлдан оздира олурман», деган) гумонини рўёбга чиқарди, бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар, фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга бўйсунмадилар).

21. (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги — фақат Биз Охиратга иймон келтирадиган кишиларни, ундан (яъни, Охиратдан) шак-шибҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир». (Яъни, Охират ҳақида шубҳа қилгувчи кимсалар иблиснинг иғвосига учиб, унга эргашурлар ва Аллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилурлар. Охиратга иймон келтирган зотларга эса унинг васвасаси кор қилмас). Парвардигорингиз барча нарсанинг устида Кузатиб тургувчидир.

22. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: "Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар деб) гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Оллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир (яъни, Аллоҳ таъоло ҳеч қандай шерикка муҳтож бўлмаган ёлғиз Маъбуди Барҳақдир).

23. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат фойда берур (яъни, ана ўша зотларгина шафоатга — қўллашга эришурлар ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). То қачон (Парвардигор улар учун шафоатга изн бериши билан) дилларидан қўрқув кетказилгач, улар (бир-бирларига): "Парвардигорингиз нима деди (яъни, шафоатга ҳақиқатан изн бердими)", деб (савол қилишар. Шунда фаришталар) "Ҳақни (айтди, яъни, ҳақиқатан шафоатга изн берди), У Юксак ва Буюк Зотдир", дейишиб (жавоб қилурлар).

24. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: "Ким сизларга осмонлардан ва Ердан ризқу рўз берур?" Айтинг: "Аллоҳ (ризқ берур). Шак-шубҳасиз, ё бизлар ёки сизлар (яъни, икки тоифадан бири) аниқ ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир".

25. Айтинг: "Сизлар бизлар қилган гуноҳ тўғрисида масъул бўлмассизлар ва бизлар сизлар қилаётган амаллар тўғрисида масъул бўлмасмиз".

26. Айтинг: "Парвардигоримиз (Қиёмат Кунида) ўртамизни жамлар, сўнгра ўртамизда ҳақиқат — адолат билан ҳукм қилур. Унинг Ўзигина (адолат билан) Ҳукм қилгувчи ва (ким ҳақ, ким ноҳақ эканини) Билгувчидир".

27. Айтинг: ("Эй мушриклар), сизлар менга (ўзларингизча Аллоҳга) қўшиб олган бутларингизни (ҳақиқатан, У Зотга) шериклар эканини кўрсатингиз-чи?! Йўқ, (бу гумонларингиз хатодир). Балки (Ёлғиз) Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир.

28. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга — (мўъминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар.

29. Улар: "Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган Қиёмат) қачон бўлади?», дерлар.

30. Айтинг: "Сизлар учун шундай бир Куннинг ваъдаси бордирки, сизлар ундан бирон соат кетга ҳам, илгарига хам сура олмассизлар".

31. Кофир бўлган кимсалар: "Бизлар бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги (Китобларга) ҳам ҳаргиз иймон келтирмаймиз", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Сиз ўша золим кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигорлари ҳузурида тургизиб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди, (ўшанда) бечора саналган (яъни, эргашувчи бўлган) кимсалар, мутакаббир кимсаларга (яъни, ўз пешволарига): "Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар шак-шубҳасиз, мўминлар бўлур эдик", десалар;

32. Мутакаббир кимсалар бечора саналган кимсаларга: "Сизларга ҳидоят келганидан сўнг сизларни (ундан) биз тўсдикми? Йўқ, ўзларингиз жиноят қилгувчи бўлдингизлар", дерлар.

33. Бечора саналган кимсалар эса мутакаббир кимсаларга: "Йўқ, кеча-ю кундуз қилган макр-ҳийла(ларингиз бизларни мўъмин бўлишдан тўсган эди). Ўшанда сизлар (ўз макр-ҳийлаларингиз билан) бизларни Аллоҳга кофир бўлишга ва У Зотга (ўзгаларни) тенг-шерик қилишга зўрлар эдингизлар", дедилар. Азобни (ўз кўзлари билан) кўрган вақтларида улар (яъни, пешволар ҳам, эргашганлар ҳам) ичларида надомат қилдилар ва Биз кофир бўлган кимсаларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Уларга фақат ўзлари (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган қилмишларининг жазоси берилур.

34. Биз қайси бир қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта у жойнинг боёнлари "Аниқки, биз сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз", дедилар.

35. Яна улар: "Бизларнинг мол-дунё ва болаларимиз — иймон келтирганлардан кўра кўпроқ, (бинобарин, бизлар Аллоҳ наздида улардан обрўлироқмиз ва) бизлар азоблангувчи эмасдирмиз", дедилар.

36. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "Албатта Парвардигорим Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган киштларнинг ризқини) танг қилур. Лекин кўп одамлар (буни) билмаслар".

37. На молу дунёларингиз ва на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилгувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва яхши амал қилган зотлар — ана ўшалар учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги) юксак манзилларда тинч-омон бўлурлар.

38. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрадиган кимсалар — улар азобга ҳозир қилингувчидирлар.

39. Айтинг: "Албатта Парвардигорим бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши Ризқ бергувчидир.

40. (Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни, мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга: "Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?", дейдиган Кунда;

41. (Фаришталар): "Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар", дерлар.

42. Энди Бу Кунда бирингиз бирингизга на фойда ва на зиён етказишга қодир бўлмас ва Биз золим бўлган кимсаларга: "Сизлар ёлғон деган дўзах азобини тотиб кўрингиз", дермиз.

43. Қачон уларга Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, улар: "Бу (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган бутлардан тўсмоқчи бўлган бир кимсадир", дерлар ва "Бу (яъни, Қуръон) фақат тўқилган бир бўҳтондир", дерлар. Яна кофир бўлган кимсалар уларга Ҳақиқат — Қуръон келган вақтида у ҳақда "Бу фақат очиқ сеҳрдир", дедилар.

44. Ҳолбуки, (илгари) Биз уларга ўқиб-ўрганадиган Китоблар ато этган эмасмиз ва уларга Сиздан аввал бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам юборган эмасмиз.

45. Улардан илгарн (ўтган) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар — Ҳолбуки, (Макка муҳриклари) Биз уларга ато этган неъматларнинг ўндан бирига ҳам етганлари йўқ.— Бас, ўшалар Менинг пайғамбарларимни ёлғончи қилишгач, Менинг инкорим қандай бўлган эди?!

46. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: "Мен сизларга фақат биргина нарсани — Аллоҳ учун жуфт-жуфт, ёлғиз-ёлғиз ҳолингизда туриб, сўнгра (Муҳаммад ва у келтиган китоб ҳақида) тафаккур қилишингизни тавсия қилурман. Соҳибингизда (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломда) ҳеч қандай жиннилик йўқдир." У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга (юборилган бир огоҳлантиргувчи (пайғамбардир), холос".

47. Айтинг: "Мен сизлардан сўраган бор ажру мукофот ўзларингизга бўлсин (яъни, мен сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман). Менинг ажр-мукофотим ёлғиз Аллҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага Гувоҳдир".

48. Айтинг: "Албатта Парвардигорим ҳақ — Қуръонни (ботил — жаҳолат устига) отур. (У) ғайбларни аниқ Билгувчидир".

49. Айтинг: "Ҳақ — Қуръон келди (ва ботил — динсизлик йўқ бўлди. Энди) ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас".

50. Айтинг: "Агар мен (Ҳақ Йўлдан) озсам, бас, фақат ўз зиёнимга озурман ва агар (У Йўлга) ҳидоят топсам, у ҳолда Парвардигорим менга ваҳиц қилаётган (Қуръон) сабаблигина (ҳидоят топрман). Шак-шубҳасиз, У Эшитгувчидир, Яқиндир".

51. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), агар Сиз (мушрик-кофирларни) даҳшатга тушиб, қочгани жой топа олмай қолган ва яқин бир макондан (дўзахга ташлаш учун) тутиб кетилган пайтларида кўрсангиз эди!

52. (Ўша Кунда) улар: "( Муҳаммад алайҳиссаломга) иймон келтирдик", дедилар. (Улар агар ҳаёти дунёда иймон келтирганларида қабул қилинган бўлур эди, аммо энди) йироқ бир макондан (Охират диёридан туриб иймон ва тавба-тазарруъга) қўллари қандоқ етсин?!

53. Ҳолбуки, улар илгари (ҳаёти дунёда) унга кофир бўлган эдилар! Ҳолбуки, улар йироқ бир макондан ғайбга (Охиратга тош) отар эдилар!

54. (Мана энди) худди улардан илгари (ўтган) ҳаммаслакларига қилингани каби, улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни, иймон кнлтириб, дўзах азобидан қутилиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди, Зеро, улар (ҳаёти дунёдалик пайтларида) шак-шубҳа остида эдилар.

Орқага Олдинга