loader

031. Луқмон сураси

Луқмон - тарихда Луқмони ҳаким деб шуҳрат топган ҳабаший бир доно шахснинг номи. Уламолар унинг пайғамбар ёки валий бўлгани ҳақида бир фикрга келиша олмаганлар. Чунки на Қуръонда ва на ҳадисларда унинг ким бўлгани тўғрисида аниқ маълумот берилмаган. Фақат Қуръони каримда унинг ўз ўғлига қилган фойдали, ибратомуз насиҳатларидан асосий қисми берилган. Қолган қисмларини эса ривоятлар орқали нақл қилиниб, то бизнинг асримизгача ҳам етиб келган.Суранинг бошқа оятларида тавҳид ва имонга даъват, куфр ва ширкдан қайтариш каби ўгитлар талқин этилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Алиф, Лом, Мим.
2. Ушбулар ҳикматли Китоб оятларидир,
3. Эзгу амал қилувчилар учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи экани) жиҳатидан.
4. Қайсики, улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ўз жойига) берадилар ва охиратга аниқ ишонадилар.
5. Парвардигорлари (тарафи)дан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топувчилар ҳам ўшаларнинг ўзидир.
6. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳ ёълидан оздириш учун ва у (ёълни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир.
7. Қачонки, унга оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек, гўё қулоқларида оғирлик (карлик) бордек, кибру ҳаво билан юз ўгириб кетур. Бас, унга аламли азоб ҳақида "хушхабар" бериб қўйинг!
8. Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун неъмат боғлари бордир,
9. у жойда мангу қолурлар. (Бу) Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир.
10. Кўраяпсизки, осмонларни устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун ерда тоғларни барпо қилди ва унда ҳар турли жондор(лар)ни тарқатиб қўйди. Яна Биз осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, (ерда) турли саховатли (ўсимликларни) ундириб қўйдик.
11. Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди, (эй, мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзгалар нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йуқ, у золимлар аниқ залолатдадирлар!
12. Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): "Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир".
13. Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: "Эй, ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки, ширк улкан зулмдир".
14. Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) амр этдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки,) "Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир!"
15. Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг ёълига эргашгин! Сўнгра (яъни, қиёмат кунида) қайтишлик Менинг ҳузуримгадир, бас, сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман".
16. (Луқмон деди): "Эй, ўғилчам, шубҳа ёъқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бироқ харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир.
17. Эй, ўғилчам, намозни мукаммал адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу ишларнинг пухтасидандир.
18. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин. Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас.
19. (Юрганингда) ўрта ҳол юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки, овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир".
20. (Эй, инсонлар,) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингларми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва аниқ китоб (ҳужжат)га эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида мунозара қилурлар.
21. Қачонки, уларга: "Аллоҳ нозил этган нарсага эргашинглар!",- дейилса, улар: "Йуқ, бизлар ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, (ана ўшанга) эргашурмиз", - дейишади. Бордию, шайтон уларни ўт азобига чақириб турган бўлса-чи?!
22. Кимки чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам тутқични ушлабди. Барча ишлар оқибати фақат Аллоҳга (борур!)
23. Кимки кофир бўлса, бас, Сизни, (эй, Муҳаммад,) унинг куфри ғамга солмасин. Бизга қайтажаклар, бас, Биз уларга қилган амалларининг хабарини берурмиз. Зеро, Аллоҳ диллардаги сирларни билувчидир.
24. Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азоб (тортиш)га мажбур қилурмиз.
25. Қасамки, агар улардан: "Осмонлар ва Ерни ким яратган?" - деб сўрасангиз, албатта, "Аллоҳ", - дерлар. Сиз "Аллоҳга ҳамд!" - денг. Йуқ, уларнинг аксарияти (ҳақиқатни) билмаслар.
26. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарсалар Аллоҳникидир. Албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамдга лойиқ зотдир.
27. Агар ер юзидаги (бор) дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз унга ёрдам берса, Аллоҳнинг сўзлари тугамас. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.
28. (Эй, инсонлар,) сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (осондир). Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир.
29. Аллоҳ кечани кундузга киритишини, кундузни кечага киритишини ҳамда қуёш ва ойнинг ҳар бирини белгиланган муддатгача жорий бўладиган қилиб бўйин сундириб қўйганини ва Аллоҳнинг қилаётган амалларингиздан огоҳ эканини кўрмадингизми?!
30. Бунга Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (илоҳ) экани, улар (мушриклар) Уни қўйиб илтижо қилаётган (бутлар)и эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг Ўзигина энг юксак ва олий зот экани сабабдир.
31. Сизларга Аллоҳнинг мўъжизаларидан кўрсатиш учун кемалар Унинг марҳамати билан денгизда (сузиб) юрганини кўрмадингизми?! Албатта, бунда барча (қийинчиликларга) сабр қилувчи ва (неъматларга) шукр қилувчилар учун аломатлар бордир.
32. Қачонки, (кофирларни) тоғлардек тўлқин(лар) ўраб олса, улар чин ихлос билан Аллоҳга дуо илтижо қилурлар. Бас, қачонки, (Аллоҳ) уларга нажот бериб, қуруқликка (чиқарса), у ҳолда улардан (айримларигина) тўғри ёъл тутувчидир. Оятларимизни фақат барча хоин ва ношукр кимсаларгина инкор қилурлар.
33. Эй, инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз ва яна шундай бир Кундан қўрқингизким, (у кунда) бирор ота ўз боласи томонидан (гуноҳни) ўта олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирор нарсани ўта олувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин ва сизларни алдамчи (шайтон) Аллоҳ (кечаверади, деган алдов) билан алдаб қўймасин!
34. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганча) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.

Орқага Олдинга