loader

016. Наҳл сураси

Наҳл - асаларилар. Сурада асалариларнинг намунали ҳаёт тарзи ҳақида оятлар мавжудлиги учун унга шу ном берилган. Сурада қиёматни такрор-такрор эслатиб, ўша кунга пухта тайёргарлик кўришга даъват этилади. Унда бошқа суралардаги каби ширк, куфр, ношукурлик каби иллатлар қораланиб, имон, эътиқод, шукр, солиҳ амалларга ташвиқот этилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Аллоҳнинг амри (қиёмат) келди. Бас, сизлар (Эй, мушриклар), уни қистамай қўя қолинглар! (Аллоҳ) улар келтираётган ширкдан пок ва юксакдир. Изоҳ: Ҳали келмаган нарсани келди, дейиш ҳамма тилда ҳам келиши яқин ва аниқ нарсага ишлатилади. Қиёмат куни ҳам исломда келиши аниқ ва муддати яқин нарсалардан ҳисобланади. Муҳаммад (а.с.) бир ҳадисларида: "Мен билан қиёмат шу икки бармоғимдек бир-бирига яқин ҳолда келдик", деганлар. Яъни, менинг охирги пайғамбар бўлиб келишимнинг ўзи қиёмат яқинлигидан дарак беради, демоқчилар. Лекин бу яқинлик миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Биз учун юз йил ҳам узоқ кўринади. Аллоҳнинг наздида эса неча минг йиллар ҳам яқин бўлиши мумкин.
2.  (Аллоҳ Ўз) амри билан хоҳлаган бандаларига фаришталарни (шундай) ваҳий билан туширур: ("Эй, пайғамбарларим! Инсонларни) огоҳлантирингларки, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, (барчаларингиз) Мендангина қўрқингиз!"
3. (У) осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратди. (Мушриклар) келтираётган ширкдан У юксакдир.
4. Инсонни нутфа (бир томчи модда)дан яратди. У эса, баногоҳ, очиқ "рақиб"дир.
5. У яна сизлар учун иссиқ (кийим) ва (турли) манфаатлар бўлсин, деб, чорва молларини ҳам яратди ва улардан сизлар Эйсизлар ҳам.
6. Яна сизлар учун уларда кечқурун (ўтлоқдан) қайтаётган ва тонгда (ўтлоққа) кетаётган пайтида гўзал манзара пайдо бўлур.
7. Шунингдек, улар сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир.
8. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур.
9. Тўғри йўлни қасд этиш (унга ҳидоят этиш) ёлғиз Аллоҳ зиммасидадир. (Зотан, йўллар) ичида қинғири ҳам бордир. Агар (Аллоҳ) хоҳлаганида, сизларнинг барчангизни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилган бўлур эди.
10. У осмондан сизлар учун ичимлик бўлмиш сувни ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган дарахтлар (ўсимликлар) ҳам ўша сувдан (ичар).
11. У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бу (иш)да тафаккур қиладиган қавм учун аломат бордир.
12. У сизлар учун кеча ва кундузни, қуёш ва ойни бўйин сундириб қўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйин сундирилгандир. Албатта, бунда англайдиган қавм учун аломатлар бордир.
13. Яна У сизлар учун ерда яратиб қўйган ранг-баранг нарсаларни ҳам (сизларга бўйин сундирди). Албатта, бунда эслатма оладиган қавм учун аломат бордир.
14. У янги гўшт (балиқ гўшти) Эйишларингиз ва тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишларингиз учун (сизларга) денгизни ҳам бўйин сундириб қўйган зотдир. Унда яна (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасиз. Унинг фазли (ризқи)дан талаб этишингиз ва (неъматларига) шукр қилишингиз учун (шундай қилди).
15. У яна, Ер сизларни тебратмаслиги учун унда тоғларни барпо қилди, (ичимлик ва экинларингиз учун) дарёларни (оқизиб қўйди) ва тўғри юришларингиз учун йўлларни (пайдо қилди).
16. (йўлларга) белгилар ҳам (қўйди). Юлдузлар билан эса улар йўл топурлар.
17. (Эй, мушриклар), ахир (барча мавжудотни) яратадиган зот (Аллоҳ) билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бут-санамларингиз) баробарми?! Бас, ўйламайсизларми?!
18. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
19. Аллоҳ яширган нарсаларингизни ҳам, ошкор қилган нарсаларингизни ҳам билур.
20. (Мушрикларнинг) Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсалари (маъбудалари) бирор нарсани яратувчи эмасдир, балки ўзлари яратилувчидирлар.
21. (Улар) ўликдирлар, тирик эмасдирлар. Улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон қайта тирилишларини ҳам сезмайдилар.
22. Илоҳингиз ягона илоҳдир. Бас, охиратга имон келтирмайдиганларнинг диллари (Унинг ягона эканлигини) инкор қилур ва улар мутакаббирдирлар.
23. Шубҳа йўқки, Аллоҳ уларнинг яширган нарсаларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам билур. Албатта, У мутакаббирларни севмас.
24. Уларга: "Раббингиз (Муҳаммадга) нимани нозил қилди?" - дЭйилса, улар (масхара қилишиб): "Аввал ўтганларнинг афсоналарини",- дЭйдилар.
25. Улар (бу ёлғон сўзларни) қиёмат кунида, ўзларининг барча гуноҳларини ҳамда ўзлари жоҳилона йўлдан оздирган кимсаларнинг гуноҳларидан ҳам (бир қисми)ни бўйинларига олиш учун (айтгандирлар). Огоҳ бўлингизки, улар бўйнига олган нарса (гуноҳлар) жуда ёмондир.
26. Улардан олдинги (кофир)лар ҳам (ўз пайғамбарларига шундай) макрларни қилган эдилар. Шунда Аллоҳ улар (қурган макр) биноларини пойдеворлари билан қўпориб ташлади, бас, том ўзларининг устига қулади ва уларга ўзлари сезмаган (кутмаган) тарафдан азоб келди.
27. Сўнгра қиёмат кунида (Аллоҳ) уларни яна расво қилур ва айтур: "Сизлар ёнларини олиб тортишиб юрган Менинг "шерик"ларим қаерда қолишди?!" (Шунда) илм берилган (пайғамбар ва уламо)лар дерлар: "Дарҳақиқат, бугун расволик ва нохушлик кофирларгадир".
28. Уларни ўзларига зулм қилган ҳолларида фаришталар вафот этдирурлар. Шунда улар сулҳга келишиб: "Бизлар бирор ёмонлик қилган эмасмиз" (дерлар). йўқ! Шаксиз, Аллоҳ қилган ишларингизни билувчидир.
29. Энди ўзларингиз мангу қоладиган жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Мутакаббирларнинг жойлари нақадар ёмон!
30. Тақволи бўлганларга: "Раббингиз (Ўз пайғамбарига) нимани нозил қилди?" - дейилганида, улар: "Яхшиликни", - дерлар. Бу дунёда чиройли иш қилганлар учун чиройли мукофот бўлур. Лекин, шубҳа йўқки, охират диёри янада яхшироқдир. Тақводорларнинг диёрлари нақадар яхши!
31. Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлар.
32. Улар (ширк ва гуноҳдан) пок бўлган ҳолларида, фаришталар вафот этдира туриб: "Сизларга салом! Қилиб ўтган амалларингиз билан жаннатга кирингиз", - дерлар.
33. (Кофирлар эса) фақат ўзларига (ўлим) фаришталари келишини ёки Раббингизнинг амри (азоби) келишини кутарлар. Улардан олдин ўтган (кофир)лар ҳам мана шундай қилган эдилар. Уларга Аллоҳ зулм қилгани йўқ, балки улар ўзларига зулм қилувчи эдилар.
34. Бас, қилган ёмонликлари ўзларига етди ва масхара қилган нарсалари ўзларини тутди.
35. Мушрик бўлганлар: "Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз (ҳам), ота-боболаримиз (ҳам) Ундан ўзга бирор нарсага сиғинмаган ва Унинг (ҳукмисиз) бирор нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик", - дейдилар. Улардан олдин ўтган (кофир)лар ҳам шундай қилган эдилар. Пайғамбарлар зиммасида фақат (Аллоҳнинг ваҳийсини одамларга) очиқ етказишлик (вазифаси) бордир.
36. Дарвоқе, Биз ҳар бир умматга: "Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқлашинглар", (деган ваҳий билан) пайғамбар юборганмиз. Шунда улар орасида Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам, шунингдек, йўлдан озишлиги қатъий бўлганлар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайр қилиб, (пайғамбарларини) ёлғончига чиқарганларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар!
37. (Эй, Муҳаммад,) агар Сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига қизиқувчан бўлсангиз (билингки), Аллоҳ ўзи адаштирадиган кимсаларни сира ҳидоят қилмас ва уларга мадад берувчилар ҳам бўлмас.
38. Улар зўр бериб: "Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмайди", - деб Аллоҳ номига қасам ичдилар. йўқ! (Албатта, тирилтирур!) Бу - Унинг ҳаққоний ваъдасидир. Лекин, одамларнинг аксарияти билмайдилар.
39. Уларга ўзлари ихтилоф қилаётган нарсаларини ажрим қилиб бериш учун, ҳамда кофир бўлганлар ўзларининг ёлғончи эканликларини билишлари учун ҳам (қайта тирилтирур).
40. Биз бирор нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз: "Бўл!" - дЭйишдир. Бас, (ўша нарса) бўлур.
41. Зулм қилинганларидан сўнг, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (мақомлар)га жойлаштирурмиз. Охират мукофоти эса, янада каттароқдир. Қани, энди (буни одамлар) билсалар эди!
42. Улар сабр қилган ва Парвардигорларигагина таваккул этганлардир.
43. (Эй, Муҳаммад,) Сиздан олдин ҳам фақат (Сиз каби) кишиларнигина (пайғамбар қилиб) юбориб, уларга ваҳий нозил этиб турганмиз. Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли зикрлардан (яъни, Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрангизлар!
44. (Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (аҳкомлар)ни баён қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик.
45. Ёмонликлар макрини қилганлар ўзларини ер ютишидан ёки сезмаган тарафларидан азоб келиб қолишидан хотиржаммилар?!
46. Ёки (сафарда) айланиб юрганларида уларни (офат) тутгач, (ҳеч кимни) ожиз қолдира олмасликларидан (қўрқмайдиларми)?!
47.Ёки (қилмишлари оқибатидан) қўрқиб юрган пайтларида, уларни (бирор офат) ушлаб қолишидан (қўрқмайдиларми?!) Дарҳақиқат, (яна ҳам) Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир.
48. Ахир, улар Аллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари ўнгу сўлларига, Аллоҳга бўйин суниб сажда қилган ҳолда эгилаётганини кўрмадиларми?!
49. Осмонлар ва Ердаги барча нарса - жониворлар ва фаришталар ҳам кибр қилмаган ҳолларида фақат Аллоҳга сажда қилурлар.
50. Улар (фаришталар) устиларидаги (кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига буюрилган ишларнигина қилурлар.  (49-50-оят. Сажда ояти.)
51. Аллоҳ: "Икки худони илоҳ қилиб олманглар! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!" - деди.
52. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизларми?!
53. Сизларда қайси бир неъмат бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам фақат Унгагина ёлборасизлар.
54. Сўнгра, (У) сизлардан (ўша) мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда (чиқиб) Парвардигорларига ширк келтирурлар.
55. Бу уларга берганларимизга ношукрчиликларидир. Бас, (Эй, мушриклар,) "фойдаланиб" қолинглар. Яқинда, (қиёмат кунида ҳақиқатни) билурсизлар.
56. Улар Биз ризқ қилиб берган нарсалардан ўзлари билмайдиган нарса (бутлари) учун насиба ажратурлар. (Эй, мушриклар), Аллоҳга қасамки, албатта, сизлар ўзларингиз тўқиб олган нарса (бутларингиз) тўғрисида, албатта, сўралурсизлар.
57. Улар "Фаришталар Аллоҳнинг қизлари" дЭйишиб, даъво қилишади, У (бундай бўҳтондан) покдир. Ўзларига эса кўнгиллари хушлайдиган нарсани (яъни, ўғилларни) нисбат беришади. Изоҳ: Яъни фаришталар Аллоҳнинг қизлари деб, икки жинснинг аълосини ўзларига, заифини Аллоҳга нисбат беришади. Ваҳоланки, ўзларига қиз фарзанд бўлишини хоҳлашмайди. Бу уларнинг дунёқарашларига биноан мантиқий баҳсдир. Аслида эса Аллоҳнинг наздида эркак билан аёлнинг шарафи баробардир.
58. Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетар.
59. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг "ёмон"лигидан (орият қилиб,) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, уларнинг бу ҳукмлари яроқсиздир.
60. Охиратга имон келтирмайдиганларда ёмон масал бордир. Аллоҳда эса энг олий масал (сифат) бордир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир.
61. Агар Аллоҳ одамларни зулмлари сабабли ушлайдиган (жазолайдиган) бўлса, унда (Ер юзида) бирор жониворни (тирик) қўймаган бўлур эди. Лекин, уларни маълум муддатгача қўйиб берур. Ўша муддатлари етиб келганида эса, уни бирор соат кетга ҳам сура олмайдилар, олдинга ҳам.
62. Улар ўзлари ёмон кўрадиган нарса (қиз болалар)ни Аллоҳга тиркаб, яна тиллари ўзларига чиройли мукофот (жаннат) бўлиши ҳақида ёлғон сўзлайди. Шубҳа йўқки, улар дўзах аҳлларидир ва албатта, улар (дўзахга) биринчилар (қаторида ташланувчилар)дир.
63. (Эй, Муҳаммад), Аллоҳ (номим)га қасамки, дарҳақиқат, Биз Сиздан олдинги умматларга ҳам пайғамбарлар юборганимизда, шайтон уларга ўзларининг (разил) ишларини чиройли қилиб кўрсатган эди. У бугун (бу дунёда) уларнинг "дўсти"дир. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир.
64. Биз Сизга имон келтирадиган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлмиш Китоб (Қуръон)ни уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларини аниқ қилиб беришингиз учунгина нозил қилдик.
65. Аллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли "ўлик" ерни "тирилтирди". Албатта, бунда (насиҳатга) қулоқ тутадиган қавм учун аломат бордир.
66. Дарвоқе, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир; сизларни уларнинг қоринларидаги нажосат ва қон ораларидан чиқувчи, (лекин) ичувчилар учун иштаҳали тоза сут билан суғорурмиз.
67. Хурмо ва узумларнинг меваларидан эса ароқ ва гўзал (ҳалол) ризқ олурсизлар. Албатта, бунда ҳам англайдиган қавм учун аломат бордир.  Изоҳ: Бу оят нозил қилинган пайтда ҳануз ароқ шаръан ман этилмаган эди.
68. (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (бўйруқ) қилди: "Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган нарсаларга ин қурингиз.
69. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!" Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир.
70. Сизларни Аллоҳ яратди. Сўнгра вафот этдиради ҳам. Сизларнинг орангизда энг тубан умр кўришга (кексайиб, заиф ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг ҳеч бирини билмай қоладиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билимли ва қудратлидир. Изоҳ: Исломда оят ва ҳадис матнидан олинган "арзалул-умр" деган ибора бор. Яъни, энг тубан умр, қариб қартайган ёш. Шу неча ёшдан бошланади, деган масалада турли тафсирлар бор: бирида 60 дан деса, бошқасида 75 дан, яна бир ривоятда 80 дан, бошқасида 90 дан кЭйин бошланади, дейилади.
71. Аллоҳ баъзиларингиздан баъзиларингизни ризқда юқори қилиб қўйди. Бас, бу (ризқда) юқори қилинганлар ўзларининг ризқларини қўл остидаги (қул)ларига бермайдиларки, барчалари (ризқда) баробар бўлиб олсалар. Бас, Аллоҳнинг неъматини инкор этурларми?!
72. Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради. Бас, (улар) ботил (бутлар)га имон келтириб, Аллоҳнинг неъматини инкор этурларми?! Изоҳ: Ўзларингиздан, яъни, инсон жинсидан. Бу оятда ишорат борки, жуфтларимизнинг жинлардан ёки фаришталардан бўлмай, ўз жинсимиз - одамзотдан бўлиши ҳам улуғ неъмат экан.
73. Аллоҳни қўйиб, улар учун осмонлар ва ердан бирор нарсани ризқ қилиб бермайдиган ва бера олмайдиган (бут)ларга сиғинадиларми?!
74. Бас, Аллоҳга (зарбул) масал тўқиманглар! Албатта, Аллоҳ билур, сизлар билмайсизлар.
75. Аллоҳ шундай бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган қарам қул билан Биз ўз тарафимиздан яхшигина ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ва ошкора эҳсон қилаётган (ҳур) киши баробар бўладими? Ҳамд Аллоҳга (хос)дир. Лекин уларнинг аксарияти (буни) билмайдилар. Изоҳ: Яъни ҳаракатсиз, жонсиз бут-санамлар билан бутун коинот яратувчиси Аллоҳ тенг бўлурми?!
76. Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган соқовдир. У эгасига (ортиқча) юк бўлиб (хожаси) уни қаерга юборса, бирор яхшилик (фойда) келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи Тўғри йўлда бўлгани ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолатга буюрадиган киши баробар бўлурми?! Изоҳ: Бу мисолда ҳам бут-санамлар билан Аллоҳ таоло тенг эмаслиги таъкидланмоқда.
77. Осмонлар ва Ернинг ғайб (илм)и Аллоҳга хосдир. Қиёмат иши (қойим бўлиши) кўзни очиб-юмиш ёки ундан ҳам яқинроқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
78. Аллоҳ сизларни оналарингиз қоринларидан бирор нарсани билмайдиган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди.
79. Осмон фазосида (учишга) бўйин сундирилган қушларга боқмайдиларми?! Уларни фақат Аллоҳ тутиб турибди-ку! Албатта, бунда имон келтирадиган қавм учун аломатлар бордир.
80. Аллоҳ сизлар учун уйларингизни оромгоҳ қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларининг териларидан кўчадиган кунингизда ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариб кета оладиган овуллар (бунёд) этди ҳамда (қўйларнинг) жунларидан, (туяларнинг) юнгларидан ва (ечкиларнинг) тивитларидан маълум бир вақтга қадар фойдаланиладиган жиҳоз ва матоҳлар (яратди).
81. Аллоҳ сизлар учун ўзи яратган нарсалардан соя жойлар (бунёд) этди ва сизлар учун тоғлардан бошпаналар қилди ҳамда сизлар учун иссиқ (ва совуқ)дан асрайдиган кийимлар ва сизларни (турли) хавфдан сақлайдиган совутлар яратди. (Имон келтириб) мусулмон бўлурсизлар, деб сизларга ўз неъматини У мана шундай комил қилиб берур.
82. (Эй, Муҳаммад,) агар улар (Сиздан) юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангизда фақат (ҳақиқатни) равшан қилиб етказиш бор, холос.
83. (Улар) Аллоҳнинг неъматини танийдилар, кейин эса уни инкор этадилар. Уларнинг аксарияти кофирлардир.
84. Ҳар бир умматдан Биз бир гувоҳни (ўша умматнинг пайғамбарини) келтириб қўядиган кунни эсланг! Сўнгра кофир бўлганларга (узр айтиш учун) изн берилмас ҳамда улардан (Аллоҳни) рози қилиш ҳам талаб қилинмас.
85. Зулм қилганлар азобни кўрганларида (яъни, қиёматда) улардан (у азоб) енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас.
86. (Ўша куни) мушрик бўлган кимсалар ўзларининг келтирган ширкларини кўрган вақтларида: "Эй, Раббимиз! Анавилар Бизлар Сени қўйиб, сиғинган илоҳларимиз", - деганларида, (бутлар бунга жавобан): "Сизлар, ҳақиқатан, ёлғончидирсизлар", - деб гап қотурлар.
87. Улар у Кунда Аллоҳга (ўзларини) таслим қилурлар ва ўзлари тўқиб олган ("илоҳ")лари эса улардан ғойиб бўлур.
88. Куфрда бўлган ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганлари сабабли азоб устига азобни зиёда қилурмиз.
89. Ҳар бир уммат ичидан ўзлари учун ўзларидан бир гувоҳни (яъни, пайғамбарни) келтирадиган кунимизни эсланг! Сизни эса (Эй, Муҳаммад), ана улар (ўз умматингиз)га гувоҳ қилиб келтирурмиз. Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик.
90. Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур. (У) эслатма олурсизлар, деб сизларга насиҳат қилур.
91. Аҳдлашганингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номи билан) мустаҳкам қилганингиздан кЭйин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур.
92. Сизлар бир жамоа бошқа бир жамоадан (сон ё бойлик жиҳатидан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (бузиб) уни алдов воситаси қилишингиз билан худди ўзи тўқиган нарсасини пухта бўлганидан сўнг парчалаб бузиб ташлаган аёлга ўхшаб қолмангиз! Албатта, Аллоҳ бу билан сизларни синаб кўрар ва албатта, қиёмат кунида сизларга ихтилоф қилиб юрган нарсаларингизни баён (ажрим) қилиб берур.
93. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин, У, ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва ўзи ҳоҳлаган кишиларни (Тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Албатта, қилиб ўтган амалларингиздан сўралурсизлар.
94. Қасамларингизни ўзаро алдов воситаси қилиб олмангиз! Акс ҳолда (Ислом йўлида) маҳкам ўрнашган оёқ тойиб кетур ва Аллоҳ йўлидан тўсганингиз сабабли ёмонлик (бало ва мусибатлар)ни тотиб қолурсизлар ҳамда (охиратда) сизлар учун улкан азоб бордир.
95. Аллоҳнинг аҳдини озгина қийматга сотиб юбормангиз! Агар билсангизлар, албатта, Аллоҳ даргоҳидаги нарса (ажр-савоб) сизлар учун (дунё матоҳларидан) яхшироқдир.
96. Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарса(лар) тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарса(лар) эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган амалларининг чиройлилари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз.
97. Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга пок ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларининг чиройлиги баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз.
98. Қачонки, Қуръон ўқисангиз, албатта, қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрангиз!
99. Албатта, имон келтирган ва фақат Парвардигорларига таваккул қиладиганлар устидан у (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир.
100. Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутиб, Унга ширк келтирувчилар устидандир.
101. Қачонки, (Биз) бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак, - ҳолбуки, Аллоҳ ўзи нозил қиладиган оятларни яхши билувчидир - улар (пайғамбарга): "Ҳақиқатан, сен ўзинг тўқиб олувчисан", - дЭйдилар! йўқ! Уларнинг кўплари (бунинг ҳикматини) билмайдилар!
102. (Эй, Муҳаммад! Уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Қудус (Жаброил) Раббингиз (тарафи)дан имон келтирганларни (динда) собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва башорат бўлган ҳолида барҳақ нозил қилганини айтинг!.
103. Аниқки, (Биз) уларнинг: "Унга (Муҳаммадга Қуръонни) бирор одам ўргатмоқда", - деяётганларини билурмиз. (Лекин) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (арабий эмас), бу (Қуръон) эса аниқ арабийдир. Изоҳ: Пайғамбаримиз (а.с.) бир ажам, яъни араб бўлмаган кишига унинг тилида Исломдан таълим бераётганини кўрган мушриклар "Муҳаммад Қуръонни балки шу одамдан ўрганиб, бизга ўқиб бераётгандир", - деган туҳматни қилишганда, Аллоҳ таоло "Сизлар айтаётган одам ажам бўлса, Қуръон тили холис арабий бўлса, қандай қилиб ажам Пайғамбарга бу каби мўъжиза Қуръондан таълим бера олади?!" - деб раддия билдиришмоқда.
104. Албатта, Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларни Аллоҳ ҳидоят қилмас. Улар учун аламли азоб бордир.
105. Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқурлар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир.
106. Ким Аллоҳга имон келтирганидан кЭйин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби имон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир! Изоҳ: Бу оятлар имон йўлида заҳмат чеккан Аммор ибн Ғсир тўғрисида нозил қилинган. Уни Ислом динидан қайтариш мақсадида қаттиқ қийнаганлар ва Ҳубал исмли бутга имон келтирсанг қўйиб юборамиз деганда, жонини сақлаб қолиш учун уларнинг талабини бажарган. Сўнг Расул (а.с.) ҳузурларига йиғлаб бориб: "Енди менинг имоним нима бўлди?" - деб сўганида, жаноб: "Агар дилингни имон билан мустаҳкам қилиб туриб фақат тилинг билангина айтган бўлсанг зарари йўқ", - деб марҳамат қилганлар.
107. Бу (азоб-уқубатлар)га сабаб уларнинг дунё ҳаётини охиратдан афзал билишлари ва Аллоҳнинг кофирлар қавмини ҳидоят қилмаслигидир.
108. Ана ўшалар дилларини, қулоқларини ва кўзларини Аллоҳ муҳрлаб қўйган кишилардир ва ана ўшалар ғофиллардир.
109. Шак йўқки, охиратда зиён кўрувчилар ҳам ўшалардир.
110. Сўнгра, албатта, Раббингиз, фитналарга дучор бўлганларидан кЭйин (Маккадан Мадинага) ҳижрат қилган, сўнг (Аллоҳ йўлида) жиҳод қилиб, (машаққатларга) сабр қилган зотлар учун, албатта, Раббингиз шулардан кЭйин (уларни) мағфират қилувчи ва раҳм этувчидир. Изоҳ: Жиҳод сўзининг изоҳи учун Нисо сураси, 95-оят ва тавба сураси, 88-оят изоҳларига қаралсин.
111. Ҳар бир жон (егаси) фақат ўзи учун тортишадиган ва ҳар бир жон (эгаси) қилган амалининг (мукофотини) зулм қилинмаган ҳолда тўла оладиган Кунни (эсланг).
112. Аллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқи кенгу мўл келиб турар эди. Бас, у (аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ унга (аҳолисига) бу "ҳунарлари" сабабли очлик ва хавф либоси (балоси)ни тотдириб қўйди.
113. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан (чиққан) бир пайғамбар келганида, уни ёлғончига чиқаришгач, золим бўлган ҳолларида уларни азоб тутди.
114. Бас, (Эй, мўминлар,) Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларини енглар ҳамда, агар Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангизлар, Унинг неъматларига шукр қилинглар!
115. У сизларга ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Бас, кимки зулм қилмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолда заруратга учраса (мазкур нарсалардан ўлмагудек миқдорда еса), бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.
116. Аллоҳ номидан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб: "Бу ҳалол, бу ҳаром" деяверманглар! Чунки, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар сира нажот топмаслар.
117. (Ундай кимсалар учун дунёда) озгина роҳат (бўлур). (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир.
118. (Эй, Муҳаммад,) яҳудий бўлган кимсаларга илгари (Анъом сурасида) Сизга Биз сўзлаб берган нарсаларни ҳаром қилдик. Биз уларга зулм қилмадик, балки улар ўзларига (ўзлари) зулм қилувчи бўлдилар. Изоҳ: Яна Анъом сураси 119, 138, 146, 147, 148, 151-оятларига қаралсин.
119. Сўнгра (билингки), албатта, Раббингиз, билмаган ҳолда гуноҳ қилиб қўйиб, кейин тавба қилган ва ўзларини тузатган кишилар учун, шубҳасиз, ўша (тавбалари)дан сўнг Раббингиз кечиримли ва раҳмлидир.
120. Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилувчи, ҳақ йўлдан чалғимаган бир уммат (имом) эди. Мушриклардан эмас эди.
121. (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилувчи эди. (Аллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, Тўғри йўлга ҳидоят этди.
122. Унга бу дунёда эзгулик ато этдик. Албатта, у охиратда ҳам солиҳлардандир.
123. Сўнгра, (Эй, Муҳаммад,) Сизга ҳақ йўлдан чалғимаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик.
124. "Шанба" (у кунни улуғлаш) фақатгина у кун ҳақида ихтилоф қилган кимсаларнинг (Исроил авлодининг) зиммасига (фарз) қилинган эди. Албатта, Раббингиз қиёмат куни уларнинг ўртасида ўзлари ихтилоф қилиб ўтган нарсалар тўғрисида ҳукм қилур. Изоҳ: Яъни уларнинг шанба билан жума куни тўғрисидаги низоларни Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳал этур.
125. (Эй, Муҳаммад,) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва У ҳидоят топганларни ҳам билувчироқдир.
126. (Эй, имон келтирганлар,) агар интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! Агар (интиқом олмай) сабр қилсангизлар, албатта, бу сабр қилувчи кишилар учун яхшироқдир.
127. (Эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг. Сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳ (ёрдами) билангина мумкиндир. Уларга (яъни, мушрикларнинг қилмишлари сабабли) ғамгин бўлманг! Уларнинг макр қилишларидан сиқилманг ҳам!
128. Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан биргадир.

Орқага Олдинга