loader

038. Cод сураси

Саксон саккиз оятдан ташкил топган бу сура ҳам Маккада нозил бўлган.
Сура аввалида Қуръони Карим шаънига — унинг ҳақ Китоб эканига қасам ичилади.
Сўнгра мушрикларнинг Муҳаммад алайҳиссалом даъватларига нисбатан кўрсатган шод-қайсарликлари тўғрисида хабар берилади ва у зотга таскин-тасалли бўлсин учун ўз салафлари — ўтган айрим пайғамбарларнинг ҳаётларидан ва уларнинг кофирлар томонидан кўрган озор-азиятларидан лавҳалар келтирилади.
Бу сурада ҳам Аллоҳ таъоло мўминлар учун ҳозирлаб қўйган гўзал оқибат-жаннат ва ҳаёти дунёдан динсизлик билан ўтадиган кофирлар учун тайёрлаб кўйилган дўзах ҳақидаги бир неча оятлар мавжуддир.
Шунингдек, бу сурада аҳли иймонни кибру-ҳаво иллатидан йироқ бўлишга даъват этилиб, иблиснинг жаннатдан қувилишига сабаб бўлган нарса Аллоҳ таъолонинг амрига итоат этишдан бош тортиб мутакаббирлик қилгани эканлиги айрича таькидлаб ўтилади. Сура вақи-замон ўтиши билан Қуръон хабарларнинг ҳақиқат эканлиги маълум бўлиб бораверишини уқтириш билан ниҳояланади.
Бу сура ўзи бошланган "Сод" харфи билан номлангандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Сод. Шаъну-шараф соҳиби бўлган Қуръонга қасамки, (албатта Қуръон Илоҳий мўъжизадир ва албатта Сиз, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбаридирсиз).

2. Балки кофир бўлган кимсалар (бу ҳақиқатни қабул қилишдан) кибру-ҳавода ва (Аллоҳ ва Пайғамбарга) мухолифликда собитдирлар.

3. Биз улардан илгари ҳам қанча аср авлодни (иймонсизликлари сабабли) ҳалок қилганимизда улар (бошларига азоб тушганида ёрдам сўраб) нидо-илтижо қилганлар, (аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди.

4. (Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни, башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантиргувчи — Пайғмбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: "Бу бир ёлғончи сеҳргардир.

5. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!"
Изоҳ: Макка мушриклари Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг олдига келиб: "Муҳаммадга айтгин, бизларнинг динимизни айблашни ва худоларимизни ҳақорат қилишни бас қилсин", дейишганида, уларнинг талабларидан хабардор бўлган Ҳазрат: "У ҳолда менинг биргина сўзимни қабул қилингларки, сизлар у сўз шарофатидан арабу ажамга подшоҳ бўлурсизлар", дейдилир. Шунда мушриклар шодланишиб: "У қандай сўз экан-а? Агар айтганларинг рост бўлса, бир эмас ўн сўзингни ҳам қабул қиламиз", дейишганида, Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: "У сўз — Ла илаҳа иллаллоҳдир — яъни, ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Аллоҳгина бордир". Улар бу сўзни эшитишгач, даҳшатга тушадилар ва юқоридаги ояти каримада мазкур бўлган сўзларни айтадилар ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларидан чиқиб кетишаркан:

6. Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: "Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни, устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни, "Ла илаҳа иллаллоҳ" дейиш бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир.

7. Бизлар бу ҳакда (яъни, Аллоҳнинг Якка-ю Ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат - динда(ги одамлардан ҳам, яъни, Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос.

8. Бизларнинг орамизда (шунча бой-зодагонлар туриб) ўша (Муҳаммад)га Эслатма — Қуръон нозил қилинган эмишми?!" (Уларнинг бу сўзларни айтишларига сабаб, ўта билимдонликлари эмас), балки улар Менинг Эслатмам - Қуръондан шак-шубҳададирлар, балки улар ҳали Менинг азобимни тотиб кўрганлари йўқ (бас, шунинг учун Қуръон ва Пайғамбар шаънига мана шундай нолойиқ сўзларни айтмоқдалар).

9. Ёки Қудратли ва Саховатли Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикин-а?!

10. Ёки осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг подшоҳлиги уларникимикин-а?! У ҳолда (уларни осмонларга элтадиган) нарвонларига чиқаверсинлар (ва ўша жойдан ўзлари истаган одамларига виҳий нозил қилаверсинлар).

11. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка мушриклари) ўша ернинг ўзида енгилиб битгувчи ҳизблардан — фирқалардан бир, тўдадир холос, (бас, Сиз улар айтаётган беҳуда сўзларга парво ҳам қилманг!)

12. Улардан илгари ҳам Нуҳ қавми (Нуҳни), Од (Қабиласи Ҳудни) ва қозиқлар (яъни, Ерга қозиқдек коқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавн (ва унинг одамлари Мусони) ёлғончи қилгандирлар.

13. Шунингдек, Самуд (қибиласи Солиҳни), Лут қавми (Лутни) ва дарахтзор эгалари (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Ана ўшалар (ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларга қарши чиққан) ҳизблардир.

14. Барчаларига пайғамбарларни ёлғончи қилганлари сабабли Менинг азобим хақ бўлгандир. (Бас, Макка мушрикларига ҳам Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончи қилганлари учун шак-шубҳасиз, азоб-уқубат бўлур).

15. Ана ўшаларнинг барчалари) ҳеч тўхтамасдан келадиган биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар, холос. (Бас, ўша қичқичриқ бўлиши билан барча жонзот қайта тирилур ва куфр йўлини тутган кимсалар дўзах азобига дучор бўлурлар).

16. Улар (яъни, Макка мушриклари масхара қилишиб): "Парвардигоро, бизларга (ваъда қилинган азобдан иборат) насибамизни ҳисоб-китоб Кунидан илгариёқ (яъни, шу ҳаёти дунёдаёқ) тезроқ келтира қолгин", дедилар.

17. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Бизнинг бандамиз — (тоат-ибодатда ва сабр-қаноатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у (Оллоҳ рози бўладиган Йўлга) қайтгувчидир.

18. Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб (яъни, мудом) у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйинсундириб қўйдик.

19. Ва (ҳар тарафдан) тўплангувчи бўлган қушларни ҳам (Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйинсундириб қўйдик. Тоғлар ва қушларнинг) барчалари (Довудга итоат этишга) қайтгувчидир.

20. Яна Биз унинг мулку давлатини кучли-қувватли қилдик ва унга ҳикмат ҳамда аниқ-равшан хитоб (яъни, забони гўё) ато этдик.

21-22. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга (бир-бирлари билан) жанжаллашувчи - даъволашгувчи (икки жамоат) хабари келдими? Ўшанда улар (Довуд пайғамбар ибодат қилаётган) меҳробга чиқишиб, Довуднинг олдига киришган эди, у улардан қўрқиб кетди. Улар дедилар: "Қўрқмагин. (Бизлар) биримиз биримизга зулм қилган икки даъволашгувчи (жамоат)дирмиз. Бас, сен бизларнинг ўртамизда ҳақ - адолатли (ҳукм) билан ҳукм қилгин ва (бизлардан бирон тарафга) жабр қилмагин ҳамда бизларни текис - Тўғри Йўлга бошлагин".

23. (Даъвогарларнинг бири деди): "Дарвоқеъ, мана бу менинг биродарим бўлиб, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир. Бас, у (шу биргина совлиққа ҳам кўз олайтириб): "Ўшани менга топширгин", деди ва мени бу сўзда — жанжалда енгиб қўйди.

24. (Довуд иккинчи даъвогарнинг сўзини тингламасданоқ) деди: "Дарҳақиқат, у сенинг совлиғингни сўраб (ва) ўз совлиқларига (қўшиб олиш) билан сенга зулм қилибди. Дарвоқеъ, кўп ошна-оғайнилар бир-бирларига зулм қилурлар. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздирлар". Довуд (бу ҳодиса воситасида) Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан (шошиб ҳукм чиқаргани учун) мағфират қилишини сўради ва (саждага). эгилган ҳолида йиқилиб, тавба-тазарруъ қилди.
Изоҳ: Ушбу оят сажда оятидир.

25. Бас, Биз унинг ўша (хатоси)ни мағфират қилдик. Шак-шубҳасиз, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни, жаннат) бордир.

26. Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени Ерда (ўзингдан аввал ўтган пағамбарларга ўринбосар —) ҳалифа қилдик. Бас, сен одамлар орасида хақ (ҳукм) билан ҳукм қилгин ва (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг Йўлидан оздирур. Албатта Аллоҳ Йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб Кунини (яъни, Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир.

27. Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах — ҳалокат бўлғай!

20. Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни Ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! (Йўқ, асло ундоқ бўлмас!)
Изоҳ: Юқоридаги икки оятни шундай тушунмоқ лозим:
Оллоҳ таъоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У Зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни етук ҳикмат билан яратиб, уларни ўзининг Ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб қўйди.
Шунингдек, У Зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то Қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб қуйди. Бас, энг кичик заррадан тортиб энг йирик сайёрагача ҳар бир мавжудот Яратган белгилиб қўйган ана ўша қонунга сўзсиз амал қилиши лозим. Акс ҳолда, ҳам Илоҳий қонунни бузувчи ҳалокатга юз тутади, ҳам олам интизомига футур етади. Энди ушбу оламнинг азизу мукаррим бир бўлаги ва Ер юзининг халифаси бўлмиш Инсон учун Оллоҳ таъоло томонидан нозил қилинган Илоҳий қонун Шариати Иломийядирки, Аллоҳга иймон келтирган ва Шириат кўрсатмаларига амал қилган Инсон ҳам ўзи икки дунё саодатига эришади, ҳам унинг атрофидаги олам ундан бирон озор курмайди. Аммо Илоҳий қонунни инкор этиб, унга бўйинсунмага
кимсалар эса ўзлари яшаб турган оламга ҳам жабр-зулм қиладилар, ўзлари хам мана шу жиноятларига яраша жазоларини оладилар.
Тўғри, кўп ҳолларда ушбу имтиҳон олами бўлмиш ҳаёти дунёда яхши билан ёмон, золим билан мазлум, мўмин билан кофир ёнма-ён - яхши баҳосини, ёмон жазосини олмасдан ҳам ўтавериши мумкин. Аммо имтиҳон ўтиб, ҳаёти дунё ниҳоясига етиб Охират диёрига борилгач, албатта Ер юзидаги халифаликни ўрнига қўйиб иймон ва яхши амаллар билан ўтган тақодор зотлар ўзлари учун тайёрлаб қўйилган мукофотларни, Яратганни унутиб Ерда бузғунчилик қилиб ўтган фосиқлар - кофирлар эса ҳақиқий жазоларини олишлари аниқдир.

29. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз Сизга нозил қилган бир муборак Китобдир.

30. Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган Йўлга) қайтгувчидир.

31. Эсланг, унга (бир куни) кечки пайт гижинглаб тургувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди.

32. Бас, у (ўша отларга маҳлиё бўлиб, кун ботиш олдида ўқийдиган намози қазо бўлгач), деди: "Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан (яъни, ўқийдиган намозимдан қолиб) бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто (қуёш ҳам) парда ортига беркинибди (яъни, ботиб кетибди)!.

33. У (от)ларни менга қайтаринглар-чи! Бас, у (қилич билан отларнинг) оёқ ва бўйинларини "силаш»га киришди (ва уларни Аллоҳ Йўлида қурбонлик қилиб юборди)

34. Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир (жонсиз) жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарруъ қилиб;

35. Деди: "Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя этгин. Зеро, ёлғиз Сенинг Ўзинггина (барча яхшиликларни) Ҳадя этгувчисан".
Изоҳ: Ҳадиси шарифда айтилишича, Сулаймон алайҳиссалом ўз куч-қувватлрига ишониб бир куни: "Мен бу кеча аёлларимдан етмиштаси билан яқинлик қиламан ва уларнинг ҳар бири менга биттадан Оллоҳ Йўлида курашадиган бола туғиб беради", деб қасам ичиб юбордилар, аммо: "Худо хоҳласа", дейишни унутиб қўйдилир. Шунда Аллоҳнинг хоҳиши билан ўша етмиш аёлдан фақат биргина аёл ҳомиладор бўлди ва ой-куни етмасдан кўзи ёриб, ундан ўлик ҳолда, чала яралган бир бола дунёга келди. Қачонки у аёл ўша чақалоқ мурдасини Сулаймон алайҳиссалом тахтларига келтириб қўйганидан кейингина у зотнинг кўзлари очилиб, ҳар бир иш ёлғиз Аллоҳ таъолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлишига яна бир бор иймон келтирдилар ва Яратганга тавба-тазарруълар қилдилар.

36. Бас, Биз (Сулаймонга) унинг амри билан, у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйинсундирдик.

37. Яна барча (баланд қасрларни) бино қилгувчи ва (денгизларнинг қаъридан дурру гавҳарларни топиб чикувчи) ғаввос шайтонларни (яъни, жинларни ҳам Сулаймонга бўйинсундириб қўйдик).

38. Бошқа (бўйинсунмайдиган жин)ларни эса кишанлар билан боғланган ҳолга солдик.

39. (Ва Сулаймонга дедик):"Мана шу Бизнинг (сенга) ато этган нарсамиздир. Бас, сен (ушбу неъматлардан ўзинг хоҳлаган кишиларга) бергин ёки бермагин (сени бу тўғрида) ҳисоб-китоб қилинмас".

40. Шак-шубҳасиз, (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни, жаннат) бордир.

41. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: "Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади", деган пайтини эсланг!

42. (Шунда унга айтилди): "оқранг билан (остингдаги Ерни) тепгин!" (У Аллоҳнинг амррини бажарган эди, ўша ердан бир чашма отилиб чикди. Сўнг унга айтилди): "Мана шу чўмиладиган жой ва муздек ичимлик сувдир". (Қачонки Айюб у сувда чўмилиб, сўнг ундан ичгач, унинг барча зоҳирий ва ботиний дардлари дарҳол даво топди).

43. Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик.
Изоҳ: Айюб пағрамбар ва у зотнинг аҳли оилалари ҳақида "Анбиё" сурасининг 84-ояти остида изоҳ берилган эди.

44. (Яна Биз Айюбга айтдик): "Қўлингга бир бор (новдани) олиб, у билан (хотинингни ургин — қасамингни бузмагин".
Изоҳ: Айюб алайҳиссалом касаллик чоғларида боқиб парвариш қилган хотинлари бир куни у кишига бепарволик кўрсатганида Айюб пайғамбар диллири оғриб "Тузалганимда албатта сени юз қамчи ураман", деб қасам ичган эканлар. Шу боисдан шифо топганларидан сўнг Аллоҳ таъоло у кишига ичган қасамларининг устидан чиқишлари учун юзта новдани бир боғлам қилиб боғлаб, у билан хотинларини бир марта уришга амр қилди.
Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Олллоҳ рози бўладиган Йўлга) қайтгувчидир.

45. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз — Иброҳим, Исхоқ ва Яъқубларни эсланг!

46. Дарҳақиқат, Биз уларни бир тоза (хислат — мудом Охират) диёрини эслаш (хислати) билан холис қилдик - покладик.

47. Ҳақиқатан, улар Бизнинг ҳузуримизда танланган, яхши кишилардандир.

48. Яна Исмоил, ал-Ясаъ (Ювшаъ пайғамбар) ва Зул-Кифлни эсланг! Барчалари яхши кишилардандир.

49. Бу (Биз Сизга сўйлаган қиссалар) бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат —

50. — улар учун барча дарвозалари ланг очиқ мангу жаннатлар бордир.

51. Улар у жойлардаги (сўриларда) ястаниб ўтириб мўл-кўл (яъни, хоҳлаганларича) мева-чева ва шароб чақирурлар.

52. Ва уларнинг олдиларида кўзларини (номаҳрамга боқишдан) сақлаган (ёш ва ҳуснда) тенгдош (қиз)лар бўлур.

53. Бу (зикр қилинган нарсалар) сизларга ҳисоб-китоб (яъни, Қиёмат) Куни учун ваъда қилинадиган нарсалардир.

54. Шак-шубҳасиз, бу Бизнинг (жаннат аҳлига ато этадиган) ризқу рўзимиздирки, унинг учун тугаб қолиш (хавфи) йўқдир.

55. (Ҳақиқат) шудир. (Энди) хеч шак-шубҳасиз, ҳаддан ошгувчи-туғёнга тушгувчи кимсалар учун энг ёмон оқибат —

56. — улар кирадиган жаҳаннам бордир. Бас, нақадар ёмон жой у.

57. Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар!

58. Бошқа (азоб-уқубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур!

59. (Дўзахга кирган пайтларида кофирларнинг пешволарига хаёти дунёда уларга эргашган кимсаларни кўрсатилиб): "Мана бу (одамлар) сизлар билан бирга (яъни, сизлир сабабли жаҳаннамга) ташлангувчи жамоатдир", (дейилганида, пешволар айтдилар): "Хуш келмадилар! Ҳақиқатан, уларнинг ўзлари дўзахга киргувчи кимсалардир".

60. Улар (яъни, эргашувчилар пешволарга) дедилар: "Йўқ, сизлар хуш келмадингиз! (Чунки) сизлар ўша (азоб)ни бизларга келтирдингиз! Бас, нақадар ёмон жой (бу дўзах)!"

61. Улар (яна) дедилар): "Парвардигоро, ким бизларга мана шу (азоб)ни келтирган бўлса, бас, Ўзинг унга дўзахда азобни бир неча баробар зиёда қилгин".

62. (Жаҳаннам) эгалари бир-бирларига) айтдилар: "Нега бизлар (дунёдалик пайтимизда) ёмонлардан деб ҳисоблаб ўтган кишиларни (яъни, мўминларни дўзахда) кўрмаяпмиз-а?!

63. Бизлар ўшаларни масхара қилиб олган эдикми?! Ёки (улар ҳам бизлар билан мана шу жаҳаннамда бирга-ю, аммо) кўзларимиз оғиб (уларни илғамай қолдими)?!"

64. Албатта дўзах аҳлининг ана шундай талашиб тортишишлари ҳақдир - аниқдир.

65. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка мушрикларига) айтинг:"Мен фақат бир огоҳлантиргувчидирман, холос. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Якка-ю ёлғиз Ғолиб Аллоҳгина бордир.

66. (У) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсанинг Қудратли ва Мағфиратли Парвардигоридир".

67. Айтинг: "Ўша (яъни, мен сизларга етказган мана шу сўзлар) улуғ бир Хабардир.

68. Сизлар эса ундан юз ўгирмоқдасизлар!

69. Мен учун (Одамнинг Ер юзига халифа қилиниши тўғрисида Аллоҳ таъоло билан) тортишаётган фаришталар ҳақида ҳеч қандай билим йўқ эди.

70. Менга фақат ўзимнинг очиқ-равшан огоҳлантиргувчи эканлигим ваҳий қилинмоқда, холос".

71. Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: "Албатта мен лойдан бир одам Яратгувчидирман.

72. Бас, қачон уни тиклаб, унга Ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар!"

73. Бас, фаришталарнинг барча-барчалари (Одамга) сажда қилдилар.

74. Магар иблисгина кибру ҳаво қилиб, кофирлардан бўлди.

75. (Шунда Аллоҳ) деди: "Эй иблис, Мен Ўз Қўлларим билан яратган нарсага — Одамга сажда қилишдан нима сени манъ қилди?! Кибру ҳаво қилдингми ёки сен (Одамга нисбатан) юксак мартабали зотлардан эдингми?!"

76. У айтди: "Мен ундан яхшироқдирман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг".

77. (Аллоҳ) деди: "Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган — малъунсан.

78. Ва албатта то жазо (Қиёмат) Кунигача сенга Менинг лаънатим бўлур".

79. (Иблис илтижо қилиб) деди: "Парвардигорим, у ҳолда менга улар тириладиган Кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин".

80-81. (Аллоҳ) деди: "Бас, сен маълум вақтда етиб келадиган Кунгача (Қиёматгача) муҳлат берилганлардансан".

82. (Иблис) айтди: "Энди Сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман.

83. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (Ҳақ Йўлдан озмай қолурлар)".

84-85. (Аллоҳ) деди: "Хаққа (қасам). фақат ҳақни айтурманки, албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!"

86. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга) айтинг: "Мен (Қуръонни етказганим учун) сизлардан бирон ажр-ҳақ сўрамайман ва мен сохтакорлардан (яъни, ёлғондан пайғамбарликни даъво қилгувчи кимсалардан) ҳам эмасман.

87. (Ушбу Қуръон) фақат барча оламлар учун (Аллоҳ таъоло томонидан нозил қилинган) бир Эслатмадир, холос.

88. Албатта сизлар унинг (ҳақиқатан ҳам Илоҳий ваҳий эканлиги ҳақидаги) хабарни (озгина) вақтдан сўнг (Қиёмат Куни) билиб олурсизлар".

Орқага Олдинга