loader

050. Қоф сураси

Қирқ беш оят бўлган бу сура Маккада нозил қилинган. Барча Макка суралари каби Исломий ақиданинг асослари ҳақида сўзлагувчи бу сурада сўз асосан мана шу ақиданинг бир бўлаги бўлган қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтилган барча амаллар ҳисоб-китоб қилиниши ҳақ эканлиги тўғрисида боради.
Сура оятлари Охиратни инкор этувчи кимсаларнинг назарини еру осмондан Аллоҳ таъолонинг кудрати Илоҳийясиги далолат қилиб турган кўпдан-кўп ажойиботларга жалб қилади ва мана шу коинотни йўқдан бор қилган Зот уларни қайта яратишга ҳам Қодир эканлигини таъкидлайди.
Бу сурада ҳам қайта тирилишни ёлғон деганлари сабабли турли азоб-уқубатларга гирифтор бўлган аввалги қавму-қабилалар яна бир бор эслатиб ўтилади.
Сура сур чалипиб қабрлардан ҳисоб-китоб учун чиқиладиган Кунда бўладиган воқеа-ҳодисаларни баён қилиш билан хотима топади. Сура ўзининг илк калимаси бўлмиш "Қоф" ҳарфи билан номланган.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Қоф. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Улуғ Куръонга қасамки, (Биз Сизни қайта тирилиш хақ эканлигидан огоҳлантиргувчи Пайғамбар қилиб юборганимизда, Макка аҳли иймон келтирмади).

2. Балки уларга (фаришта эмас), ўзларидан бўлган бир огоҳлантиргувчи келганидан ажабландилар — ҳайрон бўлдилар. Шунинг учун ҳам у кофирлар айтдилар: "Бу жуда қизиқ нарса-ку! —

3. — Бизлар ўлиб, тупроқ бўлиб қолган вақтимизда (яна ҳаётга қайтариламизми)?! Бу жуда узоқ (ақл бовар қилмайдиган) қайтишлар!"

4. Аниқки, Бизга ер улар(нинг жасадлари)ни камайтираётгани (яъни, жасадлари чириб тупроққа айланиб кетаётгани) маълум. Ва Бизнинг ҳузуримизда (барча нарани ўз саҳифаларида) сақлагувчи Китоб (Лавҳул-Маҳфуз) бордир, (демак, уларни қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш Биз учун қийин иш эмасдир).

5. Балки, уларга Ҳақ (Қуръон) келган вақтида уни ҳам ёлғон дедилар. Бас, улар бир ноаниқ ишга — ҳолга (тушиб қолганлар. Шунинг учун улар гоҳ Қуръонни "сеҳр" дейишса, гоҳ "шеър" дейишади, гоҳо эса "Аввалгилардан қолган афсона", дейдилар).

6. Ахир улар устларидаги осмонни — Биз уни қандай бино қилиб, (юлдузлар билан) безаб қўйганимизни ва унинг учун бирон тешик-ёриқ йўқ эканлигини кўрмадиларми?!

7. Ерни эса ёйиқ — кенг қилдик ва унда тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда (ўсимлик мевалардан) ҳар турли гўзал жуфтларни ундириб-ўстирдик.

8. (Парвардигорга) қайтгувчи — тавба-тазарруъ қилгувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма-ибрат бўлсин учун (мани шундай қилдик).

9-10. Биз осмондан баракотли сув — ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олингувчи дон-дунларни ҳамда тизилган (мевали) новдалари бўлган баланд ҳурмоларни ундириб-ўстирдик.

11. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у (сув) ёрдамида ўлик шаҳарни — ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур.
Изоҳ: Ушбу оятларда худди ўлик замин вақти соати билан тирилиб боғу роғларга ва гулу гулзорларги айлангани каби инсонларга ҳам Қиёмат Соати келганида қайиа жон ато этилиб, қабрларидан чиқишлари эслатиб ўтилгач, энди қуйидаги оятларда илгари ўтган ва Охиратни инкор этгувчи бўлган қавм-қабилаларнинг бошларига тушган кўргулик зикр қилинади.

12-13-14. Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми, қудуқ эгалари (яъни, Шуайб пайғамбарни ёлғончи қилгаилари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган бир қавм), Самуд ва Од (қабилалари), Фиръавн (ва унинг қавми), Лутнинг оға-инилари, дарахтзор эгалари (яъни, Шуайб пайғамбарнинг қавми) ва Туббаъ қавми ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар. (Уларнинг) барчалари пайғамбарларни ёлғончи қилишгач, Менинг ваъдам (яъни, азобим уларнинг устига) ҳақ-вожиб бўлди.

15. Хўш Биз аввалги яратишга (яъни, йўқдан бор қилишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, (ожизлик қилмадик, демак, тупроққа айлангач жасадларга қайта жон ато этишга ҳам ожизлик қилмаймиз), улар эса янги яралишдан (яъни, қайта тирилишдан) шак-шубҳададирлар.

16. Аниқки, инсонни биз яратганмиз, (демак), унинг нафси васваса қиладиган (яъни, кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. — Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз.

17. Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар.

18. У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур).

19. Мана ўлим мастлиги (яъни, жон чиқар пайти) хаққи-рост (етиб) келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочгувчи бўлган нарсадир.

20. (Қайта тирилишга даъват қилгувчи) Сур ҳам чалинди.— Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир! —

21.— Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) хайдагувчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик бергувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди.

22. (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни, мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир.

23. Унинг (кофирнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб-гувоҳлик бергувчи фаришта) деди: "Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир".

24-25. (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): "Барча (Ҳаққа қаршилик қилгувчи) қайсар, яхшиликни манъ қилгувчи, зўравон ва (Оллоҳнинг Динига) шак келтиргувчи кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар!

26. (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир "илоҳ" қилиб олса (яъни, Ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилиб олса), бас, уни қаттиқ азобга ташланглар!"

27. Унинг яқини (бўлган шайтон): "Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (Ҳақ Йўлдан) йироқ — залолатда бўлди", деди.

28. (Аллоҳ кофирга ва унинг шайтонига) айтди: "Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир бўлганларингиз сабабли Охиратда азобга гирифтор бўлишларингиз тўғрисида) ваъда қилганман.

29. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилгувчи ҳам эмасдирман".

30. У Кунда Биз жаҳаннамга: "Тўлиб битдингми?", дермиз, у эса: "Яна қўшимча борми?", дер.
Изоҳ: Юқоридаги оятларда ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсаларнинг Қиёмат Кунида кечадиган аҳвол-кўргуликлари батафсил баён этилгач, энди тақво эгалари учун тайёрлаб куйилган жаннат манзаралари тасвирланади.

31. Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга дейилди):

32-33. "Мана шу (неъматлар) сизларга — ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи, (ўз аҳдини) сақлагувчи (риоя қилгувчи), ғайбдаги Раҳмондан қўрққан ва тавба-тазарруъ қилган дил билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир.

34. Унга (жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу (кун) мангу (қоладиган) Кундир".

35. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир.

36. Биз улардан (Қурайш кофирларидан) илгари улардан кучли-қувватлироқ бўлган қанча аср-авлодни ҳалок қилдик. Бас, ўшалар (Биз бошларига туширган балодан) қочиб, бирон нажот бормикан, деб шаҳарларда изғиб юрдилар, (лекин ҳалокатдан қочиб қутула олмадилар).

37. Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир.

38. Аниқки, Биз осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратдик ва Бизни хеч қандай чарчоқ ушлагани йўқ.

39. Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар (кофирлар) айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг — намоз ўқинг!

40. Яна кечанинг (бир қисмида) ва саждалар (яъни, намозлар) ортидан У Зотни покланг!

41. Ва жарчи (Исрофил фаришта) яқин бир макондан туриб жар соладиган Кунда (унинг нидосига) қулоқ тутинг!

42. У Кунда улар (барча халойиқ) у даҳшатли кичқириқни ҳаққи-рост эшитурлар. Бу (қабрлардан тирилиб) чиқиш Кунидир!

43. Албатта Биз Ўзимиз (барча жонзотга) ҳаёт берурмиз ва ўлим берурмиз. Ёлғиз Бизга қайтиш бордир!

44. У Кунда уларнинг устидаги ер ёрилиб, (улар) шошган ҳолларида (қабрларидан чиқиб келурлар). Бу (яъни, Қиёмат Кунида барча халойиқни ҳисоб-китоб учун тўплаш) ёлғиз Бизгагина осон бўлган тўплашдир.

45. Биз улар (кофирлар) айтаётган сўзларни жуда яхши билурмиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз уларнинг устида (дину иймонга) зўрлагувчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг (кофирларни азоб-уқубатга гирифтор қилиш ҳақидаги) ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг!

Орқага Олдинга