Саксон уч оятдан ташкил топган бу сура ҳам Маккада нозил бўлгандир. У Қуръони Каримга қасам-ла Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини тасдиқлаш билан бошланиб, сўнгра у Зотни ёлғончи қилган Қурайш кофирлари ва уларнинг топажак оқибатлари ҳақида хабар беради.
Бу сурада Аллоҳ таъолонинг Антокия шаҳрига юборган элчилари ва шаҳар аҳли уларни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлганлари тўғрисида ҳамда ўша ёрдаги иймон келтирганлиги шарофатидан Оллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлган Ҳабиб ан-Нажор исмли бир солиҳ банда ҳақида ҳикоя қилинади.
Яна бу сурада ўкувчи эътибори кеча билан кундузнинг алмашиб туришидаги, ой ва куёшдек буюк сайёраларнинг бирон сония тиним билмасдан ўз фазоларида ўта нозик интизом билан айланиб туришларидаги Яратганнинг қудратига далолат қиладиган жиҳатларга қаратилади.
Бу сурада иймон ва тақво аҳли учун ҳозирлаб қўйилгап жаннат манзаралари ниҳоятда жонли лавҳаларда чизиб берилади ва кофирларнинг тиллар соқов бўлиб, қўллар тилга кирадиган, оёқлар гувоҳлик берадиган Қиёмат Кунидаги аҳволлари бутун даҳшати билан баён қилинади.
Сура ўзининг илк ояти "Ёсин" номи билан аталган бўлиб, унинг Қуръони Каримда тутган ўрни — мартабаси ҳақида пайғамбар алайҳиссаломдан мана шундай ҳадиси шариф ривоят қилингандир. У зот: "Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби «Ёсин»дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар бир кишининг қалбида бўлишини истар эдим", деган эканлар.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1. Ё, Син.
2-3-4. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ушбу) ҳикматли Қуръонга қасамки, ҳеч шак-шубҳасиз, Сиз Тўғри Йўл (яъни, ҳақ Дин) устидаги пайғамбарлардандирсиз.
5-6. (Бу Куръон) ота-боболари (бирон пайғамбар орқали Охирит азобидан) огоҳлантирилмасдан, ғофил бўлиб қолган бир қавмни огоҳлантиришингиз учун Қудратли ва Меҳрибон Зот томонидан нозил қилингандир.
7. Аниқки, уларнинг кўпларига Сўз (яъни, азоб ҳақидаги хукм) хақ бўлгандир. Бас, улар иймон келтирмаслар.
8. Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар (яъни, улар ҳаққа эгилмаслар).
9. Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар.
10. (Эй Муҳамммад алайҳиссалом), Сиз уларни огоҳлантирдингизми ёки огоҳлантирмадингизми уларга баробардир — иймон келтирмаслар.
11. Сиз фақат (ушбу) Эслатмага — Қуръонга эргашган ва ғойибда (яъни, кўрмай) туриб, Раҳмондан қўрққан кишиларнигина огоҳлантира олурсиз. Бас, ўша (кишиларга) мағфират ва улуғ ажр (жаннат) хушхабарини беринг!
12. Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни (Қиёмат Кунида қайта) тирилтирурмиз ва уларнинг қилган ишларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз. Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) санаб — белгилаб қўйгандирмиз.
13. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳлини — у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг!
Изоҳ: Ушбу ва қуйидаги оятларда сўз Ҳақ Йўлига даъват қилиш учун Ийсо алайҳиссалом томонидан Рум мамлакатидаги Антокия шаҳри аҳолисига юборилгин элчилар ва уларни ёлғончи қилганлари оқибатида ҳалокатга дучор бўлган Антокия аҳли ҳақида боради. Бу қисса орқали Қуръон Макка мушрикларини Муҳаммад Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирмасликнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлатиради.
14. Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда у иккисни ёлғончи қилишгач, Биз (уларни) учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, (уччала элчи Антокия аҳлига): "Дарҳақиқат, биз сизларга (юборилган) элчилармиз", деган эдилар;
15. Улар: "Сизлар ҳам ҳудди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, Раҳмон (яъни, Аллоҳ) бирон нарса — ваҳий нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар", дедилар.
16. (Элчилар) айтдилар: "Парвардигоримиз билурки, бизлар шак-шубҳасиз, сизларга (юборилган) элчилардирмиз.
17. Ва бизларнинг зиммамизда фақат (Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга) очиқ-равшан етказишгина бордир".
18. Улар дедилар:".Ҳақиқатан, бизлар сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар (бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар, албатта сизларни тошбўрон қилурмиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етар".
19. (Элчилар) айтдилар: "Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни, бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг куфрларингиздан бадгумон қилингиз)! Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб дўқ-пўписа қилурмисиз)?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!"
20. (Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб, деди: "Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар!
21. Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар!"
Изоҳ: Ривоят қилинишича, бу киши шаҳар четида истиқомат қилувчи художўй ва саховатли бир одам бўлиб, исми Ҳабиб ан-Нажжор эди. У ҳамшаҳарлари ўзларини Ҳақ Йўлига даъват қилиш учун келган элчиларни ёлғончи қилишиб, ўлдиришмоқчи бўлиб турганларидан хабар топгач, шошганча уларнинг олдига келиб, мазкур оятлардаги сўзларни айтади.
22. (Бу сўзларни эшитган қавми: "Ҳали сен халқ шуларнинг динидамисан?!", деганларида, у айтди): "Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Сизлар ҳам (дунёдан ўтгач), ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.
23. Мен У Зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худолар қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмасман, чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг қўллаб қувватлашлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмас ва улар мени (Аллоҳнинг азобидан) кутқара олмаслар.
24. У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўлурман.
25. Ҳақиқатан, мен (жонсиз бутларга эмас, балки барчаларингизни яратган) Парвардигорингизга иймон келтирганман. Бас, мени тинглангиз!"
26-27. (Лекин жоҳил қавм Ҳабиб аи-Нажжорнинг сўзларига кулоқ солмасдан уни қатл қилишгач, унга) "Жаннатга кир", дейилди. (Аллоҳнинг амри билан жаҳннатга киритилиб, у жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач), у айтди: "Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени азиз-мукаррам кишилардан қилганини билсалар эди".
Йигирма учинчи жузъ
28. Биз (Ҳабиб ан-Нажжорни ўлдирганларидан) кейин унинг қавми устига (уларни ҳалок қилиш учун) осмондан бирон қўшин (яъни, азоб фаришталарини) туширмадик. Биз (ҳеч нарса) туширгувчи бўлмадик. (Зотан, у кофирларни ҳалок қилиб юбориш биз учун осон эди, шунинг учун ҳам —)
29. — Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар "ўчиб" қолдилар. (Яъни, биронталари ҳам қолмай ҳалок бўлдилар).
30. (Аллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилиб, уларги озор-азият етказадиган барча) бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулгувчи бўлурлар.
31. Ахир улар ўзларидан илгари ҳам Биз қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилганимизни — ўшалар уларнииг олдига (яъни, бу дунёга) қайтиб келмасликларини кўрмадиларми?!
32. Ҳеч шак-шубҳасиз, (уларнинг) барчалари (Қиёмат Кунида) Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар.
33. Ўлик-қуруқ ер улар учун (қайта тирилиш ҳақ эканига) бир оят-аломатдир — Биз уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) дон-дунни ундириб чиқардик. Бас, улар ўша (дон)дан ерлар.
34. Яна Биз у (ер)да хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва унда булоқларни оқизиб қўйдик.
35. Токи (одамлар ўша боғларнинг) мевасидан есинлар учун (шундай қилдик). Ҳолбуки, у (меваларни) улар (қўллари бе) қилмаган — ясаб олмаган эдилар. Ахир шукр қнлмайдиларми?!
36. Ер ундириб-ўстирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Аллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан) Пок Зотдир.
Изоҳ: Мазкур оятда Аллоҳ таъоло коинотдаги барча нарсани жуфт-жуфт қилиб яратгани уқтирилади. Энди қуйидаги оятларда ана ўша жуфтлардан кеча ва кундуз ҳамда қуёш ва ой ҳақида сўз юритилиб, улардан ҳар бири буюк илоҳий қудратга далолат қиладиган оят-аломатлардан экани таъкидланади.
37. Кеча ҳам улар учун (Бизнинг қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир: Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳ улар зулматда қолурлар.
38. Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири — ўлчовидир.
Изоҳ: Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган куёш то "кун ва ой бирлашиб кетадиган" Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот — Аллоҳ таъолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
39. Биз ойни ҳам токи у эски (ҳурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз.
Изоҳ: Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил — жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
40. На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур.
Изоҳ: Яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича қуёш ойга ета олмас ва кеча кундузнинг ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик сайёралар фазода муаллақ ҳолда сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга йигирманчи асрнинг бошларига келибгина маълум бўлган бу ҳиқиқатлар ҳақида Қуръони Карим бундаи ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун ибрат бордир.
41. Биз уларнинг авлод-зурриётларини (Нуҳ пайғамбар билан бирга одамлар ва турли жониворларга) тўла кемада кўтарганимиз (ва тўфон балосидан нажот берганимиз) улар учун (Бизнинг қудратиҳмизни кўрсатадиган) яна бир оятдир.
42. Яна Биз улар учун худди ўша (кемага) ўхшаш (бошқа) минадиган нарсаларини (яъни, катта-кичик кемаларни) ҳам яратдик.
43. Агар Биз хоҳласак уларни ғарқ қилурмиз-да, сўнг улар учун бирон ёрдамчи бўлмас ва улар (ҳалокатдан) қутқазилмаслар.
44. Магар Биз томондан бўлган марҳамат сабабли ва (маълум) бир вақтгача (яъни, ажаллари етгунча ҳиёт неъматларидан) баҳраманд бўлишлари учун (уларга бало-қазолардан нажот берилур).
45. Қачон (мушрикларга: "Сизлар Аллоҳнинг раҳматига эришишларингиз учун олдиларингиздаги (дунё фитналаридан ва ортингиздаги (Охират азобидан) қўрқинглар", (яъни, иймонга келинглар) дейилса, (улар қулоқ солмаслар).
46. Уларга Парвардигорларининг оятларидан бирон оят (Аллоҳ таъолонинг қудратига далолат қиладиган бирон белги-аломат) келмас, магар улар (ўша оятлардан) юз ўгиргувчи бўлурлар.
47. Қачон уларга: "Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар", дейилса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга (истехзо билан): "Агар Аллоҳ хоҳласа Ўзи таомлантириб оладиган кишиларга бизлар таом берурмизми? Сизлар ҳеч шак-шубҳасиз, очиқ залолатдадирсизлар", дерлар.
48. Улар: "Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?", дерлар.
49. Улар фақат биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар, холос. У уларни (ўлимдан мутлақо бехабар ҳолларида кўча-кўй ва бозорларда бир-бирлари билан) жанжаллашиб турганларида олиб кетар (яъни, халок этар).
50. Бас, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлурлар.
51. (Қиёмат Соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (ҳузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар.
52. Улар: "Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?", деганларида, (уларга айтилур): "Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса — Қиёматдир".
53. Фақатгина бир даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар.
54. Мана бу Кунда хеч бир жонга бирон зулм қилинмас ва сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингиз сабабли жазоланурсиз.
55. Шак-шубҳасиз, жаннат эгалари бу Кунда (ўзлари истаган — орзу қилган) иш(лари) билан шод-хуррам бўлгувчидирлар.
56. Улар ўз жуфтлари билан бирга соя-салқин жойлардаги сўриларда ястаниб ўтирурлар.
57. Улар учун у жойда (ҳар турли) мева-чева мавжуддир ва улар учун чорлаган — истаган нарсалари ҳозирдир.
58. (Уларга) Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур.
Изоҳ: Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, "Жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир Нур пайдо бўлур. Бошларини кўтариб... "Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат", деб турган Парвардигори оламни кўрурлар". Жаннат эгалари етажак саодати абадийя зикр қилингач, энди дўзахиларнинг топажак азоб уқубатлари ҳақида хабар берилади.
59. Эй жиноятчи кимсалар мана бу Кунда (мўъминлардан) ажралинглар!
60-61. Мен сизларга: "Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри Йўлдир", деб буюрмаганмидим?!
62. Аниқки, (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл юритгувчи бўлмадингизларми?!
63. Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир!
64. Сизлар (ҳаёти дунёда) кофир бўлиб ўтганларингиз сабабли мана бу Кунда (жаҳаннамга) кирингиз!
65. Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур.
66. Агар Биз хоҳласак уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлур эдик. Ана у ҳолда улар йўлларига шошардилар-у, (лекин) қаёқдан кўра олсинлар.
67. Агар Биз хоҳласак уларни турган жойларида (маймун, тўнғиз ё тош каби) бошқа нарсаларга айлантириб қўйган бўлур эдик. Сўнг улар (олдинга) юришга ҳам қодир эмаслар, (ортларига ҳам) қайта олмаслар.
Изоҳ: Ушбу икки оятни шундай тушунмоқ лозим: Аллоҳ таъоло хаётларини куфру исён билан ўтказган кимсалар ҳақида: "Агар биз истасак уларнинг кўзларини кўр қилиб, йўлларини топа олмайдиган қилиб қўйишимз ёки уларни инсонликдан чиқариб бутунлай бошқа нарсаларга айлантириб қўйишимиз мумкин эди. Аммо Биз уларни Тўғри Йўлга юрсинлар ва тавба-тазарруъ қилсинлар деб инсонликларида қолдирган эдик. Лекин улар ўз динсизликларидан қайтмадилар ва оқибат-натижада жаҳаннам эгалари бўлиб қолдилар", дейди ва бу билан ҳали-ҳануз ҳаёти дунёда бўлган кишиларни огоҳлантиради.
68. Биз кимга (узун) умр берсак унинг хилқатини (жисму-жонини) тубан-ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми (яъни, бир кишининг сурат ва сийратида ёш-яланглиги билан қари-қартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб ибрат олмайдиларми)?!
69-70. Биз (Муҳаммад алайҳиссаломга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир. (Муҳаммад алайҳиссалом тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик бўлган кишиларни огоҳлантириши учун ва кофирлар устига Сўз — азоб ҳақ бўлиши учун (нозил қилинган) бир Эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир.
Изоҳ: Зотан, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таъоло томонидан юборилган Пайғамбар эканлар, демак, фақат ва фақат рост сўзламоқлари лозим. Шеърият эса ўз кўтаринкилиги, муболағалари билан (яъни, ўз табияти билан тўла маънодаги) ростгўйликни кўтара олмайди. Билъакс, шоирларнинг эътирофларича ҳам шеърнинг энг ширини энг ёлғонидир. Бинобарин, ўз умматларига бир умр амал қилиб ўтишадиган дин арконларини ўргатадиган ва ғайб олами, Охират диёри ҳақида хабар берадиган Пайғамбар шоир бўлиши дуруст эмасдир.
71. Ахир ўша (мушриклар) Биз улар учун Ўз Қўлимиз билан қилган нарсаларни — чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни — кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар.
72. Биз ўша (ҳайво)ларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон)лардандир, ейдиган (таом)лари ҳам ўшалардандир.
73. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқлар бордир. Ахир шукр қилмасларми?!
74. (Йўқ улар шукр қилмайдилар, балки) Аллоҳни қўйиб ёрдам олиш умидида (ўзга) «худо»ларни тутдилар.
75. Уларнинг ўзлари ўша («худо»лари) учун ҳозирланган қўшин бўлсалар ҳам у («худо»лар) уларга ёрдам беришга қодир бўлмаслар.
76. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизни уларнинг сўзлари ғамгин қилмасин! Зотан, Биз уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билурмиз.
77. Инсон Биз уни нутфадан — бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса ўша (ожиз — нотавон инсон баногоҳ (ўзимизга) очиқ қаршилик қилгувчи бўлиб қолганини кўрмадими?!
78. У Бизга "Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?", деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди!
79. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи қацта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни Билгувчидир".
80. У сизлар учун ям-яшил дарахтдан оловни пайдо қилган Зотдир. Бас, сизлар ўшандан ўт ёқурсизлар (яъни, кўм-кўк дарахтнинг ичидан оловни чиқаришга қодир бўлган Аллоҳ албатта чириб битган суякдан ҳам инсонни қайта яратишга Қодирдир).
81. Осмонлар ва ерни яратган Зот (у буюк сайёраларга нисбатан минг-минг марта кичик бўлган инсонларнинг) ўхшашини яратишга Қодир эмасми?! Йўқ, (албатта Қодирдир), Унинг Ўзигина Яратгувчи ва Билгувчидир.
82. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина "Бўл", демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур — вужудга келур.
83. Бас, барча нарсанинг эгалиги — подшоҳлиги Ўз Қўлида бўлган (Аллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан) Пок Зотдир. Ва (албатта) сизлар Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.