Аҳзоб - фирқалар, гуруҳлар. Бирлиги "ҳизб".
Сурада Ислом шариатидаги қонун-қоидалар, хусусан "зиҳор", "табанний", сатри аврат, маҳрам ва номаҳрамлар, никоҳ, талоқ каби масалаларга доир шаръий ҳукмлар баён этилади. Сурада, шунингдек, турли имонсиз ҳизбларнинг мусулмонларга қарши қилган ҳужумлари ва бундай синов қийинчиликлардан чин имон-еътиқодли кишиларнинг қандай муваффақиятли ўтганликлари ҳақида ҳам оятлар берилган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Эй, Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг! Кофирлар ва мунофиқларга итоат этманг! Албатта, Аллоҳ билимли ва ҳикматли зотдир.
2. Раббингиз (томони)дан Сизга ваҳий қилинадиган оятларга эргашинг! Албатта, Аллоҳ сизлар қилаётган амаллардан огоҳдир.
3. Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳни Ўзи етарли вакил (ҳомий)дир.
4. Аллоҳ бир кишининг ичида икки қалб қилган эмасдир. (Шунингдек), сизлар "зиҳор"* қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир*. Аллоҳ эса ҳақиқатни айтур ва Унинг Ўзи ёълга бошлар.
Изоҳ(а): Шариатда никоҳ, талоқ каби оилавий муносабатлар қаторида зиҳор деган нарса ҳам бор. Бу кўпроқ араб халқида жорий этилган ярамас одатлардан бири эди. Зиҳорда эр ўз хотинига: "Сен менга онамнинг бадани каби ҳаромсан" - каби сўзларни айтиши билан қаттиқ гуноҳкор бўлади, лекин хотини ўз онасига айланиб қолмайди. Бу гуноҳни ювиш учун эр маълум миқдорда каффорат (жарима) тўлаш зарурлиги қайд этилади. Изоҳ(б): Оятдаги иккинчи масала асранди бола ҳақида. Боқиб олинган асранди бола ҳеч қачон ўзи туққан болаларидек маҳрам бўлаолмаслиги, никоҳ ва мерос масалаларида уларнинг ҳуқуқи бегоналар ҳуқуқи билан баробар бўлиши ҳақида кўрсатмалар берилган. Бу билан бола асраб олиш ва уни тарбия қилиб вояга етказиш савоби инкор этилаётгани ёъқ. Масалан, бир оилада асранди ўғил вояга етса, шу оиладаги "сингил" га уйланиши мумкин ва аксинча ҳам. Сурада Муҳаммад (а.с.) асраб олган Зайд ибн Ҳориса воқеаси батафсил баён этилади.
5. Уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ наздида адолатлироқдир. Бас, агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир. Қилган хатоларингиз сабабли сизларга гуноҳ ёъқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилинган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон зотдир.
6. Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар (меросхўрликда) бир-бирларига (қариндош бўлмаган) мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақлироқдирлар. Магар сизлар (диний) дўстларингизга (мерос беришлик билан) яхшилик қилмоғингиз (мумкин). Бу, Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) битиклидир.
7. Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва Сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Исо ибн Марямдан қатъий аҳд олгандик.
8. Бу ростгўйлардан (қиёматда) содиқликлари ҳақида сўраш учун эди. (Аллоҳ) кофирлар учун аламли азоб таёрлаб қўйгандир.
9. Эй, имон келтирганлар, сизларга (қарши) қўшинлар келган пайтида Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинлар (фаришталар)ни юборганимизни - Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи зотдир.
10. Ўшанда улар сизларнинг устингиздан ҳам, сизлардан қуйи (томон)дан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдингизлар.
11. Ана ўша жойда мўминлар имтиҳон қилиндилар ва (даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар.
12. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида иллат бўлган (еътиқодлари заиф) кимсалар: "Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар", - дея бошладилар.
13. Ўшанда улардан бир тоифаси деди: "Эй, Ясриб (Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони ёъқдир, бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар". Улардан яна бир гуруҳи эса: "Уйларимиз очиқ-сочиқ", - деб Пайғамбардан изн сўрадилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жангдан) қочишнигина истардилар.
14. Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан кирилса, сўнгра улардан фитна талаб қилинса, албатта, улар кўп (иккиланиб) турмасдан унга (фитнага) келган бўлур эдилар.
15. Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмаслари ҳақида Аллоҳ билан аҳдлашган, Аллоҳга берилган аҳд эса (қиёмат кунида) сўралувчидир.
16. (Эй, Муҳаммад,) айтинг: "Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга сира фойда бермас, демак, сизлар ҳаётдан жуда оз фойдаланурсизлар".
17.Айтинг: "Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода этса, сизларни ким ундан асрай олур ёки У сизларга марҳаматни ирода қилса (ким уни тўса олур)?!" Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмаслар.
18. Аллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қиладиган ва ўз дўстларига: "Биз томонга ўтинглар", - дейдиган кимсаларни аниқ билур. Улар жангга камдан-кам келурлар.
19. (Бу) сизларга нисбатан бахилликларидир. Бас, қачонки, (ёв томонидан) хавф келса, сиз уларни ўлим ўраб беҳуш бўлган кимса каби кўзлари ўйнаб, сиз томонга қараётганларини кўрасиз. Бас, қачонки, хавф кетса, улар яхшилик (ўлжалар) устида очкўзлик қилиб, сизларни ўткир тиллар билан ранжитурлар. Улар имон келтирмаганлар, бас, (шу сабабли) Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Бу Аллоҳга осондир.
20. Улар (мунофиқлар) у фирқаларни (ёвни) кетмаган деб ўйлайдилар ва агар у фирқалар (қайтиб) келиб қолсалар, кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизлардан хабар сўраб туришни истайдилар. Агарда улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар.
Изоҳ: Яъни мунофиқларнинг қўрқоқликлари фош қилинмоқда. Мазкур оятларда ҳижратнинг 5-йили кечган Хандақ жанги тўғрисида сўз юритилади. Макка ва Мадина мушрикларидан иборат турли фирқалар Мадинага мусулмонлар устига бостириб кирмоқчи бўлганида, Салмони Форисий номли саҳобий маслаҳати билан Мадина теварагига хандақ ковлангани ва ёв қўшинлари унга қулаб ҳалок бўлгани тўғрисида Ислом тарихида кенг маълумотлар мавжуд.
21. (Эй, имон келтирганлар,) сизлар учун - Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир.
22. Мўминлар фирқаларни (ёвни) кўрган вақтларида: "Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир", - дедилар ва (бу) уларнинг имон ва итоатларини янада зиёда қилди.
23. Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдига содиқ кишилар бордир. Бас, улардан ўз аҳдига вафо қилгани (шаҳид бўлгани) ва улардан (шаҳид бўлишни) кутаётгани бордир. Улар (аҳду паймонларини) ўзгартирганлари ёъқ.
24. Аллоҳ (аҳдига) содиқ кишиларни садоқатлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса, агар хоҳласа, азобга гирифтор этиш ёки тавбаларини қабул қилиш учун (мазкур синовни ўтказди). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон зотдир.
25. Аллоҳ кофирларни дарғазаб ҳолларида қайтарди. Улар бирор яхшилик (фойда)га эришмадилар. Аллоҳ мўминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ кучли ва қудратли зотдир.
26. У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқув солди. (Улардан) бир гуруҳни ўлдирурсизлар, бир гуруҳни асир олурсизлар.
27. Сизларни уларнинг ерларига, масканларига, мол-мулкларига ва оёқларингиз етмаган ерларига ворис қилди. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зотдир.
28. Эй, Пайғамбар, хотинларингизга айтинг: "Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай (талоқ қилай).
29. Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир".
30. Эй, Пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ фаҳш ишини қилар экан, унинг учун азоб икки баробар зиёда қилинур. Бу Аллоҳга осондир.
31. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва эзгу амал қилса, Биз унинг мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун фаровон ризқ (жаннат)ни таёрлаб қўйгандирмиз.
32. Эй, Пайғамбар аёллари, агар тақводор бўлсангизлар, (ўзга) аёлларнинг бирортаси каби эмасдирсизлар. Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангларки, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса таъма қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангизлар!
33. Ўз уйларингизда қарор топинглар, (кўчага чиққанларингизда эса) илгариги жоҳилият (даври) ясанишидек ясанмангизлар! Намозни мукаммал адо этинглар, закотни беринглар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! Эй, (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос.
34. Уйларингизда Аллоҳнинг тиловат қилинадиган оятлари ва ҳикмат (яъни, пайғамбар ҳадислари)ни зикр қилинглар! Албатта, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир.
35. Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли (камтар) эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар - улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир.
36. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари бир ишни ҳукм қилганда - ҳеч бир мо’мин ва мо’минага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан ёълдан озибди.
37. (Эй, Муҳаммад,) эсланг, Аллоҳнинг ва Сизнинг инъомингизга эришган (Зайд ибн Ҳориса)га: "Жуфтингни ўзингга сақлагин (талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрққин", - деб, Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишга ҳақлироқ бўлган ҳолингизда, Сиз одамлардан (таъналаридан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида танглик бўлмаслиги учун (шундай) қилдик). Аллоҳнинг амри эса бажарилувчидир.
38. Аллоҳнинг пайғамбарга фарз (ҳалол) қилган нарсада унга танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг ёълидир. Аллоҳнинг иши ўлчовли тақдирдир.
39. Улар (ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг фармонларини (бандаларга) етказадиган, Ундан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг О’зи етарли ҳисобдондир.
40. Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир.
Изоҳ: Бу ерда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни "Пайғамбарларнинг муҳри" деб атаган. Зеро, ҳар бир муҳим ёзма иш сўнгида муҳр босилгани каби Пайғамбаримиз ҳам охирги пайғамбар бўлганлари ва эндиликда то қиёматгача бошқа пайғамбар келмаслиги аниқ бўлгани учун пайғамбарлар китобига муҳр босилгандек бўлди.
41. Эй, имон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар
42. ва эрта-ю кеч Унга тасбеҳ айтинглар!
43. У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган зотдир. Унинг фаришталари ҳам (сизларга мағфират тилайдилар). У мўминларга меҳрибондир.
44. Унга (Аллоҳга) рўбарў бўладиган кундаги уларга (Аллоҳнинг) истиқбол сўзи саломдир.Улар учун улуғ мукофот (жаннат) тайёрлаб қўйгандир.
Изоҳ: Яъни, Аллоҳ мо’мин бандаларига жаннатда "Ассалому алайкум" деб салом билан кутиб олажак, иншоаллоҳу таоло.
45. Эй, Пайғамбар, дарҳақиқат, Биз Сизни (қиёматда барча умматларга) гувоҳ бўлувчи, (жаннат хақида) хушхабар берувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи этиб юбордик.
46. Аллоҳнинг изни билан Унга (динига) даъват қилувчи ва (ёъл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб ҳам.
47. Аллоҳ томонидан берилажак катта фазл (жаннат) ҳақида мўминларга хушхабар беринг!
48. Кофирлар ва мунофиқларга бўйин сунманг ва уларнинг азиятларига парво қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг О’зи етарли вакил (ҳомий)дир.
49. Эй, мўминлар, қачонки, сизлар мо’миналарни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга "тегиш"дан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда ёъқдир. Бас, сизлар уларни (озгина) баҳраманд этиб, чиройли кузатиш билан кузатинглар!
50. Эй, Пайғамбар, албатта, Биз Сизга маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ Сизга ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, Сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мо’мина аёлни - агар у ўзини пайғамбарга тортиқ этсаю, пайғамбар уни (маҳрсиз) ўз ниқоҳига олишни истаса, (мазкур аёлларни Сиз учун) ҳалол қилдик. (Маҳрсиз уйланиш барча) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир. Биз (мўминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимизни эса аниқ билдик. Бу Сизга танглик бўлмаслиги учундир. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
51. Сиз улардан ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. О’зингиз четлатган аёлларингиздан бирортасини (ҳамхоналикка) истасангиз, Сизга ҳеч қандай гуноҳ бўлмас. Бу уларнинг кўзлари қувонишига, ғамгин бўлмасликларига ва Сиз уларга ато этган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқ (ёъл)дир. Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги нарсани (ҳам) билур. Аллоҳ билимдон ва ҳалимдир.
52. (Эй, Муҳаммад,) Сиз учун бундан сўнг аёллар (яъни, уйланишингиз) ҳалол бўлмас. Гарчи (бошқа хотинларнинг ҳусни Сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам (ҳалол бўлмас). Илло, Сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Аллоҳ барча нарса устидан кузатиб турувчи зотдир.
53. Эй, имон келтирганлар, Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина киринглар. (О’шанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангизлар, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз! Зеро, бу Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан ийманар. Аллоҳ ҳақ (гап)дан тортинмас. Қачонки, сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангизлар, парда ортидан сўрангизлар! Мана шу сизларнинг дилларингиз ва уларнинг дилларига нисбатан ҳам тозароқ (иш)дир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз ҳеч мумкин эмасдир. Чунки, бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир.
54. Агар сизлар бирор нарсани ошкор қилсангизлар ёки яширсангизлар ҳам, албатта, Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир.
55. (Пайғамбар аёллари) ўз оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўмина) аёлларга ва қўл остиларидаги чўриларга (ҳижобсиз кўринишларида) уларга гуноҳ ёъқдир. (Эй, пайғамбар аёллари), Аллоҳдан қўрқингизлар! Албатта, Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир.
56. Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар, (сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинглар!
57. Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлар ва улар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
58. Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олибдилар.
59. Эй, Пайғамбар, хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг хотинларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ташлаб олсинлар! Мана шу уларнинг (ким эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (услубдир). Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
60. Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлик бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тийилмасалар, албатта, Биз Сизни уларга қарши қўзғатурмиз, сўнгра улар (Мадинада) озчиликдан бошқаси Сиз билан ёнма-ён тура олмай қолурлар,
61. лаънатга дучор бўлган ҳолларида. (У пайтда) улар қаерда топилсалар, ушланурлар ва қириб ташланурлар.
62. (Бу) илгари ўтган зотлар хусусидаги Аллоҳнинг ёълидир. Аллоҳнинг ёълини эса сира ўзгартирилган топмассиз.
63. Одамлар Сиздан қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. "У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир", - деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол, қиёмат яқинда бўлар.
64. Албатта, Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун дўзахни тайёрлаб қўйди.
65. (Улар) на бирор дўст ва на бирор ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар.
66. Юзлари оловда айлантириладиган кунда, улар: "Кошки эди, Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда", - дерлар.
67. Яна улар: "Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйин сундик, бас, улар бизларни (тўғри) ёълдан оздирдилар.
68. Парвардигоро, уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин", - дейдилар.
69. Эй, мўминлар, сизлар Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган нарса (айблар)дан оқлади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди.
70. Эй, мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар!
71. (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди.
72. Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир.
73. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни жазолаш учун ҳамда мо’мин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул қилиш учун (бу омонатни юклади). Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.